Президент ўзбекларни ҳақорат қилганмиди? Ўзбеклар, Ўзбекистон ва дунё - O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбеклар учун Амир Темур, бошқалар учун Темурланг. Ким ҳақ?
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Амир Темур ёки Темурланг?

Ўзбекистон миллий қаҳрамонга айлантирган Амир Темурни кўплаб халқлар Темурланг ёки Тамерлан, деб аташади.

Асли форсча бу калима саркарданинг ногиронлигига нисбат беради.

Айрим мамлакатларда уни Тамерлан деб аташса-да, бу билан одамлар саркардани ҳақорат қилишни назарда тутишмайди.

Бироқ Афғонистонда ўзбекларнинг тарихий аждодларини қандай аташ ўта нозик масала.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ёшлар билан учрашувда ўз мамлакати сув таъминоти тизимини Амир Темур вайрон этганини урғуларкан, уни Темурланг деб атади.

Бу эса мамлакатнинг кўп миллионли ўзбеклари орасида норозиликка сабаб бўлмоқда.

Афғонистонлик ўзбеклар Президент Ғани ўзбек миллатидан кечирим сўраб чиқиши керак, деб талаб қилмоқдалар.

Афғонистон давлат раҳбари ҳақиқатан ҳам ўзбекларнинг аждодини ҳақорат қилдими?

Амир Темур ҳақида айтилган битта сўз Афғонистондаги вазиятни издан чиқариб юбориши мумкинми?

Ҳозир вазият қандай? Президент ўзбеклардан узр сўрадими? Видео лавҳамизни кўринг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Кобулдаги Президенти саройи - Арг (Арк) баёнот чиқаришга мажбур бўлди ва Ашраф Ғани ўзбекларни ёки уларнинг аждодини ҳақорат қилиш мақсадида бу гапни айтмаганини урғулади.

Амир Темур номини унинг форсча лақаби орқали қабул қилган дунёдаги кўплаб халқлар уни Темурланг, Тамерлан, Тамбурлейн, Оқсоқ Темур деб аташади.

Бироқ унинг ногиронлигини назарда тутувчи форсча "ланг" ёки "оқсоқ" калимасини ҳам исмига қўшиб айтиш, кўплаб ўзбеклар учун ҳақоратли жаранглаши мумкин.

Айниқса, узоқ йиллар ўзаро урушган ва бугун ўз халқини бирлаштириш мақсадини айтаётган кўп миллатли Афғонистонда миллий масала ҳассос.

Афғонистон шимолидаги 8 вилоятда тахминан 4-6 миллион атрофида ўзбеклар яшаши айтилади.

Афғонистондаги ўзбеклар бугун у ерда ўз тилларини расмий тил даражасига кўтаришди ва машҳур аждодлари хотирасини тарихий китоблар ҳамда ўқув дарсликларига киритишга интилмоқдалар.

Ҳатто Ўзбекистон устини очиб, ташлаб кетган Алишер Навоий қабрини ёпиш учун Афғонистон ўзбеклари пул йиғиб, мақбара қурдиришган.

Алоқадор мавзулар:

Афғонистон ҳукумати ҳам ҳозирда Ўзбекистон билан муносабатларини яхшилашга интилмоқда.

Бу ўринда эса Афғон ҳукумати кўп миллионли ўз ўзбеклари ишончини қозониши лозим.

Ишончни тиклаш учун Афғонистонда ўзбек тили ва маданияти ривожланишига шароит яратиш, у ерда яшаб ўтган ўзбеклар хотираси ҳамда меросига ҳурмат бажо келтириш муҳим ўрин тутади.

Президент Ашраф Ғанидан бугун ўзбеклар нима талаб қилишмоқда?

Би-би-си Ўзбек хизмати журналисти Феруз Раҳимий вазият ва аҳволни изоҳлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek