Эндрю Тейт Амир Темурни қароқчи деди

Эндрю Тейт

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда зарбоф тўнлар билан катта ҳурмат-эътибор кўрсатиб кутиб олинган инфлюэнсер Эндрю Тейт Ўзбек давлатчилиги асосчиси Амир Темур ҳақида видео эълон қилди.

Амир Темурга нисбатан ўзининг ҳурматини намойиш этиш мақсадидаги видеода Эндрю Тейт буюк империя барпо этишдан олдин Амир Темур "одамларни талаган" деди.

Қатор ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини очиши тақиқланган Буюк Британия ва АҚШ фуқаролигига эга Эндрю Тейт — можаролар билан танилган кикбоксчи ва блогер бўлиб, Амир Темур жасоратига бағишланган видеосини Самарқанддаги Амир Темур ҳайкали пойида тасвирга олди ва Х(собиқ Твиттер)даги саҳифасида эълон қилди.

Эндрю Тейт ва укаси Тристан Тейт устидан бир нечта давлатда жиноий ишлар доирасида терговлар давом этаяпти.

Руминияда ака-ука одам савдоси, аёлларни жинсий эксплуатация қилиш ва пул ювиш билан боғлиқ жиноятларда гумон этилаяптилар.

Тергов ҳужжатларига кўра, жабрланувчи аёллар романтик муносабатлар орқали жалб қилинган бўлишлари мумкин.

Буюк Британияда унга зўравонлик, соғлиққа зарар етказиш ва фоҳишаликни назорат қилиш каби айбловлар қўйилган.

АҚШда эса одам савдоси билан боғлиқ тергов давом этаяпти.

Ҳозирча барча ишлар тергов босқичида, якуний суд қарорлари чиқарилмаган.

Эндрю Тейтнинг аёлларга нафрат ва зўравонлик ҳақида билдирган кескин фикрлари матбуотда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шундай бир шароитда Эндрю Тейт ва укасининг Ўзбекистонда тантанали кутиб олиниши Ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан салбий қабул қилинди.

"Жинсий зўравонликда айбланаётган Эндрю Тейт Тошкентда тантанали кутиб олинди" деб ёзди Qalampir.uz веб-нашри.

"Гиж бада-банг билан Эндрю Тейт ва унинг укасини халқаро аэропортда кутиб олишибди. Карнай-сурнай, зар чопон… Ким у дейсизми?

Одам савдоси, қўшмачилик, уюшган жиноятчилик билан Румыня, Буюк Британия ва АҚШда айбланган, (жиноят иши очилиб, тергов кетаяпти), мизогин жиноятчини бошимизга кўтариб ўтирибмиз.

Биронта олим, маданият соҳа вакилига шундай тавозе кўрсатилса хўп-хўп. Лекин мана бунақа одамга… No comment!

Хўрозқанд чет элники деса ётволиб ялашади,

Жиноятчи импортный бўлса зар чопон кийдиришади.

Эскобар тирик бўлганида, униям олиб келишарди", деб ёзди ўзбекистонлик таниқли блоггер Ақида Хоним.

Iqtibos

"Агар Жеффрей Эпштейн ва Берние Мадофф ҳам оламдан ўтиб кетишмаганда уларни ҳам Эндрю Тейтга ўхшаб карнай-сурнай ва тўн кийдириш маросими билан кутиб олган бўлармидик?

Эслатма: Тейт ака-укалар одам савдоси ва жинсий зўравонликда айбланиб бир нечта мамлакат судида иши кўрилмоқда. Аэропортда уларни тантанали кутиб олганимизни кўриш ғалати бўлди. Меҳмондўстликни ҳам чегараси бўлиши керак.

Кийосаки, Жордан Белфорт каби камида ғалати ва фирибгар одамларни ҳам чақириб университетларда мастер класслар, конференциялар уюштиришимиз ёмон амалиёт деб биламан.

Нотўғри одамларни (жиноятчиларни) чақириб улуғлаяпмиз. Ёшларга улар ўрнак бўлмасин, мутлақо", деб ёзди Uzbekonomics Телеграм канали.

"Савол туғилади: нега бундай салбий обрўси ва жиноий ишлари бор шахсларни Ўзбекистонга таклиф қилиш керак?", дея савол қўйди "Зўравонликка йўл йўқ! Нет насилию!" Телеграм канали.

Эндрю Тейт Ўзбекистонга сафаридан мақсад, "иши бор"лиги ҳақида ёзди.

Кўплаб ўзбекистонликлар, Эндрю Тейтнинг Ўзбекистонда қандай бизнеси бўлиши мумкин, дея савол қўйдилар.

Шунингдек, уни Ўзбекистонга ким таклиф қилди, деган саволга ҳозирча расмийлар жавоб бермадилар.