Қозоғистонда янги Конституция: ислоҳотми ёки ҳокимиятнинг янада марказлашувими?

Сурат манбаси, Qozog'iston Prezidentining ma'muriyati

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Референдум орқали қабул қилинган янги Бош қонун парламент ваколатлари, сўз эркинлиги ва ҳокимият мувозанати ҳақида янги баҳсларни бошлади.

Референдум натижаларига кўра, Қозоғистон фуқароларининг катта қисми янги Конституцияни қўллаб-қувватлади. Бироқ мустақил экспертлар янги Бош қонун мамлакатда ҳокимият мувозанатини қайта шакллантириши, парламент ролини қисқартириши ва айрим фуқаролик эркинликларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтмоқда.

15 март куни Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум ўтказилди. Марказий референдум комиссияси маълумотига кўра, сайловчиларнинг 73 фоизи — тахминан 9,1 миллион киши овоз беришда иштирок этган. Уларнинг 87,15 фоизи конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган, 9,83 фоизи эса қарши чиққан. 146 мингдан ортиқ бюллетень яроқсиз деб топилган.

16 мартга ўтар кечаси президент Тоқаев референдум натижаларини «халқнинг тарихий танлови» деб атади ва 15 мартни Конституция куни сифатида нишонлашни таклиф қилди. Бунгача бу байрам мамлакатда 30 августда нишонланар эди — 1995 йилда айнан шу куни амалдаги Конституция референдум орқали қабул қилинган.

«Бешинчи уриниш»: расмиятчиликми ёки чинакам танлов?

Сурат тагсўзи, Chinara Esengul

Би-Би-Си билан суҳбатлашган қирғизистонлик халқаро муносабатлар бўйича эксперт Чинара Эсенгулнинг айтишича, Қозоғистон мустақиллик йилларида Конституцияни референдум орқали бешинчи марта ўзгартирмоқда.

«Биринчи ва иккинчи ўзгаришлар 1990 йилларда собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг ваколат муддатини узайтириш билан боғлиқ бўлган. 2022 йилда Қаңтар воқеаларидан кейин конституциявий референдум ўтказилди. 2024 йилда эса атом электр станцияси қурилиши масаласи ҳам халқ овозига қўйилди. Энди Конституция яна референдум орқали ўзгармоқда», - дейди эксперт.

Унинг таъкидлашича, бу галги ислоҳотлар кўлами анча катта: Конституция моддаларининг тахминан 84 фоизи янгиланмоқда.

«Бу ўзгаришларни амалда Бош қонуннинг учинчи таҳрири деб аташ мумкин», - дейди Чинара Эсенгул.

Бироқ эксперт референдум форматини танқид қилиб, фуқароларга лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаш ёки рад этишдан бошқа танлов берилмаганини айтади.

«Алоҳида моддалар бўйича овоз бериш имконияти йўқ эди. Шу боис бу жараённи халқ розилигини расмийлаштириш сифатида ҳам баҳолаш мумкин», - дейди у.

Парламент ва ҳокимият тизимида нима ўзгаради?

Президент Тоқаев ислоҳотлар мамлакатни «суперпрезидентлик» моделидан кучли парламентга эга президентлик республикасига ўтказишини айтмоқда.

Бироқ айрим мустақил сиёсатшунослар бу ўзгаришлар амалда президент ваколатларини янада мустаҳкамлаши мумкинлигини таъкидламоқда.

Энг муҳим янгиликлардан бири — икки палатали парламент тизимининг бекор қилиниши. Амалдаги Мажлис ва Сенат ўрнига 145 нафар депутатдан иборат бир палатали орган — Қурултой ташкил этилади.

Депутатлар фақат партиявий рўйхат асосида сайланади. Бу эса мустақил номзодларнинг парламентга кириш имкониятини амалда йўққа чиқаради. Шу билан бирга, мухолиф партиялар кўп йиллардан бери Адлия вазирлигида рўйхатдан ўта олмаётгани ҳам қайд этилмоқда.

Янги Конституцияга кўра, парламент бир қатор муҳим ваколатларини ҳам йўқотади. Жумладан, Бош прокурор, Миллий банк раиси, Конституциявий ва Олий суд раислари ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарини тайинлашда парламент розилиги талаб қилинмайди.

Депутатларнинг давлат бюджетини тасдиқлаш ва унга ўзгартириш киритиш ваколати ҳам янги таҳрирда аниқ белгилаб берилмаган.

Вице-президент ва ворислик масаласи

Янги Конституцияда 30 йиллик танаффусдан сўнг вице-президент лавозими тикланмоқда.

Расман у президент ва парламент ўртасидаги алоқани таъминловчи шахс сифатида кўрсатилади. Аммо сиёсий таҳлилчилар бу лавозимни ҳокимият ворислигини таъминлаш механизми сифатида ҳам кўрмоқда.

Агар президент ваколатлари муддатидан олдин тугаса, давлат раҳбарлиги айнан вице-президентга ўтиши мумкин.

Сўз эркинлиги ҳақидаги баҳслар

Сурат манбаси, Reuters

Янги Конституциядаги баҳсли нормалардан бири сўз эркинлигига оид модда ҳисобланади.

Амалдаги таҳрирдан фарқли равишда, янги матнда сўз эркинлиги «жамият ахлоқи ва жамоат тартибига путур етказмаслик» шарти билан чекланиши мумкинлиги белгиланган.

«Media Qoldau» юридик хизмати раҳбари Гулмира Биржанова бу нормани ноаниқ ва хавфли деб баҳолайди.

«"Жамият ахлоқи" ҳуқуқий жиҳатдан аниқ таърифга эга эмас. Шу сабабли бу тушунча субъектив талқин қилиниши ва сўз эркинлигини чеклаш учун ишлатилиши мумкин», - дейди у.

Унинг таъкидлашича, шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш Конституциянинг бошқа моддасида аллақачон назарда тутилган.

«Бу нормани яна такрорлаш суд амалиётида турли талқинларга ва суиистеъмолларга сабаб бўлиши мумкин», - дейди ҳуқуқшунос.

Бу хавотирлар журналистлар орасида ҳам акс-садо берган. 800 нафардан ортиқ журналист ҳукуматга мурожаат қилиб, баҳсли моддани аввалги кўринишида сақлаб қолишни талаб қилган.

Бироқ ҳукумат таклифлар кўриб чиқилганини билдирганига қарамай, модда якуний матнда ўзгаришсиз қолган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

«Хорижий агентлар» ва фуқаролик жамияти

Янги Конституция хорижий манбалардан молиялаштириладиган нодавлат ташкилотлар учун ошкоралик талабларини кучайтиради.

Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси эксперти Евгений Жовтис бу нормани ортиқча деб ҳисоблайди.

«Солиқ қонунчилиги ва нодавлат ташкилотлар ҳақидаги қонунлар бундай ҳисоботни аллақачон талаб қилади. Шунинг учун бу талабни Конституцияга киритиш зарурати тушунарсиз», - дейди у.

Биржанова эса бу талаб фақат нодавлат секторга нисбатан қўлланаётганини танқид қилади:

«Давлат ҳам хорижий молиялаштириш олади. Агар шаффофлик талаб қилинаётган бўлса, бу талаб барчага бир хил қўлланиши керак».

Никоҳ ва «анъанавий қадриятлар»

Янги Конституцияда никоҳ «эркак ва аёлнинг ихтиёрий иттифоқи» сифатида белгилаб қўйилди.

Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева бу нормани оила институтини мустаҳкамлаш ва «анъанавий қадриятларни ҳимоя қилиш»га қаратилган чора сифатида таърифлаган.

Бу ўзгариш 2025 йилда қабул қилинган, интернет ва оммавий ахборот воситаларида ЛГБТни «тарғиб қилишни» тақиқловчи қонун билан ҳам уйғунликда кўрилмоқда.

Минтақавий тенденция

Чинара Эсенгул Марказий Осиёда «кучли қўл» бошқарувига бўлган ижтимоий талаб ҳануз юқори эканини таъкидлайди.

«Минтақа мамлакатларида бир шахс ёки бир партия кучли бўлса, ислоҳотлар самарали амалга ошади, деган қараш кенг тарқалган. Глобал беқарорлик шароитида суперпрезидентлик тизими тез қарор қабул қилиш имконини беради», - дейди эксперт.

Бироқ бундай тизим ҳокимиятнинг ортиқча марказлашуви ва сулолавий бошқарув хавфини ҳам келтириб чиқариши мумкин, деб қўшимча қилади у.

Шунингдек, у Би-Би-Сининг кутилаётган муҳим ўзгаришлар ҳақидаги саволига жавобан тил масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Рус-украин можароси муайян маънода тил масаласи — Украинадаги рус тилининг мақоми атрофидаги баҳслар билан ҳам боғлиқ. Бу масала Марказий Осиёда ҳам муҳим. Айрим ҳолларда бу ерда Россиянинг таъсири ҳам сезилиб туради. Рус тилининг расмий мақомини мустаҳкамлаб, давлат тили сифатида қозоқ тилини сақлаб қолиш кўзда тутилган. Мен энг муҳим ўзгаришлар сифатида айнан икки масалани — "хорижий агентлар" ҳақидаги норма ва тил масаласини айтган бўлардим», - дейди у.

Кейинги қадамлар

Янги Конституция 2026 йил 1 июлдан кучга киради.

Шу йил кузига қадар янги Қурултойга сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.

Айрим ғарб таҳлилчилари янги Конституция президентлик муддатини «ноллаштириши» ва Тоқаевга 2029 йилги сайловларда яна қатнашиш имконини бериши мумкинлигини айтмоқда.

Тоқаев эса сайловлар белгиланган муддатда ўтишини тасдиқлаган, аммо унда шахсан иштирок этиш-этмаслиги ҳақида ҳали аниқ баёнот бермаган.