Ҳусийлар можарога қўшилди, Исроилга ракета отди: Урушда янги фронт очиладими?
Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар гуруҳи бир ойдан бери давом этаётган уруш манзарасида илк бор Исроилга ракета отди. Янги жабҳа минтақада урушнинг кенгайиб, глобал савдо ва нефт етказиб бериш занжирларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкиндиги айтилмоқда.
Исроил ҳарбийлари ракета мамлакат ҳудудига етмасдан тутилганини маълум қилди. Ҳусийлар эса бир кун аввал Эронга қарши ҳужумлар давом этса, можарога аралашишини огоҳлантирган эди.
Ҳусийлар — Ямандаги шиаларнинг зайдий йўналишига мансуб қуролли сиёсий-диний гуруҳ бўлиб, 2014 йилдан буён пойтахт Санони ҳам ўз ичига олган шимоли-ғарбий ҳудудларни назорат қилиб келади.
Минтақада кескинлик кучаймоқда
BBC манбаларига кўра, Эрон пойтахти Теҳронда тун давомида кучли зарбалар қайд этилган. Шу билан бирга, мамлакатда интернет чекловлари тўртинчи ҳафтага кирган.
Жанубий Ливанда бир неча аҳоли пунктлари Исроил зарбаларига учраган, Саудия Арабистони эса Ар-Риёд томон йўналган баллистик ракетани тутганини билдирган. Қувайтда эса дрон ҳужуми оқибатида халқаро аэропортга чекланган зарар етгани хабар қилинмоқда.
Иқтисодий таъсирлар ҳам сезилмоқда: АҚШнинг учта асосий фонд индекси яна пасайиб, уруш бошланганидан бери тўртинчи ҳафта кетма-кет йўқотишлар қайд этилди.
Янги фронт очилиши мумкинми?
Сурат манбаси, Getty Images
BBCнинг Қуддусдаги Яқин Шарқ бюроси раҳбари Жо Флотонинг таъкидлашича, ҳусийлар аралашуви Арабистон ярим оролида янги жабҳа очилиши эҳтимолини оширмоқда.
Ҳусийлар ҳаракати сўнгги ҳафталарда Эронни очиқ қўллаб-қувватлаб келаётган эди. Гуруҳнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариъ телевизион мурожаатида "тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувга тайёр" эканини билдирган.
Исроил маълумотига кўра, ракета Ямандан учирилгани аниқланган ва жанубий шаҳар Беэр-Шева атрофида ҳаво ҳужуми сиреналари янграган.
Таҳлилчилар фикрича, энг катта хавф — Қизил денгиздаги кема қатновига таҳдиддир. Ҳусийлар аввал ҳам бу йўналишда ҳужумлар уюштирган.
2025 йилда Доналд Трамп маъмурияти (Буюк Британия билан бирга) айнан шу таҳдидларни тўхтатиш мақсадида ҳусийларга қарши ҳаво зарбалари кампаниясини бошлаган эди. Бир неча ҳафта давом этган амалиёт минглаб нишонларни йўқ қилган, бироқ охир-оқибат ўт очишни тўхтатиш келишуви билан якунланган.
"Қаршилик ўқи"даги ўрни
BBC халқаро таҳлилчиси Лайс Дусетнинг фикрича, ҳусийлар ўзларини Эрон ва унинг иттифоқчилари шакллантирган "қаршилик ўқи"нинг муҳим қисми деб билади.
Уларнинг Эрон билан алоқалари Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" даражасида чуқур эмас, аммо сўнгги йилларда Теҳрон томонидан қуроллантирилган ва тайёрланган гуруҳ сифатида ҳусийлар иттифоқчисига ёрдам беришдан бош тортмаслиги мумкин.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Шу пайтгача ҳусийлар ўзларининг энг кучли таъсир воситаси — Боб ал-Мандаб бўғози орқали халқаро савдо йўлларини издан чиқариш имкониятини тўлиқ ишга солмаган.
Бироқ бу фронтнинг очилиши нафақат минтақадаги урушни кенгайтириши, балки глобал савдо ва нефт етказиб бериш занжирларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз