Ўзбекистон: “Яна карантин бўлмайди” ва президент ёшлар билан учрашади – янгиликлар O'zbekiston Yangiliklar karantin
Республика махсус комиссияси карантин тадбирларини кучайтиришни ўйлаб кўрмаётир ва бундай чекловлар ҳақида ўйлашга умуман асос йўқ.
Санитария-эпидемиологик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 25 декабрдан карантин чоралари кучайтирилади, деган миш-мишларга шундай муносабат билдирган.
Отабеков карантин кучайтирилиши ва ҳаракат эркинлиги чекланишидан ҳеч ким наф кўрмаслигини таъкидлаган.
"Халқимизда "ниятга яраша беради" деган гап бор, билмадим, баъзи шахслар бу каби миш-мишларни яхши ниятда тарқатишяптими ёки доим шундай "совуқ" ният қилишга ўрганиб қолишганми?", дея масъулдан иқтибос келтирмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
- Ўзбекистон: 300 минг одамнинг манфаатини деб иқтисодиётни хавфга қўймаслигимиз керак – Алишер Қодиров яна автосаноат ҳақида, янгиликлар
- Ўзбекистон: UzAuto Motors иши, oйига $200 дан кам пул жўнатаётган мигрантлар уйига қайтарилади – ҳоким, янгиликлар
- Ўзбекистон: Газ қазиб олишга катта маблағ сарфланишига қарамасдан у нега йилдан йилга камаймоқда?
Нурмат Отабеков бугун бу каби чекловлар ҳақида ўйлаш учун умуман асос йўқлиги ва мамлакатда коронавирус касаллиги бўйича барқарор эпидемик вазият ҳукм сураётганлигини таъкидлаган.
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси билан боғлиқ энг муҳим оммавий чекловлар 5 сентябрдан бекор қилинган эди.
Ўтган вақт давомида ижтимоий ҳаёт деярли қайта тикланган, аммо жамоат жойида ниқобда юриш каби талаблар сақланиб қолган.
Расмийлар вирус тарқалиши билан боғлиқ вазият, ҳозирда, барқарорлашганини айтмоқда.
Декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида пойтахтдаги коронавирусни даволашга ихтисослашган икки марказ ёпилган.
ССВнинг маълумот беришича, 24 декабрь куни 112 та коронавирус ҳолати аниқланиб, беморларнинг умумий сони 76,568 нафарга етган.
Президент ёшлар билан учрашувда
Сурат манбаси, .
Президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни ёшлар билан мулоқот қилади.
Давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарда Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиши маълум қилинган.
Президент форумда нутқ сўзлаши билдирилган.
Бундан аввал бир қатор маҳаллий блогерлар президент Мирзиёев 25 декабрь куни ёшлар ва матбуот вакиллари билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.
Ҳоким ва гуллар
Сурат манбаси, official
Жиззах вилоятида давлат буюртмасини ҳокимнинг фарзандига тегишли бўлиши мумкин бўлган компания бажарган.
Телеграмдаги Давлетов.уз каналида ёзилишича, 2020 йил ноябрида Жиззах шаҳридаги кўчалардан бирига манзарали дарахтлар ва мавсумий гуллар экиш бўйича танлов эълон қилинган.
Қарийб 1 миллиард сўмлик давлат буюртмасини "Мй Флоwэр" МЧЖ ютган.
Маблағлар вилоят ҳокими Эргаш Салиевнинг фармойиши билан маҳаллий бюджетнинг ошириб бажарилган қисмидан ажратилган.
Давлетов.уз 2020 йилнинг февраль ойида ҳам Жиззах шаҳри кўчаларига мавсумий гуллар экиш объекти бўйича ўтказилган танловда "Мй Флоwэр" компанияси ғолиб чиққанига эътибор қаратган.
Ўшанда лойиҳа қиймати 1 миллиард 69 миллион сўмни ташкил этган.
Давлетов.уз канали гуллар ва гул уруғлари етиштириш билан шуғулланувчи ушбу компаниянинг 50,80 фоиз улушига Салиева Наргиза Эргашевна эгалик қилишини аниқлаган.
Хабарга эътибор қаратган бошқа блогерлар ушбу ҳолат манфаатлар тўқнашувини англатиши мумкинлиги ҳақида ёзган.
ОАВ ва номақбул изоҳлар
Интернет нашрлари ва блогерларга изоҳларда ўқувчилар томонидан қолдирилган қонун билан тақиқланган ахборотни ўчириб ташлаш юзасидан хабарнома жўнатилади.
23 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган қарор билан сайтлар ва блог муаллифларининг фойдаланувчилар қолдирган изоҳлар юзасидан жавобгарлигига аниқлик киритилган.
Маълум қилинишича, қонунга зид изоҳ аниқланса, интернет сайтлари ва блогерларга номақбул ахборотни 24 соат ичида ўчириб ташлаш сўралган электрон хабарнома юборилади.
Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, "мазкур хабарнома ОАВ ёки блогерга ўша изоҳни ўчириш мажбуриятини юкламайди".
"Бу ўз номи билан хабарнома холос. Яъни хоҳласа ўчиради, агар хоҳласа, аниқроқ айтганда бу коммент қонунга зид эмас, деб ҳисобласа, ўчирмаслиги ҳам мумкин. Унда нима бўлади? Унда АОКА агар лозим топса, судга мурожаат қилиши мумкин", дея янги тартибни шарҳлаган ҳуқуқшунос.
Олти кунлик хайрия
Сурат манбаси, BBC Uzbek
"Вақф" фонди 25-30 декабрь кунлари - 6 кун давомида хайрия тадбирларини ўтказади.
Бу кунлар ичида 60 та зиёратгоҳда қурбонлик маросимлари бўлиб ўтади.
Республикадаги барча — 2,079 та масжидда 6 кун давомида Қуръони карим хатми амалга оширилади.
Шунингдек, "Вақф" фонди томонидан муҳтож хонадонларга озиқ-овқат кўринишида хайрия тарқатилади.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, ушбу тадбирлар аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида қилинмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз