Россия, Чеченистон: Рамзан Қодировдан кейин ким? - (Видео)

Сурат манбаси, TASS
Чеченистоннинг биринчи президенти Аслан Масхадовнинг ўғли Анзор Масхадов узоқ йиллар давомида жамоатчилик эътиборидан четда яшади. Аммо Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини ортидан у яна омма олдида кўрина бошлади.
Россия, Чеченистон: Қодировдан кейин ким? мавзусидаги DIQQAT BBC дастурига саҳна ортидан назар ташлаш ҳақидаги видео лавҳа BBC Uzbek нинг TikTok саҳифасида:
Айни мақолада TikTok томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз TikTok ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири TikTok пост
У бир неча бор Киевга ташриф буюрди, интервюлар берди ва чечен мухолифати, уруш ва келажак ҳақида очиқ фикр билдирди. Би-Би-Си Рус хизмати билан суҳбатда у ўз танловлари, отаси тақдири, Қодиров режими ва чечен халқининг келажаги ҳақида гапирди. Суҳбатни Би-Би-Си Рус хизмати жамоасидан Иля Барабанов олиб борган.
Дастурни қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Анзор Масхадов: Мен - Анзор Масхадов. Ҳозир Европада яшайман.
Би-би-си: Нега айнан ҳозир Россия расмийлари сизни эслаб қолди ва сизга хорижий агент мақомини беришди? Бу қарорга эътироз билдириб, маҳкамага тортмоқчимисиз?
Анзор Масхадов: Бу ҳақда ўйламайман ҳам. Мен у давлатнинг фуқароси эмасман, мен Совет Иттифоқининг фуқароси эдим.
Би-би-си: Рамзан Қодиров, ҳукуматга келганидан кейин четга чиқиб кетган Чеченистон мухолифати етакчиларини ҳамда дала қўмондонларини ватанга қайтариш бўйича фаол ишлар олиб борган эди. Грузия ҳукуматининг сизни ватанингизга қайташиршга иштиёқлари ҳам бўлган.
Анзор Масхадов: Ўзга юртда яшаш жуда қийин, асосан тушингизга ватан, туғилиб ўсган жойлар кирганда одам қийналади. Тўғридан-тўғри алоқалар ҳеч қачон бўлмаган, бўлмайди ҳам. Мен на Қодиров билан, на Даудов каби Чеченистон халқига хоинлар билан алоқага чиқишни ўзимга эп кўрмайман. Қандай-дир кишиларни юборишган, мен илгари таниган кишилар орқали хабарлар жўнатишганларини назарда тутяпман. Бошида "мана отангни ўлдиришди, нега келмаяпсан" дея илтимос қилишарди. Лекин мен уларни узоққа жўнатардим. Мен ўз фикримда қатъийман, мен ўз йўлимдан қайтмайман, дердим. Сенга ҳаммасини беришади, сенга ҳеч нима бўлмайди дейишарди. Лекин яна рад этдим. Кейин таҳдидлар бошланди.

Би-би-си: Нимага бу таклифни рад этдингиз? Уйингизга қайтишни, уй-жой билан таъминлаб, парламентдан ўрин беришни, ҳаммаси яхши бўлади дея таклиф қилишган бўлса...
Анзор Масхадов: Ҳамма нарса ҳам сотиб олинмайди, мен Чеченистон халқининг кўзига қандай қарардим? Мени хоин деб аташарди. Рус босқончиларига қарши урушда жон берган инсонлар олдида қандай одам бўлардим? Раҳматлик отам ҳурмати, хоин бўлишни хоҳламайман. Қарондошларимиз уйига Қодировчилар келишган. Улар менинг фаолиятим билан қизиқишган. Қариндошларимдан менинг қаердалигимни ва ким билан яшашимни сўраганлар. Яқинларим аслида менинг яшаш жойимни билишмайди. Менинг Украинага сафарларим ҳақида, менинг Украинани қўллаб-қувватлашим ҳақида қизиқишган. Мен Украина томонида курашаётган чечен жангариларини дастаклаётганим ҳақида сўрашган. Масалан бугун мен нима билан шуғулланяпман? Мен асосан ёшлар билан мулоқот қиляпман. Бир амаллаб, уларга республикада қолиш хавфли эканини тушунтиришга ҳаракат қиляпман. Исталган вақтда уларни жиноий урушига жўнатишлари мумкин. Албатта, бу Қодировга ёқмаслиги аниқ. Менга маълумот етказадиган яхши одамлар билан алоқадаман, улар қандайдир йўллар билан мен билан боғланишади. Шулардан бири менга "Қодиров йиғилишда сизнинг видеонгиздан кейин жаҳли чиқиб, бу одам йўқ қилиш рўйхатида биринчи рақам бўлиши керак деб айтди" деган.
Би-би-си: Мана сиз уларни жиноий урушига жўнатади, деяпсиз, лекин аслида бунинг акси бўлмоқда, у ўз халқини урушга жўнатмаяпти, Алауддинов каби қўмондонлар, жангчилари билан Грознийда ўтирибди, мамлакатда сафарбарлик эълон қилинганида, Қодиров бу менинг Чеченистонликларимга тегишли эмас, деди. Кўряпмизки, улар Россиянинг бошқа минтақаларидан кўнгиллиларни жўнатишяпти, Би-Би-Си рус хизмати Россия томонининг бу урушдаги йўқотишларини ҳисоблаяпти, Қодиров ўз аскарларини Бахмутни ёки шу каби бошқа жойни қўлга олиш мақсадида жўнатишга шошилмаяпти.
Анзор Масхадов: Ҳудди шундай, турли ҳил ҳарбий бўлинмалар мавжуд бўлиб, шулар таркибидаги 100 та аскардан 5-6 нафари чеченистонлик бўлиши мумкин, ҳар бир қишлоқда ўлган аскарлар бор, уларни дафн этишади. Иккита уруш кўрган бизнинг халқ учун бу жуда катта йўқотиш.

Сурат манбаси, @NizamChannel
Би-би-си: 2022 йилгача сиз тинч ҳаёт кечирдингиз. Россиянинг Украинага бостириб кирганидан кейин сиз Киевга бир неча бор ташриф буюрдингиз. Ўша пайти берган интервьюларда, эҳтимол, у эрга бориб, рус қўшинларига қарши жанг қилишим мумкин, деб айтгансиз. Билишимча сиз Украина қўшинлари сафига қўшилмадингиз ва тўғридан-тўғри жангларга ҳам бормадингиз. Ушбу ташрифларингиздан мақсад нима эди? Сиз ҳозир Украина томонида жанг қилаётган алоҳида қўшинлар таркибида курашаётган чеченларни қандайдир тарзда қўллаб-қувватлашда давом этяпсизми?
Анзор Масхадов: Тўғриси, мен ўзим учун, ўз юртим учун, озодлик, мустақиллик учун курашиб бўлганман. Қандайдир ишим билан ватанимдаги урушда қатнашишга муваффақ бўлдим. Мен бундан фахрланаман деб айта олмайман; чунки барибир бу уруш, бу фожиа. Мен 2022 йилда Украинага бир неча бор борганман, алоқаларим бор, мен уларни нафақат чеченлар, балки у ерда жанг қилаётган украинлар, грузинларни ҳам қўллаб-қувватлайман. У эрда Беларуслар ҳам бор. Менинг ҳозирги фаолиятим ҳар томонлама уларга ёрдам беришдан иборат. Бу, биринчи навбатда, ахборот етказиш фаолияти. Ҳақиқатни гапирганларни Путин хуш кўрмайди.
Би-би-си: Сизнинг Киевга қилган ташрифларингиздан сўнг, Олий Рада барчага маълум воқеалар пайтида чечен халқига қарши қирғинни тан олишга овоз берди, бу амалда сургундаги чечен мухолифатига нимани англатади? Ушбу ҳужжатдан қандай фойдаланиш мумкин? Ёки бу ҳеч қандай оқибатларга олиб келмайдиган сиёсий ҳужжатми?
Анзор Масхадов: Чечен халқига қарши уруш ҳатто уруш эмас, балки чечен халқига қарши қирғин эди. Биз аниқ рақамларни айта олмаймиз, лекин Чеченистонда ўлдирилганлар сони тахминан 300 минг бўлган. Бугун бу юртимиз озодлиги йўлидаги ҳаракатимизнинг ютуғи бўлди, оталаримиз ҳам, урушда ҳаётдан кўз юмган бошқалар ҳам айнан шу учун курашган.

Би-би-си: Мамлакат ташқарисидаги мухолифат аъзолари ўз чиқишларида Россия-Украина урушининг якунига Россиянинг қандайдир ички беқарорлиги сабаб бўлиши мумкин, бу эса гўёки яна мустақил Чечен давлатнинг пайдо бўлишини англатади, деб ҳисоблайдилар. Сиз ҳақиқатан ҳам бундай ҳолат кузатилиши мумкинлигига ишонасизми? Афсуски, биз гувоҳи бўлаётган тинчлик музокараларида бошқа эҳтимолий вариантлар муҳокама қилинмоқда. Шундай экан, Россия Украина ҳудудининг қарийб 20 фоизини эгаллаб олиши мумкин бўлаётган бир пайтда, Россия ичида қандайдир беқарорлик белгилари йўқ. Бу ҳақда фикрингиз қандай?
Анзор Масхадов: Мен бу ўзгаришларга, ва ҳозир Россияда ҳеч бир ўзгариш бўлишига ишонмайман. Мен норозиман демоқчимасман, аксинча, рус халқининг умуман тушунмаслигига ҳайронман. Нега улар жим? Нега улар ўғилларини Чеченистонга жўнатишганда жим бўлишган? Улар ўша ерда ўлдирилган, ростдан ҳам бу ҳақда ўйламаганмиди? Нега улар бунга йўл қўйишади? Путинга ўз халқини ўлдиришга рухсат беришади. Ҳақиқатан улар ўзлари ҳақида ўйламайдиларми? Саволларим шулардан иборат. Украина билан алоқаларга келсак, албатта, биз ёрқин келажакка ишонамиз. Куни келиб Путин кетишига ишонамиз, унинг малайи Қодиров ҳам кетади, бизнинг еримиз озод бўлади, бошқа халқлар ҳам бу босқинчилардан озод бўлади. Мен руслар ҳам бу Путин фашизмидан озод бўлишини хоҳлардим.

1992-йилда полковник Масхадов истеъфога чиқиб, Чеченистон Республикасига қайтди. Республиканинг биринчи раҳбари Жахар Дудаев уни республика қуролли кучлари бош штабининг бошлиғи этиб тайинлади. Дудаевнинг ўлимидан сўнг Масхадов генерал Лебедев билан Биринчи Чечен кампаниясига якун ясаган Хасавюрт битимини имзолади. Бир йил ўтиб, Масхадов 60 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, республика раҳбари учун биринчи демократик ва рақобатбардош сайловларда ғалаба қозонди. Шундан сўнг тинчлик келди, лекин афсус узоққа чўзилмади. 1999 йилда Шамил Басаев жангарилари Доғистонга бостириб кирганидан кейин Иккинчи Чечен уруши бошланди. Россия федерал ҳокимияти буни террорга қарши амалиёт деб атади. Унинг тўлқинида Владимир Путин биринчи марта Россия президенти этиб сайланди.
2000-йиллар бошида Чеченистонда ҳокимият тепасига Қодировлар оиласи келди. 2004-йил 9-майда Ахмад хожи Қодиров Грозний стандионида портлатиб юборилган. 2005-йил 8-майда Аслан Масхадовни ўдиришди. Мустақил Чеченистоннинг минглаб тарафдорлари Россияни тарк этиб, ўнлаб йиллар сургунда яшашга мажбур бўлишади.

Би-би-си: Отангиз ўлими ҳақида сизга ким хабар берди?
Анзор Масхадов: Мен Озарбайжоннинг Боку шаҳрига ташриф буюрган эдим. Ортимда телевизорда қандайдир кўнгилочар дастур кетаётган эди. Кейин, бирдан диктор рекламадан сўнг тезкор янгиликлар бўлишини айтди. Кўнглим дарҳол нимадир сезди. Мен оиламни олиб, уйга кетдим. Бировнинг уйида йиғлашни хоҳламаган эдим. Айнан шу янгилик бўлишини ҳис қилдим. Биринчи хабар, Толстой-Юрт қишлоғида махсус операция пайтида, қисқа жанг натижасида Аслан Масхадов ўлдирилган, дейишди.
Би-би-си: Охир оқибат у ўлдирилган эдими, ёки Россия федерал ҳокимияти айтганидек, қўриқловчиси, қариндоши томонидан тасодифан отиб ўлдирилганмиди?
Анзор Масхадов: Улар гўёки бир чечен у турган хонадон ҳақида хабар берган, қўшниси ёки уй эгаси уни сотган дейишган. Лекин аслида ҳаммаси бошқача бўлган. Улар мобил телефон алоқалари орқали отамнинг жойлашган жойини аниқлаган. Уни ким ўлдирди деган саволга тўхталсак... Агар қўриқловчи уни ўлдирган бўлса, унинг танасига кирган ўқ бир хил калибрда бўлиши керак эди, лекин икки хил калибрли ўқлар турли йўналишлардан танасига кириб келган. Бу дегани, икки хил қуролдан турли йўналишлардан унга ўқ узилган. Унинг уйини қуршаб олган, вертолётда келган одамлар бир неча кундан кейин ўлдирилган. Вертолёт қулаб тушган, ҳар доимгидек, симлар ўралиб қолганлиги айтилган. Бу Волхов-Юрт яқинида содир бўлди.

Сурат манбаси, @NizamChannel
Би-би-си: Сургундаги чечен мухолифати ҳақида гапирганда, ҳақиқатан ҳам қандайдир бирлашган ҳаракат ҳақида гапириш мумкинми? Чунки мана сиз ўзингизни эълон қилдингиз, Закаев ўзини узоқ йиллардан бери Лондонда сургундаги чечен раҳбари сифатида кўрсатиб келади. Ягона етакчига эга бўлган бирлашган ҳаракат борми ёки бу ўз ғояларига эга бўлган гуруҳлар йиғиндисими?
Анзор Масхадов: Ростини айтсам, биз бундай бўлишини истамасдик, чунки бирликсиз ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Айтмоқчиманки, агар биз республика учун, халқимиз учун бирор нарса қилмоқчи бўлсак, ҳаммамиз биргаликда, бирлашган куч яратишимиз керак. Етакчилик ҳақида ҳеч қандай савол туғилмаслиги учун. Чунки бу демократик жамият, агар биз демократия ҳақида гапирадиган бўлсак, унга амал қилишимиз керак. Биз ҳамма билан алоқадамиз. Ҳамма мен ёки бошқа одам қилаётган фаолиятни олиб бормоқда, лекин мен ҳамма нарса бир жойда биргаликда амалга оширилишини хоҳлайман. Қарама-қаршиликлар бор, келишмовчиликлар мавжуд. Муаммо ҳам айнан шунда. Мана бу, вице-президентимиз. Уни ҳам, унинг ўғлини ҳам Қодиров ўлдирилган. (Фото албомда сурат кўрсатаркан.)
Би-би-си: Сиз ёшлигингизда Қодиров билан таниш эдингиз. Ўшанда бу йигитнинг кўзларига боқиб, ундан бир неча йилдан кейин бу бола, мана 15 йилдан бери, балки умрнинг охиригача ҳам, республикани бошқаради деб тасаввур қилганмидингиз?
Анзор Масхадов: Албатта, мен бу ҳақда ўйламаган бўлардим. Агар кимдир менга буни айтганида, мен ишонмаган бўлардим. Дўст эдик дея олмайман, лекин таниш эдик. Отаси билан тез-тез саломлашардим. Отаси уйимизга келарди, отасининг ёнида у ҳам келарди. Баъзан кўришардик ва гаплашардик. Аммо ўша пайти мен унинг шундай бош марианеткага айланиши мумкинлиги ҳаёлимга ҳам келмаган.
Би-би-си: Ўша пайтда унинг етакчилик фазилатлари бормиди? Ёки у отасининг соясида бўлганми?
Анзор Масхадов: Масалан, эсимда қолгани, отамни қўриқлайдиган хавфсизлик ҳодимлари уни жиддий қабул қилишмас эди. Баъзида ҳазиллар қилишар эди. Тагдор сўз билан уни масхара қилишарди.
Ukraina Oliy Radasining barchaga ma’lum voqealar paytida chechen xalqiga qarshi qirg‘inni tan olishi bugun yurtimiz ozodligi yo‘lidagi harakatimizning yutug‘i bo‘ldi.
Би-би-си: Унинг соғлиғи ва у билан нималар содир бўлаётгани ҳақида суҳбатлашадиган бўлсак... Хўш, Владимир Путин ҳокимияти Москвада сақланиб қолаётгани учун Чеченистонда мавжуд режим ўз ўрнида қолаётганини назарда тутгансак, ҳозир Қодировнинг атрофидагилари орасида унинг ўрнини эгаллашга яққол номзод ким? Бир пайтлар у акам деб атаган Адам Зеленхонов ҳақида гапиришган. Кейин улар ўша лавозимда бўлиши мумкин бўлган Магомед Даудов ҳақида гапиришди. Сизнингча, Қодировнинг жамоасидан, агар унга нисбатан ортга қайтмас воқеа рўй берса, унинг ўрнига Чеченистонни ким бошқаради?
Анзор Масхадов: Ишончим комилки, уларнинг ҳаммаси, Алаудинов, Даудов, Элмелханов ва бошқалар бу ҳукуматни бошқаришни исташади. Улар ҳатто куни келиб Қодирнинг бўлмай қолишига умид қилишмоқда. Шулардан бири Қодировнинг ўрнини эгаллаши мумкин. Мен бунга аминман. Аммо назаримда, улар Даудовни тайёрлашяпти. Аммо ҳарбийлар Алаудиновни илгари суришмоқда.
Би-би-си: Сизнингча, уруш давомида ҳавфли ҳарактлари билан танилган, Алоуддинов республикани бошқаришга журъат этадими? У ҳокимиятни бошқариш каби обрў-эътиборга эгами?
Анзор Масхадов: Менимча, йўқ. Аммо Россия сиёсатини олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Шунчаки ўтириб, ўйланасиз, лекин эртага нима бўлишини билмайсиз. Масалан, Қодировдек русчани ҳам гапира олмайдиган, бу тилда фикрини аниқ билдира олмайдиган аҳмоқнинг шу кунгача етакчи бўлиб келаётгани бунга бир мисол. Шундай экан, мен ҳар қандай воқеалар ривожига ишонишим мумкин.

Би-би-си: Сиз Европа Иттифоқидасиз, Дудаевнинг ўғллари ҳам шу ерда, лекин ҳеч бирингиз сургундаги чечен мухолифатининг қандайдир бирлаштирувчи етакчиси бўлишга уринмагансиз. Гарчи айнан сиз мантиқан шундай қилишингиз мумкин дея тахмин қилинса-да, сиз бу масъулиятни қўлга киритишга ҳаракат қилмадингиз?
Анзор Масхадов: Чунки оталаримиз шундай бўлган, бизни ҳам шундай тарбиялашган. Бизнинг оталаримиз мана Жаҳар Дудаев, менинг отам кабилар ҳокимиятга эришни истамаган. Булар портретлар осиб, ёдгорликлар ўрнатишни олқишламаган инсонлар бўлган. Улар пул ҳақида ўйламаганлар. Улар оддий одамлар, чинакам ватанпарварлар эди. Мен ўзимни етакчиликка даво қилишимни, ўзимни етакчиман дейишимни тасаввур қила олмайман. Диний нуқтаи назардан ҳам бу нотўғри бўлар эди. Чунки Исломда бирор киши ҳокимиятга интилса, уни раҳбар этиб тайинлаш ман этилган. Бундай одамнинг ҳокимиятга келишига йўл қўйиб бўлмайди. Иккинчидан, конституциямизга кўра, қайси бир шахс келиб, "мен сенинг раҳбарингман, сен менга бўйсун" дейиш ҳам тақиқланган. Раҳбарни халқ сайлайди. Ҳамма мамлакатларда шундай қонун бор. Яъни, демократик қонун. Етакчи халқ томонидан сайланиши керак. Қолган ҳаммаси - бизнинг фаолиятимиз, қилаётган ишимиз бизнинг ватан олдидаги бурчимиздир.





























