You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Эрон: АҚШ нега Яқин Шарққа махсус кучлари, пиёда қўшинлари ва десантчиларини ташлаяпти ҳамда Америка Эронга 10000 дан ортиқ зарба бердими?
Павел Аксенов
Ҳарбий шарҳлови, BBC Рус хизмати
Янги тафсилотлар...
Трамп яна ниманинг режасида?
АҚШ Форс кўрфазасида тезкор мадад кучларини тўпламоқда.
Денгиз пиёда қўшинларининг 31-экспедицион гуруҳи аллақачон ўша ерда.
11-гуруҳи ва 82-ҳаво-десант дивизияси бўлинмалари эса ҳозир йўлда.
CBS News хабарига кўра, минтақага АҚШ махсус кучлари – "денгиз мушуклари" ва АҚШ Армияси ренжерлари жойлаштирилган.
(Ренжерлар АҚШ Қуролли Кучларининг энг сара, махсус тайёргарликдан ўтган енгил пиёда қўшинлари экани айтилади – таҳр.).
CBS News BBC нинг Америкадаги ҳамкори саналади.
Минтақада аллақачон жойлаштирилган қўшинлардан фарқли ўлароқ, бу бўлинмалар қуруқликдаги амалиётларда фойдаланиш учун мўлжалланган.
Шу пайтгача АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудида бу хилдаги кенг кўламли амалиётлардан ўзини тийиб келган.
Умуман олганда, Форс Кўрфази минтақасига камида 8000 нафар АҚШ ҳарбийси етиб келади.
Ҳар бир экспедицион гуруҳда 2500 денгиз пиёдалари, 3000 дан 4000 тагача десантчи бўлади.
Аммо бу ўта тахминий рақамлар, чунки гуруҳ фақат аскарлар ва зарба бериш кучларининг зобитларидан иборат бўлмайди.
Уларнинг орасида мадад ва таъминот бўлинмалари, шу жумладан, авиаторлар бўлишини ҳам назарда тутиш лозим.
Бошқа томондан, бу рақамлар мазкур бўлинмалар минтақага келадиган кемалар денгизчиларини ҳам кўзда тутмайди.
Мақсад нима?
Шарҳловчиларга кўра, бу кучлар учта эҳтимолий сценарийда қўлланилиши мумкин:
- Ҳўрмуз бўғозини очиш;
- Харг оролини қўлга киритиш;
- ёки ядровий қурол яратишда қўлланилиши мумкин бўлган бойитилган уранни Эрондан олиб чиқиш.
Бир томондан, Венесуэладаги амалиёт мисолидан келиб чиқиб, десантчилар рейдларига тайёргарлик жуда пухта бўлиши ва уларнинг бажарилиши деярли хатосиз кечиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.
Тезкор мадад кучларининг жойлаштирилиши АҚШнинг минтақадаги ҳарбий амалиётларини кенгайтириш заруратидан далолат бераётган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Бу можаронинг ривожи дастлабки режалардагисидан кўра катталашаётганини ҳам англатиши мумкин.
Wall Street Journal газетасининг АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, Доналд Трамп бойитилган уранни Эрондан олиб чиқиш бўйича ҳарбий амалиёт ўтказиш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда.
Нашрга кўра, бундай мураккаб рейд АҚШ қўшинларининг Эронда бир неча кун ёки ундан кўпроқ вақт давомида бўлишини талаб қилиши мумкин.
Газетанинг ёзишича, ўтган июн ойидаги амалиётгача Эронда 400 килодан ортиқ 60 фоизга бойитилган, 200 килоча 20 фоизга бойитилган уран бор деб, ҳисобланган.
Бу уранни қайта ишлаб, таркибини осонликча 90% га етказса бўлади.
Атом қуроли ишлаб чиқариш учун эса худдаи шундай фоиздаги уран тақозо этилади.
Очиқ манбаларга таяниб, бу ураннинг қаерда ва қандай шароитда сақланаётганини айтиш қийин, - дейди BBC Рус хизматининг ҳарбий шарҳловчиси.
Бошқа муҳим ва янги тафсилотлар
Исроил ўтган тўрт ҳафта ичида Эрон пойтахти Теҳронга 3600 та ўқ-дори ташлаган.
38 та полиция идораси ва "Басиж" кучлари базаларига зарба берган.
Улардан аксарияти одамлар яшайдиган жойларнинг ичида жойлашган бўлган.
Бунга BBC таҳлиллари далолат қилган.
Америка Қўшма Штатлари эса бу маълумотларни тақдим этмайди.
Аммо, Америка томонига кўра, Эрон бўйлаб амалга оширган ҳужумларининг сони 10000 дан ортган.
Эрон ўзининг ҳарбий талафотлари ҳақида хабар бермаяпти.
HRANA маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Эроннинг камида 1167 нафар ҳарбийси ҳалок бўлган.
АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги ҳозиргача 1400 дан ортиқ тинч аҳоли ўлимини қайд этган, уларнинг 15 фоизи болалардир.
Бошқа томондан, сўровлар Америка халқининг аксарияти Эрондаги ҳарбий кампанияга қарши эканини кўрсатган.
Аммо Республикачилар ҳақида бундай деб бўлмайди.
Улардан кўпчилиги ҳануз Трамп билан бирга.
Тахминан тўртдан уч қисми урушни қўллаб-қувватлайди.
Аммо можаронинг бошланганига бир ойдан ошди.
Шу боис, бундан буёғига ҳам қўлловнинг шундай бўлиб қолажаги ёки йўқлигига оид саволлар ҳам аллақачон бўй кўрсата бошлаган.
Доналд Трамп "қисқа вақт ичида" келишувга эришилмаса, Эроннинг электр станциялари ва нефт қудуқларини "яксон этиш" билан таҳдид қилган.
АҚШ президенти яна сувни чучуклаштирувчи корхоналарни ҳам эҳтимолий нишон сифатида тилга олган.
Трамп Эрон билан "жиддий" музокаралар олиб бораётганини даъво қилмоқда.
Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили АҚШ билан урушни тугатиш бўйича ҳеч қандай мулоқотлар бўлмаётганини айтган.
Бу ҳақда давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришган.
Исроил Бош вазири эса аввалига "уруш ярмидан ўтгани"ни айтган.
Кейин бу гапига изоҳ бериб, вақт эмас, бажарилган ишларни назарда тутганини таъкидлаган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан Исроил ва АҚШ обектларига берилган ракета зарбалари Эроннинг ўз ичидаги можароларнинг кучайиши билан бир вақтга тўғри келди.
Ички вазият ва талафотлар
Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги берган маълумотга кўра, айни пайтда Эрон уруш бошланганидан бери энг даҳшатли бомбардимонларни бошдан кечирмоқда. Биргина 28 март кунининг ўзида мамлакат бўйлаб 701 та ҳужум қайд этилган бўлиб, уларнинг 74 фоизи пойтахт Теҳрон ҳиссасига тўғри келган. Ушбу тўқнашувлар оқибатида ҳозиргача 1 551 нафар тинч аҳоли, жумладан, 236 нафар бола ҳалок бўлган.
Ғолибоф: "Бизни таслим қила олмайсиз"
Уруш бошланганига 30 кун тўлиши муносабати билан Эрон Парламенти сўзчиси Муҳаммад Боғир Ғолибоф кескин баёнот билан чиқди. ИРНА агентлиги тарқатган ушбу хабарда Ғолибоф шундай дейди:
"Душман омма олдида музокара ҳақида гапираётган бўлса-да, пинҳона равишда қуруқликдан ҳужум қилишни режалаштирмоқда.
АҚШ 15 банддан иборат талаблар рўйхати орқали урушда эриша олмаган ниятларини амалга оширмоқчи."
Ғолибоф, шунингдек, Эрон кучлари "Америка аскарларининг қуруқликка қадам қўйишини кутаётгани ва уларни оловли ёмғир билан кутиб олиши"ни таъкидлади.
Таслим бўлиш масаласида эса араб тилида: "Эроннинг жавоби аниқ - биз асло таҳқирланишни қабул қилмаймиз", дея қўшимча қилди.
АҚШнинг қуруқлик амалиётига тайёрланиши
Эрон Парламенти спикери Муҳаммад Боғир Ғолибоф Эрон кучлари Америка қуруқликдаги қўшинларини "кутаётганини" таъкидлаган бир пайтда, Вашингтондан келаётган хабарлар турличадир.
Washington Post Пентагоннинг Эронда бир неча ҳафталик қуруқликдаги операцияларга тайёргарлик кўраётганини ёзган бўлса-да, президент Доналд Трамп бу режаларни тасдиқлаши ҳали аниқ эмас.
АҚШ маъмурияти ушбу вазият бўйича қуйидаги фикрларни билдирди:
Доналд Трамп: Шу ой бошида журналистларга "Мен ҳеч қаерга қўшин жойлаштирмоқчи эмасман", деди-ю, аммо дарҳол қўшимча қилди: "Агар шундай қилганимда ҳам, буни сизга айтиб ўтирмасдим".
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио : Жума куни АҚШ ўз мақсадларига "ҳеч қандай қуруқликдаги қўшинларсиз" эриша олишини айтди. У сўнгги ҳарбий ҳаракатларни Трампга танлов имкониятини бериш деб тушунтирди: "Биз президентга ҳар қандай фавқулодда вазиятларга мослашиш учун максимал имкониятларни яратиб беришга доим тайёрмиз".
АҚШ Марказий қўмондонлиги: Шанба куни USS Tripoli ҳарбий кемаси минтақага етиб келганини маълум қилди. Ушбу кема тахминан 3 500 нафар денгизчи ва денгиз пиёдаларидан иборат бўлинмага бошчилик қилади.
Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар гуруҳи бир ойдан бери давом этаётган уруш манзарасида илк бор Исроилга ракета отди. Янги жабҳа минтақада урушнинг кенгайиб, глобал савдо ва нефт етказиб бериш занжирларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкиндиги айтилмоқда.
Исроил ҳарбийлари ракета мамлакат ҳудудига етмасдан тутилганини маълум қилди. Ҳусийлар эса бир кун аввал Эронга қарши ҳужумлар давом этса, можарога аралашишини огоҳлантирган эди.
Ҳусийлар — Ямандаги шиаларнинг зайдий йўналишига мансуб қуролли сиёсий-диний гуруҳ бўлиб, 2014 йилдан буён пойтахт Санони ҳам ўз ичига олган шимоли-ғарбий ҳудудларни назорат қилиб келади.
Минтақада кескинлик кучаймоқда
BBC манбаларига кўра, Эрон пойтахти Теҳронда тун давомида кучли зарбалар қайд этилган. Шу билан бирга, мамлакатда интернет чекловлари тўртинчи ҳафтага кирган.
Жанубий Ливанда бир неча аҳоли пунктлари Исроил зарбаларига учраган, Саудия Арабистони эса Ар-Риёд томон йўналган баллистик ракетани тутганини билдирган. Қувайтда эса дрон ҳужуми оқибатида халқаро аэропортга чекланган зарар етгани хабар қилинмоқда.
Иқтисодий таъсирлар ҳам сезилмоқда: АҚШнинг учта асосий фонд индекси яна пасайиб, уруш бошланганидан бери тўртинчи ҳафта кетма-кет йўқотишлар қайд этилди.
Янги фронт очилиши мумкинми?
BBCнинг Қуддусдаги Яқин Шарқ бюроси раҳбари Жо Флотонинг таъкидлашича, ҳусийлар аралашуви Арабистон ярим оролида янги жабҳа очилиши эҳтимолини оширмоқда.
Ҳусийлар ҳаракати сўнгги ҳафталарда Эронни очиқ қўллаб-қувватлаб келаётган эди. Гуруҳнинг ҳарбий вакили Яҳё Сариъ телевизион мурожаатида "тўғридан-тўғри ҳарбий аралашувга тайёр" эканини билдирган.
Исроил маълумотига кўра, ракета Ямандан учирилгани аниқланган ва жанубий шаҳар Беэр-Шева атрофида ҳаво ҳужуми сиреналари янграган.
Таҳлилчилар фикрича, энг катта хавф — Қизил денгиздаги кема қатновига таҳдиддир. Ҳусийлар аввал ҳам бу йўналишда ҳужумлар уюштирган.
2025 йилда Доналд Трамп маъмурияти (Буюк Британия билан бирга) айнан шу таҳдидларни тўхтатиш мақсадида ҳусийларга қарши ҳаво зарбалари кампаниясини бошлаган эди. Бир неча ҳафта давом этган амалиёт минглаб нишонларни йўқ қилган, бироқ охир-оқибат ўт очишни тўхтатиш келишуви билан якунланган.
"Қаршилик ўқи"даги ўрни
BBC халқаро таҳлилчиси Лайс Дусетнинг фикрича, ҳусийлар ўзларини Эрон ва унинг иттифоқчилари шакллантирган "қаршилик ўқи"нинг муҳим қисми деб билади.
Уларнинг Эрон билан алоқалари Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" даражасида чуқур эмас, аммо сўнгги йилларда Теҳрон томонидан қуроллантирилган ва тайёрланган гуруҳ сифатида ҳусийлар иттифоқчисига ёрдам беришдан бош тортмаслиги мумкин.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Шу пайтгача ҳусийлар ўзларининг энг кучли таъсир воситаси — Боб ал-Мандаб бўғози орқали халқаро савдо йўлларини издан чиқариш имкониятини тўлиқ ишга солмаган.
Бироқ бу фронтнинг очилиши нафақат минтақадаги урушни кенгайтириши, балки глобал савдо ва нефт етказиб бериш занжирларига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.