Афғонистон Ўзбеклари дўпписи ижтимоий тармоқларда норозилик тимсолига айланди - Видео
Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
"Ўз кийимимни кийганим, ўз тилимда гапирганим учун ҳақоратлансам, бу юртда яшаш мен учун чидамли эмас", деди Кобул Университетининг адабиёт факултети Ўзбек бўлими талабаси Ҳиббатуллоҳ Ёқуб ўғли.
Юзлаб одамлар ижтимоий тармоқларда ўз бирдамлигини намоён этаётган бир пайтда ушбу воқеа марказида турган талабаларнинг тақдири номаълум қолаяпти.
Толибон Олий таълим вазири таҳқирлаб тарсаки урган талаба ҳозирда тазйиқлардан қўрқиб яширинишга мажбур бўлган.
Кобул Университети бошқа талабалари ва ўқитувчиларга қаттиқ огоҳлантириш берилган.
Талаба ва ўқитувчиларга дўппи мавзуси ҳақида гапириш маън этилган.
Афғон Ўзбеклари дўпписи билан боғлиқ воқеа қандай содир бўлди?
8 апрел куни Афғонистон Олий Таълим вазири Шайх (Мавлавий) Нидо Муҳаммад Надим университетга ташриф буюрган.
Бу вақтда адабиёт факултети Ўзбек бўлимининг ўндан ортиқ талабаси университет ҳовлисини тозалашаётган, улар ҳаммаси бошларига қизил дўппи кийган эдилар.
Вазир Мавлавий Нидо Муҳаммад Надим талабаларга хорижий ёт бош кийим кийганларини айтган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Талаба Ҳиббатуллоҳ Ёқуб ўғли эса бу қизил дўпппи Ўзбекларнинг миллий бош кийими эканини, бошидаги дўппини бувиси ўз қўли билан тикканини айтган.
Шундан кейин вазир талаба юзига тарсаки тортган.
Воқеа гувоҳларига кўра, вазир бу дўппи Паштунлар ҳаракати ва халқларига тегишли эканини иддао қилган, Ўзбек талабаларига бундай бош кийим мумкин эмаслигини айтган.
Бироқ Туркий халқлар, айниқса, Афғонистон Ўзбеклари учун бу дўппи сиёсат эмас, балки Наврўз ҳамда бошқа байрамларнинг кўрки ҳисобланадиган миллий меросдир.
Толибон раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзодага яқин бўлган Олий Таълим вазири Нидо Муҳаммад Надим ҳукуматдаги энг қаттиққўл сиёсатчилардан бири ҳисобланади.
Афғон Ўзбеклари дўпписи Интернет ижтимоий тармоқларидаги норозилик рамзига айланди.
Афғонистондаги Ўзбеклар ва бошқа туркий халқлар вакиллари ўз бирдамлигини ифода этиш мақсадида қизил дўппи кийган фото суратларини эълон қилдилар.
Кобул Университети Ўзбек талабалари билан юз берган ҳодисага муносабат билдирдилар.
Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Olgʻa Oʻzbeklar Oʻzbek oʻziga bek va oʻziga hondur oʻzligingizni milliyligingizni qoʻldan kelguncha saqlap qolingizlar, деб ёзди Фейсбук фойдааланувчиси Анвар Пўлатов.
Toliblar faqat pushtunlarni millat deb bilishadi. Qolganlarning urf-odatlari ularga qiziq emas musulmon bo'lsa ham. Kamsitmasin o'zbeklarni. Biz u Afg'onistonga qanchadan qancha yordam jo'natdik lekin baribir o'zbeklarni kamsityapti, деб ёзди Азиз Раҳмон.
Afg'oniston o'zbeklari xalqaro huquq himotasiga adolat istab murojat etishlari kerakdir balki... Nega aynan turkiy ellatlar Afg'oniston tolibonlarni adolatsiz siyosatidan aziyat chekishi kerak?, деб ёзди Zuhra Ochilova Zuhro.
Talibon Oliy bilim vazirini avvalan bor insonlikka, keyinchalik madaniyat va adolat urganishka davat etaman.
Bilim yurtlaridagi har bir kishiga ulka kelajagi bo'lganligi tufayli hurmat ko'rsatish lozim, деб ёзди Ulugbey Ahmet.
Afg'onistonlik Üzbek millatdoshlarimizga Assalomu aleykum. Sizlarni Alloh asrasin, bir bayroq ostida birlashaylik ilohim, ungacha üzlarizni ehtiyot qilinglar, asranglar, деб ёзди Jamshid Do'stov
Афғонистон Олий Таълим вазирлиги ушбу ҳодисани рад этди.
Вазирликка кўра, ушбу масала талабалар ва вазирлик раҳбарлари ўртасида ишончсизликни келтириб чиқариш мақсадини кўзлаган душманларнинг ишидир.
Ўзбек тили ва маданиятига муносабат
Сурат манбаси, BAKHTAR agentligi
Афғонистонда тил ва маданиятга муносабат ҳассос ҳисобланади, 40 йиллик уруш ушбу нозик масала жуда тез қуролли қонли тўқнашувларга айланиб кетиши мумкинлигини кўп бор намойиш этган.
Толибон ҳаракати ўзларининг асосий мақсади диний бирлик экани, Афғонистонда яшайдиган барча миллат ва элат вакилларига тенг қарашларини айтади.
Бироқ Афғонистондан четга чиқиб кетган миллат вакиллари ўз миллатдошларининг миллий, маданий ҳуқуқлари камситилаётганини айтадилар.
Бунга буюк Ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоий меросига нисбатан бўлган сўнгги мисоллар сифатида келтирганлар.
2023 йил Алишер Навоийнинг Мозори Шариф шаҳридаги ҳайкали бузиб ташланди.
Ўшанда Афғонистон бўйлаб Навоий ҳайкаллари ва суратлари йўқ қилинишини қатор афғонистонлик ва ўзбекистонлик зиёлилар бевосита диний эмас, балки жорий Толибон раҳбариятининг мамлакатдаги миллий озчиликларга қарши қаратилган амал сифатида ҳам талқин қилишди.
Айримлар эса айни ҳатти-ҳаракатларни Толибон Ислом динини қандай талқин қилиши ва ё ҳаётга тадбиқ этишига боғлаб тушунтиришга интилади.
Толибон ҳаракатининг ўзагини ташкил этадиган Паштун миллатига мансуб шахсларнинг суратлари ҳам ўчирилиши шундай фикрларга етаклайди.
Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонда Навоий мероси бузилишига муносабат билдирди, бунинг ортидан Толибон раҳбарияти буюк шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа этишга қарор қилгани эълон этилди, пойдевор қўйиш маросими ўтказилди.
End of Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз