Оғзингиз ҳидланадими ва ундан қандай қутилиш мумкин?
Сурат манбаси, Getty Images
Оғзингиздан ёқимсиз ҳид келишидан хавотирдасизми? Бу кенг тарқалган ҳолат ва уни ҳал этиш мумкин.
Одамлар билан яқин масофали мулоқотдан қочяпсиз, чунки нафасингиз ҳиди доим ҳам ёқимли эмас, одамлар сезиши мумкинлигидан хавотирдасиз. Хавотир олманг, бу кўп учрайдиган муаммо ва унинг ечимлари бор.
Тишларни тоза сақлаш – тишлар ва милклар орасидаги бўшлиқларда ҳамда тилнинг чуқур жойларида жойлашиб оладиган бактерияларга қарши доимий курашдир.
Агар бу бактериялар йўқ қилинмаса, улар кўпайиб, жиддий милк касалликларига олиб келиши мумкин. Лекин бу ҳолат олдини олиш мумкин.
Ёқимсиз ҳидга нима сабаб бўлади?
Бутун дунё бўйлаб оғиздан ёқимсиз ҳиднинг асосий сабабларидан бири – периодонтит, яъни милкларнинг чекиниши.
"Катталарнинг ярми қандайдир шаклдаги милк касаллигидан азият чекади," дейди Буюк Британиянинг Бирмингем университети тикловчи стоматология бўйича доценти, доктор Правин Шарма Би-би-сининг What's Up Docs? дастурига.
"Ёқимсиз ҳид, аниқроғи, оғиз бўшлиғидан келаётган нафас сифатида тушунилади," дея қўшимча қилади у.
"Бу ҳолатлар оғиздан ёқимсиз ҳиднинг тахминан 90 фоизини ташкил қилади."
Қолган 10 фоиз ҳолатлар бошқа сабаблар билан боғлиқ:
"Назоратсиз қолган қандли диабет – ўзига хос нафас ҳидини келтиради," дейди доктор Шарма.
"Агар беморда ошқозон-ичак муаммолари, хусусан, гастрал рефлекс бўлса, уларда турли хил нордон нафас ҳиди кузатилади. Яъни, ички (системали) касалликлар оғизда намоён бўлиши мумкин."
Хўш, бу ҳолатда нима қилиш керак?
Сурат манбаси, Getty Images
- Муаммо илдизига етиб боринг
Агар тиш ва милк орасида жойлашган бактерияларни тозаламасангиз, бу микро-жараҳатларга ва кейин милк қонашларига олиб келади. Бу – гингивит, яъни милк касаллигининг бошланғич босқичидир. Яхши томони, бу босқични тўлиқ бартараф этиш мумкин.
"Гингивит – милкларнинг яллиғланиши бўлиб, сиз буни тиш ювганда милклар қизариши, шишиши ва қонашидан сезасиз," дейди доктор Шарма.
"Агар бу даволанмаса, периодонтитга айланиши мумкин."
Тиш юваётганда милкларингизда қизариш, шиш ёки қонаш бор-йўқлигини текшириб кўринг. Лекин ортиқча хавотирга тушманг, чора кўриш учун ҳали кеч эмас.
"Кўпинча беморлар ювиш пайтида оғриётган милкка тегмасликка ҳаракат қилишади, чунки улар ўйлашадики: Мен ўзимга зарар беряпман, шунинг учун қонаяпти," дейди доктор Шарма.
"Аммо бу тескариси – қонаётган милк сизга белгидир: демак, аввал яхши ювмагансиз, энди яхшироқ тозалаш керак!"
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
- Онгли равишда тиш ювинг
Доктор Шарманинг таъкидлашича, тишларни самарали тозалаш учун махсус вақт ажратиш жуда муҳим.
«Тиш ювишни бошқа ишлар билан бирга бажариш тўғри эмас», дейди у.
Энг мақбули ойна қаршисида туриб, бутун эътиборингизни айнан тиш ювиш жараёнига қаратинг.
Кўп ҳолларда ўнг қўллилар чап томонни, чап қўллилар эса ўнг томонни кўпроқ ювишади, натижада эътибор кам берилган томонда яллиғланиш хавфи ортиши мумкин.
Шунинг учун қайси қўлда чўтка ушлаётганингизни англаб, ҳар икки томонни ҳам баробар ва пухта ювишга урининг.
- Тиш ювиш усулини ўзлаштиринг
Доктор Шарма тиш ювишни интердентал тозалаш, яъни тишлар орасини махсус чўткалар билан тозалашдан бошлашни тавсия қилади.
«Милклар саломатлиги ва қолдиқларни кетказиш учун интердентал чўткалар анча самарали», дейди у.
Сурат манбаси, Getty Images
Шундан кейин одатий чўтка билан оғиз ичида муайян тартибда, шошмасдан тозаланг.
Ҳар бир тишда учта юза бор – ташқи, чайнайдиган ва ички. Ҳар бири алоҳида ва эҳтиёткорлик билан тозаланиши керак.
Кўпчилик тиш чўткасини 90 даражали бурчакда ушлаб, олдин-орқага босиб ювишга ўрганган. Аммо бу усул милк чекинишини келтириб чиқариши мумкин.
Тўғриси чўткани тишга тахминан 45 даражали бурчакда ушлаб, енгил босимда ҳаракатлантириш. Пастки тишларда юқоридан пастга, юқори тишларда эса пастдан юқорига қараб юритиш керак – бу милк остидаги бактерияларни ҳам кетказишга ёрдам беради.
Тиш ювиш камида икки дақиқа давом этиши лозим – кўпчилик учун бу янгилик бўлиши мумкин.
Сурат манбаси, Getty Images
- Тўғри вақтни танланг
Аксариятимизга овқатдан кейин тиш ювиш кераклиги ўргатилган. Аммо бу фақат тўғри усулда ва тўғри вақтда амалга оширилса, фойда беради.
«Идеали – нонуштадан олдин тиш ювиш», дейди доктор Шарма.
«Агар кислотали овқатдан сўнг тиш ювилса, бу тишнинг эмали ва дентинини юмшатади.»
Кислота таъсирида тиш юзасидаги ҳимоя қатлами юмшайди, шунинг учун овқатдан сўнг дарҳол чўтка ишлатиш эмалнинг зарарланишига олиб келиши мумкин.
«Агар сиз нонуштадан кейин тиш ювишни афзал кўрсангиз, овқатдан кейин бироз вақт ўтсин», дейди у.
Оғизни чайқаб, бир неча дақиқа кутиш тавсия этилади.
Идеал ҳолда тишлар кунига икки марта, ҳар сафар икки дақиқадан ювилиши керак. Аммо тўғри усулда кунига бир марта ювиш ҳам баъзи одамлар учун етарли бўлиши мумкин.
Уйқу пайтида тупук оқими камаяди, бактериялар эса бу вазиятдан фойдаланиб, тишларга кўпроқ зиён етказади. Шунинг учун, агар бир марта ювишни танласангиз, бу кечқурун – ухлашдан олдин бўлиши лозим.
- Мос воситаларни танланг
Ўрта даражада қаттиқликдаги чўтка танланг.
Тиш пастасининг қиммат ё арзонлиги эмас, балки ундаги фтор миқдори муҳим.
«Қизиғи шундаки, агар пастада фтор бўлса, мен розиман», дейди доктор Шарма.
Фтор эмални мустаҳкамлаб, чиришга қаршилигини оширади.
Тиш ювгандан сўнг пастани туфланг, лекин оғизни чайқаманг – шунда фтор оғизда сақланиб, ҳимоя таъсирини давом эттиради.
Сурат манбаси, Getty Images
Агар милкларингизда яллиғланиш белгилари кўзга ташланаётган бўлса, оғиз чайқаш воситаларидан фойдаланиш мумкин. Улар налёт ва бактериялар кўпайишини камайтиради.
Бироқ уларни тиш ювгандан сўнг ишлатманг, чунки бу пастадаги фторни ҳам ювиб кетиши мумкин.
- Жиддий милк касаллигини ўз вақтида аниқланг
Агар милк чекиниши (пародонтит) давом этса, тишлар орасида бўшлиқлар пайдо бўла бошлайди. Шу билан бирга, тишни ушлаб турувчи суяк емирилиши оқибатида тишлар беқарорлашади, қимирлаб қолади.
Агар бу ҳолат ўз вақтида даволанмаса, суяк шикасти жуда жиддий даражага етиб, тишлар тушиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, доимий ёмон ҳид ҳам юзага чиқади.
Агар сизда бундай аломатлар кузатилса, зудлик билан стоматологга мурожаат қилиш лозим.
- Ваҳимага ҳожат йўқ – нафасни тоза сақлаш учун маслаҳатлар:
Кўп сув ичиңг – оғиз қуруқ бўлса, бактериялар кўпайиши осонлашади.
Тилни тозалашни унутманг – тил тозалагич воситаси ёрдамида овқат қолдиқлари, бактериялар ва ўлик ҳужайраларни тозаланг. Буларнинг барчаси ёмон ҳид манбаи бўлиши мумкин.
Нафасингиз қанчалик тоза эканини ўзингиз баҳолай олмасангиз, яқин дўст ёки оила аъзоларидан сўрашингиз мумкин. Фақат бунинг учун кимга мурожаат қилишни оқилона танланг!
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз