Дайжест: Камарсиз автомобил бошқарганим исботи қани? Ўзбек АЭСи қанчага тушади?
Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Timez.uz Телеграм канали хабар қилишича, Интернет ижтимоий тармоқларида Тошкент шаҳрида автомобил ҳайдовчиларига кузатув камералари орқали келган қоидабузарлик билан боғлиқ жарималарда суратлар "таҳрир қилинаётгани" ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.
Timez.uz Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қиладиган киши видеосини эълон қилди.
Видео муаллифи ўзига автомобилни камар тақмасдан ҳайдагани учун жарима келганини билдиради.
У икки қоидага амал қилиши: бири спиртли ичимлик истеъмол қилмаслиги, иккинчиси машинани ҳеч қачон камарини боғламасдан ҳайдамагани учун жарима ёзишга нима асос бўлганини ўрганишга қарор қилганини айтади.
Видео муаллифи сўзларига кўра, ўзининг номига келган жарима исботи сифатида юборилган сурат "қайта ишланган", яъни, чап елкасидан ўтказилган эҳтиёт камари "йўқ қилиб қўйилган".
Унинг айтишича, фото суратлар "қўрқинчли даражада чапланган", сурат устида ретушёрлар "қаттиқ ишлашган".
Видео муаллифи ўзининг камарни тақмасдан автомобилини бошқаргани тасвирга олинган видеони кўришга қарор қилади.
Жарима тўлаш учун ташкил этилган Интернет сайтида видеони тополмаган муаллиф жарима қарори устидан шикоят қилишга ҳаракат қилганини айтади.
Бироқ сайтдаги талаблар шундай "қурилганки", муаллиф шикоят қилолмайди.
У Тошкент шаҳрида бундан олдин ermatovamir ўзининг камарсиз автомобил бошқаргани жаримасида фото сурати "таҳрир қилгани" ҳодисаси рўй берганини эслатади.
Timez.uz ёзишича, видео остида қолдирилган изоҳларда юзлаб одамлар айнан шундай вазиятга дуч келганлари ҳақида ёзиб қолдирганлар.
Тармоқ фойдаланувчилари расмийлардан ушбу фирибгарлик ҳолати юзасидан текшириш ўтказишни талаб қилмоқдалар.
Ҳозирча расман ушбу иддаоларга муносабат билдирилганича йўқ.
Ўзбекистон АЭСи $24 млрдга тушади
Сурат манбаси, gazeta.uz
"Фергана.ру" ахборот агентлиги хабар қилишича, Ўзбекистондаги кичик АЭС қурилиши 24 миллиард АҚШ долларига тушади.
Бу ҳақда "Росатом" раҳбари Алексей Лихачёв айтди.
Алексей Лихачёвнинг ТАСС ахборот агентлигига айтишича, Ўзбекистондаги лойиҳа Россия ишлаб чиқариш корхоналарига 2 триллион Россия рублигача буюртмалар олиш ва тахминан 1000 иш ўрнии яратиш имконини беради.
Шу кеча-кундузда 1 АҚШ доллари 81,55 Россия рублига тенг бўлиб турипти, 2 триллион рубл 24,5 миллиард долларни ташкил этади.
"Россиядаги ҳам хусусий ширкатлар ва ҳам давлат улуши бўлган компаниялар орасида бизнинг жуда кўп шерикларимиз бор. Фақат кичик блок қурилишининг ўзи 2 триллион рублгача буюртма ҳажмини, бандлик нуқтаи назаридан эса бевосита Россиянинг Федерациясининг ўзида мингга яқин иш ўрнини барпо этиш имкониятини беради", деди "Росатом" раҳбари.
24 март куни "Ўзатом" билан "Росатом" Ўзбекистондаги дастлабки АЭС қурилишига оид яна қўшимча битимларни имзоладилар.
Ўша куни Жиззах вилояти Фориш туманида ядровий энергоблок фундаментига бето қуйиш ишлари бошланди.
Бундан олдин АЭС қуриш Ўзбекистонга қанчага тушиши расман эълон қилинмаган.
"Ўзатом" раҳбари бир йилча олдин кичик АЭС қуриш 2 миллиард доллардан ошмаслигини айтган.
"Бироқ харажатлар таркиби, битимлар таркиби ва молиялаш параметрларисиз бу рақам қанчалар тўғри келиши аниқлаш ҳозирча имконсиз", деб ёзади Фергана.ру.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Сомоний мақбарасини зиёрат қилдилар
Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифининг иккинчи кунида икки мамлакат раҳбарлари Бухоро вилоятига ташриф буюрдилар.
Президентлар Нақшбандия сўфийлик тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига бордилар.
"Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг эзгу тамойили – "Дил ба ёру, даст ба кор" шиори инсонни меҳнатсеварлик ва руҳий покликка даъват этиши алоҳида таъкидланди", деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон Бухоро шаҳридаги Сомоний мақбарасини зиёрат қилдилар.
Ушбу меъморий ёдгорлик Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан бунёд этилган энг қадимий иншоотлардан бири ҳисобланади. У IX аср охири – X аср бошларида Сомонийлар давлати асосчиси ва биринчи ҳукмдори Исмоил Сомоний томонидан сулолавий мақбара сифатида қурилган.
Тожикистон мустақилликка эришганидан кейин Исмоил Сомонийни Тожик давлатчилиги асосчиси деб эълон қилди.
Пойтахт Душанбедаги энг йирик ҳайкал Исмоил Сомонийга ўрнатилган.
Бугунги кунда Тожикистонда энг олий давлат мукофоти ва миллий валюта (Сомоний) унинг шарафига номланган.
26 март. Ўзбекистон ташқи сиёсати: АҚШдан G20 га таклиф, Тожикистон билан иттифоқчилик ва сув дипломатияси
Сурат манбаси, Prezident.uz
26 март куни Ўзбекистон пойтахтидаги Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тор доирадаги музокаралар ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказдилар.
Ўзбекистон раҳбари бу давлат ташрифини икки мамлакат ўртасидаги асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги муҳим қадам сифатида баҳолади ва янги ташкил этилган Олий кенгаш формати стратегик шерикликни иттифоқчилик даражасига кўтаришини таъкидгани айтилади.
Музокаралар давомида томонлар ҳукуматлар ва парламентлар даражасидаги алоқалар фаоллашганини қайд этиб, ўзаро товар айирбоқлаш ҳажмини 2030 йилга келиб 2 миллиард долларга етказиш имкониятларини кўриб чиққанлар.
Бу мақсадга эришиш учун "Ойбек – Фотиҳобод" чегараолди савдо маркази қурилишини тезлаштириш, маҳсулотларни сертификатлашни рақамлаштириш ва чегара назорат пунктларини модернизация қилиш бўйича келишувларга эришилгани ёзилади.
Шунингдек, учрашувда тоғ-кон, энергетика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олувчи алоҳида Саноат кооперацияси дастури қабул қилиниши, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма Инвестиция компаниясининг капитали кенгайтирилиши маълум қилинган.
Сув ва энергетика хавфсизлигини кучайтириш ҳамда транспорт-логистика алоқаларини, жумладан, "Э-Пермит" рақамли тизимини жорий этиш масалалари ҳам диққат марказида бўлган.
Минтақавий хавфсизлик ва халқаро сиёсат юзасидан фикр алмашган давлат раҳбарлари маданий-гуманитар соҳада беш йиллик чора-тадбирлар режасини амалга оширишга келишиб олганлар.
Афғонистоннинг "Сув ҳафталиги"даги иштироки
Сурат манбаси, bakhtarnews.af
Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати бугун Сув хўжалиги вазири ўринбосари Мужибур Раҳмон Омар Ахундзода Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бўлиб ўтган "Сув ҳафталиги" деб номланган муҳим вазирлар даражасидаги форумда иштирок этганини ва Афғонистон номидан батафсил нутқ сўзлаганини эълон қилди.
Ўз нутқида Ахундзода Афғонистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида сувни адолатли тақсимлаш, сув дипломатиясини мустаҳкамлаш, сувни бошқаришда янги технологиялардан фойдаланиш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши қўшма ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаган.
У шунингдек, Амударё қирғоқларининг вайрон бўлишининг олдини олиш ҳақида гапирган ва нутқида Ислом Амирлиги сувни бошқариш соҳасида қўшни давлатларнинг ҳуқуқларига содиқ эканлигини таъкидлаган.
Ахундзода шунингдек, ушбу форум доирасида Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хумареев билан учрашган ва икки мамлакат ўртасида сув соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.
Ушбу иштирок Афғонистон учун муҳим қадам ҳисобланади, бу орқали мамлакатнинг халқаро ва минтақавий музокараларда фаол иштироки янада мустаҳкамланади ва ҳамкорликнинг янги боби очилади.
Доналд Трамп Шавкат Мирзиёевни G20 саммитига таклиф қилди
АҚШ Президенти Доналд Трамп Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга махсус мактуб йўллади.
Унда Трамп ўзбек ҳамкасбини Маями шаҳрида ўтадиган нуфузли G20 саммитига ҳамда Тинчлик кенгашининг навбатдаги мажлисига таклиф этган.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Америка етакчиси ўз хатида Шавкат Мирзиёевнинг шу йил феврал ойида Вашингтонда ўтган Тинчлик кенгашидаги иштирокини юқори баҳолаган. Ўшанда Ўзбекистон раҳбари Ғазо секторини қайта тиклаш, у ерда уй-жойлар, мактаб ва шифохоналар қуришга ёрдам бериш ташаббусини илгари сурган эди.
Доналд Трамп мактуб давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, ўзига билдирилган таклиф учун миннатдорлик билдирган. Трамп ўз тилакларини "Яратган Сизни ва Ўзбекистоннинг буюк халқини ёрлақасин", деган сўзлар билан якунлаган.
Экспертларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг дунёнинг энг қудратли давлатлари йиғиладиган G20 саммитига таклиф қилиниши Тошкентнинг халқаро майдондаги обрўйи ошиб бораётганидан далолат беради.
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз