Исроилда терроризм учун судланган фаластинликларни ўлим жазосига тортиш бўйича баҳсли қонун қабул қилинди

Сурат манбаси, Getty Images
Исроил парламенти (Кнессет) душанба куни террорчилик ҳужумлари учун судланган фаластинликларга стандарт жазо сифатида ўлим жазосини белгиловчи қонунни қабул қилди. Танқидчилар янги қонунни камситувчи (дискриминацион) деб аташса, бир қатор Европа давлатлари бу "демократик принциплар"га путур етказиш хавфини туғдиришидан огоҳлантирмоқда.
Қонун учинчи ва якуний ўқишда қабул қилинди: уни 62 нафар депутат қўллаб-қувватлади, 48 нафари қарши овоз берди. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Қонунга кўра, Исроил томонидан оккупация қилинган Ғарбий соҳилдаги "террорчилик ҳаракатлари" деб тан олинган ҳужумлар учун Исроилнинг ҳарбий судлари томонидан судланган фаластинликлар 90 кун ичида, 180 кунгача узайтириш имконияти билан осиб ўлдирилиши керак, аммо афв этилиш ҳуқуқисиз.
Назарий жиҳатдан қараганда, қонун исроилликларга ҳам қўлланилиши мумкин, аммо амалда бу шубҳа уйғотади, чунки ўлим жазоси ҳужумнинг мақсади "Исроил давлати мавжудлигини инкор этиш" бўлган ҳолатлардагина кўзда тутилган. Исроилда судланган маҳбуслар учун ўлим жазоси умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин.
Танқидчиларнинг фикрига кўра, бу ўлим жазоси амалда фақат фаластинликларга қўлланилиб, худди шундай жиноят содир этган яҳудий исроилликларга нисбатан қўлланилмаслигини англатади.
Қонун 2023 йилнинг 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумидан кейин — Исроил тарихидаги энг қонли кундан сўнг — ўта ўнгчи кучлар томонидан фаол илгари сурилган. Бунда Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ва унинг "Оцма Йехудит" партияси асосий ролни ўйнади. Овоз беришдан кейин у X ижтимоий тармоғида: "Биз тарих яратдик!!! Биз ваъда бергандик. Биз буни қилдик", — деб ёзди.
Унинг партияси аъзоси Лимор Сон-Хар-Мелех, фаластинлик жангариларнинг ҳужумидан омон қолган, аммо эри ҳалок бўлган, қонуннинг зарурлигини билдирди. У мисол тариқасида эрини ўлдирганлардан бири кейинчалик озод этилгани ва 2023 йил 7 октябрдаги Исроилга қилинган ҳужумларда қатнашганини айтди. Кнессетдаги дебат чоғида у: "Кўп йиллар давомида биз террорнинг, ҳибснинг, аҳмоқона келишувлар билан озод қилишнинг ҳамда бу махлуқларнинг қайтадан яҳудийларни ўлдиришга қайтиб келишини шафқатсиз занжирини бошимиздан кечирдик", — деди.
Tanqidchilar yangi qonunni kamsituvchi (diskriminatsion) deb atashsa, qator Yevropa davlatlari bu "demokratik prinsiplar"ga putur yetkazish xavfini tug‘dirishidan ogohlantirmoqda.
Қонунни танқид қилганлар
Мухолифатдаги "Демократлар" партияси етакчиси Яир Голан қонунни танқид қилиб, у халқаро санкцияларга олиб келиши мумкинлигини айтди. "Террорчилар учун ўлим жазоси тўғрисидаги қонун — бу фақат Бен-Гвир учун "лайк" тўплашга қаратилган кераксиз ташаббус" — деб таъкидлади у. "У Исроил хавфсизлигига бир грамм ҳам ҳисса қўшмайди".
Овоз бериш олдидан Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия "чуқур хавотир" билдириб, қонун Исроилнинг "демократик принципларга содиқлигига путур етказиши мумкин"лигини маълум қилишди.
Ғарбий соҳилни бошқарган Фаластин маъмурияти бу қонунни қоралаб, у "қонунчилик ниқоби остида, судсиз ўлим жазосига тортишни легаллаштиришга қаратилган"ини билдирди.
Ғазо секторини назорат қиладиган ҲАМАС радикал гуруҳи ушбу қонуннинг маъқулланиши Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларнинг "ҳаётига хавф туғдириши"ни айтиб, халқаро ҳамжамиятни "уларнинг ҳимоясини таъминлашга" чақирди.
Исроилдаги Фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси мамлакат Олий судига қонунни бекор қилиш талаби билан петиция берди. "Бу қонун конституцияга зид, камситувчи характерга эга ва Ғарбий соҳилдаги фаластинликларга нисбатан ҳуқуқий асоссиз қабул қилинган", — дейилади ташкилот баёнотида. Энди Олий суд ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ёки чиқмасликни ҳал қилиши керак.
БМТнинг экспертлар гуруҳи қонунда "террорчи" таърифи жуда мавҳум берилганини, бу эса ўз моҳиятига кўра террорчилик бўлмаган ҳаракатлар учун ҳам ўлим жазосини қўллашга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Исроилнинг B'Tselem ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Ғарбий соҳилдаги фаластинликлар судланадиган ҳарбий судларда айблов ҳукмлари 96%ни ташкил этишини ва қийноқлар орқали айбни бўйинга олдириш амалиёти мавжудлигини таъкидлайди. Халқаро Amnesty International ташкилоти "ўлим жазоси жиноятчилик даражасини умрбод озодликдан маҳрум қилишга қараганда самаралироқ туширишига ҳеч қандай далил йўқ"лигини қайд этади.
Amnesty International маълумотларига кўра, ўлим жазоси дунёнинг 54 та давлатида, шу жумладан АҚШ ва Японияда сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, глобал тенденция уни бекор қилишга қаратилган: 113 та давлат бу жазодан воз кечган. Ўз тарихи давомида Исроил ўлим жазосини атиги икки марта амалга оширган. Қатл этилганлардан бири 1962 йилда нацист ҳарбий жиноятчиси ва Холокост ташкилотчиларидан бири Адолф Эйхман бўлган.



























