Хитой ҳукумати вокзалдаги қирпичоқда Уйғурларни айблади

Сурат манбаси, Reuters
Хитой жануби-ғарбидаги Кунмин шаҳри темирйўл вокзалига пичоқлар билан қуролланган шахслар кириб одамларга ҳужум қилишни бошлаган.
Оқибатда 29 инсон ҳалок бўлган, камида 130 киши жароҳатланган.
Хитой расмийлари бу ҳужумда Уйғур бўлгинчиларини айблаган.
Ҳодиса 1 март тунги соатларида рўй берган.
Гувоҳларга кўра, қора кийимлар кийиб олган бир неча киши Кунмин вокзалига кириб келганлар ва дуч келган одамга пичоқ уришни бошлаганлар.
Интернет ижтимоий тармоқларида ҳужумдан кейинги фотосуратлар пайдо бўлган.
Бу суратларда қонга беланиб ётган жасадлар акс этган.
Бироз вақтдан кейин фотосуратлар Интернетдан олиб ташланган.
Расмийларга кўра, полиция тўрт ҳужумчини отиб ўлдирган.
Яна бир ҳужумчи тирик қўлга олингани хабар қилинмоқда.
Кунмин шаҳар расмийлари қўлга киритилган далиллар ушбу ҳужумни Уйғур бўлгинчилари уюштирганини кўрсатаётгани ҳақида баёнот берганлар.
Ҳужумчиларнинг жуда яхши тайёргарликдан ўтганлари, атиги 12 дақиқанинг ичида 29 кишини ўлдириб, 130 одамни яралаганлари айтилган.
Ушбу ҳужум учун ҳеч ким масъулиятни олмаган.
Хитой расмийларининг Уйғур бўлгинчилари айбдорлиги борасидаги даъволарини мустақил текширишнинг имкони йўқ.
Хитой расмийлари кўплаб зўравонликларда мусулмон Уйғурларни айблаб келади.































