Ёш авлод дунё бўйлаб ҳукуматларни ағдариб ташламоқда – Ижтимоий тармоқ исёнлари сиёсат ва ҳаётни ўзгартирадими?

Сурат манбаси, Donwilson Odhiambo / Getty Images

Сурат тагсўзи, Кениядаги Z авлоди (Generation Z - 2000-йилларда туғилганлар) мамлакатдаги 1990 йиллардаги демократик ҳаракатни хотирладилар
    • Author, Луис Барручо ва Тесса Вонг
    • Role, BBC Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

Марокашдан Мадагаскаргача, Парагвайдан Перугача бўлган ёшларнинг норозилик намойишлари бутун дунёни қамраб олаяпти. Z авлоди, яъни 13 ёшдан 28 ёшгача бўлган ёшлар ҳукуматларга норозилик билдирмоқда ва ўзгаришларни талаб қилмоқда.

Бу ҳаракатлардаги умумийлик шуки, иштирокчилар нисбатан ёш ва ҳаракатлар асосан ижтимоий тармоқлар орқали қўзғатилмоқда. Бироқ, мутахассислар бу ҳаракатларнинг ўз ичида ўз ҳалокати уруғлари бўлиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирадилар.

Мадагаскарда электр энергияси ва сув танқислиги туфайли бўлган норозилик намойишлари ҳукумат ағдарилишига олиб келди.

Непалда коррупция ва қариндош-уруғчиликка қарши намойишлар Бош вазир истеъфосига сабаб бўлди.

Перуда ёшлар оломони коррупция ва ўсиб бораётган хавфсизлик муаммоларига қарши норозилик билдириш учун автобус ва такси ҳайдовчилар билан бирга Конгрессга юриш қилдилар.

Сурат манбаси, .

Индонезияда вақтинчалик ишчилар ижтимоий таъминот қисқаришига қарши норозилик билдирдилар.

Марокаш ҳам сўнгги йиллардаги энг йирик ҳукуматга қарши митингларга гувоҳ бўлди.

Намойишчилар соғлиқни сақлаш ва таълимни яхшилашни талаб қилиш билан бирга, Жаҳон чемпионати стадионларига сарфланган миллиардлаб доллар маблағларни танқид қилдилар.

Сурат манбаси, Klebher Vasquez / Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Z авлоди намойишчилари Перуда расмийларнинг коррупцияга ботгани даъволари ҳамда хавфсизлик вазияти ёмонлашаётганига қарши ташкил қилинган норозилик намойиишида парламент биносини қўриқлаётган полиция билан тўқнашдилар

Ушбу норозилик ҳаракатларининг барчасида ижтимоий тармоқлар бирдамлик, тактик мувофиқлаштириш ва чегаралараро тажриба алмашиш платформаси сифатида марказий рол ўйнади.

Германиянинг Глобал ва минтақавий тадқиқотлар институти ходими Жанжира Сомбатпонсирининг айтишича, бироқ булар "рақамли алоқа орқали шаклланган ёшлар бошчилигидаги норозилик намойишларининг 15 йиллик тўлқини" давомидир.

Сурат манбаси, Abu Adem Muhammed / Anadolu via Getty Images

Сурат тагсўзи, Марокашда йилларки бу қадар йирик аксилҳукумат юришлари уюштирилмаган эди. Бу галги протестларни Gen Z ташкиллаштирди

Бу тўлқин 2010-2011 йиллардаги Араб баҳорини, 2011 йилдаги "Уолл-стритни эгалланг" ҳаракатини, 2011-2012 йилларда Испанияда бюджет харажати қисқаришига қарши "Индигнадос" ҳаракатини, Таиланд (2020-2021), Шри-Ланка (2022) ҳамда Бангладеш (2024)даги демократияни қўллаб-қувватловчи намойишларни қамраб олади.

Сурат манбаси, Akila Jayawardana / NurPhoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, Шри-Ланка Ёшлар Иттифоқини қўллаб-қувватлаётган намойишчи 2022 йил сентябрида пойтахт Коломбода полиция сафи қаршисида турипти

"Коррупция яққол кўринади"

АҚШнинг Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси таҳлил маркази катта илмий ходими Стивен Фелдштейн бу ҳодиса илдизларини янада узоқроққа – 2001 йилда Филиппиндаги Иккинчи халқ ҳокимияти инқилобида SMS хабарлари муҳим рол ўйнаганига боғлайди.

"Ёшларнинг оммавий ҳаракатлар учун технологиядан фойдаланиши янгилик эмас," дейди у.

Аммо ҳозирги фарқ шундаки, технологиялар жуда такомиллашган – мобил телефонлар, ижтимоий тармоқлар, мессенжер иловалари ва сўнгги пайтларда сунъий интеллектнинг кенг қўлланилиши одамларни сафарбар этишни осонлаштирмоқда.

Сурат манбаси, Prabin Ranabhat / AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Яқинда Непалдаги протестлар қонли тўқнашувларга айланиб кетди. Оқибатда камида 70 инсон ҳалок бўлди, 2000 дан ортиқ киши яраланди

Жаноб Фелдштейн шундай дейди: "[Z авлод] шундай улғайган – улар шундай мулоқот қилади.

Бу авлоднинг ўзаро алоқалари бунинг табиий кўринишидир."

Расмлар ва хабарлар аввалгидан узоқроқ ва тезроқ тарқалмоқда, ғазаб ва бирдамликни кучайтирмоқда.

Австралия Миллий университети социологи Афина Чаран Престо шундай дейди: "Ижтимоий тармоқлар ҳаёт тарзи ҳақидаги оддий бир постни сиёсий ҳужжатга ва кўп ҳолларда бирдамлик чақириғига айлантирди.

Коррупция кўпинча ҳисоботларда ёки суд жараёнларида мавҳум бир нарсадек туюлади, лекин одамларнинг қурилмаларида яққол кўринади.

Энди элитанинг қасрлар, спорт машиналари, қимматбаҳо сумкалар кўринишидаги ҳашаматли ҳаёти ва оддий одамларнинг кундалик қийинчиликлари ўртасидаги фарқ шахсий ҳақоратга айланмоқда, бу ерда коррупция кўринарли тус олади."

Сурат манбаси, Instagram / sgtthb

Сурат тагсўзи, Непаллик сиёсатчининг ўғли Инстаграмда эълон қилган Янги йил арчаси олдидаги қимматбаҳо совғалар билан тушган фото сурати мамлакатда кенг миқёсдаги норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлди

Бу йил сентябр ойида Непалда айнан шундай бўлди – у ерда бир сиёсатчининг ўғли ҳашаматли бренд қутиларидан ясалган Мавлуд арчаси ёнида тургани акс этган Instagram сурати норозилик намойишларига сабаб бўлди. Худди шу ҳолат Филиппинда ҳам кузатилди.

"Непал сингари, бу Филиппиндаги ёшларга ҳам таъсир қилди, чунки у аллақачон маълум бўлган нарсани – сиёсий элиталарнинг ҳашаматли турмуш тарзини кўрсатди," дейди Престо хоним.

"Филиппин мисолида эса бу ҳашаматли ҳаёт сиёсатчиларнинг тобора кўпроқ филиппинликлар чўкаётган сув тошқинларини назорат қилиш лойиҳаларидан ўғирлагани билан бевосита боғлиқ."

Ижтимоий тармоқлар, шунингдек, чегаралар оша норозилик тактикаларини ўрганиш имконини берди.

Сурат манбаси, Delphia Ip / NurPhoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, Thai protesters adopted Hong Kong's "be water" tactic - shifting rally locations last minute, via Telegram, to outmanoeuvre police

MilkTeaAlliance хештеги, Ҳонконгнинг 2019 йилдаги норозилик намойишлари натижасида пайдо бўлган умумосиё демократия тармоғи Мянма, Таиланд ва ундан ташқаридаги фаоллар учун марказга айланди.

Мисол учун, таиландлик намойишчилар Ҳонконгнинг "сув каби бўл" ёндашувини ўзлаштирдилар – сўнгги дақиқаларда Telegram каналлари орқали митинглар жойини ўзгартириб эълон қилиш орқали полицияни чалғитдилар.

"Бу тактика фуқароларга кузатув ва ҳибсдан қочишга ёрдам берди," дейди Сомбатпонсири хоним.

Қўш тиғли қилич

Сурат манбаси, Anusak Laowilas / NurPhoto via Getty Images

Интернетдаги норозилик тарқалишига кўплаб авторитар режимлар цензура ва куч ишлатиш билан жавоб берди. Аммо мутахассислар огоҳлантиришича, бундай чоралар кўпинча акс таъсир кўрсатади – айниқса, давлат зўравонликларининг жонли эфирдаги тасвирлари жамоатчилик ғазабини қўзғатганда, янада каттароқ намойишларни келтириб чиқаради.

Бангладешнинг 2024 йилдаги қатағони бунга мисол бўла олади – Авами лигаси ҳукумати интернетни ўчириб қўйди, Рақамли хавфсизлик тўғрисидаги қонун доирасида мухолифларни ҳибсга олди ва талаба фаолларга қарата ўқ узди. Бироқ биргина сурат – полиция томонидан отиб ўлдирилган талаба Абу Саиднинг сурати уни шаҳидга айлантирди ва намойишчиларнинг янги тўлқинларини кўчаларга олиб чиқди.

Сурат манбаси, NurPhoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, 2024 йил 31 декабридаБангладеш пойтахтида ташкил этилган "Бирдамлик юриши" иштирокчилари

Шри-Ланка, Индонезия ва Непалда ҳам шунга ўхшаш вазиятлар кузатилди: намойишчиларнинг ўлдирилиши халқ ғазабини алангалатди, талабларни кескинлаштирди ва баъзи ҳолларда ҳукуматлар ағдарилишига олиб келди.

Ижтимоий тармоқлар норозилик ҳаракатларини кучайтирса-да, айни пайтда уларни парчаланиш ва қатағонларга ҳам дучор этади.

Сурат манбаси, Anusak Laowilas / NurPhoto via Getty Images

Сурат тагсўзи, Таиландда аксилҳукумат намойишчилар Таиланд Жиноят Кодексидан қиролни обрўсизлантириш бандини олиб ташлашни талаб қилдилар

Сомбатпонсири хоним таъкидлашича, етакчисиз ҳаракатлар "мослашувчанлик ва тенглик туйғусини" беради, бироқ бундай гуруҳлар инфильтрация, зўравонлик ёки мақсадлар ўзгаришига мойил бўлиши мумкин.

Таиландда бошқарув монархия бўлишига қарамай, "Таиланд Республикаси" каби хештеглар ва коммунистик рамзлар акс этган постлар эҳтимолий иттифоқчиларни узоқлаштирди, натижада 2020-йилги демократия тарафдори бўлган ҳаракат онлайн баҳслар туфайли парчаланиб кетди.

Сурат манбаси, Patrick Baz / AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, "Араб Баҳори"да Яқин Шарқ ва шимолий Африка мамлакатларида аксилҳукумат қўзғолонлар кузатилди

Непал ва Бангладешда эса яхши мувофиқлаштирилмаган намойишлар вақти-вақти билан зўравонликка айланиб кетди.

Шу билан бирга, тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, ҳукуматлар рақамли воситаларни фаолларга қарши ишлатмоқда.

"Араб баҳоридан бери ҳукуматлар сунъий интеллектга асосланган кузатув тизимларини, қаттиқроқ цензурани ва репрессив қонунларни жорий қилди. Бу эса фаолларни доимий хавф остида ишлашга мажбур қилмоқда," дейди Сомбатпонсири хоним.

Экспертлар ижтимоий тармоқлар асосидаги норозилик намойишларининг узоқ муддатли таъсирини ҳам муҳокама қилмоқда.

Ҳарвард университетининг 2020-йилги тадқиқотига кўра, 1980 ва 1990-йилларда қуролсиз кампанияларнинг 65 фоизи муваффақиятли бўлган, аммо 2010 ва 2019 йиллар оралиғида бу кўрсаткич 34 фоизга тушган.

"Оммавий ҳаракатлар ҳукуматлар ёки режимларда ўзгаришлар олиб келса ҳам, узоқ муддатли ўзгаришларга кафолат йўқ," дейди Сомбатпонсири хоним.

"Норозиликлар Сурия, Мянма ва Ямандаги каби фуқаролик урушларига айланиб кетиши мумкин. Бу эса рақиб гуруҳларни ҳокимият учун курашишга ундайди. Ёки Миср, Тунис ва Сербиядагидек, ислоҳотлар аввалги режимларнинг мустаҳкам тизимини бузишга ожизлик қилгани боис, автократлар қайтиб, ўз таъсирини мустаҳкамлаши мумкин."

Ҳештеглардан ташқари

Сурат манбаси, FITA / AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Экспертларга кўра, онлайн ва офлайн ёндашувларни бирлаштирган "Гибрид стратегия ҳақиқий ўзгаришлар ясаш учун ўта муҳим

Жаноб Фелдштейн шундай дейди: "Моҳиятан, ижтимоий тармоқлар узоқ муддатли ўзгаришларга мўлжалланмаган.

Уни давом эттириш учун алгоритмлар, ғазаб ва ҳештегларга таянасиз.

Ўзгариш бўлиши учун одамлар тарқоқ онлайн ҳаракатдан узоқ муддатли, ҳам жисмоний, ҳам онлайн алоқаларга асосланган ҳаракатга ўтиши лозим."

Мутахассислар, шунингдек, "гибрид стратегиялар" зарурлигини таъкидлайдилар.

Сомбатпонсири хоним айтишича, "ушбу стратегияларда онлайн фаоллик иш ташлаш ва митинглар каби анъанавий норозилик шакллари билан бирлашиши керак.

Фуқаролик жамияти, сиёсий партиялар, институционал иштирокчилар ва онлайн ҳаракатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган кенг қамровли иттифоқлар ҳам муҳим аҳамиятга эга."