You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Исроилнинг Эрон билан урушида ғалаба учун фақат ҳарбий куч етарли бўлмаслиги мумкин
- Author, Люси Уиллиямсон
- Reporting from, Қуддуси Шариф
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Тел-Авивдан Қуддусга борадиган катта йўлда энди Исроил байроқлари қаторида Америка байроқлари ҳам ҳилпираб турибди. Бу АҚШнинг Эронга қарши курашдаги иштироки учун билдирилаётган миннатдорлик ифодаси.
"Биз илгари Америка маъмуриятларидан [Эрондан келаётган] жиддий ҳарбий таҳдидни тан олишини сўраб ёлворардик", дейди Исроилнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси, бу уруш бошланишидан тўрт ой олдин ўз лавозимини тарк этган Тзахи Ҳангеби.
"Исроил ва АҚШнинг биргаликда Эронни заифлаштириш учун кеча-кундуз ҳаракат қилаётгани менинг энг хаёлий орзуларимдан ҳам юқоридир".
Американинг Эронга қарши биргаликда уруш олиб бориш қарори Исроил учун азалий душманга янгича усуллар билан ҳужум қилиш имкониятларини очиб берди. Исроилдаги расмийлар АҚШдаги ҳамкасблари билан нишонларни ўз имкониятларидан келиб чиқиб тақсимлаб олиш ҳақида гаплашмоқдалар.
Бироқ, бу уруш ҳозирча Исроилнинг минтақавий можароларини Бош вазир айтганидек ҳал қила олмади.
АҚШ Президенти Доналд Трамп Эрондаги қўшма ҳужумларни якунлаш ҳақида сўзлаётган бир пайтда, Исроил кучлари Ғазо ва Суриядаги ҳудудларни ҳамон ўз назоратида ушлаб турибди, мудофаа вазирининг янги кўрсатмасига биноан, Эроннинг иттифоқчиси "Ҳизбуллоҳ"га қарши "буфер зона" ташкил қилиш учун жанубий Ливаннинг катта қисмини эгаллаш пайида.
Бу янги "хавфсизлик зонаси"да яшовчи 600 мингга яқин одамга Исроил ўзининг шимолий ҳудудларини "Ҳизбуллоҳ" ҳужумларидан хавфсиз деб ҳисобламагунича уйларига қайтишга рухсат берилмаслиги айтилган. Мудофа вазири Катц Ғазодаги аҳоли пунктларини ер билан яксон қилгани каби, Ливан чегараолди қишлоқларидаги барча уйларни вайрон қилишга буйруқ берди.
Тзахи Ҳангебининг айтишича, Вашингтон Эрондаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга мажбур қилган тақдирда ҳам, Исроил "Ҳизбуллоҳ" каби минтақавий душманлар билан тўғридан-тўғри жангни давом эттиради.
"Доналд Трамп [Эроннинг] ядровий салоҳиятига алоқадор нишонлар қолмагани ва қандайдир бир оташкесим истаётганини айтиши мумкин. У нимаики қилса, биз рози бўламиз", дейди Ҳангеби менга.
"[Аммо] биз Ливанда олдинга силжиймиз. Биз бу ишни давом эттирамиз ва аминманки, Америка бизга "йўқ" дея олмайди".
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг сўнгги ҳарбий кампанияси бошланганидан бери Ливанда 1200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Эрон ҳукумати эса, Эрондаги уруш бошланганидан буён у ерда АҚШ-Исроил ҳужумлари оқибатида 2000 га яқин одам ўлдирилганини билдирмоқда.
2023 йил 7 октябрдаги Ҳамас ҳужумларидан сўнг, Исроилнинг минтақадаги ҳарбий стратегияси душманларни вақти-вақти билан ўтказиладиган операциялар орқали "жиловлаб туриш" сиёсатидан ҳужумлар олдини олиш сиёсатига ўзгарди.
Бу ўзгариш Исроилни Эрон билан тўғридан-тўғри тўқнашувга олиб кирди, шу билан бирга, Ғазо, Сурия ва Ливанда "буфер зоналар" деб аталган ҳудудларни яратиш сиёсатига туртки бўлди. Бу Исроил ўз қўшниларидан "хавфсизлик"ни рўкач қилиб тортиб олган кенг ҳудудлар бўлиб, ҳарбий қудратни барқарор тинчликка айлантириш йўлидаги такрорий муваффақиятсизликлар оқибатидир.
Сешанба куни, яҳудийларнинг Фисиҳ байрами арафасида, Бош вазир Нетаняҳу Исроил Теҳрон режимига 10 та "мусибат" етказганини, жумладан, "чегараларимиздан ташқарида – Ғазо, Сурия ва Ливанда чуқур хавфсизлик белбоғлари"ни ташкил қилганини айтди.
"Буфер зона Исроилга мослашувчанлик ва вақтдан ютиш имконини берадиган суғурта полиси сифатида кўрилади. Бу 7 октябр ҳужумларидан кейин Исроил хавфсизлик доктринасидаги кенгроқ ўзгаришлар билан боғлиқ", дейди Буюк Британиянинг Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтидаги (Rusi) Яқин Шарқ стратегияси бўйича мутахассиси Буржу Ўзжелик.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу ёндашувнинг мақсади юзасидан Исроилнинг ўзида сиёсий келишмовчиликлар бор.
"Баъзилар буфер зоналар охир-оқибат доимий истилога ёки Исроил чегаралари кенгайишига олиб келади, деб ҳисоблайди. Бу – ўта ўнг қанот узоқ вақтдан бери ҳимоя қилиб келаётган мафкуравий қараш", дейди у.
"Анча прагматик фикрловчилар эса, ҳозир Ливан, Ғазо ва Сурияда содир бўлаётган воқеалар хавфсизлик важидан бўлиб, Исроил ўзини хавфсизроқ ҳис қилгач, бекор қилиниши мумкин, деб таъкидлайди".
Сўнгги икки ярим йил давомида Бенжамин Нетаняҳу ўз мамлакатини Эрон ва унинг минтақадаги иттифоқчилари билан узлуксиз давом этаётган тўқнашувлар гирдобида бошқариб, ҳар сафар навбатдаги уруш Исроил хавфсизлигини тиклаши ва душманларини тор-мор этишига ваъда бериб келди.
Бундан атиги тўққиз ой олдин, Исроилнинг Эронга қарши охирги урушидан сўнг, Нетаняҳу ўз халқига Эроннинг ядровий қуроли ва баллистик ракеталаридан келиб чиқадиган таҳдидни бартараф этиб, "авлодлар оша сақланиб қоладиган тарихий ғалаба"га эришганликларини айтган эди.
Ҳар бир янги можарода яқинлашиб келаётган ғалаба ҳақидаги баландпарвоз гаплар айтилишига қарамай, кўплаб исроилликлар учун воқелик "доимий уруш"дан иборат.
"Ҳизбуллоҳ, Ҳамас ва Эронни йўқ қилиш ҳақидаги дабдабали ваъдалар рўёбга чиқмаяпти", дейди Исроилдаги сиёсий таҳлилчи Далия Шейндлин.
Нетаняҳунинг "Эронга қарши уруш Исроил учун янги минтақавий иттифоқларга йўл очади" деган ваъдаси ҳам амалга ошмади, дейди у. Аксинча, бу уруш Араб давлатлари, жумладан, Исроилнинг ҳозирги ёки бўлажак иттифоқчиларида хавотирни кучайтирмоқда.
"Бундай иттифоқлар бўлмайди, чунки Исроил ўзини ишғолчи, тажовузкор ва ҳаракатини олдиндан айтиб бўлмас кучдек тутмоқда, – деди Шейндлин. – Исроилнинг Эрон ва Ливанга ҳужуми ҳамда Ғазо, Ливан ва Сурияга бостириб кириши унинг яхши эмас, аксинча, хавфли иттифоқчи эканлигидан ўта кучли хавотир уйғотмоқда".
Исроилнинг хавфсизлиги масаласи Бенжамин Нетаняҳу учун ўнлаб йиллик фаолияти давомида асосий сиёсий шиор бўлиб келган. Эрондаги урушнинг дастлабки кунларида у Исроил Яқин Шарқни ва минтақадаги ўз қудратини аллақачон ўзгартирганини айтганди. Аммо ҳарбий кампания бошланганига бир ойдан ошган бўлса-да, Теҳрондаги режим ҳамон ҳокимиятда, ҳамон Исроилга ракета отмоқда ва ҳамон юқори даражада бойитилган уран захираларига эгалик қилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу захира агар янада бойитилса, ўнга яқин ядровий бомба ясашга етади.
Исроил Демократия институти ўтказган сўровга кўра, дастлаб яҳудий исроилликлар орасида урушни қўллаб-қувватлаш даражаси 90 фоиздан юқори бўлган. Ўшандан бери бу кўрсаткич қарийб 20 фоизга пасайди, бироқ бош вазир ҳамон уруш учун кўпчилик қўллаб-қувватловига эга. Ваҳоланки, сўровлар унинг ва партиясининг бўлажак сайловлардаги рейтинги деярли ўзгармаганини кўрсатмоқда.
"Муаммо шундаки, бирорта ҳам сиёсий мухолифат етакчиси бутунлай бошқа ёндашувни таклиф қилмаяпти: дипломатияни илгари суриш, минтақадаги давлатларни кучайтириш, Араб давлатлари билан яқинроқ ишлаш, Фаластин масаласини ҳал қилиш каби таклифларни ҳеч ким ўртага ташламаяпти", дейди Далия Шейндлин.
Тзахи Ҳенегби таъкидлашича, Қўшма Штатлар Эрон билан музокара олиб бориши мумкин, аммо Исроилнинг ягона чораси – ҳарбий ҳаракатлар.
"Биз Эрон билан ҳеч қандай масалада келиша олмаймиз, чунки улар бизнинг мавжудлигимизни тан олмайди. Биз фақат ракеталар орқали "мулоқот қиламиз", яъни улар нима қилса, биз ҳам шунга яраша жавоб қайтарамиз".
Исроил аввалроқ Ливан ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга рози бўлган, бироқ ҳар икки ҳудуддаги аниқ нишонларга зарба беришда давом этган.
Ўтган ой "Ҳизбуллоҳ"нинг Эрон тарафида туриб урушга қўшилиш қарори Исроилнинг у ердаги кенг кўламли тўқнашувларга қайтишига сабаб бўлди. Ғазо эса аросатда қолмоқда: Ҳамас қачон ва қандай қуролсизланиши ҳамда Исроил кучлари қачон олиб чиқиб кетилиши кераклиги борасидаги келишмовчилик туфайли ҳудудда тикланиш жараёнлари тўхтаб қолган.
Эрондаги кенг кўламли уруш ва босиб олинган Ғарбий Соҳилда зўравонлик авж олаётган бир пайтда, бир неча фронтда урушиш Исроил аҳолисига қимматга тушмоқда.
Мамлакатда ҳарбий хизмат мажбурий экани аксарият исроиллик оилалар давом этаётган уруш хавф-хатарларига бевосита дуч келишини англатади. Минтақада ҳарбий иштирокнинг кенгайиши эса юз минглаб захирадаги аскарларнинг сафарбарлик рўйхатларига киритилишига олиб келди. Айрим захирадагилар 2023 йилги Ҳамас ҳужумларидан бери беш ёки ундан кўп марта хизматга чақирилган, баъзилари эса қайта хизмат қилишдан бош тортаётгани ҳақида норасмий маълумотлар бор.
Мудофаа бюджети ҳозирда 45 миллиард доллардан ошиб кетган. Исроилликлар орасида чексиз урушга хоҳиш деярли йўқ, бироқ мамлакат мавжудлигига таҳдид деб кўрилаётган можароларга ечим топилмас экан, Исроилнинг мудофаа сиёсати пул, аскар ва ўқ-дорини талаб қилаверади.
Эрондаги уруш ана шу таҳдидларга барҳам бериш имконияти сифатида кўрсатилганди.
Аммо Исроилнинг бошқа урушларидан олинган сабоқлар шуки, ҳарбий қудратнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин.