Қирғизистон: Ташиевлар номи тилга олинган 'Қирғизнефтгаз'даги коррупция бўйича жиноят иши қўзғатилди

Сурат манбаси, rasmiy
- Author, BBC Қирғиз хизмати
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Беш йил давомида Қирғизистоннинг давлат нефт компаниясидан миллиардлаб сомлик хомашё хусусий қўлларга ўтган деб даъво қилинмоқда.
Бу ҳақда Давлат солиқ хизматига қарашли "Солиқ Сервис" идораси томонидан 16 мартда эълон қилинган "Ўз яқинлари учун нефт: "Қирғизнефтгаз"ни қандай қуритишди?" номли суриштирув видеосида айтилган.
Ички ишлар вазирлиги бу бўйича жиноят иши қўзғатилганини расман тасдиқлади.
Иш марказида — собиқ энг қудратли хавфсизлик бошлиғи Қамчибек Ташиевнинг оиласи ва унга яқин компаниялар турибди.
Қамчибек Ташиев ким?

Қирғизистонда Қамчибек Ташиев охирги йиллардаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири саналган. У президент Садир Жапаров билан узоқ йиллик сиёсий иттифоқ тузиб, 2020 йилги ҳокимият алмашинувидан кейин Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси — яъни Қирғизистоннинг асосий хавфсизлик идораси — раҳбари этиб тайинланган. Шу даврда у мамлакатдаги иккинчи энг қудратли шахс деб ҳисоблаб келинган.
Аммо 2026 йилнинг 10 февралида Президент Жапаров уни ушбу лавозимдан озод этди. Шундан бошлаб Ташиевга яқин амалдорлар кетма-кет ишдан четлатилди, оила аъзолари эса жиноий тергов доирасига тушди. Унинг ишдан олинишига боғлиқ воқеалар Ўзбекистоннинг бир қанча нашрларида ҳам кенг ёритилди — бу Марказий Осиё миқёсида ҳодисанинг қанчалик кенг қизиқиш уйғотганини кўрсатади.
Воқеалар қандай кечди?
- 10 феврал — Президент Жапаров Қамчибек Ташиевни МХДҚ раислигидан озод этди.
- Феврал охири — Ташиевнинг жияни Байғази Матисақов ҚПК раҳбарлигидан бўшатилди. «Қирғизнефтгаз»га янги раҳбар тайинланди. Ташиевга яқин депутатлар ва вазирлар бирин-кетин ишдан кетди.
- 14 март — Шаирбек Ташиев депутатлик мандатини ўз хоҳишига кўра топширди. Марказий сайлов комиссияси унинг аризасини кўриб чиқиб, депутатлик ваколатларини муддатидан аввал тугатди.
- Шаирбек Ташиев тарафдорларидан бирининг Facebook саҳифаси орқали мурожаат билан чиқиб: "Мамлакатимиздаги сиёсий барқарорлик, халқимиз тинчлиги учун мен бу қадамга боришга мажбур бўлдим. Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда менга, оиламга ва яқинларимга нисбатан бўлаётган бўҳтонлар менинг ва яқинларимнинг ҳаловатини бузди", — деган.
- 16 март — Солиқ хизмати нефт тармоғидаги йирик коррупция схемаси фош этилгани айтилган суриштирув видеосини эълон қилди.
- 17 март — ИИВ коррупция бўйича жиноят иши қўзғатилганини расман тасдиқлади. Таймурас Ташиев айбловларга расмий раддия берди.
Схема қандай ишлаган?

Сурат манбаси, rasmiy
Қирғизистон Давлат солиқ хизмати томонидан тайёрланган суриштирув видеосида айтилишича, 2021–2025 йиллар оралиғида "Қирғизнефтгаз" давлат компанияси ишлаб чиқарилган нефтнинг 30 фоизини — 262 минг тонна хомашёни — ўзига тегишли "Қирғиз Петролеум Компани" (ҚПК) заводига эмас, балки хусусий воситачи фирмаларга сотган. Ўша фирмалар эса хомашёни яна ўша давлат заводига қайта ишлашга топширган ва тайёр ёнилғини — бензин ва соляркани — ўзлари олиб кетган.
"Давлат компанияси барча нефтнинг 30 фоизини хусусий фирмаларга сотади. Бу 262 минг тонна хомашё демакдир. Энг қизиғи — бу хусусий компаниялар нефтни ўзлари қайта ишлашмайди. Улар уни охирги томчисигача яна ўша "Қирғиз Петролеум Компани" давлат заводига қайтаришади. Бироқ бу сафар "давлат заводига қайта ишлаш учун топширилган хомашё" сифатида. Бошқача айтганда, давлат нефти воситачиларга сотилади, воситачилар уни давлат заводига қайтариб бериб, тайёр ёнилғи олишади. Агар завод ўзиники бўлса, давлатга воситачиларнинг нима кераги бор?" — дейилади суриштирув видеосида.
Маълум қилинишича, бу схема орқали 5 йил ичида 7 миллиард 615 миллион сомлик (тахминан 85,5 миллион доллар) хомашё хусусий қўлларга ўтган. Давлат камида 3 миллиард 148 миллион сом (тахминан 35,3 миллион доллар) фойдадан маҳрум бўлган, умумий зарар эса 4 миллиард 175 миллион сомдан (тахминан 46,9 миллион доллар) ошади деб баҳоланмоқда.
Кимлар тилга олинди?
Солиқ хизматининг суриштирувида тилга олинган воситачи компанияларнинг Ташиевлар оиласига алоқадор эканлиги даъво қилинмоқда.
Энг йирик улушни — 5 йилда 83 минг тонна нефтни — "Қирғиз-Ўзбек-Озарбайжон" МЧЖ қайта ишлаган. Суриштирувга кўра бу компаниянинг директори Қазибек Ташиев, таъсисчиси эса Шаирбек Ташиев — Қамчибек Ташиевнинг укалари.
"РегионОйл" компанияси Ташиевларнинг "Ата-Журт" партияси бухгалтери Назгул Айдаровага тегишли деб кўрсатилган.
Қамчибек Ташиевнинг ўғли Таймурас Ташиевга боғлиқ "Мокогрупп" фирмаси эса солярка сотиб олиб, давлат харидлари орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва бошқа муниципал идораларга сотган деб айтилади. Суриштирув маълумотларига кўра, "Мокогрупп"нинг 2020 йил 6 ноябргача таъсисчиси Қамчибек Ташиевнинг ўзи бўлган.
Схема амалда бўлган давр мобайнида ҚПК заводига Қамчибек Ташиевнинг жияни Байғази Матисақов раҳбарлик қилган. BBC Матисақов билан боғланиб, муносабатини билишга уринди, аммо ҳозирча жавоб олинмади.
Таймурас Ташиев: "Маълумотлар тўлиқ ёлғон"

17 март куни Таймурас Ташиев билдирилган айбловлар бўйича муносабат билдирди. У 2021–2025 йиллар оралиғида "Қирғизнефтгаз" деярли 358 минг тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқарган бўлса, унинг "Мока Групп" компанияси бор-йўғи 5 минг 463 тонна дизел ёнилғиси сотиб олганини, бу ҳажм "Қирғиз Петролеум Компани" ишлаб чиқарган дизел ёнилғисининг атиги 1,53 фоизини ташкил этишини айтди.
"Қирғиз Петролеум Компани"ни монополия қилиб олган, бутун дизел ёнилғисини "Мока Групп" сотиб олган" деган ва бошқа тарқатилган маълумотлар тўлиқ ёлғон. Биздан бошқа фирмалар ҳам ўзларига керакли ҳажмда сотиб олиб келишган. Тегишли томонлардан эса бизга алоқадор нотўғри маълумотларни тарқатмаслигини сўраймиз", — деб ёзди Таймурас Ташиев.
Расмий жавоб
ИИВ 17 март куни "Қирғизнефтгаз" атрофидаги ишлар бўйича Жиноят кодексининг 336-моддаси — коррупция моддаси — билан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади.
Давлат солиқ хизмати мутахассислари иштирокида тергов олиб борилмоқда.
"Қирғизнефтгаз"нинг янги раҳбари Самсаали Четинбаев ҳам BBC га берган интервюсида ИИВга жиноят иши доирасида кетаётганини билдирди.
Шаирбек Ташиев: "Акамнинг ишлари эли учун бўлди"

Сурат манбаси, rasmiy
Шаирбек Ташиев "Озодлик" радиосининг қирғиз хизматига берган интервюсида акасини ҳимоя қилиб, Қамчибек Ташиевнинг 2021 йилдан бери тинимсиз, ҳатто таътилсиз ишлаганини айтди.
"Акамнинг қилган барча ишлари эли-юрти учун бўлди. Куну тун ишлаб, 2021 йилдан бери таътилга чиқмаган экан. Ушбу 4-5 йил ичида жами етти кунгина таътилда бўлибди", — деган у.
Таймурас Ташиев эса "Регион" телеканалига берган интервьюсида отасини қоралашга уринишлар борлигини таъкидлаб: "Ҳозир айримлар отамни қоралашга ҳаракат қилишяпти, Рамазон ойида биз уларни кечирдик", — деган.
Ташиевга алоқадор воқеалар — коррупция иши, оила аъзоларининг лавозимларини йўқотиши ва сиёсий майдондан бирин-кетин чекинуви — нафақат Қирғизистон ичида, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам диққат билан кузатилмоқда. Бир пайтлар мамлакатнинг иккинчи энг қудратли шахси деб ҳисобланган Ташиевнинг бу тарзда сиёсий саҳнадан суриб чиқарилиши минтақа кузатувчиларининг алоҳида эътиборини тортмоқда.





























