Ковид, грипп, йўтал ва қатор бошқа касалликларга қарши ягона вакцина ишлаб чиқилмоқда. Сиз уни олармидингиз?

Сурат манбаси, Getty Images
Америкалик тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бурунга сепиладиган битта вакцина барча турдаги йўтал, шамоллаш ва гриппдан, шунингдек, ўпканинг бактериал инфекцияларидан ҳимоя қилиши, ҳатто аллергияни ҳам енгиллаштириши мумкин.
Стенфорд университети жамоаси бу "универсал вакцина"ни ҳайвонларда синаб кўрди. Энди одамларда клиник синовлар ўтказиш зарур.
Уларнинг айтишича, бу ёндашув 200 йилдан ортиқ вақт давомида қўллаб келинган вакцина ишлаб чиқариш усулидан "тубдан фарқ қилади".
Соҳа мутахассислари тадқиқот ҳали дастлабки босқичда бўлишига қарамай, "олдинга ташланган муҳим қадам" бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
"Ushbu vaksinaning ishlash usuli shu paytgacha mavjud bo‘lgan barcha vaksinalarning ishlash tamoyilidan tubdan farq qiladi".
Ҳозирги вакциналар организмни фақат битта инфекцияга қарши курашга ўргатади. Қизамиққа қарши вакцина фақат қизамиқдан, сувчечакка қарши вакцина фақат сувчечакдан ҳимоя қилади.
XVIII аср охирида Эдвард Женнер вакциналарни кашф этганидан бери иммунизация шу тарзда ишлаб келади.
"Science" журналида тавсифланган ёндашув иммун тизимини "ўргатмайди". Аксинча, у иммун ҳужайраларининг ўзаро алоқа қилиш усулига тақлид қилади.
У бурун спрейи сифатида қўлланади ва ўпкамиздаги оқ қон таначалари – макрофагларни "доимий шай" ҳолатга келтиради. Натижада улар қандай инфекция киришга уринишидан қатъи назар, дарҳол ҳаракатга тушишга тайёр туради.
Ҳайвонлар устида ўтказилган тажрибаларда бу таъсир тахминан уч ой давом этди.
Тадқиқотчилар таъкидлашича, бу юқори шайлик ҳолати вирусларнинг ўпка орқали танага ўтишини 100 дан 1000 баробаргача камайтирган.
"Аммо бу тўсиқдан ўтиб олган вирусларга қарши иммун тизимининг қолган қисми уларни чақмоқ тезлигида йўқ қилишга тайёр ҳолатда эди", дейди Стенфорд университети микробиология ва иммунология профессори Бали Пулендран.
Жамоа вакцина, шунингдек, икки турдаги бактериядан – Staphylococcus aureus ва Acinetobacter baumannii'дан ҳам ҳимоя қилишини кўрсатди.

Сурат манбаси, Getty Images
Профессор Пулендраннинг Би-би-сига айтишича, универсал деб аталаётган бу вакцина нафақат грипп, Ковид ёки оддий шамоллаш вирусига, балки деярли барча вирусларга, кўплаб турли бактерияларга ва ҳатто аллергенларга қарши ҳам ҳимоя қилувчи анча кенг иммунитетни юзага келтиради.
"Ушбу вакцинанинг ишлаш тамойили шу пайтгача мавжуд бўлган барча вакциналарнинг ишлаш тамойилидан тубдан фарқ қилади".
Вакцинанинг иммун тизимини инфекцияга қарши курашга ҳозирлаши, шунингдек, аллергик астма қўзғатадиган уй чанги канаси аллергенларига нисбатан реакцияни ҳам пасайтиргандай туюлди.
"Бу ҳақиқатан ҳам жуда қизиқарли тадқиқот", дейди ушбу ишда иштирок этмаган Оксфорд университети вакцинология профессори Даниэла Феррейра.
Унинг сўзларига кўра, агар натижалар одамларда ўтказилган тадқиқотларда тасдиқланса, бу "одамларни оддий йўтал, шамоллаш ва бошқа нафас йўли инфекцияларидан ҳимоя қилиш усулимизни ўзгартириши мумкин".
"Тадқиқотнинг кучли томонларидан бири – бу янгича вакцинанинг қандай ишлашини аниқ тушунтириб берганида", дея қўшимча қилди у.
Феррейранинг айтишича, тадқиқот "катта қийинчилик туғдирадиган" инфекциялардан ҳимояни таклиф этиб, "олдинга ташланган муҳим қадам бўлиши мумкин".
Бироқ, ҳали жавоби топилмаган саволлар кўп.
Тажрибаларда вакцина бурун спрейи сифатида қўлланган, аммо инсон ўпкасининг чуқур қисмларига етиб бориши учун небулайзерда нафас орқали юборилиши мумкин.
Одамларда ҳам худди шундай натижага эришиш мумкинми ёки йўқлиги, шунингдек, иммун тизими "доимий шай" ҳолатда қанча вақт туриши номаълум. Сичқонлар ва одамларнинг иммун тизимида фарқлар бор, масалан, бизнинг иммунитетимиз ўнлаб йиллар давомида турли инфекциялар натижасида шаклланган.
Шу сабабли, тадқиқотчилар бир кишини эмлаб, сўнг унинг танаси касалликка қандай қарши курашишини кузатиш учун унга атай касалликни юқтириб, синовлар ўтказишни режалаштирмоқда.
Иммун тизимини одатдагидан фаолроқ ҳолатга келтиришнинг салбий оқибатлари ҳам бўлиши, яъни бу иммун тизими бузилишлари эҳтимолини юзага келтириши мумкин.
Ливерпул тропик тиббиёт мактабининг молекуляр вирусология профессори Жонатан Болл бу иш шубҳасиз "ҳаяжонли" эканлигини таъкидлади, бироқ "организмни "юқори шай" ҳолатда ушлаб туриш "ўзиникиларга ўқ узиш" ҳолатига, яъни ўта огоҳ иммун тизимининг беихтиёр ножўя оқибатларни келтириб чиқаришига олиб келмаслигига ишонч ҳосил қилишимиз керак", дея огоҳлантирди.
Тадқиқот гуруҳи иммун тизимини доимий фаоллаштириб қўйиш керак, деб ҳисобламайди ва бундай вакцина ҳозирги вакциналарнинг ўрнини босиш учун эмас, балки уларни тўлдириш учун ишлатилиши керак, деб ўйлайди.
Пандемиянинг дастлабки босқичларида, масалан, 2020 йил бошидаги Ковид пандемияси каби ҳолатларда, махсус вакцина ишлаб чиқилгунга қадар универсал вакцина вақтдан ютишга ва одамлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин.
"Бу ўлим ҳолатларини, касалликнинг оғирлигини камайтиради ва, эҳтимол, жуда самарали иммунитет чидамлилигини шакллантиради", дейди Пулендран.
Бошқа бир эҳтимол – қиш бошланиб, мавсумий касалликлар тарқала бошлаганда, "уларнинг барчасига қарши кенг иммунитет ҳосил қилиш учун мавсумий спрей қўллаш ҳақида ўйлаш мумкин".






























