Ўзбекистон ССВ : "Мамлакатда коронавирус туфайли ўлим ҳолатлари яширилмаган" O‘zbekiston, video, kovid, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда ковиддан қурбон бўлганлар сонига доир ижтимоий тармоқлар ва мустақил тадқиқотларда чиққан маълумотларни рад этган.

Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бу хусусда махсус ахборот тарқатган.

Унда, "Мамлакатимизда коронавирус билан касалланиш ҳолати илк бор кузатилишидан (2020 йилнинг 15 мартидан) қарийб икки ой аввал Давлат Раҳбарининг алоҳида фармойиши билан Республика махсус комиссияси тузилди.

Касалликни олдини олиш учун ҳар қандай ҳолатга шай туриш мақсадида бутун мамлакат бўйлаб "тиббий сафарбарлик" бошланди.

Кейинги қадамлар касаллик профилактикаси, унинг мамлакат бўйлаб тарқалишини чеклаш, беморларни алоҳидаланган режимда даволаш бўйича бўлди.

Соҳанинг энг тажрибали олим ва шифокорлари иштирокида коронавирусни даволаш бўйича ишлаб чиқилган протоколлар, қисқа муддатларда барпо этилган тиббиёт муассасалари, касалликда гумонланганларни вақтинчалик сақлаш учун карантин зоналари самарали фаолият юритгани ҳамда тиббиёт ходимларининг фидойилиги натижасида ушбу оғир даврни йўқотишларсиз ўтказмоқдамиз.

Пандемиянинг илк кунларидан бошланган оқилона сиёсат натижасида бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди.

Қисқа муддатда барча шароитларга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди.

Жумладан, Тошкент вилояти Зангиота туманида юқумли касалликларга ихтисослашган 4 минг беморга мўлжалланган замонавий тиббиёт комплекслар қуриб битказилди, барча ҳудудларда Саралаш ва тақсимлаш марказлари ташкил этилди.

Улар коронавирусни даволаш учун зарур дори-дармон ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, республикамизда 2020 йил август ойидан бошлаб Ремдесивир препаратини ишлаб чиқаришни бошлаб, ўпкаси 20 фоиз зарарланган беморларга уни текинга қилишни йўлга қўйди.

2020 йилнинг октябрь-декабрь ойларида 1,2 млн ижтимоий соҳа ходимлари, яъни тиббиёт, ўқитувчилар ва мактабгача таълим муассаса ходимлари гриппга қарши давлат маблағлари ҳисобидан эмланди.

Бундан ташқари, бирламчи тизим тиббиёт муассасалари (поликлиникалар) орқали коронавирус инфекциясига қарши 2 млндан ортиқ дорилар жамланмаси бўлган "Ковидбокс"лар аҳолига бепул тарқатилди.

Пандемияга қарши курашиш учун республиканинг 200 минг нафардан зиёд тиббиёт ходимлари, шу билан бирга, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Туркия каби мамлакатларнинг 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислари жалб этилди.

Дунё бўйлаб вирус тарқалиши оқибатида мамлакатлараро чегаралар ёпиқ бўлишига қарамасдан 2020 йилнинг ўзида хориждан 600 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз юртимизга олиб келинди.

Шу каби қилинган тизимли чора-тадбирлар натижасида касаллик тарқалишини олдини олишга эришилди ва даволанишга муҳтож бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқаросига тузалиш имконияти яратилди", - дея баён қилинган.

Ўлим ҳолатлари ва ковид тарқалишига доир вазирлик тарқатган ахборотда, шунингдек, коронавирус билан боғлиқ статистикага фақат махсус лаборатор тиббий текширувлар орқали касаллиги тасдиқланган беморлар киритилиши айтилади.

"Касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки гумон қилинган беморлар бутун дунёдаги каби умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди. Ҳозирда коронавирус инфекцияси тасдиқланса, улар дарҳол расмий статистикада қайд этилиб, юқумли касалликлар шифохоналарига йўналтирилмоқда. Бугунги кунда республика бўйича коронавирус инфекцияси аниқланаётганлар 30 нафар кишидан ошмаяпти".

"Ўлим ҳолатларини қайд этишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор", - дейди Республика патологик анатомия маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Ражаббой Исраилов.

- "Бирор фуқарони коронавирусдан вафот этди деб қайд этиш аниқ тасдиқловчи бир қанча текширувларга асосланади. Биринчидан, тиббиётда ўлимни қайд этишнинг умумжаҳон қабул қилинган қоидалари бор. Бунда, клиник симптомлар, таҳлил натижалари, яъни Полимер занжирли реакция таҳлили тасдиқлангандан сўнг бемор касаллик натижасида вафот этса, ундан кейинги патологоанатомик текширувда ҳам ушбу ташхис ўз тасдиғини топиши керак. Аксарият ҳолларда эса, патоморфологик текширув натижасида бемор коронавирусдан ўлмаганлигини аниқлаш мумкин. Бундай ҳолатларда содир бўлган ўлим коронавирус инфекциясидан вафот этганларнинг расмий статистикасига киритилмайди. Шунингдек, айтиб ўтишимиз жоизки, 2020 йилда хорижий юртлардан меҳнат муҳожирлигида юриб, вафот этган ватандошларимизнинг 1629 та жасади олиб келинди. Бу кўрсаткич ҳам Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги ўлимлар статистикасига киради, лекин COVID-19 статистикасига кирмайди. Иккинчидан, коронавирус беморни бевосита ўлимига сабаб бўлмай, балки сурункали бошқа ёндош касалликлари оқибатида вирус юқишидан келиб чиқаётган асоратлари туфайли нобуд бўлиши мумкин. Бу борада ҳам якуний ҳужжат патологоанатом хулосасига асосан берилади".

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 622 тани ташкил қилиб, мазкур ўлим ҳолатлари махсус лаборатория ҳамда патологоанатомик текширувида ҳам тасдиғини топгандан сўнг қайд этилган.

"Вазирликка беморлар сонини ҳамда ушбу инфекциядан вафот этганлар кўрсаткичини яширишидан ҳеч қандай наф йўқ. Бу оддий мантиққа ҳам тўғри келмайди. Мамлакатимизда ҳар бир бемор сонига кўра етарли даражада ресурс ажратилади. Шундай экан, бундай мураккаб вазиятда ўзаро ишонч асосида ишлаш муҳим ҳисобланади. Дунёда бу борада тўпланган тажриба кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар пандемия хавфини ўз вақтида ва бир ёқадан бош чиқариб, бартараф этишга ва бу курашда енгиб чиқишга қодир эканлигини кўрсатмоқда. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди".

Ким тадқиқот ўтказган?

Сурат манбаси, PA Media

Исроилнинг Иврит университети тадқиқотчиси Ариел Карлинский ва Германиянинг Тюбинген университетидан Дмитрий Кобак 77 давлатнинг расмий манбаларига асосланиб, "Дунё ўлим маълумотлари тўплами"ни тузишган.

Улар ҳар бир давлатнинг сўнгги беш йилдаги умумий ўлим статистикасини олган ва 2015 йилдан 2019 йилгача бўлган ўртача ўлим ҳолатларини ҳисоблаб чиқишган.

Тадқиқотчилар олдинги тўрт йил кўрсатгичлари билан солиштириб, Ўзбекистонда 2020 йили ўлимлар сони 12% кўп бўлган, деган хулосага келганлар.

Кейин улар ковиддан ўлганларга оид расмий рақамларни келтиришган.

Тадқиқот айрим собиқ совет ўлкаларини ўлимларни ҳисоблашда ўта "муаммоли" деб атайди ва ўлганларга доир аниқ рақамларни беришни истамаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Ҳали тақриз ёзилмаган илмий ишда 77 давлат ичида Ўзбекистон етакчилик қилаётганини кўриш мумкин.

"Энг катта рақам бежаш ҳолларини Ўзбекистон (30), Қозоғистон (12), Беларусь (15), Миср (13) ва Россияда (6.7) учратдик. Бундай катта миқдордаги хато ҳисоблашлар мақсадли равишда хато диагностика қўйиш ёки Kовид-19дан ўлганлар сонини пасайтириб кўрсатишдан далолат беради" - дейилади унда.

Тадқиқотда, шунингдек, Қозоғистон ковиддан ўлганлар сонини 12 марта, Қирғизистон қарийб 5 марта камайтириб кўрсатган, деб айтилади.

Тожикистон ва Туркманистон борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Манба Ўзбекистоннинг ўзими?

Ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитасининг мамлакат демографик ҳолати бўйича чиқарган маълумотларига ҳам таянган.

Сурат манбаси, Statistika qo'mitasi

Ўзбекистонда коронавирус статистикасига оид эътирозлар бундан олдин ҳам бўлган.

2020 йилнинг сентябрида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Ўзбекистондаги коронавирусга оид статистиканинг ишончли эканини савол остига олганди.

Кейинроқ, ноябрь ойида эса Ўзбекистондаги бир неча йирик интернет нашрлар коронавирус беморлари учун мўлжалланган касалхоналардаги статистика ва ССВнинг коронавирус беморлари тўғрисидаги маълумотлари бир-бирига зид келаётганини айтиб чиққан ва бунинг ортидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан огоҳлантирилганди.

Ўшанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга ихтисослашган шифохоналарда даволанаётган беморлар билан расмий статистикадаги беморлар сони ўртасидаги қарийб 3 баробарлик тафовутни шундай изоҳлаганди.

"Кўрсатилган 6570 нафар бемор орасида ўткир респиратор касалликлари, коронавирусга гумон қилинган ва оғир турдаги пневмония, шунингдек, вирус тасдиқланмаган беморлар ҳам бор" - дейилганди расмий хабарда.

Би-би-си тадқиқот муаллифларидан бири Дмитрий Кобак билан боғланиб, Ўзбекистонга оид хулосалари қандай рақам ёки маълумотга асосланишини сўради.

"Гап "ортиқча" ўлимлар ҳақида. Бу одамлар одатда кузатилмайдиган ва 2020 йилда содир бўлган ноодатий "нарса"дан вафот этишган. 2020 йилда эса ковиддан бошқа ғайриоддий нарса кузатилгани ҳақида билмайман. Шунинг учун буларнинг ҳаммаси албатта ковид ўлимлари" - деб таъкидлайди тадқиқотчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek