Сайёралар қандай пайдо бўлганини энди битта юлдуз тизими йўққа чиқарадими?

Сурат манбаси, ESA
- Author, Дейзи Стивенс
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Сайёраларнинг қандай пайдо бўлгани масаласи Коинотимиз ҳақидаги энг муҳим саволлардан биридир.
Олимларда Қуёш тизимида ва коинотнинг бошқа қисмларида кузатилаётган ҳодисаларни изоҳлайдиган назария бор.
Бироқ Science журналида яқинда эълон қилинган мақолага кўра, олисдаги бир юлдуз сайёралари тизими бу назарияга мос келмаяпти.
Ҳозирги назарияга кўра, сайёралар янги юлдузлар теграсидаги газ ва чанг дискларидан вужудга келади.
"Бизнингча, сайёралар бу чангни тўплаб ўсиб боради", дейди Буюк Британиядаги Уорвик университетининг астрономия бўйича доценти ва янги тадқиқотда етакчи олим доктор Томас Уилсон.
"Улар тўпланиб, майда тошларни ҳосил қилади, сўнг улар бир-бири билан тўқнашиб, планетезималлар деб аталадиган каттароқ жисмларни вужудга келтиради ва ниҳоят, улар тўқнашиб сайёраларга айланади."
Бу жараён орқали Ер каби қаттиқ сайёралар, шунингдек, Юпитер каби газ гигантлари ядроларининг тошли табиатини тушунтириш мумкин.
Бироқ ҳарорат ва қандай моддалар мавжудлиги сайёранинг юлдуздан масофасига қараб фарқланади, бу эса сайёранинг ташқи таркибини белгилайди.
"Совуқроқ бўлган ташқи орбиталарда, муз чизиғидан ташқарида, газлар ва музликлар пайдо бўлиши мумкин, чунки улар мавжуд бўлиши учун етарлича совуқ", дейди Уилсон.
Европа фазо агентлиги таъкидлашича, бу ерда қалин атмосфералар юлдуз нурланиши таъсирида йўқолмасдан, газсимон сайёраларга тўпланиши мумкин. Юпитер каби газ гигантлари одатда шу ҳудудларда шаклланади.

Сурат манбаси, Kevin M. Gill/NASA/JPL-Caltech/SwRI/MSSS
Юлдузга яқинроқ жойларда эса ҳарорат юқорироқ ва газга нисбатан чанг кўпроқ бўлади. Натижада Қуёш тизимимиздаги Меркурий, Венера, Ер ва Марс каби қаттиқ сайёралар пайдо бўлади.
Тизимдаги барча сайёралар тахминан бир вақтда шаклланишини назарда тутсак, шароитларнинг бундай фарқланиши юлдузлар атрофидаги сайёраларнинг маълум тартибини белгилайди: юлдузга энг яқин жойлашган қаттиқ сайёралар ва ундан узоқроқда жойлашган газсимон сайёралар.
Аммо янги тадқиқотда тавсифланган сайёралар тизими бунга ўхшамаяпти.
Ғайриодатий тартиб
LHS 1903 – Қуёш тизимимиздан тахминан 117 ёруғлик йили узоқликдаги кичик қизил М-митти юлдуз. У Қуёшимизга қараганда совуқроқ ва хирароқ бўлиб, атрофида тўртта сайёра бор.
Янги тадқиқотда Уилсон деярли барча қитъалардан келган халқаро жамоа билан биргаликда бу юлдуз тизимини синчковлик билан ўрганиб чиқди. Улар энг ичкаридаги учта сайёра кутилган қонуниятга мос келишини аниқладилар – юлдузга энг яқини қаттиқ, кейинги иккитаси эса газсимон экан.
Аммо кейинчалик Европа фазо агентлигининг (ЕФА) Cheops сунъий йўлдоши кузатувлари ёрдамида тўртинчи сайёра мезбон юлдуздан энг узоқда бўлишига қарамай, қаттиқ эканлиги аниқланди.
"Биз уни газсимон деб кутган эдик... нега у қаттиқ? Бу катта савол эди", дейди Уилсон.

Сурат манбаси, NASA-JPL
Унинг айтишича, жамоа сайёралар бу тартибининг эҳтимолий сабабларини ўрганиб чиққан.
Юлдузнинг нурланиши сайёра газини учириб юборган ёки унга атмосферасини йўқ қилган жисм урилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғоялар илгари сурилди.
Бироқ юлдуз иккинчи ва учинчи сайёралардан ҳам газни сиқиб чиқармай туриб, фақат тўртинчи сайёрадаги газни ҳайдаган бўлиши мумкин эмас. Моделлаштириш эса сайёра атмосферасини йўқ қила оладиган кучга эга ҳар қандай тўқнашув сайёранинг ўзини ҳам йўқ қилишини кўрсатди.
Сайёраларнинг ичкаридан ташқарига шаклланиши
Super-Yerlar va sub-Neptunlar deb ataladigan, hamda Quyosh tizimida uchramaydigan ekzotik turdagi sayyoralar mavjud.
Ушбу тахминларни инкор этгач, олимлар бу сайёралар бир вақтда эмас, балки кетма-кет шаклланган бўлиши мумкинлигини кўриб чиқдилар.
"Бу ташқи сайёра биз «камбағаллашган» муҳит деб атайдиган, атрофда камроқ ресурс бўлган шароитда шаклланган бўлса-чи? Ана шу ҳолат ушбу сайёранинг хусусиятларини тушунтириши мумкин", дейди Уилсон.
Унинг тахминича, ташқи сайёра шакллангунга қадар юлдуз тизимида газ тугаган бўлиши мумкин.
"Шундай қилиб, биз келган хулоса шуки, улар ичкаридан ташқарига шаклланган бўлиши мумкин. Бунда аввал мезбон юлдузга энг яқин сайёра ҳосил бўлади, сўнг кейинги сайёра, ундан сўнг яна кейингиси ва ниҳоят ташқи сайёра шаклланади."

Сурат манбаси, ESA/Silicon Worlds
Сайёралар тобора камайиб бораётган ресурслар билан кетма-кет ҳосил бўлади, деган ғоя сайёраларнинг ичкаридан ташқарига шаклланиши деб аталади. Бу 10 йил олдин назария сифатида таклиф қилинган.
Бироқ ЕФАнинг таъкидлашича, бу ҳақиқатда шундай бўлаётганини кўрсатувчи энг ишончли далил айнан шу тадқиқотдир.
"Барча шакл ва ўлчамлар"
Уилсоннинг фикрича, тизимдаги барча сайёралар тахминан бир вақтда ўсишни бошлайди, деган тахминни қайта кўриб чиқиш керак бўлиши мумкин, айниқса, бу коинотнинг бошқа қисмларида ҳам кузатиладиган қонуният бўлса.
Бундай қайта кўриб чиқиш бизнинг Қуёш тизимимизни тушунишимизга ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
"Аввал Меркурий, кейин Венера, кейин Ер ва Марс пайдо бўлганми? Бу Қуёш тизимимизнинг шаклланиш вақти ҳақида саволлар туғдиради."
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Шунингдек, унинг таъкидлашича, Қуёш тизимида содир бўлаётган ҳар қандай ҳодисани бошқа тизимлар учун ҳам нормал ҳисобламаслик керак.
"Супер-Ерлар ва суб-Нептунлар деб аталадиган, ҳамда Қуёш тизимида учрамайдиган экзотик турдаги сайёралар мавжуд", дейди у.
"Биз бу бегона сайёра тизимлари ҳар қандай шакл ва ўлчамда бўлиши мумкинлигини тахмин қилишимиз керак.
"У яшаш учун қулайроқ дунё бўлиши мумкин, аммо ҳозирча бу ҳақда бош қотирмаймиз, чунки эътиборимиз асосан Қуёш тизимига қаратилган".





























