Ўзбекистон: Sabzi Миллий Банк билан судлашаяпти, Украина урушидаги иштирок учун 3 йиллик қамоқ, Starlink тақиқи ёмон қонунми?

Адлия рамзи

Сурат манбаси, gazeta.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон ҳукумати билан ҳуқуқий баҳсга киришган Solfy ширкати ишида янги айблов илгари сурилди.

Solfy ва унинг асосчиси Максим Полетаев ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Amsterdam & Partners LLP ширкати Ўзбекистон ҳукуматини "тужжорий гаровга олишни тўхтатиш", юридик можарога киришишнинг халқаро стандардларига мос иш тутишга чақирди.

Amsterdam & Partners LLP эълон қилган баёнотда айтилишича, "SOLFY ва Ўзбекистон Миллий Банки ўртасида муҳокамалар давом этиб турган бир вақтда SOLFY Ўзбекистон бош директори Ҳасанов Ўктам тўсатдан ярим тунда ушланган, бу ҳойнаҳой, SOLFYдан максимум фойда олиш мақсадида ташкил этилган".

Solfy асосий сармоядори Максим Полетаев финтех ширкати билан Ўзбекистонда юз бераётган сўнгги ҳодисаларни бизнесни тортиб олиш мақсадидаги босим деб таърифлади.

Solfy Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтган финтех ширкат.

У Ўзбекистонда Sabzi тўлов тизими сифатида фаолият юритади.

Шу йил февралида қароргоҳи Лондон ва Вашингтонда жойлашган Amsterdam & Partners LLP халқаро ҳуқуқ фирмаси Solfy билан Ўзбекистон Миллий Банки ўртасидаги юридик баҳсда Solfy ҳамда Максим Полетаев ҳуқуқини муҳофаза қилишга киришганини эълон этган эди.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Ўзбекистоннинг тўлиқ давлат назорати остидаги банки ҳисобланади.

Sabzi тўлов тизими веб сайти

Сурат манбаси, sabzi.uz

Сурат тагсўзи, Solfy Ўзбекистонда Sabzi тўлов тизими сифатида фаолият юритади.

Яна бир ўзбекистонлик Украина урушида қатнашгани учун қамалди

Ўзбекистондаги gazeta.uz нашри хабар қилишича, Андижон вилояти Марҳамат туман суди Россия-Украина урушида Россия томонидан қатнашган 26 ёшли Д.М.га уч йиллик қамоқ жазоси белгилади.

gazeta.uz ёзишича, Д.М. 2021 йили Россияга пул ишлаб топиш мақсадида борган.

2022 йил сентябригача отаси билан бирга турли ишларда ишлаб юрган.

2022 йил сентябрида отаси бир маҳаллий рус киши билан тортишиб қолади.

Iqtibos

Полиция ота-болани қамаб қўяди ва Украинадаги урушда қатнашиш учун шартнома имзоласа озод этиш шартини қўяди.

"Иложсизликдан рози бўлиб, 3 ой муддатга улар билан шартнома имзоладим", — деган судда Д.М.

Д.М.Луганск шаҳрида ҳарбий ўқувдан ўтган, кейин ошпазлик қилиб, ошхонада ишлаган.

Уч ойлик шартномаси муддати тугаганидан кейин Москвага қайтиб келиб, ишини давом эттирган.

У 2025 йил 22 апрелида Москвадан Қозоғистонга ҳужжатларини кирди-чиқди қилиши зарур бўлиб, келганида ушланган.

Ботир Қобилов

Сурат манбаси, YouTube/CACTUZ

Самарқанд божхоначилари Ўзбекистонга Starlink сунъий йўлдош ускунасини божхона декларациясида қайд этмай олиб киришга ҳаракат қилган шахсга нисбатаан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди.

Ўзбекистонлик таниқли иқтисодий таҳлилчи, Гарвард профессори Ботир Қобилов ушбу хабарга муносабат билдирди.

"Старлинк ускунасини Ўзбекистонга олиб кириш ноқонунийлигини айтиб қолишди. Қонунчиликда шундай ёзилган бўлса демак бу жуда ёмон қонун. Яна бир бор эслатаман, кўчада 2026 йил.

Янги технологиялардан фойдаланишга тақиқлар барчанинг зарарига ишлайди. Агар кимдир тезроқ интернетдан фойдаланаман деса бундан ғараз ният кўриш керак эмас. Тоққа ҳайкинг қилгани, кампинг қилгани чиққанда интернетдан фойдаланаман деб Старлинк олиб ишлатса, уйда тезроқ интернетим бўлсин деса Старлинкдан яхшироқ алтернатива йўқ.

Старлинкни маҳаллийлаштира олмайди барибир ҳеч ким. Уриниш ҳам аҳмоқона ғоя.

Мен узоқ масофага учсам самолётимда Старлинк борми йўқми деб текширяпман. Бўлса, ўша авиалиниядан чипта оламан. Масалан, United Airlines Старлинк қўйишни бошлади, айнан шуни деб унда Японияга учдим. Qatar Airlinesда ҳам Старлинк бор, айнан шуни деб Истанбул эмас, Доҳа орқали транзит қилаётган эдим.

Дронларга ўхшаб Старлинк учун ҳам таъқиқ бу ўзимизнинг прогрессни секинлаштиради", деб ёзди Ботир Қобилов ўзининг Uzbekonomics Телеграм каналида.