Эронда АҚШ қирувчи учоғи уриб туширилди. Бедарак учувчини топиш учун кураш кетмоқда - (Видео)

Сурат манбаси, STATE MEDIA
АҚШ F‑15Е қирувчи учоғи Эрон ҳавосида уриб туширилгач, қидирув-қутқарув гуруҳи унинг экипаж аъзоларидан бирини қутқарди, деб хабар беради Америка оммавий ахборот воситалари. Учоқдаги иккинчи экипаж аъзоси тақдири номаълум бўлиб қолмоқда, лекин CBS News расмийларга таяниб, қидирув давом этаётганини айтди.
Эрон давлат телевидениеси учоқнинг баъзи қолдиқларни топганини даъво қилмоқда ва ҳозирда учоқ қолдиқларининг тасвирларини намойиш этмоқда. Эрон экипаж аъзосини қўлга олган кишига мукофот беришини айтган.
Мутахассисларга кўра, F-15E Strike Eagle қирувчи учоғининг дум қанотида қизил чизиқ бўлиб, Эрон давлат телевидениеси кўрсатган учоқ қолдиқларига мос келади. Бироқ Эрон телевидениесидаги кадрлар қаердан олингани аниқ эмас.

Бу икки вазифани бажарувчи жанговар учоқлар 24/7 ҳаводан-ҳавога ва ҳаводан-ерга ҳужум қилиш имкониятларига эга.
Би-би-си хавфсизлик таҳлилчиси Майк Кайнинг айтишича, экипаж аъзоларининг махсус кийимида сигнализатор бўлади. Учиб тушиш содир бўлган заҳоти, бу сигнализатор уларнинг жойлашувини узатишни бошлайди ва жанговар қидирув-қутқарув гуруҳига дарҳол сигнал беради. У сигнал шифрланган бўлиши эҳтимоли юқори, шунда эронликлар уни кузата олмайди, дейди у.
Қутқарув гуруҳи таркибига икки вертолёт ва A-10 Warthog учоғи киргани айтилади. Шунингдек, F-15 самолётидан қутқарилган учувчини олиб кетаётган вертолётлардан бири кичик ўқотар қуроллардан ўққа тутилгани натижасида бортдаги экипаж аъзолари жароҳат олган. Бироқ вертолёт хавфсиз қўнгани айтилмоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
CBS хабар беришича, A-10 Warthog самолёти ҳам зарба олган ва учувчи Форс кўрфази устида катапулт қилган, кейинчалик эса қутқарилган. Эрон армияси давлат ОАВ хабарларига кўра, A-10 Warthog самолётини уриб туширганини даъво қилмоқда. Бу CBS хабар қилган айни ўша учоқми ёки бошқаси-ми, аниқ эмас.
Шунингдек, қидирув амалиёти олиб борилаётган пайтда Исроил ҳарбийлари ушбу ҳудудда зарбаларни вақтинча тўхтатиб тургани ҳақида ҳам хабарлар бўлган.
АҚШ президенти Доналд Трамп Америкадаги NBC телеканалига: "биз урушдамиз", деган ва қирувчи учоққа қилинган ҳужум Эрон билан олиб борилаётган музокараларга ҳеч қандай таъсир қилмаслигини айтган.

"Улар учувчини топмагунча таслим бўлмайди"

Сурат манбаси, EPA
Мутахассислар Би-би-сига айтишича, уриб туширилган АҚШ қирувчи учоғининг йўқолган экипаж аъзосини қидириш жуда вақтга боғлиқ жараён, чунки Эрон ҳам, АҚШнинг жанговар қидирув-қутқарув гуруҳлари ҳам бир вақтнинг ўзида айнан шу ходимни топишга ҳаракат қилмоқда.
"Бу мен биладиган энг хавфли ҳарбий миссиялардан бири", дейди ҳарбий стратег ва АҚШнинг юқори даражадаги дипломати бўлган Жеймс Жеффри. У илгари Сурия бўйича махсус вакил ҳамда ИШИДга қарши халқаро ҳарбий аралашув бўйича махсус элчи сифатида хизмат қилган.
Бундай миссиялар кўпинча вертолётлар орқали амалга оширилади. Уларни ёнилғи қуйиш самолётлари қўллаб-қувватлайди, бошқа ҳарбий самолётлар эса зарба бериш ва ҳудудни патрул қилиш учун жалб этилади. Жума куни Эрондан пайдо бўлган тасдиқланган видеоларда Хузистон вилояти устида шундай операция олиб борилаётгани кўринганга ўхшайди.
Bu men biladigan eng xavfli harbiy amaliyotlardan biri. Agar ozgina bo‘lsa ham imkoniyat bor deb hisoblashsa, ular uchuvchini topmaguncha taslim bo‘lmaydi.
"Бу Ҳаво кучларининг махсус операциялар ходимлари бўлиб, улар деярли Delta Force ва Navy SEAL Team Six даражасида тайёргарликдан ўтган, улар тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига ҳам эга", дейди Жеффри Би-би-сига. "Агар озгина бўлса ҳам имконият бор деб ҳисоблашса, улар учувчини топмагунча таслим бўлмайди".
Душман ҳудуди устида самолёт уриб туширилганда, унинг учувчиси ва экипажи ҳам бундай вазиятлар учун махсус тайёрланган бўлади.
"Уларнинг биринчи вазифаси - тирик қолиш ва асирга тушмаслик", дейди Defense Priorities таҳлил марказининг ҳарбий таҳлил бўйича директори ва катта илмий ходими Женифер Каванагҳ Би-би-сига.
"Шунинг учун улар, агар жисмонан бунга қодир бўлса ва жароҳатлари ҳаракатланишга тўсқинлик қилмаса, катапулт қилган жойдан имкон қадар тезроқ узоқлашишга ва ўзини яширишга ўргатилган, шундагина улар хавфсиз бўла олади."
Каванагҳнинг қўшимча қилишича, улар тирик қолиш усулларини ҳам ўрганади. Масалан, имкон қадар узоқ вақт озиқ-овқат ёки сувсиз яшаш, ёки маҳаллий ҳудуддан зарур ресурсларни топиш.
АҚШ қирувчи учоқлари уриб туширилган олдинги ҳолатлар
Сўнгги бир неча ўн йилликда АҚШ қирувчи самолётининг душман кучлари томонидан уриб туширилиши жуда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади.
Март ойининг бошида Кувайт устида учта АҚШнинг F-15 қирувчи самолёти "эҳтимолий дўстона ўқ узиш ҳодисаси" оқибатида уриб туширилганини АҚШ Марказий қўмондонлиги маълум қилган. Барча олти нафар экипаж аъзоси хавфсиз тарзда катапулт қилган.
12-март куни ғарбий Ироқда икки самолёт иштирокидаги ҳодисада АҚШ ҳарбий ёнилғи қуйиш самолётининг барча олти нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлганини ҳам АҚШ Марказий қўмондонлиги маълум қилган.
2003-йил, 7-апрелда АҚШнинг F-15Е Strike Eagle самолёти Ироқда "Operation Iraqi Freedom" амалиёти вақтида уриб туширилган. Ҳодисада учувчи Эрик Дас ва қурол кучлар офицери Вилям Воткинс ҳалок бўлган.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари мемориали сайтига кўра, самолёт Қатардаги Ал-Удеид авиабазасидан учиб чиқиб, Ироқнинг Тикрит шаҳри яқинидаги нишонларга зарба бериш учун "муҳим тўсқинлик миссияси"ни бажаришга йўл олган эди.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, 2003-йил, 8-апрелда Ироқнинг Бағдод шаҳрида АҚШнинг A-10 Thunderbolt II самолёти ҳам ер-ҳаво ракетаси билан уриб туширилган деб ҳисобланади. Самолёт қулашидан олдин учувчи хавфсиз тарзда катапулт қилган.
Яна бир F-15Е қирувчи учоғи 2011-йил, март ойида Ливиянинг шимоли-шарқида қулаб тушган. Ўша пайтда АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси учувчини қутқариш учун тўртта самолёт ва иккита вертолёт юборилганини маълум қилган.





























