Грузия ва Украина: Россия - умумий душманимиз. Грузин халқи Украинани қандай қўллаяпти? Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy sahifa

Сурат тагсўзи, Тбилисидаги президент саройи.
    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, Би-би-си, Тбилиси
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия - Украина урушида аксар грузинлар Украина томонида турибдилар. Улар Россия - биз ва украинларнинг "умумий душманимиз", деб аташади.

Украинада содир бўлаётган ҳозирги воқеалар Гуржистонда кўпчиликка 2008 йил август урушини эслатади. Ўшанда Россия раҳбарияти Грузиядаги Абхазия ва Жанубий Осетия минтақаларини "мустақил", деб тан олганди.

Расмий Тбилиси Россиянинг Украинага босқин бошлаган куниёқ ўз мавқеини намойиш этган.

Хусусан, Украина халқи билан бирдамлик ва уларни қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида Тифлисдаги президент саройи тепасида Грузия ва Украинанинг давлат байроқлари кўтарилганди.

"Грузия Украина билан бирга бўлиб, Украина ва бутун дунёнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди!", — дея президент маъмурияти баёнот берган.

Сурат тагсўзи, Адлия вазирлиги биноси

Гуржистон халқи ҳам, ҳукумати ҳам украин халқи билан бирдамлик борасида ҳамфикр. Лекин жамоатчилик ҳукуматнинг Украинани қўллаш даражасига қониқмаяпти.

CRRC Georgia ташкилоти ўтказган сўровномага қараганда, гуржистонликлар ўз ҳукуматлари Украинани етарлича қўлламаяпти, деган фикрдалар.

Сурат тагсўзи, Грузия парламенти биноси олдида Украинани қўллаш учун тинч намойишлар ўтказилмоқда.

CRRC Georgia респондентларга Грузия ҳукумати Украина ҳукуматини кўпроқ қўллаб-қувватлаши керакми, ҳозиргидан бироз камроқ қўллаб-қувватлаши керакми ёки умуман қўллаб-қувватламаслиги керакми, деган саволларни берган.

Сурат тагсўзи, Парламент биноси ёнидаги уруш қурбонлари хотираси ёдгорлигини ҳар куни юзлаб инсонлар келиб кўради.

Сўровда иштирок этган аксарият, ёки 95 фоиз гуржистонлик Украинани қўллаш тарафдори эканини айтган.

Қўлловнинг қай даража бўлиши борасида фикрлар бироз фарқ қилган.

Кўпчилик ёки сўралганларнинг 61% фоизи ҳукумат Украинани кўпроқ дастаклаши лозим деган.

Сурат тагсўзи, Тбилисидаги харид чекидаги ёзув: "Гуржистоннинг 20 % ҳудуди Россия томонидан босиб олинган!

Қарийб ҳар учинчи иштирокчи эса ҳозирги даражада қўллаб-қувватлаши керак, деб жавоб берган.

Фақат 2% одам расмий Тбилиси украинларга бугунгидан камроқ ёрдам бериши керак, деб жавоб берди.

Фақат юзтадан битта киши Гуржистон ҳукумати Киевни умуман қўллаб-қувватламаслиги керак, деб ҳисоблаган.

Сурат тагсўзи, Парламент биноси ёнидаги уруш қурбонлари хотираси ёдгорлиги

Гуржистонда бўлган киши бу мамлакат аҳолисининг Россия босқинига учраган украинларга ҳайрихоҳлигини яққол кўриши мумкин. Одамлар ўз қарашлари, бирдамлиги ва қўлловини турли кўринишларда намоён этишади.

Ушбу суратлар Тбилиси кўчаларида олинган.

Сурат тагсўзи, Сотувчи бу буюмлар сотувидан тушган маблағ Украинага юборилишини айтди.
Сурат тагсўзи, Тбилисидаги кўпқаватли уйлар ҳовлиларидан бири
Сурат тагсўзи, Дўконлардан бирининг ташқи кўриниши
Сурат тагсўзи, Россияликман, аммо Украинани қўллайман, деди украин байроғили соат таққан қиз.
Сурат тагсўзи, Тбилисининг қадим кўчаларидан бирида.
Сурат тагсўзи, Қўл меҳнати буюмлари ёймасидаги бош кийим
Сурат тагсўзи, Сайёҳлар билан гавжум кўчаларнинг биридаги қаҳвахонада.
Сурат тагсўзи, Деворларга ёпиштирилган ёзувлардан бири.
Сурат тагсўзи, Энг кўп учратиш мумкин бўлгани - биноларга илинган байроқлар.
Сурат тагсўзи, Бу каби кийимлар ҳам сероб.
Сурат тагсўзи, Айниқса, "Украинага шарафлар" ёзувили кийимлар харидоргир.
Сурат тагсўзи, Гуржистонликларнинг Россияга нафрати рус тилига ҳам қоришиб кетган.
Сурат тагсўзи, Деворга чизилган энг таъсирли тасвир

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.