БМТ: Эрон уруши туфайли 30 миллиондан ортиқ одам қашшоқликка юз тутади

БМТнинг юқори лавозимли расмийси огоҳлантиришича, Эрон уруши дунё бўйлаб 30 миллиондан ортиқ одамни қашшоқлик бағрига итқитади.
Бунинг асосий сабаби Ҳўрмуз бўғози "ёпиб қўйилгани", айни баҳор фаслидаги экин-тикин ишлари учун зарур ёқилғи етиб келмаслиги ва бу ёқилғи тақчиллиги деҳқончилик учун зарур ўғитларнинг далага олиб чиқилмаслигидир.
БМТнинг Тараққиёт дастури раҳбари Александер де Кру ўз хавотирини 23 апрел куни журналистларга изҳор қилди.
Ер сайёрасининг экватордан шимолида март-апрел деҳқонлар баҳорги дала ишларига киришадиган мавсум.
28 февралда АҚШ ва Исроил Эронга зарбалар бошлагани ортидан Эрон Ҳўрмуз бўғозидан кемалар ўтишини тақиқлади.
Эрон билан Ўмон ўртасидаги бўғоздан дунё нефтининг 20 фоизи ўтади.
Бўғоз ёпилиши аллақачон ўғитлар тақчиллига, ўғитлар тақчиллиги эса деҳқончилик маҳсулдорлиги пасайишига олиб келди, деди Белгиянинг собиқ бош вазири, бугунги БМТ Тараққиёт дастури маъмури Александер де Кру.
Оқибатда бу йилги ҳосил анча камаяди, деди у.

"Уруш ортга қараб ҳаракатланиш. Бутун жаҳон бўйлаб 0,5 фоиздан 0,8 %гача Ялпи Ички маҳсулот йўқотилди. Дунёнинг энг ночор мамлакатлари учун бу нимани англатади? Бу дегани, 32 миллион одам яна қашшоқликка қайтди, деганидир. Бу мамлакатлар охирги ўн йилликларда зўрға қашшоқликдан қутулган эдилар. Бугун эса қатор сабабларнинг жамланмаси оқибатида шафқатсиз йўлда ортга қайтарилдилар", деди Александер де Кру.
"Биринчидан, энергия нархлари кўтарилиб кетаяпти, энергетика тақчиллиги, жуда драматик тарзда таъсир қилган ўғитлар таъминоти билан боғлиқ озиқ-овқат таҳдиди", деди БМТ расмийси.
"Озиқ-овқат хавфсизлигининг йўқлиги бир неча ойдан кейин чўққисига чиқади. Бу ерда қўлимиздан келадиган нарса кам. Агар уруш эртага тугайдиган бўлса ҳам, у келтириб чиқарган оқибатлар 30 миллиондан зиёд кишини ортга, қашшоқликка қайтаради", деди Александер де Кру.
Дунёдаги қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган ўғитларнинг салмоқли қисми Яқин Шарқ мамлакатларидан келади ва глобал таъминотнинг учдан бир қисми Ҳўрмуз бўғозидан ўтади.
Апрел ойи бошида Жаҳон Банки, Халқаро Валюта жамғармаси ва БМТнинг Озиқ-овқат дастури Эрон уруши озиқ-овқат нархларини кўтариб юбориши, мамлакатларнинг иқтисодий ўсишигаа салбий таъсир кўрсатиши, дунёнинг камбағал аҳолиси ҳаёти янада оғирлашишидан огоҳлантирган эди.
БМТ расмийсига кўра, ушбу инқироз халқаро ташкилотлар озиқ-овқат билан ёрдам бериб келаётган Ғазо, Судан ва Украинадек мамлакатлардаги кўмакка муҳтожларнинг аҳволини янада қийинлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирди.





























