Толибон нега Марказий Осиёга юзланмоқда? Бу Яқин Шарқдаги можаролар "салбий таъсири"ни юмшатишга ёрдам берадими?

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Толибон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий интеграцияни кенгайтириш, минтақавий ҳамкорлик ва доимий сиёсий мулоқотни ривожлантиришга чақирди.

Муттақийнинг 5 апрел куни Қобулда бўлиб ўтган биринчи Афғонистон–Марказий Осиё маслаҳат мулоқотидаги нутқи видеоси ва матни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Зиё Аҳмад Такал томонидан X тармоғида пушту, инглиз ва араб тилларида эълон қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон вакиллари қатнашди.

"Бугун биз гўзал Кобул шаҳрида Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги илк маслаҳат мулоқоти йиғини ўтказилаётганига гувоҳ бўляпмиз", деди Муттақий. Унга кўра, бу форум савдо, транзит ва минтақавий боғлиқлик соҳаларида амалий ҳамкорлик йўлларини излашга қаратилган.

У Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонга нисбатан "амалий, имкониятларга йўналтирилган ва ҳамкорликка асосланган ёндашуви"ни юқори баҳолаб, буни ўзаро ишонч ва ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси деб атади.

"Ҳозирги кун тартиби — бу имконият, ҳамкорлик ва минтақавий яқинлашув ҳақидадир. Бу хаёл ёки қарама-қаршилик эмас. Биргаликда биз минтақавий интеграциянинг муваффақиятли моделини ярата оламиз... Умумий мақсадимиз савдо ҳажмини тахминан 10 миллиард АҚШ долларига етказишдир", деди у.

Жаҳон банки маълумотларига таяниб, у 2025 йилда Афғонистон иқтисодиёти 4,3 фоизга ўсганини айтди. Марказий Осиё давлатлари билан савдо ҳажми ўтган йили тахминан 2,7 миллиард долларга етган, келаси 3–4 йил ичида бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Муттақий Афғонистоннинг Марказий Осиёни Жанубий ва Ғарбий Осиё билан боғловчи транзит ҳудуд сифатидаги ролини ҳам таъкидлади. У ТАПИ газ қувури, CASA-1000 энергетика лойиҳаси ва Лапис Лазули савдо йўлаги каби йирик минтақавий лойиҳаларни санаб ўтди.

Минтақавий ҳамкорлик бўйича у мувофиқлаштирилган сиёсий ва иқтисодий кун тартибини шакллантиришга чақирди. Шу жумладан, Афғонистоннинг минтақавий ташаббуслар ва ташкилотларда иштирокини кенгайтиришни таклиф қилди.

У Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонга Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақом беришни қўллаб-қувватлаши "жуда муҳим аҳамиятга эга" эканини қайд этди.

Шунингдек, у мунтазам маслаҳат учрашувлари ўтказиш, қўшма тадқиқотлар ташкил этиш, умумий хавфсизлик ёндашувини ишлаб чиқиш, савдо ва транзит мувофиқлашувини яхшилаш ҳамда иқлим билан боғлиқ муаммоларда ҳамкорлик қилиш каби таклифларни илгари сурди.

"Чегараларда хавфсизлик муаммоси йўқ"

Муттақий Афғонистондаги хавфсизлик борасидаги хавотирларни рад этди. Бироқ у "бузғунчи гуруҳлар фаолияти, ИШИД каби ташкилотлар таҳдиди, гиёҳванд моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция ва трансчегаравий жиноятлар" икки томон учун ҳам умумий муаммо эканини тан олди.

Унинг айтишича, Афғонистон ҳукумати бу таҳдидларга қарши чоралар кўрган ва натижада мамлакатда "ҳақиқий барқарорлик ва умуммиллий хавфсизлик"ни таъминланган.

"Бугун умумий чегараларимизда хавфсизлик муаммолари йўқ ва биз ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёрмиз", деди у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз: and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

Муттақий шунингдек, Хитойнинг Урумчи шаҳрида Толибон ва Покистон ўртасида давом этаётган музокараларга ҳам тўхталиб, Афғонистон бу жараёнда "самимий ва ечимга йўналтирилган ёндашув" билан иштирок этаётганини айтди.

"Бизнинг позициямизнинг аниқ: биз ҳар доим масалаларни тушуниш, мулоқот ва ўзаро ҳурмат орқали ҳал қилиш тарафдоримиз. Шу билан бирга, ҳудудий яхлитлигимизни ва халқимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз", деди у.

Бу баёнотлар 21–22 февраль кунлари Покистон томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумларидан сўнг бошланган ва бир неча ҳафта давом этган чегара тўқнашувлари фонида янграмоқда.

Афғон таҳлилчилар: Марказий Осиё билан алоқаларни кучайтириш керак

5 апрел куни Ariana News телеканалига берган интервюсида айрим афғон таҳлилчилари ушбу учрашувни қўллаб-қувватлади.

Таҳлилчи Нажиб Раҳмон Шамалга кўра, Яқин Шарқдаги уруш барча минтақа давлатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

"Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик бу салбий таъсирларни камайтиради", деди у.

Иқтисодчи Шабир Баширий эса Афғонистон денгизга чиқиш имкониятига эга эмаслигини таъкидлаб, Марказий Осиёни ҳозирги шароитда муҳим йўналиш сифатида баҳолади.

"Биз Марказий Осиё орқали Хитой бозорларига чиқишимиз мумкин. Аммо бу маълум даражада қиммат", деди у.

Унинг қўшимча қилишича, қуруқлик орқали ташиш харажатлари денгиз йўлларига нисбатан юқори, аммо бу ҳолатда у муқобил йўналиш сифатида қаралмоқда.