Трамп Эрон энергетикасига зарбаларни 10 кунга қолдирди, БМТ Миноб мактабига ҳужум тергови шаффофлигига чақирди
Сурат манбаси, EPA
АҚШ Президенти Доналд Трамп Теҳрон билан музокаралар ўтказиш учун Эроннинг энергетика объектларига зарба беришни 10 кунга тўхтатишга қарор қилганини билдирди.
Трамп айтишича, бу қарор Эрон ҳукуматининг илтимоси билан қабул қилинган, бироқ Теҳрон бундай илтимос билан чиққанини инкор этади.
«Эрон ҳукуматининг илтимосига биноан [...] мен электр станцияларини вайрон қилиш даврини 10 кунга, яъни душанба, 2026 йил 6 апрел, Шарқий вақт билан соат 20:00 гача тўхтатиб тураман. Музокаралар давом этмоқда ва фейк оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа манбаларнинг нотўғри баёнотларига қарамай, улар жуда яхши кечмоқда», — деб ёзди у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Ўтган дам олиш кунлари Трамп, агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини очмаса, Эрон электр станцияларини «йўқ қилиш» билан таҳдид қилган эди. Эрон расмийлари бунга жавобан бўғозни кемалар қатнови учун тўлиқ ёпиб қўйишини билдирган.
Душанба куни Трамп АҚШ ва Эрон урушни тугатиш бўйича «самарали музокаралар» олиб бораётганини айтиб, Эроннинг энергетикасига зарба беришни беш кунга тўхтатиб туришни буюрди.
Чоршанба куни АҚШ Эронга можарони тўхтатиш учун 15 шартдан иборат рўйхат бергани маълум бўлди, бироқ Теҳрон уларни рад этиб, ўзининг беш банддан иборат ўз режасини таклиф қилди.
Ҳозиргача АҚШ Эронда айнан ким билан мулоқот олиб бораётгани номаълум бўлиб қолмоқда.
Трампнинг айтишича, Эрон расмийлари ўлдирилишдан қўрқиб, музокаралар олиб борилаётганини инкор этишмоқда.
«Улар музокаралар олиб боришмоқда ва келишувга эришишни жуда хоҳлашади. Лекин улар бу ҳақда гапиришдан қўрқишади, чунки уларни ўз ҳамюртлари ўлдириб қўяди деб ўйлашади. Шунингдек, биз томондан ўлдирилишдан ҳам қўрқишади», — деди у журналистларга.
Эроннинг "совғаси"
Трамп Эрон энергетикасига зарбалар кечиктирилишини эълон қилганидан кўп ўтмай, жаҳон бозорларида нефт нархи туша бошлади.
Пайшанба куни давомида нархлар кўтарилишда давом этган эди — бу уруш давом этиши келгусида нефть танқислигини келтириб чиқариши борасидаги хавотирларни акс эттирганди.
Пайшанба куни Трамп АҚШ ҳукуматининг йиғилишида Эрон ҳукумати унга қандай «совға» берганини айтиб берди.
Бунгача Оқ Уй раҳбари эронликлар унга «қимматли нарса совға қилганини» айтган, аммо айнан нима эканлигига аниқлик киритмаган эди.
Ундан Эрон билан музокаралар қандай кетаётганини сўрашганда, у Теҳрон ўз ниятининг жиддийлигини кўрсатишни хоҳлаётганини айтди.
Трампнинг билдиришича, Теҳрон икки-уч кун олдин «совға» сифатида Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташиётган саккизта танкерни ўтказиб юборишни ваъда қилган ва у кемалар ҳақиқатан ҳам ўтган.
«Ўшанда мен: "Кўрдингизми, биз керакли одамлар билан иш олиб боряпмиз шекилли", — дедим. Улар айрим нарсалар учун узр сўрашди ва яна иккита кемани ўтказишларини айтишди. Шундай қилиб, натижада бизда ўнта кема бўлди», — деди Трамп.
Исроил Эронга ҳужум қилишда давом этмоқда
Исроилнинг мудофаат кучлари охирги сутка ичида Эроннинг ғарбий қисмидаги «ракета учириш позицияларига» йигирмага яқин зарба берилганини хабар қилди.
Исроилнинг мудофаат кучларининг X ижтимоий тармоғидаги хабарида айтилишича, авиация баллистик ракеталарни сақлаш ва учириш объектларига, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига 70 га яқин ўқ-дори ташлаган.
Шунингдек, ушбу объектлардаги ҳарбийлар йўқ қилинганини ва Исроил армияси Эроннинг ракета салоҳиятига зарба беришни тўхтовсиз давом эттираётгани хабар қилинмоқда.
Пайшанба куни Исроил Ҳўрмуз бўғози блокадасини назорат қилаётган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий-денгиз флоти қўмондони Алиризо Тангсирий ўлдирилганини эълон қилди.
Исми ошкор этилмаган эронлик мулозим бундан аввал Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига бўғозни назорат қилиш мамлакатнинг «табиий ва қонуний ҳуқуқи» эканини айтган эди.
Бундан ташқари, пайшанба куни Абу-Дабига Эроннинг уриб туширилган ракетасининг бўлаклари тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.
БМТ: Миноб мактабига ҳужум тергови натижалари оммага эълон қилиниши керак
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Волкер Турк Эрон жанубидаги Миноб мактабига ҳужум бўйича олиб борилаётган текширувни "имкони борича тезроқ" тугатишга чақирди.
Волкер Турк ушбу ҳужум ҳар кимни "ички даҳшатга солди", тергов якунларини оммага ошкор этишни талаб қилди.
АҚШ ва Исроил Эронга ҳужумларни бошлаган илк дақиқаларда Эрон жанубидаги Миноб қизлар мактабига ҳужумлар қилинган, оқибатда аксари мактаб ўқувчи қизлари дохил 168 инсон ҳалок бўлган эди.
АҚШ матбуоти хабар қилишича, АҚШ ҳарбий терговчилари ишонишича, ҳойнаҳой Америка ҳарбийлари мактабни ноатайн уришда жавобгарлар, аммо ҳали Миноб мактабига ҳужум борасида якуний хулосага келинмаган.
БМТ мажлисида Эроннинг Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳам видео мулоқот орқали иштирок этди.
У АҚШ-Исроил урушини "икки ядровий қуролли безори режим томонидан қўлланилган ноқонуний уруш" деб атади.
У АҚШни музокаралар давом этаётган бир пайтда феврал ойи охирида Эронга зарба бериб, "тўққиз ой ичида иккинчи марта дипломатияга хиёнат қилганликда" айблади.
Минобдаги қизлар мактабига қилинган ҳужум "бу тажовузнинг энг даҳшатли кўринишларидан бири" бўлганини, ҳужумни "уруш жинояти ва инсониятга қарши жиноят" деб атади.
Ароқчи ҳужумни "аниқ ҳисоб-китоб қилинган, босқичма-босқич ҳужум" деб атади ва АҚШ аниқ ҳарбий технологияларга эга эканлигини айтди.
"Ҳеч ким бу мактабга қилинган ҳужум қасддан ва қасддан қилинганидан бошқа нарса бўлганига ишонолмайди", дейди у.
У "ҳамма томонидан аниқ қораланиш" ва "айбдорлар учун аниқ жавобгарлик" талаб қилади, деди Эрон Ташқи ишлар вазири.
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз