Кетма-кет учта кучли вакцина – энди ҳаммаси тугадими? Ковид, Ўзбекистон ва дунё - vaksina, Rossiya, koronavirus, Covid-19, O'zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Кетма-кет учта кучли вакцина - энди ҳаммаси тугадими? Қарийб бир йил деганда, инсоният коронавирусга қарши кетма-кет учта кучли вакцина яратишга муваффақ бўлди. Якуний дастлабки натижалар худди шунга далолат қилди. Энди барчаси ортда қолдими?
Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан Канададан асли ўзбекистонлик микробиолог Обид Мамадалиевга мурожаат қилди:

Сурат манбаси, facebook
"Ўтган бир ҳафтанинг ичида бир-биридан ажойиб учта янгиликнинг бўй кўрсатиши, албатта, қувонарли воқеълик.
Тақдим этилаётган вакциналар - Pfizer&BioNTech 90% , Sputnik V 92%, ҳаттоки, Moderna PHK нинг 95% гача эффективлиги таъкидланмоқда.
Сўзсиз, бу инсоният учун оламшумул янгилик. Агар, қиёслаш ўринли бўлса, бугунгидек бир вазиятда, назаримда, фазонинг кашф этилиши ҳам одамзодни бунчалик қувонтирмаган.
Чунки бугун деярли ҳамма, яъни ёш ҳам, кекса ҳам, аёл ҳам, эркак ҳам, энди тили чиққан гўдакдан тортиб, янги туғилган чақалоқда ҳам Ковид-19 аниқланмоқда, коронавирусга чалинмоқда.
Худди шу боис ҳам, унга қарши қарийб бирваракайига учта кучли вакцинанинг топилиши, уларнинг турли ирқдаги одамлар ва ҳар хил иқлим шароитларида муваффақиятли синовдан ўтиши бу, албатта, катта ютуқ.
Шахсан мен ўзим нафақат мутахассис, балки оддий бир инсон сифатида буни ҳаётимнинг энг қувончли онлари, деб атаган бўлардим.
Тўғри, ҳозирча ҳар уч вакцинанинг ҳам ҳимоя кучи аниқ қанчага етиши маълум эмас, яъни, бу борада тўлиқ натижалар ҳалича имконсиз.
Аммо жорий вазиятда, менимча, бу иккинчи даражали аҳамиятга эга.
Бунда аввал ҳам сиз билан суҳбатимизда таъкидлаб ўтганимдек, ҳозир энг муҳими - Ковидни жиловлаб олишдир.
Чунки сўз инсониятнинг бу яқин тарихидаги иккинчи йирик пандемия ва ҳали тўлиғича ўрганилмаган вирус ҳақида кетмоқда.
Устига устак, шуни ҳам унутмаслик керакки, бу ҳали охирги вирус ҳам эмас.

Сурат манбаси, Getty Images
Лекин, шунда ҳам, кетма-кет яратилган учта кучли вакцина глобал коронавирус пандемияси шу бугуннинг ўзида барҳам топишини англатмайди.
Камида келаси йилнинг ўрталарига қадар инсонларнинг барча турдаги эҳтиёт чоралари - юз ниқоблари, ижтимоий масофа, тозалик, санитария-гигиена тартиб-қоидаларига қатъий риоя этишларини тақозо этади.
Вакциналар қанчалик кучли бўлмасин, уларнинг ҳаммада бирдек таъсирга эга бўлмаслиги эҳтимоли сақланиб қолаверади.
Худди шу боис ҳам, вакциналар баробарида санитария-гигиена қоидаларига ҳам қатъий амал қилинса, пандемияни жиловлаш мумкин бўлади.
Тақдим этилган сўнгги ҳар уч вакцина учинчи босқич синови жараёнида бирор бир иккиламчи нохуш оқибатлар қайд этилмагани айтилди.
Чунки тажриба остидаги инсонлар тўлиқ назорат остида ҳаракат қилишган, яъни, ниқобда бўлишган, тозалик ва ижтимоий масофага риоя этишган, натижада уларда ҳимоя иммунитети шаклланган.
Бу билан нима демоқчиман - яъни, ҳатто, вакцина олган тақдирингизда ҳам, бугунги кун талабига айланган тартиб-қоидаларга риоя этишингиз лозим бўлади.

Сурат манбаси, MARIO TAMA
Жорий йил охири ёки келаси йил бошларида коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишлари бошланиши мумкин.
Аммо бу вакциналар ҳалича ҳаммага бирдек етмайди.
Шунинг учун ҳам, эмланганларнинг эмланмаганлар қатори эҳтиёт чораларига бир хилда риоя этишлари шарт бўлади.
Акс ҳолда қанчалик кучли бўлмасин, биргина вакциналарнинг ўзи, афсуски, пандемияни буткул жиловлашга ёрдам бера олмайди.
Бундан ташқари, вакциналарнинг логистикаси - уларни ташиш, етказиш, сақлаш масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этиб қолаверади.
Чунки улар "бузилмаслиги" учун -20 дан -80 градусгача температуранинг таъминланиши тақозо этилади.
Айрим давлатларда эса, бунақа имконият йўқ ва бу дунёнинг қайсидир ҳудудида Ковид-19 тарқалиши хавфининг сақланиб қолаверишини англатади.
Бундан ташқари, масаланинг яна инсонларнинг иммунитети билан боғлиқ жиҳати ҳам бор.
Яъни, кексалар ва сурункали хасталиги бор инсонлар бу эмлашни кўтара олмасликлари мумкин. Чунки вакциналар ҳам танага юбориладиган қўшимча "юк" ҳисобланади.

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги икки вакцина мисолида тажриба остидаги инсонлар маълум вақт оралиғида икки бор эмланишган.
Агар, ростмана эмлаш жараёнида ҳам худди шу тартиб сақлаб қолинадиган бўлса, улар орасидаги даврда ҳам инсонларнинг мавжуд барча эҳтиёт чораларига амал қилишлари лозим бўлади.
Чунки эмландим, деб, бу тартиб-қоидалардан буткул воз кечилса, коронавируснинг ўша инсонга қайта юқиши эҳтимоли сақланиб қолади, чунки танада иммунитет ҳали тўлиқ шаклланган бўлмайди.
Улардан коронавирус тарқалмаслиги ва бошқаларга юқмаслиги шарти худди шунга боғлиқ бўлиб қолади.
Агар, хулоса қилиб айтадиган бўлсам, коронавирусга қарши устма-уст кучли вакциналарнинг яратилаётгани, албатта, оламшумул ихтиро ва янгилик.
Аммо пандемия устидан буткул ғалабагача йўл ҳали анчайин узоқ.
Таъбир жоиз, пандемия қандай келган бўлса, шундай кетмайди, унинг яна қанча давом этишини ҳали-ҳануз башорат қилиш имконсиз.
Саноқли ойларнинг ўзида бир миллиондан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган, жаҳон иқтисодини деярли таназзулга етаклаган пандемияни енгиш - вакцина баробарида сиз ва бизнинг саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ, ҳаммамизнинг қўлимиздаги иш ҳисобланади".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


































