Дунёнинг қаеридадир ҳар биримиз учун энг мос жуфт бўладиган инсон борми?

Ичида иккита юрак бўлган шиша мензурканинг қайта ишланган тасвири.
Дунёнинг қаеридадир ҳар биримиз учун энг мос жуфт бўладиган инсон борми?
    • Author, Паллаб Гҳош
    • Role, Илм-фан мухбири
  • Ўқилиш вақти: 8 дақ

Муҳаббат тасодифий эмас, деган ғоя ҳамиша инсонларни ўзига тортиб келган. Қадимги Юнонистонда Платон инсонларни аввал-бошда тўрт қўлли, тўрт оёқли ва икки юзли яхлит бир вужуд бўлган, сўнг Зевс уларни иккига бўлиб ташлаган, деб тасаввур қилган.

Ўшандан бери уларнинг ҳар бири йўқолган иккинчи ярмини излаб, ер юзида кезиб юрармиш. Бу афсона замонавий иккинчи ярим – "қалбдош" тушунчасига ўзига хос поэтик маъно беради ва қаердадир кимдир бор ва у бизга ўзимизни яхлит ҳис қилишимизга ёрдам беради, деган умидни уйғотади.

Ўрта асрларда трубадурлар ва Артур ҳақидаги ҳикоялар бу соғинчни "аслзодалар муҳаббати" сифатида қайта талқин қилган. Бу Ланселотнинг Гвиневрага бўлган оташин, кўпинча тақиқланган садоқати каби бўлиб, унда рицар ўзи ҳеч қачон ошкора эътироф эта олмайдиган маъшуқаси учун фидойилик кўрсатади.

Афлотуннинг чизмасининг иккита қайта ишланган тасвири ва Зевс ҳайкалининг яқиндан олинган сурати.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Афлотун (чапда) инсонлар аввал бир бутун бўлган, тўртта қўл, тўртта оёқ ва иккита юзга эга деб тасаввур қилган; кейин эса Зевс (ўнгда) уларни иккитага бўлиб ташлаган, натижада ҳар бир ярим ўзининг бошқа ярмини излаб қолган

Уйғониш даврига келиб, Шекспир каби ижодкорлар "юлдузи юлдузига боғланган ошиқлар" – оила ёки тақдир туфайли бир-биридан айрилган, бироқ ўзаро ғайритабиий ришта билан боғланган жуфтлар ҳақида ҳикоя қилган. Гўё оламнинг ўзи уларнинг севги қиссасини ёзган-у, бахтли якун топишига ҳам тўсқинлик қилаётгандек.

Яқин ўтмишда эса Ҳолливуд ва ишқий романлар бизга эртакнамо севги ҳикояларини сингдириб келди.

Хўш, замонавий илм-фан бу иккинчи яримлар, қалбдошлар ҳақида нима дейди? Ҳақиқатан ҳам биз учун аталган ўша ягона инсон борми?

"Ягона" инсонни қандай топамиз?

Кембриждаги Англия Раскин университети (АРУ) ижтимоий психология профессори Вирен Свами бизнинг романтик муҳаббат ҳақидаги замонавий европача тушунчамиз илдизларини ўрта асрлар Европаси ҳамда бутун қитъани қамраб олган Камелот, Ланселот, Гвиневра ва доира столи рицарларининг жасорати ҳақидаги ҳикояларга боғлайди.

"Бу ҳикоялар илк бор ўзингизга битта инсонни ҳамроҳ сифатида танлашингиз кераклиги ва бу ҳамроҳ бир умрлик бўлиши лозимлиги ҳақидаги ғояни сингдирган", дейди у.

"Бунгача Европанинг аксарият қисмида истаганча одамни севиш мумкин эди, севги ўзгарувчан бўлиб, кўпинча жинсий муносабатга асосланмасди".

"Вақт ўтиши билан, саноатлашув одамларнинг одатий ришталарини узиб ташлагач, улар ўзларининг деҳқончилик жамоаларидан ажралиб қолди ва «бегоналашди», – дейди у. – Улар ўзларини қутқариш, ҳаётларининг машаққатлардан халос этиш учун бошқа бир ягона инсонни излай бошладилар".

A drawing of Lancelot and Guinevere

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Вирен Свамига кўра, бугунги кундаги романтик муҳаббат ҳақидаги тасаввурларнинг илдизларини Ланселот ва Гвиневера каби ўрта асрлар Европасига оид ҳикоялардан кузатиш мумкин

Бугунги танишув иловалари бу қиссани Свами "муносабатлар хариди" деб атайдиган алгоритмга айлантирмоқда. Қалбдошни излаш улар қидираётган нарсанинг аксига айланди: "Кўпчилик учун бу жуда руҳсиз бир тажриба".

"Сиз жуфт излаб «бозордан харид қиляпсиз»... танишув иловасида ўнлаб одамларни кўздан кечириб, охири шундай нуқтага етиб келасизки, бўлди, тўхташим керак, дейсиз", дейди у.

Ягона

АҚШнинг Юта штати, Прово шаҳридаги Бригам Янг университетининг никоҳ ва оила тадқиқотлари профессори Жейсон Керролл "Ягона" инсонга бўлган интилишга хайрихоҳ қарайди.

"Биз меҳр-муҳаббатга суянган мавжудотлармиз, – дейди у. – Биз ўша риштани истаймиз". Аммо ўз маърузаларида у талабаларга "Ягона" инсонга бўлган истакдан воз кечмаган ҳолда, «қалбдош» ғоясидан халос бўлишлари кераклигини айтади.

Бу зиддиятдек туюлиши мумкин, аммо Керролл учун бу тақдир ва машаққат ўртасидаги фарқдир.

"Қалбдош шунчаки топилади. У аллақачон тайёр бор. Аммо ягона инсон – бу икки кишининг йиллар давомида бир-бирига мослашиш, кечира олиш ва вақти-вақти билан сабр қилиш орқали биргаликда яратадиган қадриятидир", дейди у.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Қалбдошлик тузоғи

Керроллнинг далиллари ўн йиллик тадқиқотларга асосланган бўлиб, у уларни ўзининг "Қалбдошлик тузоғи" номли ҳисоботида жамлаган. Бу тадқиқотларнинг аксарияти психологлар таъбири билан айтганда "тақдирга ишониш" (яъни, тўғри муносабатлар осон кечади, деган ғоя) ва "ўсишга ишониш" тушунчаларини бир-биридан ажратади. Иккинчи тушунчага кўра, жуфтлар ўзаро муносабатларини шакллантириб бориш орқали муҳаббат яратади.

1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида Ҳюстон университети профессори С. Реймонд Ни бошчилигидаги бир қатор тадқиқотларда олимлар муносабатлар "пешонага ёзилган" деб ҳисоблайдиган одамлар ўртада зиддият пайдо бўлса, ўз садоқатларига шубҳа қилиши эҳтимоли ортишини аниқладилар. Ўсишга ишонадиган одамлар эса, аксинча, келишмовчилик бўлган кунларда ҳам ўз садоқатларини сақлаб қолишга мойил бўлишган.

Керроллнинг таъкидлашича, ўсиш зеҳниятидагилар ҳам ўзига хос муносабатни истайди, аммо қийинчиликлар бўлишини табиий ҳол ҳисоблайди. "Улар муносабатларни яхшилаш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун йўл қидиради".

Романтик жуфтликнинг силуэти.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, муносабатлар ҳақида "ривожланиш" қарашларига эга одамлар ҳам ўзига хос, махсус нарсани исташади, бироқ йўл-йўлакай қийинчиликлар бўлишини кутилган деб қабул қилишади

Унинг фикрича, қалбдош борлигига ишониш – тузоқ. Романтиканинг ўзи эмас, балки севги ҳеч қачон қийин бўлмаслиги керак, деган умид тузоқдир. Узоқ муддатли муносабатларнинг энг "қалбий" қисми, унинг айтишича, кинолардагидек ҳаяжонли лаҳза эмас, балки "нафақат бир-бирининг кучли томонларини, балки қийинчиликлари ва заифликларини ҳам аниқ кўришдир".

"Бу жуда муқаддас бир макон, – дейди у. – Биз бу нарсаларни фақат улар ўша ерда бўлишимизга рухсат бергани учунгина биламиз".

Керроллнинг фикрича, севгига тақдир сифатида қаралганда, одам севгини сақлаб қоладиган, аммо кўзга кўринмас меҳнатни қилишга унчалик тайёр бўлмайди. Керроллнинг айтишича, "қалбдошлик тузоғи" муносабатлар илк жиддий тўсиққа дуч келганда вазиятни анча мураккаблаштиради.

"Илк қийинчиликда-ёқ, дарҳол "Мен сени ўзимнинг қалбдош ягона инсоним деб ўйлагандим. Балки ундай эмасдирсан, қалбдошлар бундай муаммоларга дуч келмайди-ку", деган хаёл келади, – дейди у. – Аммо муносабатлар узоқ давом этса, у фақат силлиқ кечмайди".

Учқунми ёки жароҳат?

Лондонда яшовчи муҳаббат масалалари бўйича мураббий Вики Павитт кўпинча қалбдошимни топдим деб ўйлаган, бироқ бу эртак ҳиссий манипуляция, беқарорлик ва доимий хавотир ҳиссига сабаб бўлганини англаб етган кишиларга ёрдам беради.

"Ўртада кучли кимё ва учқун бўлганда, назаримда, бу баъзан эски жароҳатлар каби носоғлом одатларни қайта юзага чиқариши мумкин", дейди у.

"Беқарор, гоҳ меҳрибон, гоҳ бефарқ бўладиган инсон сизда унинг эътиборини сабрсиз кутиш ҳиссини уйғотиши мумкин. Аслида у сизнинг ҳаловатингизни ўғирлайди, бу сизни уни янада кўпроқ исташга мажбур қилади".

Оқ костюм ва қора топ кийган Вики Павиттнинг кадри.

Сурат манбаси, Vicki Pavitt

Сурат тагсўзи, Муҳаббат бўйича мураббий Вики Павитт кўпинча ўзларини жон эшиғини топдим деб ўйлаган, аммо муносабатлар уларга хавотир олиб келган одамлар билан ишлайди

Павиттнинг айтишича, биз тақдир деб билган нарса аслида асаб тизимимизнинг бизни олдин ранжитган ҳолатни таниб, уни тузатишга уриниши бўлиши мумкин. Терапевтлар бу ҳолатни "травматик боғланиш" деб атайди.

Бу боғлиқлик муҳаббатга ўхшаб кўриниши мумкин, шу боис одамларни носоғлом муносабатларга магнит каби тортади, дейди у. Бунинг сабаби улар бир-бирига мукаммал мос келгани учун эмас, балки бу ҳолат уларга таниш бўлгани учун.

Канадалик психологлар Доналд Даттон ва Сюзан Пейнтернинг бир тадқиқоти тез-тез тилга олинади. 1993 йилда Британия Колумбияси университетида ишлаган пайтларида чоп этилган тадқиқотда улар зўравон жуфтларини тарк этган 75 нафар аёлни ўрганишган.

Жамоа аёлларнинг собиқ турмуш ўртоқларига ҳали ҳам қанчалик боғланиб қолганликларини ўлчаб, буни уларнинг аввалги муносабатлари қандай бўлгани билан таққослаган.

Улар энг кучли боғлиқлик доимий равишда зўравонликка учраган аёлларда эмас, балки жуфтлари гоҳ жозибали, гоҳ шафқатсиз бўлган аёлларда эканлигини аниқлашди.

Икки киши кичик бармоқларига қизил лента боғламоқда.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Павиттнинг айтишича, тақдирдек туюлган нарса баъзан травматик боғланиш бўлиши мумкин

Даттон ва Пейнтернинг таъкидлашича, бу травматик боғланиш одамлар нима учун зарарли муносабатларга қайта тортилишини тушунтиришга ёрдам беради – чунки хавф ва меҳр аралашмаси соғлом бўлгани учун эмас, балки таниш бўлгани учун шундай бўлади.

Павитт ўз мураббийлик фаолиятида айнан шу фарқни очиб беришга ҳаракат қилади: "Асосий масала – сиз ҳис қилаётган кимё бу инсоннинг мослигини кўрсатяптими ёки бу шунчаки таниш хавотир ҳиссими, шуни англаб етишдир".

"Мен ўз нутқимда ҳеч қачон қалбдош инсон ҳақида гапирмайман, – дейди у. – Шахсан мен ҳар бир инсон учун фақат битта одам борлигига ишонмайман, лекин биз ким учундир ўша "Ягона"га айланишимизга ишонаман".

Ҳақиқий кимё

Агар қалбдош инсон тушунчасини инкор этиш романтика эмасдек туюлса, ўзаро тортишиш биологияси ҳам худди шуни кўрсатади.

Гормонал контрацептивлар жуфтларнинг бир-бирига бўлган ҳис-туйғуларини бироз ўзгартириши мумкин. Тадқиқотлар кўрсатишича, туғиш қобилиятининг табиий кўтарилиш ва пасайишини бир меъёрда ушлаб турувчи таблеткалар одатда ҳайз цикли давомида юз берадиган ўзаро тортишишдаги ўзгаришларни сусайтириши ва бу дастлабки жуфт танловига таъсир қилиши мумкин.

Фармацевт дорихонада рафларни тўлдирмоқда.

Сурат манбаси, PA Wire

Сурат тагсўзи, Айрим тадқиқотларга кўра, гормонал контрацепция жуфтга бўлган жозибадорликка яширин тарзда таъсир қилиши мумкин

365 та гетеросексуал жуфтлик иштирокида ўтказилган йирик тадқиқот шуни кўрсатдики, аёлларнинг жинсий қониқиши уларнинг ҳозирги контрацептив ҳолати жуфтини биринчи марта танлаган пайтига мос келганда юқори бўлган.

Бу таблеткалардан фойдаланишдаги ўзгаришлар жуфтни қандай ҳис қилишни ўзгартириши мумкинлигини кўрсатади. Бу таъсирлар кичик бўлса-да, баъзи жуфтликларнинг вақт ўтиши билан ўзаро кимёсидаги ғалати ўзгаришларни тушунтириши мумкин.

Агар гормонлар ва таблеткалар ким "Ягона" эканлиги ҳақидаги ҳисни ўзгартира олса, у ҳолда олдиндан белгилаб қўйилган ягона мослик йўқ – шу ўринда математиклар саҳнага чиқади.

Ягона, аммо ёлғиз эмас

Психология ва биология "Ягона" ҳақида бир ёндашувни таклиф қилса, математика бошқа бир ёндашувни илгари суради.

Теннесси штатининг Нешвилл шаҳридаги Вандербилт университети иқтисодчиси доктор Грег Лео мослик алгоритмини ишлаб чиқди. Унинг аниқлашича, сизда нафақат битта "Ягона", балки жуда кўп "Ягона"лар бўлиши мумкин.

Унинг "Public Economic Theory" журналида чоп этилган "Қалбдошларни топиш" номли мақоласида барча иштирокчилар компьютер симуляциясидаги танишув майдонида бўлиб, у ерда рақамли яратилган минглаб номзодлар бир-бирини баҳолайди. Унинг алгоритми "биринчи даражали қалбдошлар"ни, яъни барқарор мосликда бир-бирини танлаган жуфтликларни аниқлайди. Сўнг уларни четлатиб, қолганлар билан жараённи қайта ишга туширади ва сиз иккинчи даражали қалбдошларни топасиз ва ҳоказо.

Унинг симуляцияларида иккитасининг бир вақтда бир-бирини танлаши кам учраган, бироқ кўпчиликда иккинчи ёки учинчи танловларда ўзаро мослашув бўлган. Бу сценарийга кўра, агар жуфтликдаги ҳар бир шахс бир-бирининг рўйхатида юқори ўринларда турса ва иккаласи ҳам ўзлари афзал кўрадиган бошқа бир номзодни топа олмаса, улар бахтли ҳисобланади.

Бу шунчаки рақамлар таҳлили бўлиши мумкин, аммо севги алгоритми бизга фақат битта Ягона эмас, балки кўплаб муносиб жуфтлар борлигини кўрсатади.

Майда нарсаларга эътибор беринг

Хўш, жуфтлик қандай қилиб биргаликда ўз "Ягона"ларини ярата олади?

Очиқ университетнинг социология ва яқин муносабатлар бўйича профессори Жакки Габб бу масалани 2015 йилда "Социология" журналида чоп этилган "Бардошли муҳаббат" лойиҳасида ўрганган.

Лойиҳа доирасида 5000 га яқин одам сўровдан ўтказилди, сўнг 50 та жуфтлик ўта синчков, баъзан ҳатто шахсий ҳаётга аралашувчи даражада батафсил кузатилди. Бунда статистика кундаликлар, интервьюлар ва уйда содир бўлган воқеаларнинг "ҳиссиёт хариталари" билан бирлаштирилди.

У одамлардан қачон ўзингизни қадрлангандек ҳис қилгансиз, деб сўраганида, жавоблар кун ботиш чоғидаги турмуш қуриш таклифлари ёки Парижга кутилмаган саёҳатлар бўлиб чиқмади.

Булар "кутилмаган совғалар, меҳр тўла ишоралар ва ётоққа олиб келинган бир пиёла чой каби ғамхўрликлар" эди. Совуқ тонгда машинани иситиб қўйиш. Ёввойи гулларни териб, гулдонга солиш. Базмда бир-бирига зимдан табассум қилиш.

У "кундалик ғамхўрликлар" деб таърифлаган бу кичик амаллар миқдоран қаралганда, дабдабали романтикадан кучлироқ бўлиб чиқди.

У ўтказган сўровномада оналарнинг 22 фоизи ва боласиз аёлларнинг 20 фоизи ўзларини қадрланган ҳис қилишига сабаб бўладиган энг муҳим икки нарсадан бири сифатида дабдабали зиёфатлар ёки қимматбаҳо совғаларни эмас, айнан шундай кичик ғамхўрликларни танлаган.

Маълумотларга кўра, муносабатлардан қониқиш асосан пул ёки романтикага эмас, балки "жуфтликнинг бир-бирини яқиндан билиши" ва бунинг кундалик ҳаётдаги ифодасига боғлиқ эди.

Ёш бир жуфтликнинг лойиҳа учун берилган кундалигида Сумайро турмуш ўртоғининг уйга келиши, ўзи пиширган кечки овқат, йўлакдаги қучоқлашув ва икковининг дастурхон атрофида бирга овқатланишини тасвирлайди.

"Ҳаммаси ажойиб, – деб ёзади у ўз тадқиқот кундалигида. – Фақат иккимиз ва таом. Менга бундан ортиқ яна нима керак?"

Кейин меҳмонхонада беихтиёр рақсга тушиш, ўта яхши кўрганидан жуфтининг ўз телефонига фон қилиб қўйган сурати кабилар ҳам бор.

Бу эртакка эмас, балки оддий кундалик ҳаёт ҳикоясига ўхшайди: биллур туфли эмас, резина этиклар.

Бироқ Габбнинг таъкидлашича, бу ширин лаҳзалар замирида молиявий ташвишлар, оилавий мажбуриятлар ва жуфтлик биргаликда енгишни ўрганаётган депрессия тарихи ётади.

"Бунда руҳий яқинлик ҳисси ҳаётдан узилиб қолган эмас, аксинча, у ҳаётнинг ўзида, жуфтнинг ана шу босимларни енгиб ўтиши билан қаричма-қарич бунёд этилади", дейди у.

Севишганлар кечки овқати

Керроллнинг таъкидлашича, илм-фан романтикани ўғирламайди, аксинча, яхши ва ёмон кунларда унинг гуллаб-яшнашига ёрдам беради.

"Биз уни ўзимиз яратишимиз кераклигини ёдда тутсак, ноёб ва ўзгача муносабатда бўлиш истаги ёмон эмас", дейди у.

Певиттнинг фикрича, "ўз одамингиз борлигига ишониш яхши, ҳатто фойдали ҳам, бироқ айни пайтда ажойиб муносабат ўрнатишингиз мумкин бўлган одамлар кўплигини билишингиз ва ҳеч кимдан мукаммалликни кутмаслигингиз керак".

Қалбан яқин инсонларга келсак, илм-фан бир парадоксга ишора қилади. Тақдирни кутишни бас қилиб, ёнидаги номукаммал инсонга юзланган ва "кел, бундан бирор нарса яратсак-чи?" дегандек ҳаракат қилган одамлар ўша "тақдирда ёзилган"дек туюладиган муносабатларга эришади.

Юқоридаги тасвир манбаси: Getty Images