Европада энергетика инқирози. У яна Россиядан нефть ва газ сотиб оладими?

Lufthansa инқироз юзага келиши биланоқ ўнлаб учоқларидан воз кечди

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Lufthansa инқироз юзага келиши биланоқ ўнлаб учоқларидан воз кечди
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Европа Кремл томонидан қўзғатилган энергетика инқирозидан эндигина ўзини тиклай бошлаган эди, аммо янги муаммо юзага келди. АҚШнинг Эрон билан уруши сабабли дунё нефть ва газ таъминотининг тахминан 15 фоизидан айрилди. Танқисликка қарши курашиш учун Доналд Трамп Россияга қарши санкцияларни юмшатди, Европа Иттифоқида эса Россия нефти ва газига қўйилган тўлиқ эмбарго режаларидан воз кечиш ҳақида фикрлар янграй бошлади.

Европа Россия билан энергетик «ажралиш»ни вақтинча тўхтатиб, Кремлга Трампнинг Эрон билан урушида фойда кўриш имконини бериши мумкинми?

Урушнинг дастлабки 44 кунидаёқ нархларнинг ошиши Европа Иттифоқига ёқилғи импорти учун қўшимча 22 миллиард евро харажат келтирди — кунига ўртача ярим миллиарддан. Авиакеросин танқислиги авиакомпанияларни рейсларни қисқартиришга мажбур қилмоқда, электр ва иссиқлик нархлари тез суръатда ошмоқда, бензин ва дизел нархининг кўтарилиши эса аҳоли, бизнес ва давлат даромадларининг камайишига таҳдид солмоқда, янги инфляция тўлқини ва иқтисодий ўсишнинг секинлашишини ваъда қилмоқда.

Янги инқирозга қарши курашиш учун Европада маблағ етишмаяпти — у аввал пандемия даврида, кейин эса Россия Украинага бостириб кириши арафасида ва ундан кейин ҳам, Кремл бошлаган газ уруши оқибатидаги биринчи энергетика инқирозида аллақачон катта харажатларга ботган эди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Европа Иттифоқи навбатдаги инқирозга қарши режа устида ишламоқда (у келаси ҳафта тақдим этилади) ва қизғин баҳс кетмоқда: нима нотўғри кетди, нега олдинги инқироздан кейин амалга оширилган Европанинг энергия хавфсизлигини ҳимоя қилиш режаси уни янги муаммолардан ҳимоя қила олмади?

Баъзилар бунга Германиянинг ядровий энергетикадан воз кечганини сабаб қилиб кўрсатишмоқда. Бошқалар эса иқтисодиётни янада фаолроқ электрлаштириш керак эди, деб ҳисоблайди. Аммо шундайлар ҳам борки, улар Россия билан муносабатларни шунчалик тез ва қатъий узиш керак эмас эди, деб ўйлашади.

Россия Украинадаги урушгача Европа Иттифоқига энергия ресурсларининг энг йирик етказиб берувчиси эди — унинг энг яқин ва энг бой бозорига.

Европада қайта тикланувчи энергия улуши жадал ошмоқда, аммо ишлаб чиқариш ва нақлиётда нефт ва газ ўрнини босиши қийин

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Европада қайта тикланувчи энергия улуши жадал ошмоқда, аммо ишлаб чиқариш ва нақлиётда нефт ва газ ўрнини босиши қийин

Эндиликда у иккинчи даражали рол ўйнамоқда. Европа Иттифоқи Россия кўмирини импорт қилишдан дарҳол воз кечди, газни эса 2027 йил охиридан тақиқлашни режалаштирган, нефтга тўлиқ эмбаргони эса апрел ўрталарида эълон қилишни кўзлаган эди — аммо янги инқироз туфайли бу қарорни кечиктирди.

Европа яна Россиядан нефть ва газ сотиб олишга тайёрми?

Йўқ, тайёр эмас, дея бир овоздан таъкидламоқда амалдорлар ва сиёсатчилар.

«Янги инқироз шароитида айримлар Россиядан фойдали қазилмаларни яна сотиб олишни таклиф қилмоқда. Бу стратегик хатолик бўлар эди», — деди Эрон уруши бошланганидан кейинги Европа Иттифоқининг амалдаги раҳбари Урсула фон дер Лейен. — «Албатта, узоқ муддатли стратегиямизни амалга оширишда янада прагматик ва оқилона бўлиш мумкин, аммо йўналиш тўғри танланган».

Россияга қарши санкцияларни юмшатишни Италиянинг энг йирик энергетика компанияси Eni раҳбари Клаудио Дескалци қўллаб-қувватлади. У Европа Иттифоқини 2027 йилга мўлжалланган Россия газидан тўлиқ воз кечиш режасини кечиктиришга чақирди.

«Бундай бўлмайди», деб жавоб берди Италия бош вазири Жиоржиа Мелони.

Теҳрондаги девор суратида Ҳўрмузни жиловлаб турган эронлик қўл акс этган

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Теҳрондаги девор суратида Ҳўрмузни жиловлаб турган эронлик қўл акс этган

«Дескалцининг позицияси тушунарли, аммо сўнгги йилларда Россияга нисбатан иқтисодий босим Украинада тинчликка эришишнинг энг самарали қуроли бўлганини унутмаслик керак», — деди Мелони.

Янги инқироз қанчалик чуқур?

Форс қўлтиғидаги Ҳўрмуз бўғози блокадаси сабабли камида бир ярим ой давомида жаҳон нефт таъминотининг тахминан 12 фоизи ва жаҳон бозоридаги газ таклифининг қарийб 17 фоизи "қамал" ҳолатида қолди.

Уларни тўлиқ алмаштириш имкони йўқ, аммо танқисликни қисман АҚШ — дунёдаги энг йирик нефть ва газ ишлаб чиқарувчи — томонидан етказиб беришни ошириш ва стратегик захиралардаги нефтни сотиш орқали қоплаш мумкин. Бироқ бу вақтинчалик чора бўлиб, йўқотишларнинг фақат 10–20 фоизинигина қоплай олади ва асосан нефт ҳисобига амалга оширилади, газ эмас.

Бу Европа учун ёмон хабар, чунки у газ ва нефт маҳсулотлари, айниқса авиакеросин импортига қарам.

Авиа ёқилғининг тахминан учдан бир қисмини Европа чет элдан сотиб олади, ва бу импортнинг 75 фоизи Яқин Шарқдан келар эди. Авиакомпаниялар аллақачон ёқилғи етишмаслигига дуч келиб, жадвалларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Парвозларни бекор қилиш ҳақида Германиянинг Lufthansa ва Нидерландиянинг KLM авиакомпаниялари аллақачон эълон қилди.

«Агар уруш чўзилса, ёз ойларида ҳам чипталар нархи ошиши, ҳам парвозлар бекор қилиниши хавфи жуда реал», — деди FT газетасига Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Дан Йоргенсен.

Бу Европа нефт ва газни Яқин Шарқдан камроқ импорт қилишига қарамасдан содир бўлмоқда, ҳолбуки Осиёда инқироз аллақачон тўлиқ авж олган.

Bruegel маълумотларига кўра, ҳозирда Европа Иттифоқига газ етказиб берувчиларнинг асосийлари — Норвегия (30%) ва АҚШ (26%). Россия эса Европа импортидаги газ эҳтиёжининг 12 фоизини таъминлайди. Шунинг ярми Туркия орқали газ қувурлари билан келади, қолган ярми эса Арктикадан махсус газ ташувчи кемаларда олиб келинадиган суюлтирилган газдир.

Ёқилғи нархда нефт ва газга бой АҚШда ҳам ошган, чунки у ҳам жаҳон бозорига боғлиқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ёқилғи нархда нефт ва газга бой АҚШда ҳам ошган, чунки у ҳам жаҳон бозорига боғлиқ

Қолган улуш Жазоир (10%), Буюк Британия ва Озарбайжон (ҳар бири 4%) ҳиссасига тўғри келади. Яқин Шарқ эса Қатар орқали Европа газ балансининг атиги 4 фоизини, суюлтирилган газ импортида эса 8 фоизини ташкил этади.

«Демак, Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли юзага келган 2022 йилги энергетика инқирозидан фарқли ўлароқ, ҳозирги уруш Европа Иттифоқининг газ таъминотига тўғридан-тўғри таҳдид солмайди», — дея таъкидлайди Bruegel экспертлари. Украинадаги уруш бошида Россия Европа газ импортининг 40 фоизидан ортиғини таъминлаган эди.

Бироқ Европа газни жаҳон бозори нархларида сотиб олади, ва улар ошиб бормоқда, чунки Эроннинг Қатардаги заводга берган зарбалари ва Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши ортидан жаҳонда газ камайди. Шунинг учун ҳатто жисмоний танқислик бўлмаган тақдирда ҳам, Европада энергетика инқирози тўлиқ сезилмоқда.

Россия Европага таъминотни ошира оладими?

Нефть бўйича — ҳа, аммо икки шарт билан.

Биринчидан, Европа Иттифоқи яна барча 27 аъзо давлатга Россия нефтини сотиб олишга рухсат бериши керак, фақатгина Венгрия ва Словакияга эмас. Улар ҳозиргача истисно тариқасида Украина орқали ўтувчи «Дружба» қувури орқали Россия нефтини олишда давом этмоқда. Бироқ у Россия зарбасидан кейин таъмирда турибди ва Украина Европа Иттифоқи талабларига қарамасдан уни қайта ишга туширишга шошилмаяпти.

Иккинчидан, экспортни ошириш учун Россия Болтиқ ва Қора денгизларидаги экспорт терминалларига украин дронларининг ҳар куни амалга ошираётган ҳужумлари муаммосини қандайдир ҳал қилиши керак.

Ҳозирча бу икки шартни бажариш имконсизга ўхшайди. Газ бўйича эса вазият янада мураккаб.

«Эрон уруши Россия учун стратегик ғалабага айланиши эҳтимоли кам. Балки у нархларнинг ошиши ва танқисликдан маълум даражада фойда кўрар. Аммо Россия жаҳон бозоридаги узилишлардан фойда олиш механизмини йўқотди», — дея таъкидлайди Россия энергетикаси бўйича экспертлар Татяна Митрова ва Фёдор Дмитренко.

Бу механизм Украинага қарши уруш натижасида йўқ қилинди. Унгача Кремл Европани асосий энергия ресурслари етказиб берувчиси сифатида "қисқа жиловда" ушлаб турар эди. Бостириб киришдан сўнг Россия бу босим воситасини абадий йўқотди, деб ҳисоблайди Митрова ва Дмитренко.

«Россия газининг Европага қайтиши масаласи ҳали-ҳамон мунтазам кўтарилиб туради», — деб ёзишади улар The National Interest нашри учун мақолада. — «Гарчанд чекланган ҳажмда етказиб бериш тикланиши мумкин бўлса-да, бу аввалги тизимнинг қайта тикланиши дегани эмас».

Уларнинг таъкидлашича, 2000–2010-йиллардаги ҳолатга қайтишнинг иложи йўқ.

«Агар Россия гази Европага қайтса ҳам, у фақат чекланган миқдорда ва сиёсий вазиятга боғлиқ қўшимча манба сифатида бўлади, қитъанинг газ балансидаги асосий омил сифатида эмас».