Эрон урушидан ким ютди-ю ким ютқазди? Россиянинг ошиғи олчими?

Сурат манбаси, Sedat Suna / Gett Images
Покистонда харажатларни тежаш учун мактаб ёпилди. Британиянинг Йоркширида уйларни иситиш қимматлашди. Буларнинг ҳаммаси жаҳон бўйлаб турли бурчакларда жорий урушнинг таъсири қандай сезилаётгани белгиларидир.
Шу нарса аёнлашиб бормоқдаки, Эроннинг иқтисодий зарар ва беқарорлик келтириб чиқариш мақсадида қилаётган жавобий ҳужумларининг оқибатлари қисқа муддатли бўлмайди.
Лекин бу вазият ҳаммага ҳам бирдек таъсир кўрсатаётгани йўқ. Баъзи давлатлар бу ҳолатдан ҳатто ютиб қолишмоқда. Қандай қилиб? Ва улар қайси давлатлар?
Ютаётган давлатлар: Россия, Норвегия ва Канада
Охирги йилларда жаҳон бўйлаб атроф муҳитга зарар етказмайдиган тоза энергия ишлаб чиқариш йўлида кўплаб саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилган бўлса-да, энергия бозори ҳануз газ ва нефтга ўта қарам.
Шунинг учун "қора олтин", дея юритилувчи нефт конига эга бўлган давлатлар нархлар ошса кўпроқ фойда кўришади, нефтдан фойдаланувчилар эса зарар.
Аммо ҳозирги вазият одатий нархларнинг ошиб-тушиб туриши эмас.
Нефт таъминотининг юраги Яқин Шарқ давлатларидир. Ҳўрмуз бўғози эса асосий қон артерияси.
Эрон АҚШ иттифоқчиларини нишонга олиш мақсадида Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйган экан Қатар ва Саудия Арабистони каби давлатлар нефтининг йўли деярли тўлиқ ёпилиб қолди.
Бу нефтнинг харидорлари янги таъминотчи топиш илинжида эканлар Норвегия ва Канада каби давлатлар фойда кўришлари мумкин.
Россия 2002 йили Украинага қарши уруш бошлагани ортидан кўплаб давлатлар ундан нефт ва газ сотиб олишдан воз кечган вақтда Норвегия фурсатдан фойдаланиб ишлаб чиқариш ва сотишни кенгайтирганди.
Канада Энергетика вазири Тим Ходгсон ҳам мамлакат "барқарор, ишончли ва қадриятларга асосланган энергия ишлаб чиқарувчиси" эканлигини айтди. Аммо Канада ишлаб чиқаришни не қадар кўпайтира олиши савол остида.

Сурат манбаси, Getty Images
Жорий урушдан энг кўп фойда кўрувчи давлат Россия бўлиб чиқиши мумкин.
АҚШ энергия тақчиллигини енгиллаштириш учун Украина уруши бошланган вақти киритилган жазо чораларини вақтинча енгиллаштириши ҳақида маълум қилган.
Бунинг ортидан Россиянинг Ҳиндистонга хом нефт савдоси 50 фоизга ошди.
Баъзи тахминларга кўра, Россия март ойи охирига қадар 5 миллиард доллар фойда кўриши мумкин.
Йил охирига бориб эса 2022 йилдан бери энергия савдосидан энг кўп маблағ қўлга киритиши мумкин.
Шу маънода АҚШ Форс кўрфази давлатлари зарарига Москва қўлига мўмайгина фойдани бераётгандир.
Вазиятдан фойдаланиб қолиши мумкин бўлган яна қатор давлатлар бор.
Баъзи давлатлар нефт ўрнига кўмир ишлатиш эҳтимолларини кўриб чиқа бошлаган эканлар, кўмирнинг йирик экспортчиси бўлган Индонезия учун бу қўл келиши мумкин.
Ютқазаётганлар: АҚШ, Британия ва Европа
АҚШ нинг ўзи қандай мавқеда? Президент Трампнинг айтишича, нефт нархлари кўтарилса Америка "катта фойда кўради".
Агар нефт нархи ҳозирги даражада қолса АҚШ нефт ширкатлари бу йил миллиардлаб фойда кўришлари мумкиндир,
Лекин АҚШ бунинг ортидан тоза фойда кўряпти, деб айтиб бўлмайди.
Чунки кўплаб АҚШ энергия ширкатларининг ишлаб чиқариш жараёнлари Яқин Шарқ мамлакатлари билан боғлиқ.
Масалан, ExxonMobil нинг Қатардаги Рас Лаффан саноат марказида корхонаси бор. Марказ март ойи бошида Эрон томонидан ракета ҳужумига тутилганидан бери ёпилиб қолган.
Бошқа томондан охирги йилларда ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириб келган ширкатлар бирданига уни кўпайтира олишмайди.
Шу билан бирга АҚШ аҳолиси жаҳонда киши бошига энг кўп нефт ва газ ишлатувчи аҳолидир.
Ва жорий нархларнинг кўтарилишининг тоши айнан уларнинг елкаларига тушиши ҳам аён.
Оксфорд Университети олимларининг тахмин қилишларича, агарда нефт нархи 140 доллардан ошса ва бу ҳолат давомли бўлса иқтисод ўсиши пасайишини кутиш мумкин.

Сурат манбаси, Bloomberg via Getty Images
Албатта, нархларнинг ошишидан зарар кўраётганлар танҳо америкаликлар эмас.
Импорт қилинган газга кўпда қарам бўлган Европа, хусусан Британия аҳолисига ҳам бу ҳолат таъсир қилади.
Лекин охирги йилларда Европа давлатлари энергия таъминоти самарадорлигини ошириб келганлари учун нархлар ошишига нисбатан анчайин чидамли усулларни ишлаб чиқишган.
Лекин шундай бўлса ҳам ҳайдовчилар, уйларини иситишга мажбур аҳоли ва ишлаб чиқариш учун энергиядан фойдаланувчилар учун бир қадар бўлса ҳам таъсири бўлади.
Таъсирнинг кучи эса нархларнинг келажакда не қадар баланд ўсишига эмас ҳукуматлар жорий вазиятда қандай усулларни қўллашларига боғлиқ.
Жорий вазиятда энг кўп зарар кўраётган давлатлар Ҳўмуз бўғозидан ўтиб келувчи нефтнинг энг йирик харидорларидир.
Осиё давлатлари ўз эҳтиёжларидаги нефтнинг 59 фоизини Ҳўмуз бўғози орқали олишади.
Жанубий Корея 70 фоизини.
Нефт нархлари ортидан бошқа турдаги таъминотлар занжири узилиши хавфи туфайли молия бозорларида ҳам беқарорлик келиб чиққани сабабли Жанубий Кореянинг чиплар ишлаб чиқариш саноатига катта зарар етиши мумкинлиги айтилмоқда.
Жанубий Кореяда бутун жаҳонда ишлатиладиган чипларнинг 50 фоиздан кўпроғи ишлаб чиқилади.
Шри Ланка, Бангладеш ва Филиппин каби мамлакатларда ёқилғини тежаш чоралари кўрилмоқда.
Режалаш ва дипломатия йўлини тутган Хитой эса Эрондан нефт сотиб олишни кўпайтиргани ортидан бир неча ойлик захирани ғамлаб қўйгани айтилмоқда.
Ҳиндистон ҳам Россия нефтига вақтинча яшил чироқ берилгани сабабли шу йўлни тутган.
Лекин энергия бозорининг эртаси жорий уруш қандай ривожланишига боғлиқдир.





























