Хоч остида дафн этилган ўзбеклар. Россия-Украина уруши воқелиги (Видео)

Луганскдаги хоч ўрнатилган ўзбекистонлик қабри.
Сурат тагсўзи, Луганскдаги қабристонда хоч остида дафн этилган қатор ўзбекистонликлар қабрлари бор.
Ўқилиш вақти: 10 дақ

Россиянинг 2022 йил Украинага қарши бошлаган урушида Россия томонида курашиб, ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар дохил 1000 га яқин Марказий Осиёлик бор.

BBC Рус хизмати журналистлари йилларки олиб борган тадқиқотлари натижасига кўра, урушнинг 5- йили кетар экан Россия томонидан тўлиқ тасдиқланган қурбонлар сони 200 минг кишидан ортиқ.

Аммо бу рақам ҳам қурбонлар сонини аниқ акс эттирмайди.

Тўлиқ тасдиғини топмаган ўлимлар ҳам назарга олинса урушда ҳалок бўлганлар сони 400 мингга қадар бўлиши мумкин.

Хоч остида дафн қилинган ўзбекистонликлар ҳақида BBC Uzbek нинг TikTok соҳифасида:

Ўтказиб юборинг TikTok пост
TikTok контентига рухсат бериш

Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас TikTok бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири TikTok пост

BBC Ўзбек хизмати қурбонлар сони ҳақида йилларки тадқиқот олиб борган Рус хизмати журналисти Олга Ившинани суҳбатга чорлади.

Суҳбатни қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBC Ўзбек хизмати:v 200 мингдан ортиқ қурбон ҳақидаги маълумот не қадар ишончли ва амалдаги қурбонлар сонини акс эттирадими?

Олга Ившина: Урушнинг биринчи кунлариданоқ биз Россиянинг мустақил нашри "Медиазона»даги ҳамкасбларимиз билан бирга Украинага қарши урушда ҳалок бўлганларнинг рўйхатини очиқ манбаларга асосланиб , қайд қилиб келишга уринмоқдамиз.

Мана шу биз 100 фоиз тасдиқлай олган қурбонлар сони ҳозирда 200 мингдан ошди, лекин бу ҳам тўлиқ рақам эмас.

Ўлим ҳақида алоҳида маълумотлар ёки Украина томонидан бериладиган маълумотларни биз эътиборга олмаймиз, чунки бу бизга фақатгина тўлиқ тасдиғини топган, шу билан бирга бу борадаги рақамларнинг паст чегарасини аниқлаш имконини беради. Яъни, бу рақамдан пастроғи бўлиши мумкин эмас. Бу жуда муҳим.

Асл рақамлар кўпроқ бўлиши мумкин ва улар муттасил ўзгармоқда.

Масалан, охирги ойнинг ўзида биз бу рўйхатга яна тўлиқ тасдиғини топган 30 минг инсонни қўшишга муваффақ бўлдик. Булар асосан урушнинг дастлабки йиллари ҳалок бўлган шахслар. Биз улар ҳақида ҳатто меросни олиш ҳақидаги аризалар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатларни топишга эришдик.

Шунинг учун хулоса қилишимиз мумкинки, бизнинг рўйхатимиз ҳалок бўлганларнинг умумий сонининг тахминан 60 фоизини ўз ичига олади. Ҳақиқий сон эса 350 минг, балки-да 400 мингга яқин бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқдамиз.

BBC
O‘zbekistonliklar doxil Ukraina urushida qurbon bo‘lganlarning asl soni 400 mingga qadar bo‘lishi mumkin."
Olga Ivshina
BBC.COM/RUSSIAN

Қурбонлар ҳақида Россия расмий маълумотлари борми?

BBC Ўзбек хизмати: Россия ҳукумати шу вақтгача қурбонлар ҳақида қандай маълумот берган?

Олга Ившина: Россия ҳукумати уруш бошланганидан бери атиги 2 маротаба ҳалок бўлганлар сони ҳақида маълумот берган. Иккаласи ҳам 2022 йилда.

Охирги маротаба Россия ҳукумати 2022 йил сентябр ойида 6 мингга яқин ҳалок бўлганлар ҳақида маълум қилганди. Ўша вақтнинг ўзидаёқ биз юритаётган рўйхатда расмийлар тан олаётганидан анчайин кўпроқ инсон бор эди. Ўшандан бери расмийлар ҳалок бўлганларнинг умумий сони ҳақида маълумот беришмаяпти.

Алоҳида ҳодисаларда ўлганлар ҳақида онда-сонда маълумот бериб туришади. Масалан,Макеевкадаги казармага ҳужум қилинганда ёки "Москва" крейсери чўктирилганда айнан ўша алоҳида ҳодисаларда ҳалок бўлганлар ҳақида айтилган. Аммо умумий сон борасида маълумот берилмаяпти.

"200.zona.media" веб-саҳифаси.

Сурат манбаси, 200.zona.media

Сурат тагсўзи, Украина урушида ҳалок бўлгани тасдиқланганлар рўйхати "200.zona.media" веб-саҳифасида чоп этилган.

BBC Ўзбек хизмати: Қурбон бўлганлар ҳақида маълумотларни қаердан оласизлар ва қандай қилиб тасдиқлайсизлар?

Олга Ившина: Бизнинг маълумотларимиз очиқ ва ошкор. «Медиазона»даги ҳамкасбларимиз бу рўйхатни тўлиқ чоп этишган. Истаган инсон бирон исмни қидирмоқчи бўлса, ўша исмни «200. zona.media" веб-саҳифасида қидирувга киритиб, текшириб кўриши мумкин. Ҳатто яшаш жойи асосида ҳам қидирувни амалга ошириш мумкин. Ўша ерда ўлим ҳақидаги маълумот қайси манбадан олингани ҳақида ҳам айтилган.

Манбаларга келсак, улар 3 турдаги манба. Энг йириги ва асосийси бу расмий эълонлар. Лекин бу расмий эълонлар табиати охирги йилларда бир қадар ўзгарди. Масалан, урушнинг илк йилларида шаҳар ёки вилоят раҳбари бу ўлимлар ҳақида анчайин баландпарвоз баёнотлар берган бўлса, охирги йилларда бу баёнотлар таъбир жоиз маҳаллийлашди.

Масалан, бир қишлоқ ёки туман раҳбарлари доирасида ёки ҳатто мактаб директори даражасида айтиладиган бўлди. Лекин қандай бўлмасин бу расмий манба ва биз уларни қайд қилиб боришга ҳаракат қиламиз. Ва улар бир маънода қўшимча тасдиқ ёки текширувни тақозо қилмайди.

Яна бир манба бу Ижтимоий тармоқларда яқинлари томонидан эълон қилинган ўлимлар. Албатта бу каби маълумотларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Чунки сохта бўлиши ҳам мумкин. Биз уларни синчковлик билан текширамиз. Хабарни қолдирган шахс билан ҳалок бўлган шахс ўртасидаги қариндошлик ёки дўстлик алоқаларини ўрганиб чиқамиз.

Ва яна бир манба, бу бир қадар кичик манба десак бўлади, бу бизга маълумотларни топишда ёрдам беришга тайёр кўнгиллилар. Улар қабристонлардан, хотира ёдгорликлари, ҳалок бўлганлар ўқиган мактабда ташкил этилган "қаҳрамонлар партаси" суратларини бизга йўллаб, маълумот йиғишимизга ёрдам беришади.

Қабристон ва хотира ёдгорликларидан юборилган расмлар жуда муҳим, чунки биз у ердаги исмларни синчковлик билан қараб чиқиб, рўйхатимизда йўқ, расмий эълон қилинмаган ва яқинларига ҳам маълум қилинмаган ва ёки яқинларининг хабарлари бўлмаган қурбонлар исмларини топиб, тасдиқлаб, қайд қиламиз.

Баъзида қурбон бўлганлар ҳақида яқинлари хабар топсалар ҳам ҳеч қандай хабар бермаганларининг турли сабаблари бор. Кимдир эътиборни жалб қилишдан қўрқади, кимгадир ошкор этмаслик борасида босим ўтказилади. Яқинларига ўлимлар ҳақида ошкора гапиришни ман қилиш урушнинг илк йиллари кўп кузатилганди. Ҳатто Ижтимоий тармоқлардаги хабарларини олиб ташлашни талаб қилишган вақтлари ҳам бўлган.

BBC Ўзбек хизмати: Тадқиқотларингиз мобайнида аниқланган қурбонларнинг яқинларига баъзида сиз хабар беришингизга тўғри келган, шундайми?

Олга Ившина: Ҳа, бу ҳам жараённинг таркибий қисмига айланди. Бу ишни бошлаганимизда бу ҳолат юзага келишини тасаввур ҳам қилмагандик. Яқинлари билан боғланиб, маълумотларни текшириш ва уларга етказиш, айниқса қамоқхоналардан урушга сафарбар қилинган жиноятчилар, жумладан "Вагнер" гуруҳи таркибида жангга кирган ва ҳалок бўлган шахслар билан боғлиқ ҳолатларда юз берди. Чунки бу Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлмаган норасмий гуруҳ эди.

Расмий йўллар билан сафарбар қилинганларнинг яқинларига маълумот бериш бир қадар йўлга қўйилган бўлса, "Вагнер"чиларга келганда бу жараён кўпда ишламаган.

Яна бир тоифа бу асосан собиқ Иттифоқ давлатларидан бўлганлар ва урушда иштирок этиш учун ёлланганлар. Масалан, яқинда ўғли билан алоқани йўқотган озарбайжонлик бир аёл биз билан боғланиб, уни топишга ёрдам беришимизни сўради. Бу каби сўровномалар йиллар давомида юзлаб бўлди. Кўплаб оилаларга, яқинлари тақдирини аниқлашга ёрдам бердик. 60 га яқин оилага ҳалок бўлганлар ҳақида хабар беришга тўғри келди…

Яқинда шундай бир ҳолат рўй берди. ВВС Қирғиз хизматидаги ҳамкасбларимиз бир аёл урушга сафарбар қилиниб, алоқани йўқотган яқинини излаётгани ҳақида айтишди. Мен изладим ва афсуски қўлимизда сурати бўлган бир қабрдаги ёзувда ўша аёлнинг яқини исми борлигини аниқладик. Оқибатда уларга телефон қилишга мажбур бўлдим.

Луганскадаги қабристонда Марказий осиёликлар қабрлари.
Сурат тагсўзи, Украина урушида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар дохил 1000га яқин Марказий осиёликлар борлиги тахмин қилинмоқда.

BBC Ўзбек хизмати: Йиллар давомида муттасил равишда ўлим ҳақидаги ҳужжатлар билан ишлаш, қурбонлар маълумотларини текшириш, баъзида қурбонлар яқинларига машъум хабарни етказиш, доимо шу жараённинг ичида бўлиш, руҳан жуда қийин бўлса керак?

Олга Ившина: Албатта бу жуда оғир. Машъум хабарни етказиш учун тўғри сўзларни топиш жуда қийин…Қандайдир расмий оҳангда, қуруқ қилиб, мана шундай-шундай бўлибди, деб яқинини йўқотган инсонга айтиб бўлмайди, албатта. Бу бизнинг ишимиз ҳам эмас. Лекин яқинини қидириб, боши берк кўчага кириб қолганларга, қаерга бош уришни билмаганларга қўлингизда бор маълумотни бермаслик ноинсонийлик бўлади.

Журналист сифатида совуққон, босиқ ва бетараф бўлишимиз керак. "Ҳалок бўлганлар урушга ёлланиб, ўзлари ҳам кимларнидир ўлдирганлар", деган ўй-фикрлар ҳам келади ҳаёлингизга… Яқинларининг эса бунга ҳеч қандай алоқалари йўқ-ку. Мен бу ерда кимгадир ҳакамлик қилиб, хулоса чиқармоқчи эмасман, лекин ҳар қандай инсон яқинининг тақдири нима бўлганини билишга ҳақли.

Шахсан мен учун бу уруш 2022 эмас 2014 йилда бошланган. Мухбир сифатида жабҳага ҳам тез-тез боришга тўғри келган. Албатта мана шу ҳодисаларга шахсий яқинлик ҳар қандай инсон учун қийин. Лекин ўзингни руҳан сақлаб қолиш учун қандайдир механизмларни ишлаб чиқасан. Руҳан масофани сақлаш ҳамиша ҳам имконли бўлмайди, аммо мен иложи борича турли йўл ва чоралар билан содда қилиб айтганда ақлдан озмасликка ҳаракат қиламан.

Мени тинчлантирадиган нарса шуки, жорий вазиятда мен қилишим керак бўлган энг ижобий нарса бу ишимни яхши бажариш. Ҳатто ҳалок бўлганларнинг яқинларига машъум хабарни етказишга тўғри келган ҳолларда, бу неқадар оғир бўлмасин , уларга бу оғриқли ва охири нима нима билан тугаши номаълум бўлган қидирувларининг ниҳоя топишига ёрдам бердим, деб ҳис қиламан. Бу ҳам менга руҳий далда беради.

Ўзбек тилидаги варақа.
Сурат тагсўзи, Россия расмийлари собиқ Иттифоқ давлатларидан муҳожирларни Украина урушига ёллаш учун турли тилларда варақаларни чоп этишган.

BBC Ўзбек хизмати: Ҳалок бўлганларнинг яқинлари, маҳаллий кўнгиллилар ўлим ҳолатларини аниқлашда сизга анча ёрдам берган кўринишади.

Олга Ившина: Албатта, ўлим ҳолатларини тасдиқлаш жараёни баъзида кутилмаган йўлда ривожланади. Бу ерда гап дастлаб "Вагнер" гуруҳи томонидан яратилган қабристон ҳақида кетмоқда. Қандайдир сабаблар билан бу гуруҳ таркибида жанг қилганларнинг баъзиларини ҳалок бўлганидан сўнг ватанга, яқинларига юборишган. Аммо баъзиларини янги яратилган қабристонларда дафн қилишган. Биз маҳаллий одамлар, кўнгиллилар ёрдамида 8 та шундай қабристонни аниқладик.

Энг йириги Краснодар ўлкасида, у ерда мингга яқин қабр бор эди. Энг сирли қабристонлардан бири эса Украина ҳудудида, Россия босиб олган Луганск вилоятидаги қабристон эди. Бир аёл ўша ерга кимнидир зиёрат қилгани борганида кўплаб янги қабрлар пайдо бўлганлигини кўриб қолган. У қабрларнинг суратини олиб бизга юборди. Ўша қабрлардан бири узра ўрнатилган хочда камдан-кам учрайдиган бир фамилия ёзилганди. Ўшани излай бошладим. Ижтимоий тармоқда тезгина унинг саҳифасини топдим. Кейин унинг онасининг саҳифасини ҳам топдим.

Мен журналистика этикасини сақлашга ҳаракат қилиб, эҳтиёткорлик билан "ўғлингиз урушга кетганмиди" маъносида мактуб йўлладим. Ўзаро маълумотларни солиштира бошладик, исми, колонияда бўлгани ва "Вагнер" гуруҳи билан шартнома имзолаб, урушга кетгани ва ўша вақтга келиб ўғли билан алоқа узилганини аниқлаб олдик.

Луганскдаги қабристон.
Сурат тагсўзи, Луганскдаги қабристонда уруш қурбонлари қабрлари борлиги ҳақида BBC га кўнгиллилар хабар беришга.

Мен унга қўлимда Луганскдаги қабристондан олинган бир расм борлиги ва унда мана шу исм ёзилганини айтдим. Онаси "мен сизга ишонмайман, бўлиши мумкин эмас. Сиз билан ҳатто гаплашишни истамайман", деб алоқани узди. Мен "ҳеч нарсани таъкидлаш мақсадим йўқ, фақат ўғлингиз урушга кетганми йўқми шуни аниқламоқчи эдим", деб айтдим.

Орадан бир неча ой ўтиб, онасининг ўзи мен билан алоқага чиқиб, "ўғлим ҳозирда муддати тугаб уйга қайтиши керак эди. Лекин келмади, нима қилай", деб сўради. Биз унга бу қабристон қаерда эканлигини айтдик. Охир-оқибат она у ерга бориб, не машаққатлар билан ўғлини эксгумация қилиб, ватанига қайтариб келишга муваффақ бўлди. Бунинг сарф -харажати учун ҳатто уйини ҳам сотмоқчи бўлди, охири банкдан қарз олиб шунга муваффақ бўлди.

Ўша аёл ҳужжатларни расмийлаштиргунга қадар қабристонга тез-тез бориб, мен билан боғланиб, яқинларини излаётган бошқаларга ҳам ёрдам бўлсин, деб янги пайдо бўлган қабрлар суратларини юбориб турди. Ана шу алфозда бизга мурожаат қилган яна қатор инсонларнинг яқинлари қабрини топишга эришдик.

Луганскдаги бу қабристонда собиқ Иттифоқ республикалари, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари қабрлари ҳам бор. Яқинлари жасадини ватанга олиб кетишга муваффақ бўлганлар орасида бир тожикистонлик ҳам бор эди. Биз аввалроқ сўз юритган қирғизистонлик аёл эса укасини ўша ерда қолдиришга қарор қилди. Ўзбекистонликларнинг ҳам қабри бор у ерда, лекин яқинлари хабардорми йўқми, буниси менга аён эмас.

Урушда ҳалок бўлган ўзбекистонликлар

BBC Ўзбек хизмати: Сиз ўлимларини тасдиқлай олганлар орасида неча нафар ўзбекистонлик бор эди?

Олга Ившина: Дастлаб Ўзбекистонлик, ёки бошқа Марказий Осиёликларнинг қаердан эканликларини қандай аниқлаганимизни айтиб берсам. Биз уларнинг исмларини расмий манбалардан қидирганимизда, улар турли айбловлар билан жазога тортилиб, ҳукм чиқарилганини аниқлагандик. Қабрларда ёзилган исмлардан уларнинг ким эканлигини билиш қийин эди. Чунки улар мусулмон бўлсалар ҳам ҳаммаларининг қабрлари узра хоч қўйилган. Ана ўша ҳукм қилингани ҳақидаги ҳужжатларда уларнинг айнан қаердан эканликлари қайд қилинганди.

Айтишим керак, Россия қўшинлари сафида жанг қилган хорижликлар орасида Марказий Осиё давлатларидан бўлганлар аксариятни ташкил қилади. Лекин агарда уларнинг Россия фуқаролиги бўлса, биз уларни россиялик сифатида қайд қилганмиз. Тахминимиз шуки, собиқ Иттифоқ давлатларидан 1000 га яқин ҳалок бўлган шахс бор. Ўзбекистонликларга келсак, урушга қўшилиш учун шартнома имзолаганларнинг аксари қамоқлардаги маҳбуслар бўлганини кўришимиз мумкин.

Шодмон Тўйчиев.

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқдан.

Сурат тагсўзи, Шодмон Тўйчиев қотиллик учун қамоқ жазосига ҳукм қилинганди ва урушга кетиш учун шартнома имзолаган.

Бир шахснинг тақдири менинг ёдимда қолган. Исми Шодмон Тўйчиев. Ёши 60 дан ошган, қотиллик учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлган. У ҳам урушга кетиш учун шартнома имзолаган. У билан бирга жанг қилганларнинг айтишларича, унинг асосий мақсади Россия фуқаролигини олиш эди.

Шу билан бирга қамоқ жазосига ҳукм қилинмаган, аммо турли бошқа омиллар босими остида қуролли кучларга қўшилиш қарорини олганлар ҳам бор. Масалан, Сардор Суюндиков. Бир неча бор Россияга ишлагани келган ва охирги маротаба 2023 йили келганда бир аёл билан оила қурган. Лекин маъмурий бир айблов билан уни депортация қилмоқчи бўлишган. У яшириниб юришга мажбур бўлган. Биз топган ҳужжатларда уни миграцион қонунларни бузиш айби билан 2024 йил декабрида қўлга олишган ва 2025 январ ойида, яъни орадан 1 ой ҳам ўтмай у қуролли кучларга қўшилиш борасида контракт имзолаганини кўриш мумкин.

Сардор Суюндиков

Сурат манбаси, Ижтимоий тармоқдан.

Сурат тагсўзи, Сардор Суюндиков миграция қонунларини бузгани учун қўлга олинишидан 1 ой ўтиб урушда иштирок этиш учун шартнома имзолаганди.

Яъни айтишимиз мумкинки, депортациядан қочиш ва балки-да Россия фуқаролигини олиш имкони учун урушга кетиш йўлини танлаган. Лекин у тез орада ҳалок бўлган. Умуман олганда, ҳозирга келиб Украина урушида ҳалок бўлаётганларнинг аксарини айнан янги контракт имзолаганлар ташкил қилмоқда. Ва яна бир жиҳатини тилга олиш керак, шартнома имзолашдан ҳалок бўлгунга қадар муддат ҳам қисқариб, кўпда контракт имзолагандан кейин атиги бир ой ичида улар ҳалок бўлишмоқда. Жангга киргандан кейин 5 кунда ҳалок бўлганлар бор. Уларни минимал тайёргарлик билан жабҳанинг олдинги қаторларига ташлашмоқда.

Нима учун қашшоқ минтақалардан қурбонлар сони кўп?

BBC Ўзбек хизмати: Тадқиқотингизда Украина урушида ҳалок бўлганлар орасида Россиянинг қашшоқ минтақаларидан бўлганлар кўпчиликни ташкил қилишини кўрсатгансиз. Бу нимадан далолат беради?

Олга Ившина: Биз тадқиқотимизни ўтказганда, нафақат қуруқ сонлар балки, ҳар бир ҳудудда яшайдиган аҳолининг киши бошига неча киши урушда ҳалок бўлганлигига ҳам эътибор қаратдик. Ва шундай манзара келиб чиқдики, қашшоқлик даражаси юқори бўлган минтақаларда аҳоли киши бошига қурбон бўлганлар сони анчайин юқори экан. Албатта истиснолар бор, лекин умумий манзара ана шундай. Кўринишича қашшоқ минтақалардан кўпроқ эркаклар жангга қўшилиш учун контрактлар имзолашмоқда. Яна бир жиҳат, йирик шаҳарларга қарасак, у ерда аҳоли бошига ҳисоблаганда қурбон бўлганлар сони энг кам.

BBC Ўзбек хизмати: Бу атайлаб юритилган сиёсатми? Москва, Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлардан одамларни сафарбар қилмай миллий озчиликлар ва қашшоқ минтақалардан кўпроқ ёллашяптими?

Олга Ившина: Мен худди шу саволни қатор иқтисодчи ва социологларга бердим. Бир социолог бизнинг маълумотларимизни ўрганиб чиқиб, Тува, Бурятия каби ерлардан ҳалок бўлганлар сони аҳоли киши бошига кўпроқ эканлигини тасдиқлади. Лекин унга кўра, бу ерда ёлланаётганларнинг қайси миллатга мансублиги рол ўйнамаган. Чунки урушга кетганлар орасида ўша минтақадан бўлган славян миллати ва ўша ерлик миллатга мансуб бўлганлар орасида мутаносиблик бор экан, яъни деярли тенг. Шундан келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкинки, бу ерда қандайдир атайлаб юритилаётган миллий сиёсат эмас, минтақадаги фаровонлик даражаси кўпроқ рол ўйнаган.

Яъни агар одамларда иш бўлмаса, ижтимоий қўллов институтлари ишламаса ўша ердан одамларнинг урушга кетиш истаклари кўпроқ кўзга ташланади. Яъни қуролли кучларга қўшилгани учун тўланадиган ҳақ, не қадар кам бўлмасин, ҳар ҳолда қандайдир маблағ топиш имкони. Яъни чорасизлик уларни мажбурламоқда.