Ўзбекистон ҳам олаётган AstraZeneca вакцинаси хавфлими? Ковид, дунё, коронавирус, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Ўзбекистон ҳам олаётган Oxford-AstraZeneca вакцинаси хавфлими? Қатор Европа давлатлари бу вакцинанинг қанчалик хавфсизлигидан хавотирга тушишган. AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни вақтинчалик тўхтатишган.
Олдинроқ худди шу вакцинадан Ўзбекистон ҳам юз минглаб доза олиши хабар берилганди.
Хабарларга кўра, мазкур вакцина билан эмланган бир неча кишида тромблар пайдо бўлган, бир нафари ҳаётдан кўз юмган.
Бунинг ортидан, Дания, Норвегия ва Исландия AstraZeneca вакцинасидан фойдаланмай туришга қарор қилишган.
Аммо Европа Тиббиёт Агентлиги (EMA)нинг қайдида тромбоз мазкур вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирлари орасида қайд қилинмаган.
Тромблар бевосита вакцина сабаб пайдо бўлганини исботлаши мумкин бўлган бирор далил ҳам ҳозирча қўлга киритилмаган.

Сурат манбаси, PA Media
Дания ҳукумати AstraZeneca вакцинаси юзасидан аниқ қанча шикоят олганини очиқламаган, аммо уларнинг сони вакцинадан фойдаланишни икки ҳафтага - текширувларнинг дастлабки натижалари чиққунига қадар тўхтатиб туриш учун кифоя қилишини айтган.
Буюк Британиянинг Дори-дармонлар ва тиббий маҳсулотлар хавфсизлигини назорат қилувчи идораси - MHRA ҳам бу вакцинанинг тромблар ҳосил қилиши борасида бирор бир маълумотга эга эмасликларини баён қилган.
Идора "тромбларнинг табиий йўл билан пайдо бўлиши ва бу кенг тарқалган ҳолат экани"ни таъкидлаган.
Аҳолини режага мувофиқ эмланишга чақириб, Буюк Британия бўйлаб аллақачон 11 миллион дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинаси қўллаб бўлинганини айтган.
Аммо куни-кеча Таиланд ҳам AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни кечиктирганига оид хабарлар олинган.
Орада Исландия ҳам бу вакцинадан фойдалишни вақтинчалик тўхтатиб туриши маълум бўлган.
Айни пайтда Италия ва Австрия эҳтиёткорлик чораси сифатида ушбу препаратнинг маълум партияларидан истифода этмай туриш қарорига келган.
Италиянинг масъул идораси бу қарорни "эҳтиёткорлик чораси" сифатида олганликларини айтган, вакцина ва ундан кейинги "жиддий нохуш ҳодисалар" ўртасида бирир бир боғлиқлик борлигини аниқлай олмаганликларини ҳам эътироф этган.
Эстония, Латвия, Литва ва Люксембург Австрия, Руминия (4200 доза) эса, Италия олгани билан бир хил вакциналар партияси истеъмолини тўхтатишган.
Франция ва Германия AstraZeneca вакцинасини қўллашдан воз кечмасликларини айтиб чиқишган.
Ножўя ҳолат?

Сурат манбаси, Reuters
Расмийларнинг айтишича, ўлимга олиб келадиган ёки ҳаёт учун хавфли бўлган қон қуйқалари яқинда AstraZeneca вакцинасини олган оз сондаги одамларда қайд этилганига оид хабарлар олишган.
Бу ташвишли туюлиши мумкин, аммо бу икки ҳолат ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, дейди Би-би-сининг Саломатлик масалалари бўйича мухбири Митчел Робертс.
Унга кўра, вакцина партиясининг сифати бўйича тўлиқ текширувлар ҳануз давом этмоқда, аммо бундай нуқсон топилиши эҳтимоли ҳақиқатдан деярли йироқ.
Умуман олганда, Европа Иқтисодий Ҳудудида AstraZeneca вакцинаси билан эмланган беш миллион одам орасидан 30 тасида бу каби ҳолат қайд қилинган.
Истеъмол учун яроқли деб топилган ҳар қандай препарат, шу жумладан, вакциналар ҳам айримларда ножўя таъсирларни келтириб чиқаради.
Аммо уларнинг аксарияти енгил кўринишда бўлади, оғир ҳолатлар камдан-кам учрайди, дейди Би-би-си муҳаррири.

Сурат манбаси, Reuters
Oxford -AstraZeneca
3 февраль куни Ўзбекистоннинг БМТ COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза Oxford -AstraZeneca вакцинасини олиши маълум бўлган.
Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг ЮНИСЕФ жамғармаси сайтида хабар қилинган.
Агар, ушбу рақамларга таянилса, Oxford -AstraZeneca Ўзбекистон шу пайтгача энг катта дозада олаётган вакцина бўлади.
Коронавирусга қарши вакциналар дунёнинг кам ва ўртача даромадли 92 давлатига шу йил июнь ойигача тақдим этилиши кутилмоқда.
Европа Дори-дармон Агентлиги ўтган ой бу вакцинани барча ёшдагилар учун тавсия қилган.
Лекин, шунга қарамай, дунёнинг қатор давлатларида шифокорлар уни кексалар учун ишлатишга қарши чиқишган.
Улар AstraZeneca вакцинасининг кексаларда самарадорлиги тўғрисида далиллар етарли эмаслигини айтишган.
Аммо айнан февраль ойида эълон қилинган янги тадқиқот натижалари бу вакцинанинг коронавируснинг янги штаммларига қарши жуда самарали эканига далолат қилган.
Янги тадқиқот Кембриж университети олимлари томонидан олиб борилган.
Олимлар Oxford-AstraZeneca вакцинаси, ҳатто, биринчи эмлаш ортиданоқ одамларни янги штаммдан яхши ҳимоя қила олишини исботлашганликларини айтишган.
Вакцина коронавирусни юқтириш хавфини сезиларли камайтиришини баён қилишган.
AstraZeneca ҳозирча Ўзбекистон олаётган тўртта вакцинадан бири бўлади.
Шу пайтгача имконли бўлган расмий хабарлардан Ўзбекистоннинг Россия (Спутник V), Хитой (ZF-UZ-VAC 2001), АҚШ ва Германия компанияларининг қўшма маҳсулоти бўлган BioNTech/Pfizer вакцинасини харид қилаётгани маълум.
Аммо Ўзбекистонда ҳалича аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланмаган, бу ишга шу ойнинг иккинчи ярмидан бошлаб киришилиши айтилган.
Куни-кеча пойтахт Тошкентдан олинган хабарлардан 660 минг доза AstraZeneca вакцинасининг COVAX дастури бўйича Ўзбекистонга 15-20 март кунлари келтирилиши маълум бўлганди.
Ўзбекистонлик масъуллар AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқ хавотирларга ҳалича расман ўз муносабатларини билдиришмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































