Уруш вазири. Пентагон раҳбари ва Эрондаги операциянинг бош тарғиботчиси - Пит Хегсет ким?
Сурат манбаси, Andrew Harnik/Getty Images
- Author, Олга Просвирова
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 11 дақ
Сўзларини танлаб ўтирмай гапирадиган АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Эрондаги урушнинг биринчи ойида дунёнинг асосий медиа шахсларидан бирига айланди.
Уруш олиб бориш қоидаларини «сафсата» деб атаган Fox News собиқ телебошловчиси Пентагонга идорада катта ўзгаришлар қилиш ваъдаси билан келган. У «шиширилган аппарат», инклюзивлик сиёсати ва журналистларга қарши уруш эълон қилган. Бироқ, жамоатчилик хотирасида Эронга қарши уруши билан қоладиганга ўхшайди.
Жанг майдонидаги аҳмоқона қоидалар
2005-йил, Ироқдаги уруш айни авжига чиққан палла. 2003-йил баҳорида Саддам Ҳусайннинг мунтазам армиясини тезкорлик билан тор-мор этиш АҚШ кутган ғалабани таъминлай олмади. Партизанлик қуролли қаршилиги кучайиб, бу билан бирга мамлакатдаги Америка ҳарбийларининг сони ҳам ортиб борди.
Америкаликлар орасида бошида урушни қўллаб-қувватловчилар кўп эди, аммо бора-бора бу қўллов пасайиб кетди.
Бағдодга пиёда аскарлар командири бўлиб Принстон университетининг 25 ёшли битирувчиси, лейтенант Пит Хегсет келади.
Йиллар ўтиб Хегсет ҳарбий ҳуқуқшунос унинг аскарларига урушни қандай олиб бориш кераклигини тушунтириб берганини эслаган. Ҳуқуқшунос ўшанд «ҳатто гранатомёт кўтарган душманга ҳам, то у ўқ узиш ниятини аниқ намойиш қилмагунча, ўт очиш мумкин эмас», - деган.
Хегсет ўзнинг «Урушга қарши уруш» («The War On Warriors») китобида ёзишича, ушбу йиғилишдан сўнг у ўз аскарларини тўплаган ва уларга бу «аҳмоқона гаплар» билан бошларини қотирмасликни буюрган.
«Йигитлар, агар сиз хавф деб ҳисоблаган душманни кўрсангиз, ўт очасиз ва бу хавфни йўқ қиласиз. Бу одамларнинг ўлимига сабаб бўладиган аҳмоқона қоида», — деган эди у.
Сурат манбаси, Пит Хегсет / Instagram
Орадан 20 йил ўтиб, Пит Хегсет Америка Мудофаа вазирлигини бошқарди - Доналд Трампнинг иккинчи муддатида идора норасмий равишда «Уруш вазирлиги» номини олди.
«Ҳозирги жангчилар ёмон одамлар билан қандай урушса, юристлар билан ҳам шунчалик кураш олиб боришмоқда. Душманларимиз адвокатларни эмас, ўқларни қабул қилиши керак», деб ёзган эди Хегсет ўз китобида.
Асирларни ва тинч аҳолини ҳиомя қилувчи халқаро ҳужжатларни - Женева конвенцияларини - Пентагоннинг бўлажак раҳбари «80 йил олдин қимматбаҳо мебелда ўтирган, ўзини муҳим шахс деб ўйлайдиган жаноблар томонидан ёзилган қоидалар», деб атаган.
Халқаро ҳуқуққа нисбатан бундай ёндашув Доналд Трампга ҳам маъқул келиб, АҚШнинг Эрондаги кампаниясида муҳим рол ўйнамоқда.
Гуантанамодаги Хегсет
Пит Хегсет болалигини Миннесота штатидаги сўлим кўллари билан машҳур бўлган Форест-Лейк шаҳарчасида ўтказган. Унинг отаси маҳаллий мактабда баскетбол мураббийи, онаси эса бизнес-коуч бўлиб ишлаган.
Хегсет 1999-йилда мактабни синфнинг энг яхши ўқувчиси сифатида тамомлаган - унга ҳатто битирув кечасида хайрлашув нутқини сўзлаш ишониб топширилган.
Унинг юқори баллари Принстон университетига сиёсатшунослик йўналишига кириш имконини берган. Университетда у баскетбол жамоасида ўйнаб, айни вақтда талабаларнинг консерватив нашрига раҳбарлик қилган. Шунингдек АҚШ армиясининг захирадаги офицерларни тайёрлаш дастурига (ROTC) қатнашган. Ўқишни тамомлагач, у офицерлик унвонини олиб, АҚШ Миллий гвардиясида хизмат ўтай бошлайди.
2004 йилда Хегсет АҚШ ҳудудидаги энг йирик ҳарбий базалардан бири - Форт-Беннингда тайёргарликдан ўтиб, Кубадаги Гуантанамо базасига юборилади. У ерда маҳбусларни қўриқлаш учун масъул бўлган Ню-Жерси Миллий гвардияси аскарлари взводига раҳбарлик қилади.
Сурат манбаси, Пит Хегсет / Минобороны США
Кубадаги ҳарбий қамоқхона 2000-йилларда содир бўлган, кенг ҳужжатлаштирилган маҳбуслар устидан қилинган қийноқлар туфайли дунёдаги энг қўрқинчли жойлардан бири сифатида ном чиқарган.
«Мен ҳеч қачон қийноқларга алоқадор бўлмаганман», деган эди кейинчалик Хегсет.
2025-йилда, уни мудофаа вазири лавозимига тасдиқлаш бўйича Сенатдаги эшитувлар чоғида, унга 11-сентябрдаги террорчилик ҳужумлари ташкилотчиларига нисбатан «сув билан қийноққа солиш» усули қўлланишига қарши эмаслигини айтган гаплари эслатилиб, бундай усулларни жоиз деб ҳисоблайсизми, деган тўғридан-тўғри саволга Хегсет умумий қилиб, «Мамлакатда амалда бўлган қонунга кўра, сув билан қийноққа солиш тақиқланган», деб жавоб берган.
«Биз - урушни қонунга мувофиқ олиб борадиган мамлакатмиз, бизнинг форма кийган эркак ва аёлларимиз ҳамиша шундай ҳаракат қилишади», деб ёзади Хегсет ўз китобида. «Бироқ кондиционерли офисларда ўтирган кўп одамлар қоронғи ва хавфли жойларда юрган йигитларга, душман ҳудудида вертолётда юрган аёлларга бармоқ билан ишора қилишни яхши кўрадилар. Ушбу аскарлар Вашингтондаги одамлар ҳеч қачон журъат эта олмаган ишларни қилиб келишмоқда».
Қийноқларга бўлган муносабат - дунёдаги энг кучли армия бош қўмондони лавозимига Хегсетни тасдиқлаётган сенаторларни шубҳага солган ягона жиҳат эмас эди.
Стриптиз-клубдаги базм
Гуантанамодаги бир йилга етмаган хизматидан сўнг Пит Хегсет Ироққа юборилади. Америкага қайтиб келгач эса, ўзини янги ролларда синаб кўра бошлайди. Гарвардда магистратурада ўқийди ва хатто катта сиёсатга киришга ҳаракат қилади. 2012-йилда Сенат учун республикачилар праймеризида қатнашади, аммо партия қурултойидаги овоз беришда муваффақиятга эриша олмайди.
У бир муддат "Vets for Freedom" (ўзбекчага таржима қилганда: "Фахрийларга озодлик") деб номланган ташкилотга раҳбарлик қилади. Унинг бу тажрибаси муваффақиятли бўлганми-йўқми, айтиш қийин, чунки у бошқариб турган вақтда ташкилот катта қарзга ботиб, ОАВ хабарларига кўра, донорлар молиявий аудитор ёллашган ва Хегсет амалда бошқарувдан четлаштирилган.
Шундан кейин у ўз ихтиёри билан Афғонистонга йўл олади. Бироқ урушнинг олдинги сафларига эмас, балки Кобулдаги исёнчиларга қарши тайёргарлик кўриш марказида катта инструктор бўлиб ишлайди. Кобулдан қайтиб келиб, яна бир фахрийлар ташкилоти - "Concerned Veterans for America" (CVA ёки "Америка учун қайғураётган фахрийлар")га раҳбарлик қилади. Бироқ унинг бу раҳбарлик тажрибаси аввалгисидан ҳам шов-шувлироқ бўлади.
2014-йилда, New Yorker нашрининг ёзишича, Хегсет ходимларни стриптиз-клубга дам олишга олиб бориб, қаттиқ маст бўлиб қолган. Ҳамкасблари уни саҳнадаги қизлар ёнига чиқаман деган ҳаракатидан зўрға тўхтатишган.
Сурат манбаси, Samuel Corum/Getty Images
Ташкилотнинг бир неча собиқ ходимлари раҳбарият учун ички маъруза тайёрлаб, унда Хегсетнинг бошқа нолойиқ хулқ-атвори ҳолатларини ҳам санаб ўтишган. Таъкидланишича, у ишга бир неча бор маст ҳолатда келган ва уни тадбирлардан бир неча бор кўтариб олиб чиқишга тўғри келган. 2015-йил май ойида эса, собиқ ходимнинг алоҳида шикоятида айтилишича, хизмат сафари чоғида маст Хегсет «Барча мусулмонларга ўлим!» деб бақирган.
CVA собиқ ходимлари ташкилотда нохуш муҳит юзага келганини, айниқса аёлларга нисбатан душманлик кайфияти борлигини, уларни «базмчилар» ва «базмчи бўлмаганлар»га ажратишганини ёзишган. New Yorker нашрининг хабар беришича, Хегсет 2016 йилда босим остида ташкилотдан кетишга мажбур бўлган. Бироқ расмий равишда унинг кетиши "томонларнинг ўзаро келишувига кўра" деб эълон қилинган.
У Мудофаа вазири этиб тайинланишидан олдин яна бир шубҳа уйғотувчи ҳолат ошкор бўлди. 2017 йилда бир аёл Хегсетни жинсий зўравонликда айблаган, бироқ бу иш расмий айблов қўйилмасдан якунланган. Associated Press нашрининг ёзишича, Хегсет шикоят қилган аёлга 50 минг доллар тўлаб, ишни тўхтатган. Аммо унинг ўзи бу алоқа икки томоннинг розилиги билан бўлганини таъкидлаб келади.
Ичикиликбозлик ва нолойиқ хатти-ҳаракатлар ҳақидаги даъволар Сенатдаги эшитувларда янграган бўлса-да, демократларнинг саволлари Мудофаа вазирлигига номзод бўлган Хегсетнинг кипригини ҳам қимирлатмади. У ўзини оқламасдан, аксинча, қарши ҳужумга ўтди ва айбловларнинг аксариятини ўзини қоралаш кампанияси деб тавсифлади. Омма олдида сўзлашга ва бундай босимларга у бу вақтгача анча тобланиб қолган эди.
Қўлдаги болта
Пит Хегсетни, эҳтимол, Пентагонга олиб келган фаолият босқичи ҳали CVA'да ишлаётган йилларида бошланган. 2014 йилда у Fox News консерватив телеканали билан ҳамкорлик қила бошлади, кейинчалик унинг доимий шарҳловчисига айланди. У телетомошабинлар қаршисида нафақат таҳлили, балки ўзини тутиши билан ҳам ёдда қолувчи ёш фахрий қиёфасида намоён бўлди. У кескин иборалардан тортинмас, мураккаб мавзуларни лўнда телевизион тезисларга моҳирлик билан айлантирар ва танқидчиларга қарамай гапирар эди.
Телевидение Хегсетга фахрийлар ташкилотлари бера олмаган нарсани - кенг аудиторияга чиқиш ва республикачи сайловчилар эътиборини берди. У доимий равишда Пентагон раҳбариятига ҳужум қилар ва ҳарбийлар ҳамда амалдорлар гапирмайдиган мавзуларни кўтариши билан аудиторияга ёқар эди.
2017-йилга келиб Хегсет каналнинг энг таниқли чеҳраларидан бирига ва Fox & Friends Weekend дастурининг бошловчисига айланди. Бу лавозимда у, жумладан, ёғоч нишонга болта отиш сегментини ёзиб олиш пайтида хато қилиб, армия оркестри мусиқачисининг қўлига теккизиб юборгани билан ёдда қолди (мусиқачи судга берган, томонлар низони суддан ташқари келишув билан ҳал қилишган).
Сурат манбаси, Fox News
Сиёсий жанжаллардан ҳам холи бўлмади, улардан бири ҳарбий жиноятлар бўйича айбланган ёки ҳукм қилинган америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилиш кампанияси бўлди. Хегсет фаол равишда уларни афв этишга ҳаракат қилди ва 2019-йилда Трамп ҳақиқатан ҳам уларнинг бир нечасини афв этди.
Fox & Friends дастурида ўзи ҳам тез-тез чиқиб турадиган Доналд Трамп Хегсет билан тезда дўстлашиб қолди. Улар ватанпарварлик, армия ва Вашингтон элитасининг заифлиги ҳақида бир тилда гаплашишарди. Биринчи президентлик муддатида Трамп баъзида армия ва фахрийлар муҳокама қилинадиган мажлисларни Хегсетга қўнғироқ қилиш учун тўхтатиб қўярди, чунки Хегсетнинг очиқкўнгиллиги унга ёқарди, деб ёзган эди Wall Street Journal.
Мудофаа вазирининг сайланган президент билан дўстлиги ҳақида кўплаб оммавий ахборот воситалари ёзди, аммо унинг номзодига нисбатан ҳатто баъзи республикачиларда ҳам шубҳа пайдо бўлди: анъанавий равишда Пентагон раҳбари лавозимига ҳар икки партия қўлловига эга, бошқарувда катта тажрибаси бор номзодлар тайинланар эди. Хегсетда эса на жиддий бошқарув, на сиёсий тажриба бор эди.
Сенатдаги якуний овоз бериш 50 га 50 ҳисобида якунланди. Хегсетга қарши барча демократлар ва уч нафар республикачи овоз берди. Вице-президент Жей Ди Вэнс ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, ҳал қилувчи овозни бериш учун Сенатга келди.
Ўз партиясининг қаршилигига қарамай, Дональд Трамп ўз «уруш вазири»га эга бўлди.
Душманларга қарши дуолар
Жанжаллар Пит Хегсет Пентагонга раҳбар бўлиб келиши билан дарров бошланди. Аввалига улар Трампнинг Вашингтон бюрократик аппаратига қарши умумий ҳужумининг бир қисми эди: 2025-йил февралида президент Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раисини ишдан бўшатди, кейин бошқа юқори лавозимли ҳарбийлар ҳам вазифасидан озод этилди. Хегсет бу кадрлар қарорларини қўллаб-қувватлади ва «шиширилган» штаб тузилмаларини қисқартириш тарафдори бўлиб чиқди.
Параллел равишда у Пентагоннинг ички сиёсатини тезлик билан қайта қура бошлади: янги жамоа келиши билан идорада хилма-хиллик ва инклюзивлик дастурлари тўхтатилди, раҳбарият ҳарбий ўқув юртларида ирқ, гендер ва бошқа «бўлувчи концепциялар» ҳақидаги китобларни олиб қўйиш ва қайта кўриб чиқишга буйруқ берди.
Апрелда Хегсет можароларнинг олдини олиш ва урушлардан кейин тинчликни тиклашда аёлларнинг ролини илгари сурадиган дастурни бекор қилди, ваҳоланки Трамп биринчи муддатида уни федерал қонун сифатида имзолаган эди. Сентябр ойида эса Пентагон аёлларнинг армиядаги хизмати масалалари бўйича кўп йиллик маслаҳат қўмитасини тарқатиб юбориб, уни «бўлувчи феминистик кун тартиби» тарғиботчиси деб эълон қилди.
Хегсет даврида Пентагонда мухбирлар учун янги қоидалар жорий этилди: идора талқинига кўра, манбалардан рухсат этилмаган маълумотларни олишга интилган, ички ҳужжатларни қўлга киритган ёки маълумотлар сиздирилиши билан ишлаганлар аккредитациядан маҳрум этилиши мумкин бўлди. Ваҳоланки соҳа журналистларининг иши йиллар давомида айнан шунга асосланган эди.
Ҳарбий режалар ҳақидаги махфий маълумотларнинг сиздирилиши билан боғлиқ Signalgate жанжали Хегсет позицияси учун жиддий синов бўлди. 2025-йил март ойида Atlantic журнали бош муҳаррири тасодифан Signal мессенжеридаги ёпиқ гуруҳга тушиб қолди, у ерда АҚШнинг олий мансабдор шахслари, жумладан Хегсет Ямандаги ҳусийчиларга бериладиган Америка зарбаларини муҳокама қилишган. Бир неча ҳафта ўтгач, Reuters агентлиги Хегсет ўша операция тафсилотларини рафиқаси, акаси, шахсий адвокати ва бошқа яқинлари бўлган бошқа чатда ҳам бўлишгани ҳақида хабар берди.
Хегсет бўлишган маълумотлар махфий бўлгани ва қўлга туширилган тақдирда Америка ҳарбийлари хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигига қарамай, бу воқеа мудофаа вазири учун ҳеч қандай аниқ интизомий оқибатларга олиб келмади.
Сурат манбаси, Alexander Kubitza/DoW
Хегсет ўтган йили Пентагон биносида мудофаа вазири учун биринчи бўлган христианча ибодат хизматини ўтказгани билан ҳам ёдда қолади ва ўшандан бери улар ҳар ой ўтказиб келинмоқда, гарчи доим ҳам унинг раҳбарлигида бўлмаса-да.
Март ойида, Эрон билан уруш фонида, Хегсет «адолат ва бизнинг буюк миллатимиз душманларига қарши ҳар бир ўқ нишонга тегиши» ҳақида ибодат қилди.
Washington Post нашрининг ёзишича, содир бўлаётган воқеалар Пентагон армиянинг турли-туманлигини ҳисобга олиб, кўринарли диний бетарафликни сақлашга ҳаракат қилган эски нормани бузмоқда. Ҳар ойлик ибодат учрашувлари эса аллақачон черков ва давлатни ажратиш тарафдори бўлган Americans United for Separation of Church and State ташкилоти билан судлашиш мавзусига айланди.
Ҳаммаси режа бўйича
Хегсетга мудофаа вазири лавозимида мерос бўлиб қолган асосий мавзулардан бири Украина масаласи бўлди. Ўша пайтга келиб Россия томонидан бошланган уруш деярли уч йилдан бери давом этаётган эди; Жо Байден маъмурияти Киевга ҳарбий ёрдам юборар, Хегсетдан олдинги раҳбар даврида тузилган алоқа гуруҳи эса Украина армияси учун қурол ва ўқ-дориларни мувофиқлаштиришнинг асосий механизмига айланган эди.
Энг бошиданоқ Хегсет бу муаммога бошқача қарашини билдирди. 2025 йилнинг февралида Брюсселдаги иттифоқчилар учрашувида у Украинанинг 2014 йилгача бўлган чегараларига қайтиши реал эмаслигини, мамлакатнинг НАТОга аъзолиги эса тинч йўл билан ҳал этиш натижаси сифатида кўриб чиқилмаслигини очиқчасига айтди.
Эртаси куниёқ унинг сўзларини АҚШ президентининг Украина ва Россия бўйича махсус вакили ўринбосари Жон Коул юмшатишга мажбур бўлди. Мюнхенда у Вашингтон Украинанинг НАТОга эҳтимолий аъзолигини ҳам, унинг 2014 йилгача бўлган чегараларига қайтишини ҳам кун тартибидан олиб ташламаслигини айтди: унинг сўзларига кўра, музокараларда «барча вариантлар стол устида қолмоқда».
Сурат манбаси, Brendan SMIALOWSKI / AFP via Getty Images
Трампнинг инаугурациясидан тахминан бир ҳафта ўтгач, Хегсет Украина учун аллақачон тасдиқланган қуроллар бўлган 11 та юк рейсини тўхтатишга буйруқ берди. Булар ҳали Байден маъмурияти томонидан келишилган юкни етказиб беришлар эди.
Reuters маълумотларига кўра, бу буйруқ ҳатто Оқ уй, Давлат департаменти ва миллий хавфсизлик аппаратининг бир қисмини саросимага солиб қўйди: Трампнинг бу рейсларни тўхтатиш ҳақида тўғридан-тўғри топшириғи бўлмаган эди. Бир неча кундан кейин етказиб беришлар қайта тикланди.
Украина масаласида Хегсет ўзгаришлар жарчиси сифатида ёдда қолади. У Америка энди асосий юкни кўтаришни истамаслигини, Европа ўзини мустақил равишда қуроллантириш вақти келганини доимий равишда англатиб турган одам эди.
Бу йил 28-февралда АҚШ бошлаган Эрон уруши эса бутунлай бошқа масала. Хегсет хизмат қилган даврдаги Ироқ уруши каби, у ҳам америкаликлар орасида машҳур эмас. Маъмурият ҳаракатларини фақат 35% қўллаб-қувватламоқда.
Халқаро ҳуқуқ бўйича мутахассислар маъмурият Конгресс розилигисиз умуман уруш бошлаши мумкинмиди ва зарбалар кўламини айтилган ўзини ҳимоя қилиш зарурати билан ҳуқуқий жиҳатдан оқлаш мумкинми, деб баҳслашмоқда.
Хегсетнинг ўзи бу саволларга одатий тарзда жавоб берди: операция «нуқтали», «чексиз эмас» ва Эроннинг ракета имкониятларини, флотини ва бошқа инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган, деб ишонтирди.
19-март куни низо чўзилиб кетаётгани ҳақидаги танқидларга жавобан, у ҳаммаси режа бўйича кетаётганини таъкидлади.
Март ойи охирида Washington Post хабар беришича, тўрт ҳафта ичида АҚШ 850 дан ортиқ Tomahawk ракеталарини ишлатган ва бу Пентагон амалдорларининг бир қисмида хавотир уйғотган: юқори аниқликдаги қуроллар захираси чекланган. Ўша куни разведка вакиллари Reuters билан суҳбатда операция муваффақиятини баҳоладилар: уларнинг сўзларига кўра, АҚШ Эрон баллистик ракеталари арсеналининг фақат учдан бир қисми йўқ қилинганини ишонч билан тасдиқлай олиши мумкин эди.
Америка ҳарбийлари Эрон мактабига бехосдан зарба берганликда гумон қилинмоқда, расмий маълумотларга кўра у ерда 168 киши ҳалок бўлган, улардан 110 га яқини болалардир. Ҳужум ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Хегсет армия тинч аҳолига ҳужум қилмаслигини, бу зарба ҳолатлари эса текширилаётганини айтди.
Агар АҚШнинг жавобгарлиги тасдиқланса, бу Яқин Шарқдаги Америка кампанияларининг ўн йилликлари давомида тинч аҳолига берилган энг қонли зарбалардан бири бўлади.
Доналд Трамп иккинчи муддатига урушларни тугатиш ваъдаси билан келди, аммо айнан у томонидан бошланган ушбу уруш, минтақа ва жаҳон иқтисодиёти учун оқибатларини ҳисобга олсак, унинг асосий халқаро меросига айланиши мумкин.
Февралнинг охирида Эронга биринчи ракеталар учишидан олдин, президент ҳаракат вариантларини кичик бир маслаҳатчилар гуруҳи билан муҳокама қилган, деб хабар берди CNN.
Иштирокчилардан ҳеч бири бу операциянинг потенциал хавфларига эътибор қаратмаган, деб таъкидлайди телеканал манбалари.
Уларга кўра, Пит Хегсет Трампга урушни мажбурлаб ўтказмаган, аммо президент қарор қабул қилиши билан унинг асосий тарғиботчисига айланган.
«Унга юклатилган вазифага кўра, шундай бўлиши керак», деб тушунтирди CNN манбаси. «У ҳамон бу урушнинг муваффақият билан якунланиши учун масъулдир».
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз