Ўзбекистон ва дунё: Трамп Эрон билан оташкесимга борадими, нефти энди Эронни кучайтирадими, Россияга ялпи дрон ҳужуми, Мирзиёевга ҳам Эрон ва ҳам Исроилдан ҳайит табриги

Сурат манбаси, rasmiy
Дунё, минтақа ва Ўзбекистонда нима гап?
Трамп Эрон билан оташкесимга борадими?

Сурат манбаси, The White House via X Account/Anadolu via Getty Images
АҚШ президенти янги баёнот билан чиқди.
Трамп мамлакати Эронга қарши амалиётларини тугатиш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.
У энди Ҳўрмуз бўғозини бошқа давлатлари қўриқлаши кераклигини таъкидлади.
Расмий Теҳрон Трампнинг бу гапларига шу соатларда ўзининг муносабатини билдирди.
Эрон ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, АҚШ ўз тажовузини тўхтатишга тайёр кўринмайди.
АҚШ президенти, шунинг баробарида, Эрон билан оташкесим эҳтимолини ҳам назардан соқит этди.
Трамп Вашингтон урушда яққол устунликка эга эканлигини айтди.
Оқ уй ҳовлисида АҚШ Давлат котиби ҳамроҳлигида журналистлар билан гаплашаркан, уларга, "Ўйлайманки, биз ғалаба қозондик", - деди.
"Мен ўт очишни тўхтатишни истамайман. Сизга яхши маълумки, душманни том маънода йўқ қилаётганингизда сулҳ битимлари тузилмайди", - дея қўшимча қилди.
АҚШ президентининг бу гапларига расмий Теҳроннинг муносабати ҳозирча имконли эмас.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги кемаларга таҳдид қилиш қобилияти шу ҳафта унинг ер ости ҳарбий объектини бомбардимон қилганларидан сўнг "пасайган".
Аммо Трампнинг айни мазмундаги баёнотлари маҳаллий матбуотдаги АҚШ Яқин Шарққа қўшимча кучлар юбораётгани, бу энди қуруқликдаги амалиётларга ҳозирликни англатиши мумкинлигига оид хабарлар фонида янгради.
Айни пайтда Эрон Натанздаги ядровий иншооти яна нишонга олингани, бироқ бунинг атрофдагилар учун хавфи йўқлигини билдирди.
Эрон ҳам ҳар йили Наврўз айёмини кенг нишонлаб келган, аммо эронлик бир аёл бугун BBC га Янги Йил кайфиятини ҳис қилмаётганини айтган.

Эроннинг ҳужумлари АҚШга $800 миллион долларга тушдими?

Сурат манбаси, Win McNamee/Getty Images
АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши манзарасида янги таҳлиллар натижалари эълон қилинди.
Унда Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига қилган ҳужумлари урушнинг дастлабки икки ҳафтасида $800 миллион доллар зиён келтиргани айтилди.
Бунга стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг ҳисоботи ва BBC таҳлили далолат қилди.
Расмий Вашингтон ҳозирча бу хусусда жим.
Эрон эса АҚШ ва Исроилнинг зарбаларига жавобан Американинг ҳарбий базалари жойлашган ўзига қўшни давлатларни ҳам ҳужумга тутишга ўтган.
Аммо АҚШнинг минтақадаги объектларига берилган зарбалар натижасида етказилган зарарнинг бор кўлами ҳозирча маълум эмас.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Нефти энди Эронни кучайтирадими?

Сурат манбаси, Samuel Boivin/NurPhoto via Getty Images
АҚШ Эрон нефтига қўйилган санкцияларни вақтинча бекор қилди.
Экспертлар эса бу Эрон билан урушаётган давлат учун парадоксал қарор эканини айтишди.
АҚШ Молия вазирлиги бир ой муддатга Эрон нефти олди-сотдисига рухсат берди.
Бундан мақсад нефт нархини пасайтириш экани айтилди.
Сўнгги уруш фонида нефт нархи беқарорлигича қолмоқда.
Сўнгги ҳафталарда бир баррелининг қиймати $100 АҚШ долларидан ошиб кетгани ҳам кузатилди.
Бунга Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғозининг тўсилиши ҳам сабаб бўлди.
Ҳўрмуз халқаро нефт транзитида муҳим йўналишлардан бири саналади.
Экспертларнинг огоҳлантиришларича эса, Вашингтон аслида ўзининг қарори билан Теҳронга урушни давом эттиришдан фойда олиш имконини беради.
АҚШнинг янги қарори ҳали ғоя экани пайтидаёқ уларнинг танқидларига учраган.
Экспертлар бунинг АҚШ санкциялар сиёсатига зид эканини айтишган.
Унинг нархларга таъсири чекланган бўлиши, нефт олди-сотдиси АҚШ урушаётган Эрон режимини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини прогноз қилишган.
Аммо АҚШ Молия вазири бошқача фикрда.
Унга кўра, АҚШ "халқаро молия тизимига кира олмаслиги учун Эронга қаттиқ босим ўтказишда давом этади".
"Эроннинг олинган ҳар қандай даромадга имконли бўлиши қийинлашади".
АҚШ бир ҳафта олдин Россия нефти ва нефт маҳсулотларига қўлланган санкцияларни ҳам вақтинча бекор қилган.
Бунга ҳам нефт нархининг кескин қимматлаб кетгани сабаб бўлгани айтилганди.
Ялпи дрон ҳужумлари?

Сурат манбаси, Daniel MIHAILESCU / AFP via Getty Images
Россия Мудофаа вазирлиги янги баёнот билан чиқди.
Вазирлик Украина шанбага ўтар кечаси ўзларига қарши янги дрон ҳужумларини уюштирганлигини айтди.
Россиянинг 14 минтақаси ва аннексия қилинган Қрим узра Украинанинг 283 та дрони уриб туширилганини даъво қилди.
Россия томонига кўра, пойтахт Москва ҳам дрон ҳужумлари нишонига айланган.
Россия, йилларки, ўзбекистонликлар учун энг йирик ташқи меҳнат бозори бўлиб келади.
Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг энг кўпи айнан Москва ва Москва вилояти ҳиссасига тўғри келиши айтилади.
Аммо, хабарларга кўра, бу гал дрон ҳужумлари Москва аэропортларининг фаолиятига деярли таъсир қилмаган, ҳозирча фақат "Шереметьево"да парвозлар тўхтатилган, расмийларга кўра, ўнлаб дрон ҳавода экани пайтида уриб туширилган.
Бугун, шанба куни АҚШда Украина ва Америка музокаралари бўлиб ўтиши кутилмоқда, аммо Россия бу галги босқичдагисида иштирок этмайди.
Аввалроқ Украина президенти Яқин Шарқдаги уруш туфайли қолдирилган уч томонлама музокараларга қайтишга чақирган.
Владимир Зеленский, "Музокараларда танаффус бўлгани, уни тугатишнинг вақти келгани"ни айтган.
Россия, АҚШ ва Украина музокаралари тўхтаб қолганига бундан аввал Россия томони ҳам ўзининг эътиборини қаратганди.
АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан урушидан энг кўп Россия ютиши, нефтнинг қимматлашиши унинг жанг жабҳасидаги мавқеини ҳам кучайтиришига оид прогнозлар бор.
Ҳайит табриклари
Ushbu ulug‘ ayyom kunlarida jahonning turli hududlaridagi urush va nizolar tezroq barham topib, barcha xalqlar tinchlik va barqarorlikda hayot kechirishini tilab qolamiz.
Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон президентини шу пайтгача ўнлаб давлат раҳбарлари Рамазон Ҳайити билан қутлаган.
Эрон, Исроил президентлари, Фаластин раҳбари, Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон ва Покистон Бош вазирлари ҳам ўз табрикларини йўллашган.
Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити бу йил 20 мартда байрам қилинган.
Ҳайит АҚШ ва Исроил Эрон билан, Покистон эса Афғонистон билан урушаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Эрон ҳам, Афғонистон ҳам дунёнинг Марказий Осиёга чегарадош давлатлари бўлишади.
Расмий Тошкент ҳар икки можарога ҳам бефарқ эмас.
Аллақачон расмий баёнотлар билан чиққан, томонлар билан мулоқотда ва кечаётган қуролли низоларга дипломатик йўл билан ечим топишга ундаб келаётир, уларни оғир-босиқликка чақирмоқда.
Ўзбекистон постсовет маконидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайити муносабати билан йўллаган табригида ҳам жаҳоннинг турли ҳудудларидаги уруш ва низоларга ўзининг эътиборини қаратган.
"Уларнинг тезроқ тугаб, барча халқлар тинчлик ва барқарорликда яшашини" тилаган.
Ўзбекистон президенти ҳам Яқин Шарқ ва ҳам афғон можаросига халқаро миқёсда энг кўп эътибор тортиб келаётган давлат раҳбарларидан бири бўлади.





























