Янгиланмоқда: АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши: нефт баррели $100 дан қимматлади
Сурат манбаси, Reuters
9 март тонгида Осиё бозорлари очилиши билан нефт нархи кескин кўтарилиб кетди.
Brent маркасидаги нефт тахминан 15,5% кўтарилиб бир баррелининг баҳоси 107,16 долларга етди.
Nymex Light Sweet Америка нефти 17% қимматлаб 106,77 долларгача кўтарилди.
Дунёнинг аксар нефти ва суюлтирилган гази ортилган кемалар Ҳўрмуз бўғозидан ўтади, уруш бошланганидан кейин Эрон бўғоздан ўтадиган кемага ҳужум қилишидан огоҳлантирди.
Ҳозир Ҳўрмуз бўшаб қолди.
Шанба-якшанба кунлари Яқин Шарқдаги қатор нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар уюштирилди.
Баҳрайннинг давлат назоратидаги Bapco компанияси форс-мажор эълон қилди.
Боиси Эрон дрони нефт заводини шикастлаб ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлганлари.
9 март эрталаб биржалар очилиши билан акциялар нархи тушиб кетди.
Сурат манбаси, Reuters
Россия Президенти Владимир Путин Эрон янги олий раҳбари Мужтаба Хоманаийга табрикнома йўллади.
Туркия, БАА, Қувайт осмонида дрон ва ракеталар уриб туширилгани хабар қилинди.
Исроил Байрут шаҳри атрофини бомбардимон қилишда давом этди.
Ливан расмийлари охирги ҳафтада Исроил ҳужумлари оқибатида қарийб 400 инсон ҳалок бўлганини хабар қилдилар.
Дунёнинг йирик еттилигига аъзо мамлакатлар Ҳўрмуз бўғози ёпилиши жаҳон нефт бозорида инқироз келтириб чиқариши олдини олиш мақсадида ўз захираларини очиш масаласини муҳокама эта бошладилар.
Украина АҚШ ҳарбий базасини дронлардан ҳимоя қилишда ёрдам берадиган мутахассисларини Иорданияга юборгани ҳақида хабар қилди.
Fox News телеканали хабар қилишича, Мужтаба Хоманаий Эрон олий раҳбари этиб сайланганидан Доналд Трамп норози бўлган.
8 март. Эронда янги оятуллоҳ сайланди, Трамп қизлар мактаби зарбасида Эронни айблади
Бир кун олдин Теҳрон нефт омборлари ва нефт заводларига Исроил зарбаларидан кейин теҳронликлар ҳаво ифлосланганидан хавотирга тушиб қолдилар.
Шаҳар осмонини қаттиқ қора тутун қоплаган, кечаги ёнғин ҳалигача ўчгани йўқ.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom) Эронни аҳоли гавжум яшайдиган нуқталардан туриб ракета ва дрон отаётганликда айблади.
Америка ҳарбийлари Эрон расмийларини бундай ҳужумлар билан тинч одамлар ҳаётини англаб туриб хатарга қўяётганликда айблади, эронликларни уйларидан чиқмасликка чақирди.
Centcomнинг X(Собиқ Твиттер)даги иддаосига кўра, Эрон Дезфул, Исфаҳон ва Шероз шаҳарларидаги тинч аҳоли тиғиз яшайдиган ҳудудлардан дрон ва баллистик ракеталарини отишда фойдаланаяпти.
Ҳужумлар бошланган 28 февралдан бери Эрон ҳам АҚШни фуқаролик инфратузилмаларига зарба бераётганликда айблади.
BBC Verify жамоаси Эронга қилинган ҳужумлар оқибатида шифохона, спорт маркази, ЮНЕСКО мероси рўйхатига киритилган сарой ва икки мактабга шикаст етказилганини аниқлади.
Ўтган шанба эрталаб Минобдаги қизлар мактабига ҳужумда 168 инсон ҳалок бўлди.
Эрон қўшнилари ўз ҳудудларига юзлаб ракета ва дрон ҳужумлари уюштирилгани баёнотлари билан чиқдилар.
Қувайт Ташқи ишлар вазирлиги ёзишича, 28 февралдан буён 234 та ракета, 422 та дрон уриб туширилган.
Бирлашган Араб Амирликларига кўра, Эрон бу мамлакат ҳудудини 1422 дрон, саккиз кема ракетаси, 238 та баллистик ракета билан ҳужум қилган.
Сурат манбаси, Reuters
Германиянинг FGS Nordrhein-Westfalen ҳарбий кемаси Кипрнинг Лиммасол бандаргоҳига етиб боргани хабарлари тарқалди.
Ўрта Ер денгизидаги Кипрнинг RAF Akrotiri Британияга тегишли ҳарбий базага дрон ҳужуми уюштирилганидан кейин Европа ҳарбийлари Кипрга ўз ҳарбийларини жойлаштиришга қарор қилдилар.
Эрон Кипрдаги Британ ҳарбий базасига дрон билан ҳужум қилмаганини айтмоқда.
Жанубий Кипр яшовчилари эса ҳарбий база мавжудлиги боис ўз ҳаётлари таҳдид остига қолаётганидан норозилик билдириб Akrotiri базаси атрофида протест ташкил қилдилар.
У ерга Франция аллақачон FS Languedoc фрегатини жойлаштирди.
Италия билан Испания ҳам ўз ҳарбий кемаларини юборишга қарор қилганини хабар қилдилар.
Греция Кипрга икки кемаси ва F-16 учоқларини юборган.
Британия тикучарлари ва HMS Dragon кемасини у ерда жойлаштиришни мўлжаллаётганини маълум қилди.
Ҳалок бўлганлар ҳақида нималар маълум?
Эрон: Мамлакатнинг БМТдаги элчиси Амир Саид Иравоний 6 март куни айтишича, 28 февралдан бошланган ҳужумлар оқибатида 1332 тинч фуқаро ҳалок бўлди.
Эрон ҳарбийлари орасидаги талофатлар ҳақида хабар берилгани йўқ.
Ливан: Оятуллоҳ Ҳоманаий ўлдирилгани ҳақидаги хабар ортидан "Ҳизбуллоҳ" 2024 йил Исроил билан келишилган ўт очишни тўхтатиш битимини бузиб, Исроил ҳудудига ракета отишни бошлади.
Бунга жавобан Исроил Ливанга берган зарбалар оқибатида 394 инсон ҳалок бўлди, уларнинг 83 нафари гўдаклар, 42 нафари аёллар.
Исроил: Мамлакатдаги тез ёрдам хизмати MDA Эронга қарши кампания бошланганидан буён 10 исроиллик ҳалок бўлгани, 1929 киши яраланганини хабар қилди.
8 март куни Исроил ўзининг икки ҳарбийси Ливан жанубида ҳалок бўлгани хабарини тарқатди.
АҚШ: Қувайт ҳудудида жойлашган Америка базасига 1 март куни уюштирилган дрон ҳужуми оқибатида олти АҚШ ҳарбийси ҳалок бўлди.
Бир кун олдин америкалик ҳарбийлари жасади ватанига етказилди, уларни кутиб олиш маросимига Президент Трампнинг ўзи чиқди.
БАА: Мамлакат мудофаа вазирлиги тўрт инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Қувайт: Ички ишлар вазирлигига кўра, икки ҳарбий хизматчи ва икки чегарачи, олган жароҳатлари туфайли бир қизча ҳаётдан кўз юмган.
Баҳрайн: Парчалар қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлганини хабар қилди Баҳрайн Ички ишлар вазирлиги.
Саудия Арабистони: Ар-Риёд расмийларига кўра, пойтахтдан жанубда жойлашган Ал-Харж деган жойда снаряд портлаши оқибатида икки инсон ҳалок бўлган, 12 киши яраланган.
Ҳалок бўлган инсонларнинг бири бангладешлик, иккинчиси ҳииндистонлик экани айтилди.
Ал-Харжда йирик ҳарбий ҳаво базаси жойлашган, база охирги ҳафтада бир неча марта нишонга олингани хабарлари тарқалди.
Сурат манбаси, Telegram/Mehr axborot agentligi
Эрон уламолари кенгаши аъзоси Аҳмад Аламалҳода айтишича, янги оятуллоҳ сайлови бўлиб ўтган, раҳбар сайланган.
"Энди қолган ҳаммаси кенгаш котибияти раҳбари Ҳусайн Бушеҳрийга боғлиқ", уламодан иқтибос келтирди Эроннинг Mehr ахборот агентлиги.
Эрон олий руҳоний раҳбари - Оятуллоҳни сайлаш вазифаси юклатилган уламолар кенгаши кўпчилик овоз билан бир розиликка эришганлар, дея бундан олдин хабар тарқатди Эрон матбуоти.
Эронда исломий олимлардан ташкил топган Мажлиси Хўбригони Раҳбари мамлакат олий руҳоний раҳбарни сайлайди.
Мажлис Қум шаҳрида жойлашган, 3 март куни Исроил унинг биносини бомбалади.
Мажлис аъзоси Муҳаммадмеҳди Мирбоқирий сўзларига кўра, "Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ворисини танлаш бўйича кўпчилик розилигига эришилган".
У сайлов жараёни билан боғлиқ юзага келган "айрим тўсиқлар" ҳал этилганини айтди.
Эрон матбуоти хабарларига кўра, Мажлиси Хўбригони Раҳбари аъзолари ўртасида янги оятуллоҳ билан боғлиқ якуний қарор бўйича ҳаммалари шахсан тўпланишлари керакми ёки мажлисга йиғилиш расмиятчилигисиз ҳам оятуллоҳ номи эълон қилинаверадими, деган савол билан баҳс юзага келган.
Шу куни Исроил ҳарбийлари Эроннинг янги оятуллоҳини нишонга олиши ҳақидаги таҳдидини ижтимоий тармоқда эълон қилди.
Эрон янги оятуллоҳи этиб марҳум Али Хоманаийнинг ўғли Мужтаба Хоманаий сайланиши эҳтимоли илгари сурилган, Президент Трамп Эроннинг кейинги раҳбари ким бўлишини ўзи ҳал қилишини исташини айтган.
Шанбадан якшанбага ўтар кечасидаги ҳужумлар
Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Исроил Эроннинг инфратузилмаларини нишонга олган ҳужумларнинг янги тўлқинини бошлаганини эълон қилди.
Шанба тунида пойтахт Теҳрондаги бир неча нефтебаза ва нефтни қайта ишлаш заводларига зарба оқибатида портлашлар ва ёнғинлар келиб чиқди.
Теҳронликлар шаҳар осмони худди кундуз кунидек ёришиб кетганини айтдилар.
Расмийлар нефт ташиш билан шуғулланадиган автомобилларнинг тўрт ҳайдовчиси ҳалок бўлгани хабарини бердилар.
Теҳроннинг йирик "Шаҳран" нефт заводи ва нефт омборига Исроил 2025 йил ёзида ҳам ҳужум қилган эди.
Тунда Саудия Арабистони, Қувайт, БАА, Баҳрайн расмийлари шанба туни ва якшанба тонгида Эрон дрон ҳужумларига дуч келганини хабар қилдилар.
Сурат манбаси, Reuters
Қувайтдаги Ижтимоий хавфсизлик омма институтининг кўп қаватли биносига дрон урилиб портлаши оқибатида улкан ёнғин келиб чиқди.
Баҳрайн ташқи ишлар вазирлигига кўра, Муҳаррақ шаҳрида ракета парчаси қулаши оқибатида камида уч киши яраланган, университет биносига шикаст етган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ Қешм оролидаги денгиз сувини чучуклаштириш иншоотига ҳужум қилиб уни ишдаан чиқаришда айблади.
Бирлашган Араб амирликлари расмийлари Эрон ҳужуми оқибатида бир инсон ҳалок бўлганини айтдилар.
8 март тонгида АҚШнинг Норвегия пойтахти Ослодаги элчихонасида портлаш рўй берди.
Осло полициясига кўра, бинога кичик шикаст етган, ҳеч ким жароҳатланмаган. Ҳозирча портлаш сабаби аниқ эмас.
Олинаётган хабарларга кўра, Саудия Арабистони Теҳронни агар ўзларининг энергетика иншоотларига Эрон ҳужумлари давом этаверса, Ар-Риёд ҳам ҳужум билан жавоб қайтариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Трамп Миноб мактабига ҳужумда Эроннинг ўзини айблади
Сурат манбаси, Reuters
АҚШ президенти Air Force One учоғи бортида 7 март куни Президент Доналд Трамп журналистлар саволларига жавоб берди.
Унга, Эрон Исломий қўриқчилар корпуси базалари жойлашган ҳудудга ҳужум учун Америка масъулми, деб савол беришди.
"Йўқ. Менинг фикримча, мен кўрганларимдан келиб чиқадиган бўлсак, буни эронликлар қилган", деб жавоб қайтаарди Президент Трамп.
Сўнг журналист АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетдан, шу ҳақиқатга тўғри келадими, деб сўради.
"Биз тергов олиб бораяпмиз. Бироқ тинч аҳолига зарба берадиган ягона томон - бу Эрон", деб жавоб қайтарди Ҳегсет.
"Биз буни эронликлар қилган деб ўйлаймиз. Ўзингиз билганингиздек, уларнинг қуроллари ноаниқ. Умуман аниқлик йўқ. Буни эронликлар қилган", деди Президент Трамп.
Ўтган шанба куни АҚШ ва Исроил Эрон ҳарбий иншоотлари ва раҳбариятига қарши бошлаган кенг миқёсли ҳужумлар пайти мамлакат жанубидаги Миноб шаҳридаги қизлар мактабига зарба берилган эди.
Эрон расмийлари оқибатда 160 дан ортиқ инсон, аксари мактаб ўқувчи қизлари ҳалок бўлганини хабар қилдилар.
Эрон раҳбарияти мактабга ҳужумда АҚШ ва Исроилни айблади.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио сўзларига кўра, "АҚШ мактабга атайин зарба бермайди", "фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ".
Исроил ўзининг қуролли кучлари бу ҳудудда бирор бир "операция ўтказаётгани ҳақидаги маълумотга эга эмаслигини айтди, бироқ Би-би-сига ушбу ҳодиса ўрганилаётганини билдирди.
BBC Verify жамоаси ўрганган Ернинг сунъий йўлдошидан олинган фото суратларда бир неча зарба ва ёнғин жойи кўринади, бу эса қизлар мактабига бир неча марта зарба берилганини англатади.
Ўша жойдаги қурол парчаларисиз мактабга ким ҳужум қилганини аниқ айтиш қийин.
7 март. Дубай аэропортида портлаш, Эрон президенти узр сўрагани қанчалар аҳамиятли?
Сурат манбаси, Х
Шанба куни эрталаб ижтимоий тармоқларда улашилган видеода Дубай Халқаро аэропорти ҳудудига афтидан дрон ҳужуми уюштирилгани акс этади.
BBC бу видеода ҳақиқатдан ҳам Дубай аэропорти акс этганини тасдиқлади.
Аэропортнинг жанубидаги саноат ҳудудидан олинган видеода терминал биносига яқинликда портлаш келиб чиққанини кўриш мумкин. Видеони олаётган шахс "яна битта дрон" дегани эшитилади ва портлашдан олдин дрон моториникига ўхшаш овоз қулоққа чалинади.
Портлашдан олдин бир объект катта тезликда ерга урилганини кўриш мумкин, аммо у нималигини аниқлаш имконсиз.
Портлаш темир йўлидан шимолда ва Hertz биносига яқинликда юз берганини кўриш мумкин. Демак, у «А» кутиш залига яқин бўлган.
Бинога яқинликда камида тўртта учоқ тургани кўринади.
Зарба уриб туширилган дрон ё замбаракнинг қолдиғими ёки зарбанинг ўзи эканини аниқлаш қийин.
Аввалроқ Emirates хаво йўллари парвозлар тўхтатилганини хабар қилганди. Кейинроқ у бу постни ўчириб, парвозлар қайта йўлга қўйилганини айтган.
Эрон президенти қўшнилардан узр сўради, аммо шиддатли ҳужумлар давом этмоқда, Дубай аэропортида аҳвол ноаниқ
Сурат манбаси, IRNA
Энг йирик аэропортга ҳужум
Гувоҳлар томонидан ижтимоий тармоқларда улашилган видеоларда Эроннинг энг гавжум Меҳробод аэропортида ёнаётган учоқ ва катта тутун кўринади. Жума куни олинган сунъий йўлдош тасвирларида аэропортда бир нечта учоқлар бўлганини кўриш мумкин.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари ҳам аэропортнинг баъзи қисмлари нишонга олингани ҳақида хабар бермоқда.
Бу Исроил ҳарбийлари мамлакатда "кенг кўламли янги ҳужумлар тўлқини"ни бошлаганини айтиши ортидан содир бўлди. У 4 март куни ҳам шу аэропортни нишонга олган ва унинг ҳужумлари "Исроил ҳаво кучларига таҳдид солган" мудофаа ва аниқлаш тизимларини, жумладан, аэропортнинг вертолёт ишлаб чиқариш қисмини ҳам йўқ қилганини айтган.
Сурат манбаси, X/@VAHID
Янги ҳужумда аэропортнинг қайси қисмлари бомбардимон қилингани ҳали аниқ эмас, аммо гувоҳларнинг айтишича, бу тунги бомбардимон анча шиддатли бўлди.
1938 йилда қурилган Меҳробод аэропорти бир вақтлар пойтахтнинг асосий халқаро аеропорти бўлган, аммо ҳозирда асосан ички рейсларга хизмат кўрсатади.
Шунингдек, у ерда Эрон мудофаа саноати билан боғлиқ бўлган бир нечта аэрокосмик компаниялар жойлашган.
Исроил бу жойни бир неча бор бомбардимон қилган, жумладан, ўтган йилнинг июн ойида Эроннинг ядровий иншоотларига бир қатор ҳужумларни амалга оширганида аэропорт ҳам шикаст кўрган.
Президентдан узр
Эрон Президенти Масуд Пезешкиан Эрон давлат телевидениесида видеомурожаатни эфирга узатди.
"Мен ҳужумга учраган қўшни давлатлардан узр сўрашни зарур деб биламан", деди у.
"Биз қўшни давлатларга бостириб кириш ниятида эмасмиз", деди президент ва "тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш" учун минтақавий ҳамкорликка чақирди.
Пезешкиан қуролли кучларга давлат раҳбариятининг янги қарори чиқарилганини қўшимча қилди: "бундан буён қўшни давлатларга биринчи бўлиб ҳужум қилинмагунча ҳужум қилинмайди".
"Эронга ҳужум қилиш учун бу лаҳзадан фойдаланишни ўйлаётганлар империализмнинг қўғирчоқларига айланмасликлари керак", деди президент ва Исроил ёки АҚШни қўллаб-қувватлаш "шараф ва озодликка йўл эмас", деб қўшимча қилди.
Аммо, унинг чиқишидан кўп ўтмай, Қатар Мудофаа вазирлиги ўз қуролли кучлари ракета ҳужумини "тўхтатгани"ни маълум қилди.
Бу хабар маҳаллий вақт билан соат 11:00 дан олдин Х сайтида чоп этилган постда улашилди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Сурат манбаси, Getty Images
Президентнинг узр сўрагани қанчалар аҳамиятли? BBC мухбири Лиз Дусет таҳлили
Эрон президенти Пезешкианнинг қўшни давлатлардан узр сўраши минтақага қандай таъсир қилиши номаълум.
У Эроннинг ҳужумлари қуролли кучлар томонидан "хоҳлаганча ўқ узиш" сифатида амалга оширилганини айтди. Хабарларга кўра, бу урушда Эроннинг қўмондонлик тузилмаси марказлаштирилмаган.
Аммо президент ва ҳарбий амалдорлар ҳали ҳам ҳужумлар минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларидан келиб чиқса, улар нишонга айланишини аниқ айтмоқдалар.
Вақтинчалик Раҳбарият Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорнинг эълон қилиниши араб давлатларининг ғазабига жавоб бўлаётган бўлиши мумкин. Улар сўнгги йилларда собиқ ашаддий душмани бўлган Эрон билан янги муносабатларни ривожлантириб, аксари АҚШни Эронга қарши урушга бормасликка чақириб келаётган эди.
Минтақадаги юқори лавозимли амалдор менга уларнинг Теҳронга бўлган ғазаби энди ўнлаб йиллар давом этишини айтди.
Эрон тизимида нисбатан мўътадил бўлган президент кўпроқ яраштириш оҳангларини қўллашга уриниши билан танилган.
Январ ойида бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларининг асосий тўлқини ҳалокатли куч билан бостирилгандан сўнг, у ҳукумат иқтисодий муаммоларни ҳал қила олмагани учун узр сўради, аммо кўчаларда сиёсий ўзгаришларни талаб қилган чақириқларга жавоб бермади.
Танкерга ҳужум
Шунингдек, Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари Форс кўрфазида Ҳормуз бўғозидан ўтаётган нефт танкерини нишонга олганини маълум қилди.
Телеграмда жойлаштирилган баёнотда айтилишича, "Прима" номли нефт танкери Эрон денгиз флоти томонидан бўғоз орқали "ҳаракатланишни тақиқлаш" ҳақидаги "такрорий огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирганидан" кейин дрон билан ҳужумга олинган.
Эрон қўшимча қилишича, у "душман давлатлар билан иттифоқдош" нефт танкерлари ва тижорат кемаларининг бўғоздан ўтишига рухсат бермаяпти.
Ҳормуз бўғози дунёдаги энергия ташиш учун энг муҳим йўллардан бири бўлиб, нефт ва газнинг тахминан бешдан бир қисми у орқали ўтади.
Яқин Шарқдаги уруш юк ташиш йўлининг амалда тўхтаб қолишига олиб келди, Эрон режими шу ҳафта бошида у ердан ўтишга уринган кемаларни "ёқиб юбориш" билан таҳдид қилган.
АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ денгиз кучлари "агар керак бўлса" кемаларни ўтиш жойидан кузатиб бориши мумкинлигини айтганди.
Дубай парвозлари
Бугун Дубайга ва ундан ташқарига парвозларнинг ҳолати борасида чалкашликлар давом этмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари шанба эрталаб яна бир Эрон ракетаси уриб туширилганини маълум қилди.
Дубай ҳукумати матбуот идорасининг Х даги расмий саҳифасида бу воқеа "кичик" ҳодиса деб аталди, ҳамда баъзи қолдиқлар қулагани, аммо ҳеч қандай жароҳатлар йўқлиги айтилди.
У ижтимоий тармоқларда бу ҳужум халқаро аэропортга таъсир кўрсатгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Дубай халқаро аэропорти сўнгги бир соат ичида фаолияти тўхтатилганини айтди, аммо бир неча дақиқа олдин рейслар қисман қайта тикланаётгани ҳақида хабар берганди.
Аввалроқ БААнинг иккита байроқдор авиакомпаниясидан бири бўлган Emirates ҳам фаолиятини қайта тиклаётганини эълон қилганди ва бугун парвозлари бўлган мижозлардан аэропортга келишни сўраганди.
Унинг ортидан Дубай ҳукумати матбуот идораси ҳам Emirates нинг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги сўнгги хабарини улашган.
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз