Ўзбекистон: Қутбиев қўлидаги соат ва пайсалга солинаётган шахсий мол-мулк декларацияси

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқлар/Eltuzar
Ижтимоий тармоқларда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг раҳбари Шерзод Қутбиевнинг соати қизғин муҳокама қилинмоқда.
Қутбиев ўтган йил ноябрида Солиқ қўмитаси раҳбарлигидан озод этилиб, ушбу янги ташкил қилинган ташкилотга раис этиб тайинланганди.
Муҳокама асосан Қутбиев қўлидаги соатнинг қиймати ва уни сотиб олиш учун керак бўладиган даромад манбаи атрофида бўлмоқда. BBC бу соатнинг қийматини мустақил тарзда тасдиқламади, айни дамда Қутбиевнинг ўзи ҳам баҳсу-мунозараларга муносабат билдирмади.
Аммо, унинг соати Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери қабул қилиниши пайсалга солиб келинаётган амалдорларнинг шахсий мол-мулки декларациясига оид қонунни яна бир бор омма эътиборига олиб чиқди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан амалдорларнинг мол-мулки декларация қилиниши кўзда тутилган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва ўша йилнинг 7 июлидан кучга кирган "Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида шу талаб мавжуд.
Давлат раҳбари 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилишини буюрган.
Қуйида қатор фаолларнинг муносабати билан танишинг.
Зариф Мирзаҳмедов, блогер
[Матн мазмуни сақланган ҳолда қисқартирилган]
50 минг долларлик соат: вақтни кўрсатадими ёки тизимни?
Урбанизация агентлиги раҳбари Шерзод Қутбиевнинг Президент селекторида таққан соати ҳалигача "тик-так" қилиб жамият асабини ўйнаб турибди. Қизиғи, бу соат вақтни кўрсатаяптими-йўқми — номаълум, лекин муаммони жуда аниқ кўрсатиб қўйди.
Кимдир буни "ҳайп" дейди, кимдир "ортиқча ковлаш". Ҳа, тўғри, ахир бизда амалдорнинг соатига қараш — деярли жиноятга тенг. Қўлидаги соатни кўрмаслик керак, лекин халқнинг сабри қачон тугашини кўриш мумкин. Аслида эса масала жуда содда: давлат хизматчиси — бу VIP эмас, "Very Important Public" (Жуда муҳим шахс) эмас, балки "Very Investigated Person" (Жуда тергов қилинган шахс) бўлиши керак. Чунки у халқ пули ҳисобидан яшайди. Демак, унинг соати ҳам, костюми ҳам, ҳатто қаҳваси ҳам саволларга очиқ бўлиши шарт.
Qutbievning soati haligacha “tik-tak” qilib jamiyat asabini o‘ynab turibdi. Bu soat vaqtni ko‘rsatayaptimi-yo‘qmi — noma’lum, lekin muammoni juda aniq ko'rsatib qo'ydi.
Энди соат масаласига келсак. Айтишларича, бу оддий "қўл соати" эмас, балки Breguet Marine Chronographe 5527 — яъни шундай соатки, уни таққанда вақт эмас, статус ўлчанади. Нархи ҳам шунга яраша — тахминан 50 минг доллар. Қисқаси, бу соатни кўриб, вақтни эмас, бюджетни ўйлаб қоласиз. Албатта, айтишлар бор — бу соат мерос эмиш. Жуда яхши. Мерос — муқаддас. Лекин бизда яна бир "миллий анъана" бор: мерос ҳақида гапиришдан кўра, жим туриш осонроқ. Қутбиев ҳам айнан шу йўлни танлади — сукут. Балки у ўйлагандир: "Жим турсам, ўтиб кетади". Лекин замон ўзгарган. Ҳозир жимлик — тушунтириш эмас, балки айбни тасдиқлашга ўхшаб қолади.
Хайрулла Қиличев, блогер
[Матн мазмуни сақланган ҳолда қисқартирилган]
Урбанизация қўмитаси қурилиш соҳасида якуний қарор қабул қилувчи орган хисобланади. Барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, кадастр ва бошқа ташкилотлар қурилиш соҳасида лойиҳалаштиришдан тортиб, фойдаланишгача бўлган жараёнда мазкур қўмита билан ҳисоблашишга мажбур. Демак, Шерзод Қудбиевга юклатилган бундай масъулият ортида катта хавф ҳам борга ўхшаяпди.
Менинг назаримда хукуматимиз рахбарлари орасида қандайдир гуруҳбозлик бордек.
Кимдир жамият учун муҳим бўлган улкан иқтисодий соҳага рахбар бўлиб қолса, имкон топилди дегунча уни обрўсизлантиришга, Президентга ёмон кўрсатишга ҳаракат бошланиб қолади.
Eltuzar, блогер
[Матн мазмуни сақланган ҳолда қисқартирилган]
Мансабдор ҳақида ноқулай савол чиқса, дарров "бу ҳужум" дейилади. Мол-мулк ҳақида сўралса, "обрўсизлантириш" дейилади. Ҳисоб сўралса, "кимгадир хизмат қиляпти" дейилади.
Йўқ, жаноблар. Бу ахборот хуружи эмас. Бу жамоатчиликнинг оддий, қонуний ва мутлақо ўринли саволи. Чунки гап соатда эмас. Гап давлат амалдорининг даромади, ҳалоллиги ва очиқлигида.
Бизга битта саволга жавоб беришсин: Соат қайси пулга келган?
Агар соат ҳалол пулга олинган бўлса, айтинг Шерзодбек: Қайси даромад ҳисобига? Қачон? Декларацияда борми? Агар совға бўлса, айтинг: Ким берган? Қачон берган? Нима учун берган?
Шунинг ўзи кифоя.
Давлат амалдори қимматбаҳо соат тақиши мумкин. Лекин у бу соатнинг келиб чиқишини жамоатчиликка тушунтириб беришга мажбур.
Илёс Сафаров, журналист, Vaqt.uz
[Матн мазмуни сақланган ҳолда қисқартирилган]
Давлат хизматчисининг кийган кийими, таққан соати ёки еган овқати жамоатчилик эътиборида бўлиши — демократик жамиятнинг энг табиий қоидаларидан ҳисобланади.
Давлат хизматчиси ким? У халқ тўлаётган солиқлар ҳисобидан ойлик оладиган, рўзғор тебратадиган ва ҳар бир тийини учун ҳисоб бериши шарт бўлган шахс.
Шу маънода, Қутбиевнинг соати нархи, унинг манбаси суриштирилиши "шахсий ҳаётга аралашиш" эмас, балки коррупцияга қарши иммунитетни текширишдир. Бу мутлақо ва мутлақо табиий жараён.
Муаммо шундаки, бизда ҳамон мол-мулкни декларация қилиш ҳақидаги қонун унинг қабул қилинишини истамайдиган коррупционер, очиқлик душмани бўлган корчалонлар сензурасида қолмоқда. Президент бир неча бор кўтарган бўлса-да, бу механизмнинг ишга тушмаётгани эса давлатчилик иродасининг заифлиги ва амалдорлар қатламининг шаффофликдан қанчалик қўрқишини кўрсатади.































