Ғордаги энг қадимий тасвир инсон ижоди ибтидоси ҳақидаги тасаввурларни ўзгартирмоқда

Ўқилиш вақти: 4 дақ
Sorry, we can’t display this part of the story on this lightweight mobile page.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Индонезиянинг Сулавеси оролидаги ғорда топилган қўлнинг трафарет чизмаси бизга маълум дунёдаги энг қадимий тасвир ҳисобланади.

Унда қизил рангда чизилган қўл контури чизилган бўлиб, бармоқлар тасвирига бироз ишлов берилган. Бу рамзий тасаввурнинг илк босқичини кўрсатадиган чангалсимон мотивни яратиш учун қилинган, демоқда олимлар.

Расм камида 67 800 йил олдин чизилган – бу Испаниядаги қўл трафаретидан тахминан 1100 йил аввалроқ дегани.

Шунингдек, бу топилма бизнинг туримиз – Homo sapiens, баъзи тадқиқотчилар таъкидлаганидан тахминан 15 000 йил олдинроқ Саҳул деб аталган кенг Австралия-Янги Гвинея қуруқлигига етиб борган, деган тахминни қувватлайди.

Сўнгги ўн йилда Сулавесидаги бир қатор кашфиётлар санъат ва абстракт фикрлаш тўсатдан музлик даври Европасида пайдо бўлиб, у ердан тарқалган, деган эски ғояни ўзгартирди.

Ғор санъати одамлар қачон ҳақиқатан ҳам абстракт, рамзий фикрлай бошлаганининг асосий белгиси сифатида қаралади. Рамзий фикрлаш тил, дин ва фаннинг асосини ташкил этувчи тасаввур туридир.

Илк тасвирлар ва ўйма нақшлар одамларнинг нафақат дунёга муносабатини, балки уни ифодалай олганини, бошқа турлар қила олмаган тарзда ҳикояларни баҳам кўрганини кўрсатади.

Лойиҳа ҳаммуаллифларидан, Австралиянинг Гриффитс университети профессори Адам Браммнинг BBC News'га айтишича, Nature журналида чоп этилган сўнгги кашфиёт инсоният уйғонган жой фақат Европа эмаслигини тасдиқлайди. Аксинча, ижодкорлик замонавий инсонга хос хислат бўлиб, бунинг тасдиғи биз ривожланган Африка қитъасига бориб тақалади.

"90-йиллар ўрталари ва охирларида университетда бизга инсондаги ижодий портлаш Европанинг кичик бир қисмида содир бўлган, деб ўргатишарди. Аммо ҳозир биз замонавий инсон хулқ-атвори белгиларини, жумладан, Индонезиядаги ҳикоявий санъатда кўрмоқдамиз. Бу эса Европа марказ бўлган деган қарашни заифлаштиради."

Энг қадимги испан ғор санъати Ғарбий Испаниядаги Малтравиесо ғоридаги қизил қўл трафарети бўлиб, у камида 66 700 йиллик деб белгиланган. Бироқ бу баҳсли, баъзи мутахассислар уни бу қадар қадимий деб ҳисобламайди

Sorry, we can’t display this part of the story on this lightweight mobile page.

2014 йилда Сулавесида камида 40 минг йиллик қўл трафаретлари ва ҳайвон тасвирлари топилган. Кейинчалик камида 44 минг йиллик ов саҳнаси, сўнгра камида 51 200 йил олдин ишланган чўчқа ва одам тасвири аниқланган. Гриффитс университети профессори Максим Обернинг таъкидлашича, ҳар бир янги топилма мураккаб тасвирларни вақт жиҳатидан янада узоқроқ ўтмишга суриб бормоқда.

"Биз дастлаб Европадаги каби камида 40 минг йиллик ёшдан бошладик. Аммо пигментни чуқурроқ ўрганиб, Сулавесидаги қоятош санъати ёшини камида яна 28 минг йил ортга сурдик."

Энг сўнгги топилма жануби-шарқий Сулавеси яқинидаги кичик орол – Мунадаги Лианг Метандуно номли оҳактош ғоридан топилган. У пуркагич усулида ишланган: қадимги граффити рассоми қўлини ғор деворига текис босган, сўнг унинг атрофига бир ҳовуч пигмент пуфлаган ёки тупурган. Шунда қўлини олганида, тошда унинг акс тасвири қолган.

У ердаги бир парча қўл трафарети юпқа минерал қатламлар билан қопланган бўлиб, таҳлил қилинганда унинг ёши камида 67 800 йилга тенглиги аниқланган. Бу уни дунёдаги энг қадимги ғор санъатига айлантиради.

Энг муҳими, рассом деворга босилган қўл атрофига пигмент пуркаш билангина чекланиб қолмаган, дейди тадқиқотчилар.

Сурат манбаси, Ahdi Agus Oktaviana

Сурат тагсўзи, Сулавесида яқинда топилган ғор суратларидаги бармоқларнинг контурлари эҳтиёткорлик билан ўзгартирилган ва янада тирноққа ўхшатиш учун ингичкалаштирилган ва чўзилган.

Дастлабки трафарет тайёр бўлгач, бармоқларнинг контурлари эҳтиёткорлик билан ўзгартирилган – уни янада тирноққа ўхшатиш учун ингичкалаштирилган ва чўзилган. Брамм бу ижодий ўзгаришни "бизнинг туримизга хос хислат" деб таърифлайди.

Унинг таъкидлашича, бизнинг қардош туримиз бўлмиш неандерталларнинг Испаниядаги ғор тасвирларида, яъни тахминан 64 000 йил олдин яратилган санъат асарларида бундай ижодни тасдиқловчи далил йўқ. Аммо бу масала ҳам қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда, чунки баъзи тадқиқотчилар расмнинг ёши тўғри аниқланганини шубҳа остига олмоқда.

Мунадаги сўнгги кашфиётгача Сулавесидаги барча расмлар оролнинг жануби-ғарбидаги Марос Пангкеп карстидан топилган эди. Бу анча қадимий трафаретнинг Сулавеси оролининг қарама-қарши томонида, алоҳида оролда топилгани ғор деворларида тасвирлар яратиш маҳаллий тажриба эмас, балки бутун минтақа бўйлаб маданиятларга чуқур сингиб кетганлигини кўрсатади.

Браммнинг айтишича, индонезиялик ҳамкасбларининг кўп йиллик дала тадқиқотлари натижасида чекка ҳудудларда "юзлаб янги қоятош санъати объектлари" топилган. Баъзи ғорлардан одамлар ўн минглаб йиллар давомида қайта-қайта фойдаланган. Лианг Метандунуда анча кейинги даврларга оид расмлар топилган. Уларнинг баъзилари тахминан 20 000 йил олдин чизилган. Бу эса мазкур ягона ғор камида 35 000 йил давомида бадиий фаолият марказига айланганини кўрсатади.

Сулавеси Осиё қитъаси ва қадимги Саҳул ўртасидаги шимолий денгиз йўлида жойлашгани сабабли, бу саналар австралиялик аборигенлар аждодлари қачон келганлигини аниқлашда аҳамиятга эга.

Кўп йиллар давомидаги ДНК тадқиқотлари ва кўплаб археологик топилмаларга асосланган асосий фикр шуки, Homo sapiens илк бор қадимги Австралия-Янги Гвинея қуруқлиги Саҳулга тахминан 50 минг йил олдин етиб келган.

Индонезиянинг миллий тадқиқот ва инновациялар агентлиги ходими Адҳи Агус Октавиананинг таъкидлашича, Homo sapiens камида 67 800 йил аввал Сулавесида ўрнашиб, мураккаб рамзий санъат яратгани ҳақидаги ишончли далиллар бор. Бу эса, тахминан 65 минг йил олдин Австралия шимолида одамлар яшагани тўғрисидаги баҳсли археологик маълумотлар тўғри бўлиши эҳтимолини оширади.

"Сулавесида бу расмларни ижод қилган одамлар кейинчалик минтақа бўйлаб тарқалиб, пировардида Австралияга етиб борган аҳолининг бир қисми бўлгани эҳтимоли катта."

Кўплаб археологлар бир пайтлар ақлнинг Европадаги "катта портлаши" ҳақида баҳслашган, чунки ғор расмлар, ўймакорлик қолдиқлари, тақинчоқлар ва янги тош қуроллар барчаси тахминан 40 000 йил аввал, Homo sapiens у ерга келганидан кўп ўтмай, Франция ва Испанияда пайдо бўлган.

Алтамира ва Эл Кастило каби жойлардаги ғор санъати музлик даври Европасида рамзийлик ва санъат тез пайдо бўлгани ҳақидаги ғояни қувватлади. Шундан бери, 70 000-100 000 йил олдинги Бломбос ғори каби Жанубий Африка ёдгорликларидан топилган ўйма охра, мунчоқлар ва мавҳум белгилар Африкада рамзийлик аллақачон шаклланганини кўрсатди.

Сулавесидаги жуда қадимий тасвирий ва ҳикоявий расмлар билан бир қаторда, янги бир якдил қараш шаклланмоқда. Обернинг BBC News'га айтишича, ижодкорлик анча қадим ва кенг тарқалган эди.

"Бу шуни англатадики, одамлар бу қобилиятга жуда узоқ вақт давомида эга бўлган, ҳеч бўлмаганда Африкани тарк этганларида, балки ундан ҳам олдинроқ."