Миллион йиллар олдинги аждодларимиз кучли ихтирочи бўлишган. Ҳозир ҳам фойдасини кўряпмиз

Сурат манбаси, David Braun

Сурат тагсўзи, Улар оддий тошларга ўхшайди, аммо миллионлаб йиллар аввал улар энг илғор асбоблар бўлган, катта маҳорат ва аниқлик билан ясалган
    • Author, Паллаб Гош
    • Role, Фан мухбири
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Шимоли-ғарбий Кенияда қилинган кашфиёт кўрсатишича, миллионлаб йиллар олдин яшаган илк одамлар эҳтимол ихтирочи бўлган.

Тадқиқотчилар Наморотукунан деб номланган археологик қазилма жойида 2,75 миллион йил олдин яшаган ибтидоий одамлар 300 минг йил давомида тош қуроллардан узлуксиз фойдаланганини аниқлади.

Илгариги маълумотлар инсонларнинг асбоблардан фойдаланиши дастлаб тасодифий бўлганини кўрсатган эди: беихтиёр ривожланган, тезда унутилган.

Наморотукунан топилмаси биринчи марта асбоб ясаш технологияси минглаб авлодларга узатилганини кўрсатди.

Тадқиқотга раҳбарлик қилган Вашингтондаги Жорж Вашингтон университети профессори Дэвид Брауннинг таъкидлашича, Nature Communications журналида эълон қилинган бу кашфиёт инсон эволюцияси ҳақидаги тушунчамизни тубдан ўзгартиришга жуда кучли асос бўлади.

"Биз қуролдан фойдаланиш вақтинчалик ҳодиса бўлиб, кейин йўқолиб кетган бўлиши мумкин деб ўйлаган эдик. Аммо 300 минг йил давомида бир хил ҳолат кузатилганда, бундай дея олмаймиз," деди у.

"Бу инсондаги муайян хулқнинг узоқ давомийлигидир. Асбобдан фойдаланиш одамлар ва уларнинг аждодлари орасида биз ўйлаганимиздан анча олдин бошланган ва узоқроқ давом этган бўлса керак."

Сурат манбаси, David Braun

Сурат тагсўзи, Тош асбоблар шунчалик ўткир эдики, тадқиқотчилар уларнинг баъзиларида бармоқларини кесиб олишлари мумкин эди

Археологлар Наморотукунанда ўн йил давомида дарё ўзанларидан йиғилган тошларнинг эҳтиёткорлик билан уриб тайёрланган 1300 та ўткир учли парчалари, болғачалар ва тош ўзакларини топдилар. Булар олдувайча деб аталадиган технология ёрдамида ясалган бўлиб, бу тошдан қурол ясашнинг илк кенг тарқалган усули ҳисобланади.

Бир хил турдаги қуроллар уч хил қатламда учрайди. Қатлам қанчалик чуқур бўлса, вақт жиҳатидан шунчалик қадимийроқ ҳисобланади. Тадқиқот гуруҳининг етакчи геолог олими, Бразилиядаги Сан-Паулу университети доктори Дан Палку Рольернинг айтишича, тошларнинг кўпчилиги сифатига кўра махсус танланган, бу эса уларни ясаган одамлар моҳир ва нимани излаётганларини аниқ билганини кўрсатади.

"Бу жойда биз ақл бовар қилмас даражадаги мураккабликни кўряпмиз," дейди у BBC News'га.

"Бу одамлар ўта зийрак геологлар эди. Улар энг яхши хом ашёни қандай топишни билган. Бу қуроллар яхши ишланган. Ҳатто, уларнинг баъзилари билан бармоқларимизни кесиб олишимиз мумкин."

Геологик далиллар кўрсатишича, қуроллардан фойдаланиш бу одамларга иқлимнинг кескин ўзгаришларига бардош беришга ёрдам берган бўлиши мумкин.

"Ландшафт ям-яшил ботқоқликлардан қуруқ, ёнғин таъсиридаги ўтлоқлар ва ярим чўлларга айланди," деди Кения Миллий музейи катта илмий ходими Раҳаб Н. Кинянжуй.

Одатда, бундай кескин атроф-муҳит ўзгаришлари ҳайвон популяцияларини эволюция орқали мослашишга ёки кўчиб кетишга мажбур қилади. Аммо минтақадаги асбоб ясовчилар биологик мослашув ўрнига технологиядан фойдаланиб, яшаб қолган, дейди доктор Палку Рольер.

"Технология Шарқий Туркананинг илк аҳолисига тез ўзгарувчан ландшафтда яшаб қолиш имконини берди – ўзларини муҳитга эмас, балки озиқ-овқат топиш усулларини мослаштириш орқали."

Турли қатламлардан топилган тош қуроллар кўрсатадики, узоқ ва узлуксиз давр мобайнида бу ибтидоий одамлар биологик эволюцияга қарши бориб, атроф-муҳит томонидан бошқарилиш ўрнига, уни ўзлари бошқариш йўлини топган.

Бу эса инсоният пайдо бўлишининг дастлабки босқичида содир бўлган, дейди доктор Палку Рольер.

"Асбоблардан фойдаланиш шуни англатадики, улар муҳитга мослашиш учун таналарини ўзгартириш орқали ривожланиши шарт эмас эди. Бунинг ўрнига улар озиқ-овқат топиш учун зарур технологияни – ҳайвон жасадларини ёриш ва ўсимликларни қазиб олиш учун қуроллар ишлаб чиқдилар."

Сурат манбаси, David Braun

Сурат тагсўзи, Кениянинг Туркана ҳавзасида жойлашган Наморотукунан қазилма майдони қадимда қуриб кетган йирик дарёнинг собиқ йўли яқинида жойлашган бўлиб, у бир вақтлар илк одамлар ва уларнинг аждодлари қўним топган ҳудуд бўлган

Манзилгоҳда бунга далиллар бор: ҳайвон суяклари синдирилган ва тош қуроллар билан кесилган, бу эса ўзгаришлар давомида улар гўштни доимий истеъмол қилганини кўрсатади.

"Технология қадимги одамларга устунлик берган," дейди доктор Палку Рольер.

"Атроф-муҳит ўзгариши билан уларнинг озиқ-овқат манбалари ҳам ўзгаради, аммо технологияга эга бўлганлари туфайли улар бу қийинчиликларни енгиб ўтиб, янги озиқ-овқат манбаларини топа олади."

Сурат манбаси, David Braun

Сурат тагсўзи, Археологлар Кениянинг шимолидаги Наморотукунан қазилма майдонида 2,58 миллион йиллик жойни қазишмоқда

Тахминан 2,75 миллион йил олдин бу ҳудудда нисбатан кичик мияли энг қадимги одамларнинг баъзилари яшаган. Бу ибтидоий одамлар ўзининг эволюцион аждодлари билан ёнма-ён яшаган деб тахмин қилинади: бу аждодлар – "австралопитеклар" деб номланган бўлиб, улар тишлари каттароқ, шимпанзе ва инсон хусусиятлари аралашмасидан иборат бўлган.

Наморотукунанда мазкур асбобларни ясаганлар, эҳтимол, шу гуруҳлардан бири ёки иккаласи бўлган.

Профессор Брауннинг таъкидлашича, бу кашфиёт инсон эволюцияси бўйича кўплаб мутахассисларнинг қуроллардан узлуксиз фойдаланиш анча кейин – 2,4 ва 2,2 миллион йиллар олдин, одамлар нисбатан каттароқ мияга эга бўлган пайтда пайдо бўлган деган фикрини инкор қилади.

"Гап шундаки, биз мия ҳажми сезиларли даражада ўсиб борганини кўрамиз. Шунинг учун қуроллардан фойдаланиш уларга бу катта мияни озиқлантиришга имкон берди, деб таъкидланади.

Аммо биз Наморотукунанда кўраётган нарса шуки, бу дастлабки қуроллар мия ҳажми ўсишидан олдин ясалган."

Эҳтимол, биз бу қадимги инсонлар ва аждодларимиз қобилиятларини жуда паст баҳолаган бўлишимиз мумкин. Аслида, технологиядан фойдаланиб муҳит ўзгаришларига мослашиш қобилиятимиз илдизлари биз ўйлаганимиздан анча чуқур – 2,75 миллион йил аввал, балки ундан ҳам олдинроққа узанганини кузатишимиз мумкин экан.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue reading Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: