АЭС қурилиши: Қозоғистон учинчи шерик изламоқда, Ўзбекистон қурилишни бошлаб юборди

Сурат манбаси, "ЎзАтом"
Марказий Осиёда Россия иштирокида АЭС қурилиши борасида икки муҳим хабар чиқди. Қозоғистон лойиҳага учинчи шерик излаётгани маълум бўлди. Ўзбекистон эса қўшимча келишув имзолаб, ишни бошлаб юборди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқотда мамлакатда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳасини муҳокама қилди.
President.uz сайти хабарига кўра, суҳбатда биринчи АЭСни барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги келишувларни амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон атом энергияси агентлиги — Ўзатом ва Россиянинг давлат корпорацияси Росатом ўртасида атом соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси" ҳамда АЭС қурилиши шартномасига қўшимча келишув имзоланди.
Ҳужжатлар 24 март куни Тошкентда "Ўзатом" раҳбари Азим Ахмедхаджаев ва "Росатом" бош директори Алексей Лихачёв томонидан имзоланган.
Янги келишувга кўра, АЭС лойиҳаси янгиланган конфигурацияда амалга оширилади: иккита йирик қувватли (ҳар бири 1 ГВт) VVER-1000 реакторлари ва иккита кичик қувватли (ҳар бири 55 МВт) RITM-200N реакторлари бир вақтнинг ўзида қурилади. Умумий қувват 2110 МВтни ташкил этади.
Лойиҳа доирасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар, аҳолини замонавий ядровий технологиялар ҳақида хабардор қилиш ва станция атрофида "атом шаҳар" барпо этиш ҳам кўзда тутилган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу — дунёда илк бор бир майдонда бир вақтнинг ўзида турли қувватдаги реакторлар қурилаётган лойиҳа бўлиши мумкин.
АЭС тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига тахминан 17,2 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариб, мамлакат эҳтиёжининг 15 фоизгача қисмини қоплаши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик модулли АЭС қурилиши доирасида илк бетон ишлари бошланди. Бу босқичда реактор бинолари учун пойдевор тайёрланиши айтилди.
"Ўзатом" раҳбари Азим Ахмедхаджаев буни "Ўзбекистоннинг энергетик келажаги учун ҳал қилувчи қадам" деб атади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа босқичма-босқич, юқори хавфсизлик стандартлари асосида амалга оширилади.
Bu qadar farqli formatdagi stansiyalarni bir maydonchada bir vaqtning o‘zida hali hech kim qurmagan.
"Режага ва юқори хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда, босқичма-босқич олдинга ҳаракат қиламиз — бетон тайёрлаш ишларидан реактор биносини тиклаш, ускуналарни монтаж қилиш ва якунда энергия блокларини ишга туширишгача бўлган йўлни босиб ўтамиз", — дея қайд этди Азим Ахмедхаджаев.
"Росатом" раҳбари Алексей Лихачёв эса мазкур модел нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон атом энергетикаси учун ҳам янги ёндашув эканини айтган.
Биз нафақат Ўзбекистондаги лойиҳани амалга ошириш нуқтаи назаридан, балки глобал атом энергетикаси ривожланиши жиҳатидан ҳам янги моделга ўтмоқдамиз. Бунда бир майдончанинг ўзида турли қувватдаги лойиҳалар — ҳам биз „миллионли блок“ деб атайдиган гигаватт тоифасидаги кучли ВВЭР-1000 блоки, ҳам 55 мегаваттли РИТМ-200 кичик қувватли реакторлари бир вақтда ҳаётга татбиқ этила бошланади. Бу қадар фарқли форматдаги станцияларни бир майдончада бир вақтнинг ўзида ҳали ҳеч ким қурмаган», — деди у.
Қозоғистонда илк атом электр станцияси қурилиши бўйича янги халқаро шерик жалб қилиниши мумкин
Қозоғистондаги лойиҳага бошчилик қилаётган Росатом эҳтимолий ҳамкор сифатида Хитойнинг China National Nuclear Corporation компаниясини кўриб чиқмоқда.
Лойиҳа раҳбарларидан Алексей Лихачёвнинг RT нашрига берган интервюсида айтишича, яна бир шерик танлаш жараёни давом этмоқда. Маҳаллий нашрлар Ғарб санкциялари сабаб Франция ёки Жанубий Корея компанияларининг иштирок этиши эҳтимоли паст деб баҳоламоқда.
Ulysmedia.kz нашрининг таъкидланишича, Британиянинг сўнгги санкциялари "Росатом"нинг хорижий лойиҳаларда иштирок этувчи учта фуқаровий шўъба корхонасига қаратилган. Қозоғистон атом энергияси агентлиги эса мазкур санкция остидаги компаниялар билан шартномавий муносабатлари йўқлигини билдирган.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Маълум қилинишича, станция қурилиши тахминан 11 йил давом этади ва 2035–2036 йилларда якунланиши мумкин. Лойиҳада VVER-1200 реакторларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Ҳозирда сейсмик фаоллик, сув сифати ва иқлим ўзгаришлари бўйича бир йиллик мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Ушбу маълумотлар асосида қурилиш майдонининг барча хусусиятларини қамраб олган якуний ҳисобот тайёрланиши кутилмоқда.





























