Эрон уруши халқаро низолар бўйича меъёрлар остин-устун бўлганини кўрсатмоқда

Сурат манбаси, WANA via Reuters
- Author, BBC янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари ҳамда унинг энергетика инфратузилмасига қарши таҳдидлари, ўз навбатида, Теҳроннинг қўшниларига жавоб зарбалари халқаро урушларни тартибга солувчи меъёрлар остин-устун бўлганини кўрсатмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп камида икки марта Эроннинг энергетика объектларига жиддий зарба бериш билан таҳдид қилди. Ўтган ҳафта у агар Эрон Қатарнинг энергетика объектларига яна жавоб зарбаси берса, Эроннинг "Жанубий Парс" газ конини "бутунлай портлатиб" юборишини айтган эди. Шанба куни эса, агар Эрон раҳбарияти Ҳўрмуз бўғозини қайта очмаса, АҚШ Эроннинг "электр станцияларини, энг йирикларидан бошлаб, йўқ қилишини" маълум қилди.
Бу воқеалар қоидаларга асосланган глобал тартиб ичдан зил кетаётгани ҳақидаги хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтда юз бермоқда.
Халқаро жиноят суди (ХЖС) бош прокурори Луис Морено Окампонинг айтишича, қоидаларга асосланган глобал тартиб тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва давлатларнинг ўзини ҳимоя қилишдан бошқа ҳолатларда ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши рухсат бермаган тақдирда урушга кириш олдини олиш учун ишлаб чиқилган.
У Би-би-сига берган интервьюсида халқаро ҳуқуққа кўра Эронга қарши уруш тажовуз жинояти саналишини таъкидлади.
Морено Окампо, шунингдек, Трампнинг Эрон электр станцияларини бомбалаш ҳақидаги таҳдидлари ҳам, Эрон ва Исроилнинг бир-бирининг энергетика инфратузилмасига қилган ҳужумлари ҳам қонуний ҳарбий нишон ҳисобланмаслигини айтди. У бундай зарбаларни Россиянинг Украинадаги энергетика объектларига ҳужумларига қиёслади, зеро ўша ҳужумлар туфайли россиялик расмийларга ХЖС томонидан ҳарбий жиноятлар содир этганлик айблови қўйилган эди.
"Россиянинг Украинадаги, АҚШнинг Эрон ёки Венесуэладаги ҳаракатлари тажовуз жинояти деб аталади. Бу бир давлатнинг бошқа бир давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши қуролли куч ишлатишидир, вассалом", деди Морено Окампо.
"Биз энди [қоидаларга асосланган тизимдан] якка шахс ҳукмронлиги сари кетмоқдамиз, бугун президент Трамп нима қарор қилса, шу қоида бўлади. Бундай дунёнинг келажаги йўқ", дея қўшимча қилди у.
Бунга жавобан Оқ уй Морено Окампонинг баёнотини "сафсата" деб атади. Баёнотда айтилишича, Трамп "йўлдан озган, террорчи режим туғдираётган таҳдидни бартараф этиш учун қатъий чоралар кўрмоқда".
"Эроннинг минтақада тинч аҳолини ўлдираётгани президентнинг ушбу чорани кўриши нақадар муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди", дея қўшимча қилди Оқ уй расмийси.
Якшанба куни CBS News телеканалига берган интервьюсида АҚШнинг БМТдаги элчиси Майк Уолтцдан АҚШнинг Эрон электр станцияларига ҳужумлари ҳарбий жиноятга тенглашиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар ҳақида сўралганда, у шундай жавоб берди: "Режим ўта муҳим инфратузилмани ўз назоратига олган ва ундан нафақат ўз халқини эзиш, балки қўшниларига ҳужум қилиш ҳамда БМТ санкцияларига зид равишда ядро қуролига эга бўлиш йўлида фойдаланаётган бўлса, ўша объектлар қонуний нишонларга айланади".
Бироқ Морено Окампонинг таъкидлашича, Эроннинг ўзига ҳужум қилмаган кўрфаздаги қўшниларига зарба бериши ҳам халқаро ҳуқуқ бўйича тажовуз жинояти сифатида кўрилади.
На АҚШ, на Исроил, на Эрон Халқаро жиноят судига аъзо. Шунга қарамай, Трамп маъмурияти АҚШ ва Исроилга нисбатан аввалги терговлар учун қасос сифатида суднинг бир неча судьясига қарши санкциялар жорий қилган.

Сурат манбаси, Anadolu via Getty Images
Судни таъсис этган Рим статутига кўра, "ҳарбий объект ҳисобланмайдиган фуқаролик объектларига қасддан ҳужум қилиш" ҳарбий жиноят деб таърифланади, деди у.
Гарчи фуқаролик объектлари ҳарбий мақсадларда фойдаланилса, ўз ҳимоясини йўқотиши мумкин бўлса-да, бундай ҳолларда ҳужумлар жангчилар ва тинч аҳолини бир-биридан ажратиш каби халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши шарт.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Эрон электр станцияларига ҳужум қилиш тинч аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсир кўрсатиши мумкин, чунки эронликлар шундоқ ҳам электр таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда ва электр энергияси кўпинча уйларга сув чиқариш учун зарур бўлади.
Эроннинг маълум қилишича, агар АҚШ шундай зарба берса, бунга жавобан кўрфаздаги қўшниларининг энергетика ва сув таъминоти тизимларига ҳужум қилади. Душанба куни Трамп ўз таҳдидини беш кунга кечиктираётганини, чунки Эрон музокара олиб бораётганини айтди, бироқ Эрон расмийлари бу даъвони рад этди.
Уруш пайтида ракеталар Эрон ва Исроилдаги ядровий объектлар яқинига ҳам келиб тушди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти можаро "ўта хавфли босқичда" эканини айтиб, томонларни вазминликка чақирди.
АҚШ Давлат департаментининг собиқ ҳуқуқшуноси Браян Финукейн Би-би-сига айтишича, агар Трамп Эроннинг энергетика объектларига қарши ҳужумларни амалга оширса, "бундай ҳужумнинг қонуний бўлишини тасаввур қилиш қийин. У қонуний ҳарбий нишон бўлмаган объектларга ҳам ҳужум қилишга очиқ-ойдин тайёр".
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Исроил Теҳрон ва унинг атрофидаги бир нечта ёқилғи омборини нишонга олди, оқибатда улкан олов шари ҳосил бўлди ва ҳавони қуюқ тутун босди.
Эрон Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қувайт, Уммон, Ироқ ва Исроилдаги энергетика инфратузилмаларига ҳужумлар уюштирди. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён тўққиз мамлакатдаги камида 40 та энергетика объекти "жиддий ёки ўта жиддий" зарар кўрган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эроннинг Форс кўрфазидаги қўшниларига қилган ҳужумларини қоралади. Бироқ танқидчилар фикрича, АҚШнинг ўзи бундай меъёрларни очиқча бузаётгани Ғарбнинг Эрон томонидан халқаро ҳуқуқ бузилишини қоралашига путур етказмоқда.
Демократлар ва Республикачилар маъмуриятларида миллий хавфсизлик масалалари бўйича ишлаган Браян Катулиснинг айтишича, Трампнинг таҳдидлари "халқаро тартиб учун ўта нозик бир паллада" юзага келган.
У Би-би-сига берган интервьюсида АҚШнинг энергетика инфратузилмасига йўналган таҳдидлари ҳамда Эрон ва Венесуэладаги ҳаракатлари шундай ишора берганини айтди: "Энди хоҳлаганингизни қилишингиз мумкин. Қонун ишламайдиган ўрмон шаклланди. Бу, бир томондан, халқаро тизимда пишиб келаётган жараённинг жадаллашуви бўлди".
Катулиснинг таъкидлашича, Трампнинг Ҳўрмуз бўғозини ҳимоя қилиш учун самарали коалиция туза олмагани иттифоқчиларнинг АҚШга бўлган ишончи йўқолганининг бевосита натижасидир.
У, шунингдек, Трамп маъмурияти "бебош қайиқлар дипломатияси" даврини яратаётганини қайд этди.
Оқ уй буни рад этди. Расмий вакилнинг айтишича, Президент Трамп АҚШ ва унинг иттифоқчиларини ядровий Эрон таҳдидидан ҳимоя қилиш учун Американинг энг қудратли давлат сифатидаги мавқеини тиклаган.
"Унинг ўтмишдошлари 47 йил давомида Эрон таҳдидини жиловлаш ҳақида гапирган, аммо бу борада ҳеч нарса қилмаган – аксинча, улар террорчи режим ўз вайронкор салоҳиятини оширишига қўйиб бериб, мавжуд вазиятни сақлаб қолишни маъқул кўрган".




























