Путин лаббай дедими, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон-чи, нега кутилмаган қадамга борди?

Марказий Осиё президентлари

Сурат манбаси, official/via/gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Сўнгги ҳафталарда постсовет маконидан устма-уст кутилмаган хабарлар олинди.

Озарбайжон ва Россиядан кейин Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам уруш ичидаги Эронга инсонпарварлик ёрдами юборгани расман хабар қилинди.

Янгилик минтақада яхшигина шов-шувга сабаб бўлди, тезда эътиборга тушди.

Туркманистон Эронга чегарадош ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Озарбайжон эса, Арманистон билан бирга Эронга тўғридан-тўғри қўшни қолган икки постсовет давлати сирасига киради.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Эрон билан урушаётган Трамп бошчилигидаги АҚШ маъмурияти бу давлатлар аксарияти билан ўз муносабатларини кучайтириш ҳаракатида бўлган бир пайтда юз берди.

Бу эса, кетма-кет олинган ушбу хабарлар аҳамиятини янада бўрттирди, четдаги кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди, нега ва қандай қилиб, деган саволларга ҳам туртки берган омилга айланди.

АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши эса ўзининг учинчи ҳафтасига кириб бормоқда.

Устма-уст ҳаво ҳужумлари билан кечаётган уруш томонларга етказган моддий ва инсоний талафотнинг бор кўлами ҳалича аниқ маълум эмас.

Аниқ қанча сондаги одамга ва айнан қандай ёрдам керак экани тафсилотлари ҳам ноаён.

Россия

Россия ва Эрон президентлари

Сурат манбаси, Contributor/Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрон Россиянинг Яқин Шарқдаги анъанавий иттифоқчиси саналган ва муҳим стратегик шериклари сирасига ҳам кирган.

Хабарларга кўра, Россия Эрон учун Озарбайжонга 13 тонна инсонпарварлик ёрдами юборган.

Кўмакнинг дори-дармондан иборат экани айтилган.

Маълум бўлишича, бу иш шахсан президенти Путиннинг топшириғи билан амалга оширилган.

Хабар Россия ва Эрон президентларининг 10 март кунги телефон мулоқотларидан уч кун ўтиб олинган.

Эрон уруши анъанадор иттифоқчиси Россия қаерда қолди, деган саволларни пайдо қилиб бўлган бир манзарада бўй кўрсатган.

Эрон Россиянинг Яқин Шарқдаги анъанавий иттифоқчиси саналган ва муҳим стратегик шериклари сирасига ҳам кирган.

Аммо расмий Кремл Эронга ҳарбий кўмак кўрсатишга ҳали-ҳануз ошкора мойиллик кўрсатмаган.

Ғарб эса бунгача Эронни Украинага қарши урушида Россияни ҳарбий жиҳатдан қўллаб келаётган давлат сифатида ҳам тилга олган.

Расмий хабарларга кўра, Путин шу кунларда АҚШ президенти билан телефон мулоқотида Яқин Шарқ масаласида ўзининг ёрдамини таклиф қилган.

Трамп билан урушга тезда чек қўйишга қаратилган таклифлари билан ўртоқлашгани айтилган.

Аммо, Трампнинг билдиришича, Путиннинг бу таклифига унга Украина урушини тугатса, кўпроқ ёрдами теккан бўлишини айтиб жавоб берган.

Аксарият таҳлилчилар эса, Эрон урушидан айнан Россия ютишини айтиб туришибди.

Уларга кўра, воситачилик истаги Россиянинг халқаро саҳнадаги обрўсини тиклашга ёрдам беради.

Уруш боис, нефт нархларининг кескин кўтарилиши эса, Россияни қайта кучайтириб, Украина урушида мавқеини яхшилайди.

Айрим халқаро таҳлилчилар фикрича, Россия Эрон урушидан ҳам дипломатик ва ҳам иқтисодий жиҳатдан ютади.

Озарбайжон

Озарбайжон ва Эрон президентлари

Сурат манбаси, Azerbaijani Presidency/Handout/Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Хабарларда Эронга Озарбайжон томони инсонпарварлик кўмагининг умумий миқдори 20 тоннадан ортиши айтилган.

Хабарларга кўра, Эрон президенти гуманитар ёрдам юбориш истаги учун Озарбайжон раҳбарига ҳали 8 март кунги телефон мулоқоти чоғида ўзининг миннатдорлигини билдирган.

10 март куни эса, Озарбайжон президенти Эронга инсонпарварлик ёрдами жўнатилишини буюрганига оид хабарлар олинган.

Маълум бўлишича, Озарбайжон Эронга тонналаб ун, гуруч, шакар, сув, дори-дармон ва тиббий буюмлар юборган.

Хабарларда Эронга Озарбайжон томони инсонпарварлик кўмагининг умумий миқдори 20 тоннадан ортиши айтилган.

Аммо Озарбайжон сўнгги уруш фонида Эрондан ҳужумга учраган давлатлардан бирига ҳам айланган.

Расмий Боку яқинда Эрон билан чегарадош Нахичеван эксклавига қилинган дрон ҳужумида Теҳронни айблаган.

Ҳужум натижасида аэропорт терминалига зарар етган.

Мактаб яқинида портлаган дрон тинч аҳолини жароҳатлаган.

Президент Илҳом Алиев ушбу воқеани "террорчилик амали", деб қоралаган.

Теҳрондан тушунтириш ва узр сўрашни талаб қилган.

Озарбайжон бунга жавобан Эрондаги дипломатик ходимларини олиб чиқиб кетаётганини ҳам маълум қилган.

Давлат оммавий ахборот воситалари эса, мамлакат армияси юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилганини хабар қилишганди.

Маълум бўлишича, 8 март кунги телефон қўнғироғи чоғида Эрон президенти Алиевга дрон ҳужумига ўзларининг ҳеч бир алоқалари йўқлигини айтган, воқеа текширилишини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Илҳом Алиев ҳам бунинг муҳимлигини урғулагани айтилган.

Орада Озарбайжон президентининг Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан Эрон томонига расман ҳамдардлик билдиргани ҳам хабар қилинган.

Озарбайжон ҳукумати бу каби қадамга борган саноқли давлатлар сафидан жой олган.

Бугун, 18 март куни расмий Боку Наврўз айёми арафасида Эронга яна инсонпарварлик ёрдами юбораётгани, бу галгисининг аввалгисидан бир неча бор кўп эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Эрон президентлари

Сурат манбаси, Uzbekistan Presidency / Handout/Anadolu via Getty Images

Ўзбекистон Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилганига оид хабар 16 март куни олинган.

Бу ҳақдаги расмий хабарда ёрдамнинг умумий миқдори очиқланмаган.

Аммо унинг ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлардан иборат экани айтилган.

Маълум бўлишича, Эрон томони "инсонпарварлик ёрдами ва юксак эътибор учун" Ўзбекистон президентига самимий миннатдорлик билдиришган.

Улар мазкур ташаббусни "икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси" эканини таъкидлашган.

Исроил-Фаластин можароси бўладими ёки Эрон, Ўзбекистон Яқин Шарқдаги воқеаларнинг ривожига бефарқ эмас.

Минтақадаги сўнгги вазият юзасидан ҳам расман баёнот билан чиққан, томонларни босиқликка чақирган, Эрондан ташқари, Яқин Шарқдаги қатор араб давлатлари билан ҳам мулоқотда эканлигини расман хабар бериб келади.

Эрон Олий руҳоний раҳбари Али Хоманаийнинг ўлими юзасидан расмий Теҳронга ўзининг ҳамдардлигини ҳам билдиргани хабар берилган яна бир мамлакат.

Минтақага бевосита чегарадош ва геостратегик жойлашуви муҳим Эрон эса, айниқса, сўнгги йилларда - Украина уруши фонида ўзларининг транспорт йўллари, ташқи бозорлари ва савдо ҳамкорларини имкон қадар турфалаштириш ҳаракатида бўлган Марказий Осиё давлатлари учун саноқли муқобил ва муҳим танлов, имкониятлардан бири ҳам бўлади.

Денгизга йўли икки карра ёпиқлиги эса, хосан Ўзбекистон учун жаҳон савдо йўлларига чиқишида Эроннинг ҳам аҳамиятини янада кучайтирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Эрон Марказий Осиёнинг асосий савдо-иқтисодий шериклари бўлган Россия ва Хитойга ҳам яқин, таъбир жоиз, "хавфсиз" ҳамкор сифатида кўрилган.

Каспий денгизи ва Форс Кўрфази чегарасида жойлашган эмасми, ўзининг геостратегик жойлашуви туфайли Эрон Хитойнинг Марказий Осиё давлатларини ўз ичига олувчи улкан "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси учун ҳам муҳим ўрин тутган.

Эрон, бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларини ҳам ўз ичига олувчи ва улар учун янада қулай ҳамда фойдали бўлиши айтилувчи қатор янги халқаро темир йўл лойиҳаларининг ҳам муҳим иштирокчиси.

Худди шу омиллар расмий Тошкентнинг бугунги мавқеи кўпроқ мамлакат эҳтиёжлари ва узоқ муддатли режаларига мос тарзда намоён бўлаётганига оид талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Туркманистон

Туркманистон ва Эрон президентлари

Сурат манбаси, Alexander KAZAKOV / POOL / AFP via Getty Images

Эронга инсонпарварлик кўмагига оид хабар Туркманистондан Ўзбекистон билан бир кунда олинган.

Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги расман маълум қилган.

Расмий хабарда ёрдамнинг рўза кунларида юборилгани алоҳида тилга олинган.

Унинг энг аввало болаларга жўнатилгани алоҳида тилга олинган.

Хабарларга кўра, ёрдамни Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги хайрия жамғармаси юборган.

Кўмак ишлари унинг ўғли, амалдаги Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов топшириғи билан амалга оширилган.

Аммо Туркманистон Эронга юборгани айтилган инсонпарварлик ёрдамининг ҳам умумий миқдори ёки қиймати расман очиқланмаган.

Айтилишича, инсонпарварлик ёрдами дори-дармонлар, тиббий буюмлар ва бошқа зарур маҳсулотларни ўз ичига олган.

Расмий хабарларга кўра, мазкур тадбир иштирокчилари оғир кунларда яқин қўшниларни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам кўрсатиш туркман халқининг асрлар қаърига бориб тақалган эзгу анъанаси эканини таъкидлашган.

Инсонпарварлик ёрдами манзилига эсон-омон етиб бориши учун дуолар ҳам қилишган.

Туркманистон эса, Афғонистон баробарида Эронга ҳам бевосита қўшни.

Нейтрал мақомига қарамай, Исроил ва Эроннинг ҳужумлари фонида Озарбайжон билан бирга қатор давлатлар аллақачон ўз дипломатлари ва фуқароларини олиб чиқиш ҳаракатида бўлган иккита давлатдан биттаси.

Яъни, сўнгги Эрон уруши фонида ҳам ўзаро чегарасини буткул ёпишгача бормаган.

Хитой

Хитой ва Эрон делегацияси музокаралари

Сурат манбаси, Parker Song - Pool / Getty Images

Эрон уруши
Morteza Nikoubazl/NurPhoto via Getty Images
Xitoy o‘t ochishni to‘xtatishga, mintaqada tinchlik va barqarorlikni tezroq tiklashga, gumanitar inqiroz tarqalishiga chek qo‘yishga intiladi.
Xitoy Tashqi ishlar vazirligi matbuot kotibi.
Batafsil: bbc.com/uzbek da.

Кеча, 17 март куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ҳам янги баёнот билан чиққан.

Вазирликка кўра, Хитой Эрон, Иордания, Ливан ва Ироққа фавқулодда гуманитан ёрдам кўрсатиш қарорига келган.

Хитой томонининг умид қилишича, "бу у ердаги одамлар дуч келаётган оғир гуманитар вазиятни юмшатишга ёрдам беради".

Расмий Пекинга кўра, "Хитой ўт очишни тўхтатишга, минтақада тинчлик ва барқарорликни тезроқ тиклашга, гуманитар инқироз ёйилишини тўхтатиш учун ҳаракат қилишда давом этади".

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг 12 март куни маълум қилишича, Эрон гуманитар ёрдам сўраб дўст давлатларга, жумладан, ўзларига мурожаат қилган.

Унинг айтишича, "кўплаб касалхоналар ва тез тиббий ёрдам станциялари вайрон бўлгани, ярадорлар, жумладан, аёллар ва болалар кўплиги муносабати билан" Эрон бундай мурожаат билан чиққан.

"Дўст давлатлардан дори-дармон етказиб беришни сўраган".

Шу пайтгача қолган минтақа давлатларидан Эронга инсонпарварлик кўмагига оид хабарлар олинмаган.

Эронга гуманитар ёрдам етказиш билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожига у билан урушаётган АҚШ ва Исроилнинг муносабати ҳозирча маълум эмас.