АҚШ президенти Трамп: " F - 15 учувчиси қутқарилди!". Қутқарув амалиёти ҳақида нималар маълум?

Ўқилиш вақти: 3 дақ

АҚШ ҳарбийлари Эрон узра уриб туширилган F-15 қирувчи учоғининг бедарак кетган иккинчи учувчисини топиб, қутқаришган.

Президент Трамп бу ҳақда Ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Жаноб Трамп учувчини қутқариш бўйича амалиётни "тарихдаги энг довюрак қидирув ва қутқарув амалиёти", дея таърифлаган.

F-15 учоғида бўлган яна бир учувчи аввалроқ қутқарилганди.

Эрон расмийларига кўра, учоқ мамлакат ҳаво мудофаа тизими ёрдамида уриб туширилган.

Учувчиларни қидириш ва қутқариш амалиёти тафсилотлари аста-секин ошкор бўлмоқда. Ҳозирга қадар билганларимиз:

Зобит қандай қутқарилди?

АҚШнинг F-15 учоғи Эрон жануби узра жума куни уриб туширилганидан сўнг ундаги учувчи қаерда эканлигини аниқлаш учун Эрон ва АҚШ ўртасида "пойга" бошланганди.

Амалиёт жараёни билан таниш бўлган манбанинг айтишича, Эрон жанубида улкан ҳудудда қидирув ишлари йўлга қўйилганди.

BBC га маълум бўлишича, учувчини қутқариш онларида Эрон ва АҚШ ҳарбийлари ўртасида отишма ҳам бўлиб ўтган ва учувчи учоқдан чиқиш вақтида жароҳат олган бўлиши мумкин.

Уриб туширилган ҳарбий учоқлардаги зобитларни қидириш ва қутқариш амалиётлари ҳарбий соҳада энг мураккаб ва зудлик билан амалга оширилувчи амаллардан ҳисобланди.

Бу каби амалиётлар кўпда тикучарлар ёрдамида амалга оширилади. Амалиётда кенгроқ ҳудудни кузатиш ва керак бўлган вақтда ҳужум қилувчи учоқлар ҳам ишлатилади.

Ижтимоий тармоқдаги постида жаноб Трамп полковник унвонидаги учувчи "душман чизиғи ортида, Эроннинг тоғли ҳудудида, рақиб кучлари тобора яқинлашиб келаётган жойда" бўлганлигини айтган.

Президент Трамп шунингдек, амалиёт мобайнида Эрон ҳаво ҳудудига ўнлаб учоқлар юборилгани ва ҳеч қандай қурбонларсиз бажарилганини айтган.

Эрон матбуоти қидирув амалиёти мобайнида АҚШ дронларидан бири уриб туширилганлигини хабар берган.

Аввалроқ Эрон бедарак кетган учувчини тириклайин қўлга олиш истагида эканлиги ва уни топишга ёрдам берганлар учун мукофот ҳам эълон қилганди.

Ҳарбий учоқ учувчилари бу каби вазиятга шай бўлиш учун муфассал машқлардан ўтказилган бўлади.

Ҳарбий эксперт Женифер Кавананинг BBCга айтишича, "уларнинг асосий вазифаси тирик қолиш ва қўлга тушишдан сақланишдир".

"Уларга жароҳат олмаган ва жисмонан имконли бўлган вазиятда учоқ уриб туширилган ердан иложи борича узоқроққа кетиш ва яшириниш йўллари ўргатилади".

Унга кўра, шунингдек сув ва озиқ-овқатсиз узоқ муддат омон қолиш тактикаси ҳам ўргатилади.

Учоқ айнан қаерда уриб туширилганди?

Эрон давлат матбуоти АҚШ учоғи жума куни Эрон жанубида уриб туширилганлигини хабар берганди.

Учоқнинг уриб туширилган ери аниқ кўрсатилмаган бўлса ҳам, матбуотда 2 эҳтимолий вилоят тилга олинган -Кўҳгилуе ва Бойир-Аҳмад, ва Хузистон.

Учоқдаги биринчи учувчини қутқариш жараёнида қатнашган A-10 Warthog ҳам учоғи Форс кўрфази узра уриб туширилиб, учувчисини қутқариб олинганди.

АҚШ матбуотига хабарларига кўра, F-15 учоғининг қутқарилган учувчисини олиб кетаётган тикучар ҳам енгил ўқ отар қуролидан ўққа тутилган ва тикучардаги бир зобит жароҳат олган аммо эсон-омон манзилга етиб, қўнишга муваффақ бўлган.

Эрон Ислом Инқилоб қўриқчилари гвардиясининг маълум қилишича, қутқарув амалиёти кетаётган ҳудудда яшовчи маҳаллий қабилалар амалиётда иштирок этаётган АҚШнинг 2 Black Hawk тикучарини ҳам уриб туширишга муваффақ бўлишган.

BBC 3 қуролланган шахснинг камида 2 та Black Hawk тикучарига қараб ўқ отаётган вақти олинган видеони тасдиқлай олган.

Кўҳгулие ва Бойир-Аҳмад вилоятида маҳаллий қабилалар дохил 700,000 минг аҳоли яшайди.

Маҳаллий қабилалар ўз жамлоқлари ва подаларини ёввойи ҳайвонлар ва ўғрилардан ҳимоя қилиш учун қуролга эга эканликлари айтилади.

Хузистон вилояти нефт дохил қатор саноатлар маркази ҳисобланади.

Вилоятда араблар, форслар ва қатор бошқа этник гуруҳлар дохил 4.7 миллион аҳоли яшайди.

F-15 қандай учоқ?

F-15 ҳарбий учоқлари ҳам ердаги ва ҳам ҳаводаги нишонларга ҳужум қила олади. Эронда катта эҳтимол билан бу учоқлар дрон ва ракеталарни уриб туширишда фойдаланилган.

Учоқ лазер ва GPS ускуналари ёрдамида ердаги объектларни аниқ нишонга олувчи бомбаларни ташлай олади.

Учоқда 2 зобит бўлади. Бири олдинги ўриндиқдаги учувчи ва орқа ўриндиқда қуролларни бошқарувчи зобит.

Қуролларни бошқарувчи зобит "Wizzo" номли тизим орқали нишонларни аниқлайди ва лозим бўлган ҳужум параметрларини танлайди.

F-15 учоғи айнан қандай ва нима билан уриб туширилган ҳозирча маълум эмас, лекин агар Эрон томонидан уриб туширилгани рост бўлса, катта эҳтимол билан ердан отилган ракета ёрдамида амалга оширилган бўлиши мумкин.