Салтанат асосчиси Амир Темур гўрини очишдан мақсад нима эди?

Сурат манбаси, Shuhrat Abbosov shaxsiy arxividan.

Сурат тагсўзи, Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасидаги Темурийлар сулоласи қабрлари 1941 йил июн ойида антропологик тадқиқот учун очилганди.
Ўқилиш вақти: 11 дақ

Темурийлар салтанати асосчиси, улуғ саркарда , бир вақтлар жаҳонни ларзага солган соҳибқирон Амир Темур қабри нима учун очилганди?

1941 йил ёзида Самарқандга Шўролар Иттифоқининг йирик тарихчи, қадимшунос ва антропологларидан иборат тадқиқотчи гуруҳи келади. Мақсад Гўри Амир – улуғ саркарда Амир Темур дохил Темурийлар сулоласининг энг кўзга кўринган шахсларининг хоки қўйилган мақбарадаги қабрларни очиш.

Бугун, ўша воқеалардан 80 йилдан ортиқ вақт ўтиб, ушбу машъум амал ортида турган сабаблар ва ҳодиса ортидан келиб чиққан афсоналарга таҳлилий назар ташлаймиз.

Сурат манбаси, Shuhrat Abbosov shaxsiy arxividan.

Сурат тагсўзи, Антрополог Михаил Герасимов кейинчалик Амир Темур бош чаноғи асосида улуғ саркарданинг сиймосини яратган.

Дастлаб ушбу тадқиқот гуруҳи таркибидаги асосий шахсларни тилга олсак.

Михаил Герасимов – машҳур антрополог ва ҳайкалтарош. Экспедиция мобайнида олинган тасвирларда у Амир Тимур бош чаноғини ушлаб, жилмайиб турган шахс.

Амир Темур қабри очилиши ортида турган сабаблар ва келиб чиққан афсоналар ҳақидаги ҳужжатли фильмни BBC UZBEKнинг Youtube каналида, қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Гуруҳ таркибида шунингдек, Александр Семенов – тарихшунос олим, Россия подшоҳлиги даврида Самарқанд бошқарувчиси ўринбосари, Марказий Осиё тарихининг йирик билимдони ҳам бор эди.

Кинооператор Малик Қаюмов – қабрлар очилишини қадам-ма қадам тасвирга олганлардан бири.

Ҳаммаси бўлиб тадқиқот гуруҳида 2 аёл дохил 24 киши бўлгани айтилади.

Сурат манбаси, Shuhrat Abbosov shaxsiy arxividan.

Сурат тагсўзи, Тадқиқот гуруҳида 2 аёл дохил 24 киши бўлган.

Ҳодисалар ривожини гувоҳлар сўзлари асосида келтирамиз. Гўри Амирда очилган дастлабки қабр Амир Тимурнинг ўғли Шоҳрух Мирзоники эди.

Унинг қабри очилганда майити яхши сақланмаганлиги айтилган. Унинг сиймосини яратиш ва илмий тадқиқотлар мақсадида Михаил Герасимов бош чаноғи ва умуртқа поғонасининг бир қисмини қабрдан чиқариб олди. Қолган суюклари қабрнинг ўзида ўрганилган ва қайд қилинган.

Очилган келгуси қабр подшоҳ, мунажжим, олим ва шоир Амир Темур набираси - Мирзо Улуғбекники эди.

Улуғбек бош чаноғи қабрдан чиқарилган вақти бўйнидаги қилич изидан, қабрда айнан унинг жасади эканлигига ишонч ҳосил қилинади.

Очилган келгуси қабр салтанат асосчиси Амир Темурники бўлди.

Гувоҳларга кўра, тадқиқотчилар орасида ҳаяжон аралаш қўрқув ҳисси ҳукмрон эди. Чунки буюк саркарда қабрига тегилса фалокат юз беради, деган миш-миш бутун Самарқанд бўйлаб тарқай бошлаганди. Тасвирчи Малик Қаюмов бу борада мақбара яқинидаги чойхонада 3 мўйсафид уни огоҳлантирганини кейинчалик қайта-қайта ҳикоя қилган.

Бу ҳикоя не қадар ҳақиқат эканлигини олимлар шубҳа остига олишади.

Сурат манбаси, Shuhrat Abbosov shaxsiy arxividan.

Сурат тагсўзи, Гувоҳларга кўра, Амир Тимур қабри узра қўйилган мармар тошни кўтариш жараёнида қўлбола ускуна синиб кетган.

Амир Тимур қабри узра қўйилган мармар тошни кўтариш жараёнида қўлбола ускуна синиб кетган. Аммо олимлар учун ишни тўхтатиш имконсиз эди, чунки мамлакат энг олий раҳбарияти буйруғини ҳеч ким ҳадди сиғиб, буза олмаган.

Тошни бир неча кишилашиб, қўлда, аста-секин суришган.

Асосий қабр тош остидаги яна 3 та мармар тош кўтарилганидан сўнг ниҳоят Амир Темурнинг ёғоч тобути намоён бўлган.

Михаил Герасимов гўрга тушиб, тобут ясалган ёғочларни бир-ма бир кўтара бошлади.

Тобутда Амир Темур жасади, дея кейинчалик исботланган жасад ётарди…

Шундан сўнг Темур суюкларини қўлма-қўл қилиб, гўрдан чиқара бошлаганлар.

Шу аснода ўнг оёғининг тизза суягидаги жароҳат излари яққол намоён бўлиб, жасад айнан подшоҳ ва саркарда Амир Темурники эканлиги ўз исботини топган.

Бу жараёнларнинг ҳаммаси ҳужжатлаштирилган ва бир маънода кенг оммага маълум фактлар.

Темурийлар қабрларининг очилиши ортидан жуда кўп рост-у ёлғон, тасдиғи топилмаган оғзаки ҳикоялар ва афсоналар пайда бўла бошлади.

Темур қабри очилгани учун уруш бошландими?

Айнан Амир Темур қабри очилган куни Германия Шўролар Иттифоқига уруш бошлаганини эълон қилди. Тимур қабрининг очилиши билан боғлиқ энг кенг тарқалган афсоналардан бири ҳам ана шу. Яъни буюк саркарда гўри очилди ва шунинг учун нацистлар Германияси Шўролар Иттифоқига уруш очди.

Қабрлар очилишини суратга олган тасвирчи Малик Қаюмов унга мақбара яқинидаги ерда 3 мўйсафид гўёки қабр тошида бу борада огоҳ борлиги ва гўёки бу борада қадим китобларда қайд этилгани айтишганини кейинчалик ҳикоя қилиб берган.

Аммо бу икки ҳодиса ўртасида боғлиқлик қидириш асослими?

Гўри Амир мақбараси тарихини ўзининг илмий изланишлари мавзуси сифатида танлаган Голландиянинг Лейден Университетидан тарихчи олим Елена Паскалеванинг айтишича, бу икки ҳодиса ўртасида боғлиқлик қидириш асоссиз ва Амир Темур қабри устидаги тошда унинг майити безовта қилинса уруш бошланиши ҳақидаги огоҳ ҳақида ёзув йўқ.

"Тимур қабртошидаги ёзувлар таржима қилиниб, бир неча бор нашр қилинган. Бу ёзувлар улуғ саркардани олқишлаш ва Қуръон сураларидан иборат матндир. Бу жуда аниқлик билан тасдиқланган матн. Тимур қабр тошининг суратлари, араб алифбосидаги матни, таржималари билан бирга чоп этилган. Бу борада шубҳа бўлиши мумкин эмас. Тимур қабр тошида қабр очилса, улкан фалокат бўлиши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бу борада шубҳа бўлиши мумкин эмас", дейди тарихчи Елена Паскалева.

Шундай экан тасвирчи Малик Қаюмов тилга олган 3 мўйсафид ҳақидаги ҳикоя қаердан келиб чиққан?

3 мўйсафид огоҳи

Елена Паскалеванинг айтишича, Малик Қаюмовнинг 3 мўйсафид билан суҳбатлари нима учун ҳеч қаерда ёзма қайд қилинмагани жуда ҳайратланарли ҳолат ва шунинг учун бу суҳбат аслида бўлиб ўтгани ҳақидаги саволларни келтириб чиқаради.

"Фикримча, бу суҳбат борасидаги даъво маҳаллий аҳолининг қабр очилиши юзасидан бошдан кечирган дардини рамзий изҳор этиш уринишидир. Аҳоли мутлақо қабрнинг очилишига қарши эди. Бу ерда асосий гап қабрнинг очилиши улкан фалокат олиб келиши ҳақидаги йирик бир афсона ҳақида эмас, қабрни умуман очиш мумкин эмаслиги ҳақида. Аммо бу нарса амалга оширилди. Бу ҳақда гўёки гапирган 3 мўйсафид – бу бутун Самарқанд, шаҳар аҳлининг норозилиги рамзидир. Айни ҳолда бу суҳбат аслида бўлиб ўтгани далиллари йўқ. Биз буни фақат Малик Қаюмов сўзларидан эшитганмиз", дейди Елена Паскалева.

Темур қабртошида унинг майити қўним топган ер оёқ ости қилинса фалокат рўй бериши ҳақида битилмаганлигини мақбарани сақлаш ишларига узоқ йиллар етакчилик қилган Амирулло Абдуллаев ҳам таъкидлайди.

Чехиядаги Палатский Университетидан тарихчи олим Азим Маликов фикрича, бу афсонанинг келиб чиқиши ортида турган сабалардан бири Амир Темур сиймосини уруш билан боғлаш бўлган.

"Германиянинг Шўролар Иттифоқига уруш очиш борасидаги «Барбаросса» режаси 1940 йили декабрда тузиб чиқилганди. У вақтда Амир Темур мақбарасини очиш ҳақида ҳали сўз ҳам очилмаганди. Амир Темур сиймосини уруш билан боғлашга интилиш бу афсонани келтириб чиқарган. Амир Темур инсоният бошига фақат зўравонлик олиб келган, деган ғояни қўллаш мақсадида. Афсуски марҳум кинооператор Малик Қаюмов бу борада жуда кўп гапирган, бу борада фильмлар ҳам олинган. Лекин бунга ишониб бўлмайди, мутлақо нотўғри боғлиқлик", дейди тарихчи Азим Маликов.

"Асл мақсад Амир Темур қабрини очиш эмасди"

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тарихчиларга кўра, тадқиқотининг асл мақсади Улуғбек тарихий мероси далилларини топиш эди.

Гўри Амирдаги қабрларнинг очилиши билан боғлиқ яна бир нуқтага очиқлик киритишга ҳаракат қилсак.

Бу тадқиқот ишларини синчковлик билан ўрганган Елена Паскалева асосий мақсад айнан Амир Темур қабрини очиш бўлганлигини савол остига олади.

"Бу қадимшунослик тадқиқотининг асл мақсади Улуғбек тарихий мероси далилларини топиш эди. Асл мақсад Амир Тимур қабрини очиш бўлмаган", дейди Елена Паскалева.

"Мақсад -Улуғбек подшоҳ сифатида Самарқанддаги диний доираларга қарши чиқа олганлигини намойиш қилиш эди. Мен шунга тўлиқ ишонаманки, мақсад Амир Темур қабрини очиш эмасди. Чунки ўша вақтда Самарқандда Улуғбек саройини топиш учун яна бир қадимшунослик режаси амалга оширилганди. Бу ишларнинг ҳаммаси эса расмий равишда Алишер Навоийнинг 500 йиллигини нишонлаш илмий изланишлари доирасида, дея тақдим қилинган. Амир Темур улкан тарихий шахс ва йирик ҳудудларни босиб олган ҳукмдор бўлган бўлса ҳам, ўша вақтда тарихий ҳақиқатни излаш жараёнида Шўро ҳукумати учун у диққат марказида бўлмаган", дея илова қилади тарихчи мутахассис.

Гўри Амирдаги қабрлардан бойлик излашдими?

Сурат тагсўзи, Баъзилар Гўри Амирдаги қабрлардан бойлик изланганини даъво қилишади.

Демак, Темур қабри очилиши билан боғлиқ бир масалага бир қадар очиқлик киритилгандек - асосий мақсад Тимур қабрини очиш эмас эди. Лекин мақбарани юритиш ишларига узоқ йиллар раҳбарлик қилган Амирулло Абдуллаевнинг бу борада ўз тахмини бор.

Унга кўра, ўша вақтда нацистлар Германиясининг Шўролар Иттифоқига уруш очиши аён бўлган экан, мамлакат катта маблағга муҳтож бўлган.

"Ёш Совет Иттифоқи давлатида бу каби маблағ йўқ эди ва урушга тайёр эмасди. Уларнинг асосий мақсади Амир Темурнинг бойликлари эди. Тарихий манбаларга қарасак бой-зодагонлар қаерда дафн қилинган бўлса, улар билан бирга тилло ва қимматбаҳо тошлардан зеру-забарларини ҳам бирга қўйилган. Улар мана шу каби бойликлар қабрларда бор бўлиши мумкин деб ўйлашган", дея айтади Амирулло Абдуллаев.

Яна бошқа тарихчиларга кўра эса, бу каби тахминларни ҳозирча исботлашнинг имкони йўқ.

Тарихчи Азим Маликовнинг айтишича, у кўрган баъзи архив ҳужжатларида бойликларни излаш ҳақида сўз кетмайди.

"Тарихий ҳужжатларда кейинчалик Гўри Амир атрофида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилиши режаси ҳам тилга олинган. Лекин бу режа амалга ошмаган. Сабаби номаълум. Бундан ташқари, Сталин даврида рус зодагонлари қабрлар ҳам очилган. У ерда ҳам бойликлар изланганми йўқми, номаълум. Лекин урушга қадар жуда кўп қабрлар очилган", дейди Азим Маликов.

Ҳозирда зиёратчиларнинг Темурийлар сулоласининг охирги манзили бўлган ва илмий тадқиқотлар мобайнида 1941 йили очилган қабрлар жойлашган ер остидаги дахмага киришларига рухсат берилмайди. Гўри Амирга, буюк саркарда қошига зиёратга келганлар дахма юқорисидаги қабртошлар жойлашган хонага киришади холос.

Олимлар Гўри Амирдаги илмий изланишларнинг асл мақсади Мирзо Улуғбекнинг маданий ва илмий мероси далилларини топиш эди, дея айтишса ҳам мақбараларнинг очилиши ортидан асосий эътибор айнан Амир Темур қабрининг очилишига қаратила бошлайди.

Олиб борилган илмий изланишлар ҳам асосан унинг шахсияти атрофида бўлади. Нима учун шундай бўлган? Қайси нуқтада Шўро раҳбарлари ўзбеклар ибрат олишга яроқли дея, кўрган Мирзо Улуғбек таъбир жоиз четда қолиб, эътибор марказига Амир Темур чиқиб қолди?

Бу саволга ҳам жавобни тарихчи олим Елена Паскалева беришга ҳаракат қилади.

«Бу жараён ҳақида тарихий далиллар бор. Ўша даврда олинган бир расмда Гўри Амир ҳовлисида ҳайкалтарош Герасимов бир қўлида Амир Темур ва бошқа қўлида Улуғбек калла чаноғини ушлаб, ўйланиб турибди. Ўша дамда олим Қори-Ниёзов ва Герасимов ўрасидаги қуйидаги мазмундаги суҳбат қайд қилинган.

Герасимов: "Бу бош чаноқларига қараб, қай бири шафқатсиз саркарда ва қай бири олим эканлигини айтиш қийин, шундай эмасми", деган саволни ташлайди.

Шундан сўнг Герасимов Амир Темур сиймосини яратганда бошида тож кийган ва ваҳшатнок назар билан қараб турган шахсни, Улуғбекни эса юмшоқ табиат исломий олим сифатида яратади.

Ўша суҳбат бўлиб ўтган вақтда қабрлари очилган Темурийлар сулоласининг бошқа аъзолари умуман назардан қолиб кетгандек. Саҳнада фақат Темур ва Улуғбек қолишгандек. Яъни асосий ғоя Улуғбек энг яхши мамлакат бошқарувчиси эди, деган нарсани исботлаш эди.

Илм-фан ва маданиятга бўлган содиқлиги туфайли Шўролар тарихчилиги учун Улуғбек шахсияти Темурникидан анчайин муҳим эди.

Аммо омма наздида бу изланишлар марказида Амир Темур бўлгани муҳрланган. Ўша вақтдаги шўро сиёсати нуқтаи назаридан эса, Улуғбек шахсияти диний доираларга қарши чиқа олган шахс сифатида муҳимроқ аҳамиятни касб этарди. Қайсидир маънода илм-фан йўлида ўз жонини қурбон қилган Улуғбек сиймоси шўролар ғояси учун мафтункорроқ эди. Шўроларнинг ғоявий мақсади йўлида Улуғбек кўпроқ керак эди.

Лекин минтақа тарихида албатта Амир Темур кўпроқ аҳамиятга эга. Шу тариқа унинг қабрининг очилиши ва у билан боғлиқ маълумотлар вақт ўтиб кўпроқ эътибор марказига тушган.

Балки раҳбар Сталин учун Темур шахсияти кўпроқ жозибадор бўлган бўлиши мумкин. Балки у ўзини Амир Темурга қиёсламоқчи бўлгандир. Шунинг учун унинг майитининг топилиши унга алоҳида ғурур бағишлагандир. Лекин сиёсий маънода асосий эътибор Улуғбек эди. Гўри Амирда Қадимшунослик амалини ўтказиш қарорига ҳам шу нарса туртки берган. Асл интилиш улкан салтанатнинг эмас, Улуғбекнинг маданий ва илмий соҳада эришганларининг қўшимча далилларини топиш бўлган. Тасаввур қилишимиз мумкин, шўролар аслида ўзбеклар Темурнинг улкан қудратидан илҳом олишлари, мустақиллик ғояларига туртки беришидан хавотирда бўлганлар. Шу мақсадда унинг шахсияти 70-йилларда камситилиб кўрсатилган», дейди Елена Паскалева.

Шу маънода шўро раҳбарияти Темурийлар қабрларини очиш билан кўзлаган мақсадларига эриша олишмади , дея хулоса қилсак бўлармикан?

Аслида ҳам Темур қабрининг очилиши ортидан ҳайкалтарош ва антрополог Михаил Герасимов томонидан улуғ саркарданинг гўрдан чиқарилган бош чаноғи асосида сиймосининг яратилиши асосий ҳодиса ва илмий муваффақият сифатида кўрила бошлайди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Амир Темур қабри очилишидан сўнг Михаил Герасимов унинг сиёмосини яратгунга қадар ташқи қиёфаси қандай бўлгани фақатгина ўрта асрда ишланган бир неча миниатюралардан олинган тасаввур асосида эди.

Ўша вақтгача Амир Темурнинг ташқи қиёфаси қандай бўлгани фақатгина ўрта асрда ишланган бир неча миниатюралардан олинган тасаввур асосида эди.

Шу аснода яна бир бошқотирмага дуч келамиз. Чунки биз суратларда кўрганимиз, Москвада Герасимовнинг Темур бош чаноғи устида ишлаётган вақти, қўлида Темурнинг асл бош чаноғи эмас, нусхаси бўлганлигини ҳақида ҳам айтилади. Бунда жон борми?

Амир Темур майити Москвага олиб кетилганмиди?

Тарихчи Елена Паскалевага кўра, Амир Темур майити Москвага олиб кетилмаган ва Тошкентда синчковлик билан ўрганилган.

"Антрополог Герасимов Темур бош чаноғи асосида унинг сиймосини яратгани ҳақида жуда кўп гапирилади. Лекин бу илмий жамоа таркибида яна бир олим бор эди. Лев Ошанин. У Тошкентда ишларди.

Мен Ўзбекистондаги архивлардан топган ҳужжатларда Темур суякларини синчковлик билан ўрганиб, муфассал рўйхатини тузиб чиққан шахс айнан Ошаниндир.

Мен Ўзбекистондаги Миллий Архивда кўрган ҳужжатларда у томонидан Амир Темурнинг ҳар бир суяги ўрганилиб, қайд қилинганлигини кўрганман. Шунингдек, Улуғбек, Шоҳрух ва Мироншоҳ суяклари ҳам. Ўта диққат билан ўрганилиб, ўлчаниб, қунт билан тасвирланиб, муфассал рўйхат қилиб чиқилган. Айнан унинг тадқиқотлари уларнинг ҳаммалари бир сулола вакиллари эканлигини исботлайди. Шунинг учун Герасимов эмас, айнан Ошанин Темурийлар жасадларни ўрганиб чиққан асосий шахс сифатида кўрилиши керак, менимча.

Амир Темур ва Улуғбек бош чаноқлари Москвага олиб кетилгани ҳақида эса менда далиллар йўқ. Лекин Ошанин уларни Тошкентда ўрганиб чиққани далиллари бор. Бир эҳтимол шуки, бош чаноқларининг нусхаси яратилиб, сўнгра улар Москвага олиб борилган бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси эҳтимолга яқин."

Гўри Амирдаги майитлар қайта тўлиқ кўмилдими?

Тарихчи Елена Паскалеванинг тахмин қилишича, Гўри Амирдаги қабрлардан чиқарилган жасадларнинг айнан қайси қисмлар қайта дафн қилинганини аниқлаш балки-да ҳеч қачон имконли бўлмайди.

"Мен ҳозир илмий жиҳатдан ўта баҳсли бир ғояни айтмоқчиман. Балки жасадларнинг ҳамма қисмлари, ёки суякларнинг бари қабрга қайта қўйилмагандир…балки, қайсидир қисмлар, балки бош чаноқлари йўқолган бўлиши мумкин…Аммо мен эҳтимолларга берилмоқчи эмасман. Бош чаноқлари дохил суякларнинг ҳаммаси Тошкентда бўлиб, ўрганиб чиқилгани - бу ҳақиқат.

Миллий архивда 40- йиллар охирларида Гўри Амир гумбазини қайта таъмирлаган меъморнинг қаламда чизилган расмларини кўрганимда ўша расмларда ҳам бош чаноқлари расмлари чизилганини кўрганман. Бу вақтга келиб Темурийлар сулоласи жасадлари аллақачон қайта дафн қилинган эди. Бу балки бош чаноқларининг нусхалари ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлганлигини кўрсатар…Бу илмий изланиш жараёнида қилиниши мумкин бўлган оқил амал бўлган бўларди, деб ўйлайман", дея айтади Елена Паскалева.

Яна бошқа тарихчиларга кўра, Амир Темурнинг бош чаноғи дохил майити Россияга олиб кетилганми - йўқлиги борасидаги саволларга ҳозирча афсуски, аниқ жавоб топилмаган ва топиш ҳам турли сабалар туфайли бир маънода имконсиз.

Тарихчи Азим Маликовга кўра, фақатгина Москвадаги архивларни синчковлик билан ўрганиб чиқилган тақдирда, бу саволга жавоб топиш мумкин.

"Бу борада турли илмий изланишлар, ҳаракатлар бўлган. Амир Темурнинг бош чаноғи Москвага олиб кетилиб, қайтарилганми, йўқлиги борасида турли тахминлар бўлган. Қабрни қайта очиб, текшириш ҳам яхши йўл эмас. Бу борада ҳозирча аниқ жавоб топилгани йўқ. Москва архивларида ишлаш эса ҳозирги вазият сабабли имконсиз. Келажакда насиб қилса, ўрганиб, жавоб топиш имкони бўлар", дея фикр билдирди тарихчи.

Амир Темур майитини фронт чизиғи бўйлаб учиришганми?

Амир Темур жасадининг Россияга олиб кетилгани ёки йўқлиги борадаги баҳс ва афсоналарнинг таъбир жоиз саватига Гўри Амир собиқ раҳбари Амирулло Абдуллаев яна бир кенг тарқалган гўёки тарихий ҳодиса ҳақидаги фикрларни ташлайди.

Унга кўра, ўша даврдаги Шўролар Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин буйруғи билан Германияга қарши ҳарбий амалиётларда қўллов бўлиши учун Амир Темур бош чаноғини

фронт чизиғи бўйлаб учиришган ва шундан сўнг Самарқандга қайтариб, қайта дафн қилишга фармон берилган.

Лекин тарихчи олимлар фикрича, бу тахминлар асоссиз.

Елена Паскалеванинг айтишича, Темур суяклари Тошкентда эди, бирон алоҳида қисмлари Тошкентдан олиб кетилгани борасида ҳозирча ҳеч қандай далил йўқ.

"Одамлар ўзлари ишонишни истаган нарсага кўпроқ ишонишади. Бу каби миш-мишлардан узоқроқ бўлиш керак, деб ўйлайман. Мен ўтказган тадқиқотлар Темур қолдиқлари Тошкентда қолганлигини кўрсатади", дейди Паскалева хоним.

Амир Темур майити фронт чизиғи узра учирилганлиги ҳақидаги афсона ҳақиқатга тўғри келмаслигини тарихчи Азим Маликов ҳам таъкидлайди.

"Бунга мутлақо ишониб бўлмайди. Иосиф Сталин коммунист эди. Амир Темур эса бирон руҳоний ёки авлиё ҳам эмасди. Бу уйдирма», дея хулоса қилди Азим Маликов.

Қабрларни очиш керакмиди?

Тарихчи олимлар Шўролар расмий ҳужжатларида тақдим қилинганидек, Амир Темур сулоласи қабрларининг очилиши Алишер Навоийнинг 500-йиллигини нишонлаш маросимларига не қадар боғлиқлиги ҳақида ҳануз бош қотиришади. Биз эса саволни ўзгачароқ ташласак. Илмий жиҳатдан не қадар асосланган бўлмасин улуғ зотлар қабрини очиш керакмиди?

Голландия Университетидан тарихчи Елена Паскалеванинг айтишича, Ислом ва шариат арконларига кўра, қабрнинг очилиши бу қабул қилиб бўлмас амал.

"Бу амал билан қабрнинг муқаддаслиги йўққа чиқарилган. Шунинг учун Ислом арконларига қарши даҳшатли хуруж бўлган, деб айта оламиз. Лекин қабрлар очилишига тарих илми эҳтиёжи нуқтаи назаридан қарасак, фикримча, бу амал Темурнинг дафн қилинган жойини исботлаган. Шу жиҳатдан бу катта ҳодиса бўлган ва шундай хотирада қолади", деб айтди Елена Паскалева.

Гўри Амирдаги қабрларнинг очилиши борасида олимлар бу ҳодиса ҳақида ўрганилмаган ҳали жуда кўп жиҳатлар борлигини қайта-қайта таъкидлашади.

Балки шўро раҳбарияти ҳужжатларида айтилганидек, Улуғбек каби инсонпарвар, олим, файласуф ва шоир сиймосида ўзбек миллатининг ўзлигини шўролар ғоясига мос равишда шакллантириш йўлида ашёвий далилларни топиш ҳақиқатдан мақсад бўлгандир.

Лекин ўша давр ғоявий мақсадлари нуқтаи назаридан не оқланган бўлмасин Исломда макруҳ кўрилган амалга қўл уриш бу мақсадни мутлақо йўққа чиқариши ҳам мумкин эди.

Темурийлар қабрларининг очилиши ортидан юз берган жараён ва келиб чиққан афсоналар шуни кўрсатадики, тарихда ҳамма нарса ҳам белгиланган режа ва мақсад йўлида кетмаслиги эҳтимоли катта.