Мусулмонни ҳимоя қилган Ҳинду

Сурат манбаси, Asif Ali/BBC Hindi

Сурат тагсўзи, Дипак Кумар Вакел Аҳмад, кекса дўкончи билан ҳинд вижилантларининг бемаъни ва қўпол гаплашганини кўриб, изтиробга тушганини айтди
Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Менинг исмим Муҳаммад Дипак."

Шу тўртта оддий сўз билан мусулмон дўкондорни ҳимоя қилган ҳиндий киши Ҳиндистонда шуҳрат қозониб, кутилмаганда қаҳрамонга айланди.

Дипак Кумар "дунёвий Ҳиндистон тимсоли" ва "Ҳиндистон маданий хилма-хиллиги намунаси" сифатида мақталмоқда. Айни пайтда, у бақироқ норозиликлар, ҳинд эътиқодига хоинлик айбловлари ва ўлим таҳдидларига дучор бўлган.

Уни омма эътибори марказига олиб чиққан воқеа 26 январ куни шимолий Уттаракханд штатининг Котдвар шаҳарчасида содир бўлди. Воқеа видеоёзуви тарқалгач, у матбуот сарлавҳаларига айланди.

Видеода 42 ёшли спорт зали эгаси Дипак мусулмонларни таъқиб қилиши билан танилган "Бажранг Дал" номли муросасиз ҳиндий гуруҳ фаоллари билан тортишаётгани акс этган.

Дипак қўшни дўконда бўлганини, "Baba School Dress and Matching Centre" номли кийим-кечак дўконининг кекса эгаси Вакил Аҳмадни олти-етти киши ҳақорат қилаётганини кўриб аралашганини айтди. Улар Аҳмаддан 30 йиллик дўкони номидан "Baba" сўзини олиб ташлашни талаб қилаётган эди.

"Baba" – Ҳиндистонда мистиклар ва диний устозларга, шунингдек, ҳиндлар ва мусулмонлар ота ёки бобога мурожаат қилганда қўллайдиган сўз.

Бироқ Бажранг Дал фаоллари Котдвардаги "Baba" фақат Сиддҳабали Бабага – ҳинд худоси Ҳануманга бағишланган маҳаллий ибодатхонага ишора қилиши мумкинлигини ва мусулмон кишининг бу сўзни ўз дўкони номида ишлатишга ҳаққи йўқлигини айтарди.

Аҳмаднинг ўғли улардан кўпроқ вақт беришни сўраётгани эшитилади, аммо улар буни тезроқ бажаришни талаб қилишарди.

Айнан шу пайтда Дипак воқеа жойига борди. Кейинчалик Би-би-си Ҳинд хизматига айтишича, уни "дўкон олдида тўпланган кўпчилик" эътиборини тортган.

Видеода унинг "Мусулмонлар Ҳиндистон фуқароси эмасми?" деган саволи эшитилади.

Сурат манбаси, Asif Ali/BBC Hindi

Сурат тагсўзи, Дипак Кумар Вакел Аҳмад, кекса дўкончи билан ҳинд вижилантларининг бемаъни ва қўпол гаплашганини кўриб, изтиробга тушганини айтди

Дипак айтишича, унинг аралашуви тўсатдан, бирор режасиз бўлган. "Бу йигитларнинг кекса одамга бундай қўпол муомала қилиши менга ёқмади. Улар дини туфайли уни нишонга олишаётган эди."

68 ёшли Аҳмад, агар Дипак бўлмаганида нима бўлиши мумкинлигини айтиш қийин, дейди. "Қўрқиб кетган эдик. Улар ўз мақсадларига эришиш учун ҳар қандай ишга боришлари мумкин эди."

Дипак қаршилик кўрсатгач, Бажранг Дал фаоллари унинг исмини сўрашди.

"Ўзимни Муҳаммад Дипак деб таништириб, уларга ҳиндистонлик эканлигимни айтмоқчи эдим. Бу ер Ҳиндистон, ҳар бир инсон, қайси динга мансублигидан қатъи назар, бу ерда яшаш ҳуқуқига эга", дейди у.

Ҳинд ва мусулмон исмларининг бундай ғалати қўшилишидан ҳайратга тушган фаоллар кетиб қолишди. Аммо бир неча кун ўтгач, 150 дан ортиқ Бажранг Дал тарафдорлари Дипакнинг спорт зали олдида норозилик намойишига чиқишди.

Аҳмаднинг шикоятидан сўнг полиция "номаълум шахслар"га қарши иш очди. Шунингдек, икки ҳинд фаолининг шикоятидан сўнг Дипакка қарши ҳам иш очилди.

Намойиш ва полициянинг ҳаракатлари Ҳиндистон янгиликларида кенг ёритилди. Ҳинд тўдаларининг мусулмонларга асоссиз ҳужумлари одатий ҳолга айланган бир пайтда, Дипакнинг ўзбошимча фаолларга қарши чиқиши ноёб қаҳрамонлик намунаси сифатида баҳоланмоқда.

Конгресс партияси аъзоси Раҳул Ганди уни "конституция ва инсонийлик учун курашаётган" "Ҳиндистон қаҳрамони" деб таърифлади. Дипак "нафрат бозорида муҳаббат" тарқатмоқда, деб ёзди у Х'да ва "бизга кўпроқ Дипаклар керак – эгилмайдиган, қўрқмайдиган ва конституция учун сабот-ла турадиган инсонлар" деб қўшимча қилди.

Indian Express газетасидаги мақолада айтилишича, видео "умид" уйғотган.

"Дипакнинг сўзлари кўпинча нафрат ва тоқатсизлик ҳукмрон бўлган жамиятга умид бағишлайди. Улар бизга бу "ҳақиқий Ҳиндистон" эканини эслатади, бу ерда ҳар ким ўзи хоҳлаганча яшаш ва нафас олиш, ўз дўконини хоҳлаганча номлаш ҳуқуқига эга", дейилади хабарда.

Кўпчилик ижтимоий тармоқларда Дипакка ҳамдардлик билдиришди ва уни зўравонларга қарши тургани учун мақташди. Унинг телефони тинимсиз жиринглайди, журналистлар, фотосуратчилар ва бошқа ташриф буюрувчилар уни изламоқда.

Унинг Instagram'даги издошлари сони ошди. 29 январда улашган қисқа видеосига беш миллиондан ортиқ «лайк» босилди. Унда у шундай дейди: "Мен ҳинд эмасман, мен мусулмон эмасман, мен сикҳ эмасман, мен насроний эмасман. Мен аввало инсонман."

Сурат манбаси, BBC Hindi/Screen grab

Сурат тагсўзи, Бажранг Дал ҳинд ултрамиллатчи гуруҳига мансуб 150 дан зиёд тарафдор Дипакнинг спорт зали олдида норозилик билдириб намойиш ўтказди

Дипак энди кутилмаган шуҳрати билан муросага келишга ҳаракат қилмоқда ва оддий аралашув бу қадар шов-шувга айланишини ҳеч тасаввур қилмаганини айтади.

"Мен шунчаки тўғри деб билган ишни қилдим. Бу масала шунчалик катталашиб кетишини ўйламагандим. Аммо ҳозир бу бутун мамлакат янгиликларига айланди", дейди у.

Бироқ унинг жасорати оқибатсиз қолмади.

Дипак эътиқодга хоинлик айбловлари ва ижтимоий тармоқларда ҳақоратли хабарлар каби таҳқирларга дучор бўлди. Унга кўплаб ўлим таҳдидлари келди – чоршанба куни у Х'да шундай таҳдидли телефон қўнғироқларидан бирининг ёзувини жойлаштирди.

"Бажранг Дал сени аямаслиги керак эди... Тез орада сенга сабоқ бераман", дейди унга қўнғироқ қилган шахс.

Дипакнинг айтишича, эътибор унинг оиласини "руҳан эзган". "Улар қўрқишмоқда. Ҳозир эса жуда катта руҳий босим остидаман."

Унинг бир пайтлар гуллаб-яшнаган спорт зали ҳозир деярли бўшаб қолган, натижада молиявий муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда.

"Илгари бу ерга ҳар куни 150 дан ортиқ одам машқ қилгани келарди. Ҳозир бу сон 15 тагача тушди. Кўпчилик қўрққанидан келмаяпти", дейди у.

Ўтган ҳафта охирида Дипакни зиёрат қилган мухолифатчи депутат Жон Бриттас уни "Ҳиндутва коммунализмига қарши курашда умид маёғи" деб атади ва "ҳозир жамоавий кучлар таҳдиди туфайли бўшаб қолган спорт залига аъзо бўлганини" айтди.

Дипакнинг молиявий қийинчиликлари ҳақида хабар тарқалгач, Ҳиндистоннинг турли ҳудудларидан одамлар унинг спорт залига аъзолик сотиб олишни таклиф қилишди. Жой Даснинг Х'даги ёзувида айтилганидек: "Биз яхши одамнинг мағлуб бўлишига йўл қўймаслигимиз керак."

Таҳдидлар ва хавотирларга қарамай, Дипак келажакда шу каби вазиятга дуч келса, барибир ноҳақликка қарши туришини айтади.

"Бугун жим турсак, эртага фарзандларимиз ҳам шундай жим туришни ўрганади", дейди у.