Россия нефт ва газ импортини оширмоқчи, "дежурний жабрланувчи" "инновацияси", Ўзбек АЭСига Беларус экспертлари

Сурат манбаси, government.ru
Россия Ўзбекистонга нефт ва табиий газ етказиб бериш ҳажмларини оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия Бош вазири Михаил Мишустинга таяниб хабар қилди Kun.uz нашри.
"Россия нефти ва табиий газини етказиб беришни давом эттириш ва ошириш бўйича келишувларга эришилди", деди Мишустин икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этган йиғилишда.
Мишустиннинг Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашувда айтишича, углеводород экспортларини кенгайтиришдан ташқари, Россия Ўзбекистон энергетка инфратузилмасини модернизация қилишда ҳам иштирок этмоқда.
Бу ҳамкорлик янги қудуқлар бурғулаш, қайта ишлаш иншоотларини янгилаш ва газ ташиш тизимини модернизация қилишни ўз ичига олади.
Расмийларга кўра, энергетика соҳаси ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон тарафидан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим йўналиш сифатида кўрилмоқда.
Ҳисоботга кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 2025 йилда 12,5 фоизга ўсиб, деярли 1 триллион рубл (13,2 миллиард доллар)ни ташкил этган.
Москва билан Тошкент ўзаро савдони 2030 йилга бориб 30 миллиард долларга етказишни кўзламоқда.
Kun.uz хабар қилишича, Арипов энергия соҳасидаги ҳамкорлик барқарор ривожланиб бораётганини таъкидлар экан, Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Россия лойиҳаси асосида атом электр станцияси қурилиши икки томонлама шерикликда "янги саҳифа" очганини таъкидлаган.
Россиядан Ўзбекистонга нефт ва газ етказиб беришни ошириш режасининг аниқ кўрсаткичлари ошкор этилмаган.
Қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш учун навбатдаги йирик майдон июн ойида ўтказилиши режалаштирилган Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиши хабар қилинди.
Милициянинг "дежурний жабрланувчи"лари

Сурат манбаси, tergov.uz
Агар бир туманда бир йил давомида мисол учун 100 та жиноят иши қўзғатилган бўлса ва уларнинг 10 тасидаги жабрланувчининг исм-шарифи бир хил бўлса, бу нимани англатади?
Туман милициясида жиноят иши қўзғатаётган мансабдорларнинг ўзлари Ўзбекистон қонунчилигини бузиб жиноят содир этаётганини.
Буни аниқлаш қийинми?
Йўқ, ўша 100 та жиноят ишида ёзилган жабрланувчи исм-фамилиясига бирров назар ташлашнинг ўзи етарли.
Айрим милиция ходимлари ўз лавозимини суистеъмол қилиб, бегуноҳ одамлардан "дежурний жабрланувчи" деб номланаётган сохта гувоҳлар билан жиноят иши қўзғатишни касбга айлантирганлари янгилик эмас.
Бундай ҳолатлар ҳақида Ўзбекистондаги "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов расмийлар, хусусан, суд тизими раҳбарлари билан учрашувларда айтган.
Яқинда kun.uz веб-нашри Жиззах вилоятида "дежурний жабрланувчи"ни жалб қилиб жиноят иши ясалгани, бу шахс бундан олдин бир неча жиноят ишларида аризачи сифатида қатнашгани фош бўлгани ҳақида ёзди.
Суд бу ясама жиноят ишини рад этди.
Журналистлар матбуот анжуманида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Рамазон Ашроповдан "дежурний жабрланувчи" ясама жиноят ишлари ҳақида савол бердилар.
Вазир ўринбосари Рамазон Ашропов айтишича, вазирликда ушбу масала юзасидан текширувлар бошланган.
Ашропов сўзларига кўра, текширувлар якунида "дежурний жабрланувчи" ҳолатлари аниқланса, тегишли чоралар кўрилади, шунингдек, судлар томонидан юборилаётган ажримлар ҳам ўрганилаяпти.
Ўзбек АЭСига Беларус экспертлари

Сурат манбаси, Telegram/O'zAtom
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовнинг Беларус Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич билан учрашувида Ўзбек АЭСига беларуслик мутахассисларни жалб қилиш масаласи кўтарилган.
"Мамлакатимиз Президенти, бизнинг ҳурматли Шавкат Миромонович [Мирзиёев] бизга Беларусдан мутахассисларни жалб қилишимиз кераклигини айтди. Бизга тушунтириб берадиган нейтрал мутахассислар керак. Биз сизнинг мутахассисларингиз сифати аъло эканини биламиз", деган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов.
"Томонлар фаол ҳамкорлик қилишга, жумладан, Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасига беларуслик мутахассисларни техник маслаҳатчи сифатида жалб этишга ҳамда Жиззах вилоятида замонавий атомчилар шаҳрини биргаликда барпо этишга тайёр эканликларини тасдиқладилар", дея хабар қилди "ЎзАтом" атом энергияси агентлиги Телеграм канали.
Беларус томони Ўзбек АЭСи қурилиши ва ишга тушганидан кейин унга хизмат кўрсатишга Беларус ширкатларини жалб этишни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.
24 март куни Жиззах вилоятининг Фориш туманида биринчи АЭС пойдеворини қуриш бошланди.

2 апрел. Ўзбекистондаги норозилик турлари: дарахтга чиқиб олиш ё чиқинди ташлаш. Ҳамда Хоразмда қўлга олинган йирик онлайн фирибгарлар гуруҳи

Сурат манбаси, Tashkent Today
Дарахтга чиқиш орқали Олий суд раиси билан учрашувга эришилди
Олий Суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг маълум қилишича, 30 март куни А.Ч. исмли 1979 йилда туғилган тошкентлик фуқаро Олий Суд биноси ёнидаги дарахтга чиқиб, ўзига оид жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларидан норозилигини билдирган.
Фотода дарахтга чиқиб олган эркакнинг қўлида плакат борлигини кўриш мумкин, аммо уни ўқиш қийин. Расмда, шунингдек, унга икки хавфсизлик хизматлари ходими қараб турганини кўриш мумкин.
Матбуот котибининг айтишича, фуқаро сўнг пастга туширилиб, жисмоний ҳолати текширилди, унга шикаст етмаганлиги аниқланди. Шундан сўнг А. Ч. Олий суд раиси Б. Исломов томонидан қабул қилиниб, унинг шикояти тегишли тартибда ўрганиш учун расмийлаштирилди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Олий Суд тарқатган баёнотда айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2020 йил 5 октябрдаги ҳукмига кўра А. Ч. Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми билан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланиб, унга Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми "а" банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми юқори инстанция судларида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.
Бундан ташқари, А. Ч. 2025 йил 29 ноябрь куни Олий суд раиси томонидан қабул қилиниб, унга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириш учун асослар етарли эмаслиги маълум қилинган.
"Айтиш жоизки, фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, улар Олий судга белгиланган процессуал тартибда эркин ва тўсиқсиз мурожаат қилиш имкониятига эгадир. Шу боис, мурожаат қилиш учун ноодатий ёки хавфли ҳаракатларга қўл уришнинг ҳожати йўқ. Хусусан, мазкур ҳолатдан келиб чиқиб таъкидланадики, Олий судга мурожаат қилиш учун "дарахтга чиқиш" каби ҳаракатлар талаб этилмайди ва бундай усуллар масалани ҳал этишга хизмат қилмайди," - деб ёзди Абидов.
Наманганда норозиликнинг яна бир ғайриоддий тури қўлланди

Сурат манбаси, Kun.uz
Янги Наманган тумани Янги замин маҳалласида чиқиндилар бир неча ойдан бери олиб кетилмаётганидан норози бўлган маҳаллий яшовчилар чиқиндини машинага юклаб, "Musaffo iqlim" МЧЖ қаршисига ташлаб кетишди.
Кун.узга берган интервюсида улар, хусусан, шундай дейишди: "Чиқинди хизмати учун шартнома қилганмиз. Бир ойда тўрт марта чиқиндини олиб кетишлари керак. Лекин улар ҳар хил баҳоналар билан бир ойда икки марта келамиз дейишди. Унга ҳам рози бўлдик. 2025 йилда ҳам чиқинди тўпланиб кетиб, ҳаммаёқ бадбўй ҳидга тўлган эди. Ўшанда ҳам мана шу "Комби"машинамга юклаб, идора ёнига ташлаб келган эдик. Бу сафаргисида имкон бўлмади, бормаган жойимиз қолмади. Ички ишларга мурожаат қилмадик холос.»
Норози фуқаролардан бирининг айтишича, "Musaffo iqlim" МЧЖ кўрсатилмаётган хизмат учун пулни автоматик равишда олишаверади, лекин хизмат кўрсатишмайди. «Охирги марта январ ойида келишган,» - дейди у.
Bakiroo ўз Телеграм каналида ёзишича, ерли хонадонлардан чиқинди ҳар уч кунда олиб чиқиб кетилиши керак.
«Ойига икки марта эмас. Икки ё уч ойда мир марта эмас. Маҳаллий ҳокимликлар билан илдизи чатишиб кетган чиқинди қироллари чиқинди бўйича тўловлар электрга мажбурий улангач, янада авжига чиқишмоқда. Яъни уларда ҳеч қандай хизмат кўрсатмай ёки лозим даражада хизмат тақдим этмасдан, қиммат тўловларни бебилиска олиш имконияти пайдо бўлди», - дейди у.
"Musaffo iqlim" МЧЖ бу ҳодисага қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум.
Онлайн фирибгарлар қўлга тушди

Сурат манбаси, ИИВ
Ички Ишлар Вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Хоразм вилоятида фуқароларнинг банк карталаридан 1 млрд сўмдан ортиқ маблағни ўғирлаган гуруҳ аниқланди. Улар Telegram орқали фуқаролар аккаунтларини бузиб кирганлар.
ИИВга кўра, вилоятнинг Хонқа туманида туғилган шахслардан иборат гуруҳ бошқа фуқаролар номига расмийлаштирилган банк карталари ва мобил сим-карталардан фойдаланган.
Хабарда ушбу гуруҳ Telegram да ёпиқ гуруҳлар ташкил этиб, Android қурилмалари учун мўлжалланган APK форматдаги вирусли файлларни тарқатиб келгани айтилади. Ушбу файллар орқали фуқароларнинг Telegram аккаунтларига бузиб кирилган.
Шундан сўнг жабрланувчилар номидан уларнинг яқинларига турли сохта хабарлар юборилиб, пул маблағлари ўтказиб олинган. Шунингдек, телефонларга уланган банк карталари орқали ҳам маблағлар ечиб олинган.
Тергов маълумотларига кўра, ўғирланган маблағларнинг бир қисми вилоят ҳудудидаги банкоматлар орқали нақд пулга айлантирилган. Қолган қисми эса Binance, Tonkeeper ва Bitget каби криптовалюта платформалари орқали бошқа шахслар номига ўтказилиб, криптоактивлар айланмасига киритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Dentons ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда онлайн фирибгарлик 2020 йилдан бери 48 баравар ошган.





























