You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
"Малай эмас, кўмакчи". Нима учун Бишкекда филиппинлик уй хизматчиларига талаб ортиб бормоқда?
- Author, Элеонора Куленбекова
- Role, Би-Би-Сининг Бишкекдаги мухбири
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
42 ёшли филиппинлик аёл Рэтчелнинг Қирғизистонга келганига бор-йўғи уч ой бўлди. Ҳозирда у тўрт фарзанднинг онаси, 34 ёшли маҳаллий тадбиркор аёл Аселнинг оғирини енгил қилаётган пайти. Рэтчел бунгача Саудия Арабистонида, кейин Гонконгда ишлаган, сўнгги иш жойи ёқмай қолгани учун энди бир йиллик шартнома билан Бишкекка келди.
"Бу ерда одамлар жуда меҳмондўст экан. Менга маҳаллий халқ жуда ёқди. Бу ерда мени оила аъзосидек қабул қилишди", — дейди у.
Қирғизистон тоғлари унга жуда ёққанини, қишда келиб, қалин қорни кўргани у учун ажойиб тажриба бўлганини айтиб берди.
Ҳозирги вақтда Қирғизистонда ўнлаб воситачи агентликлар филиппинлик уй хизматчиларини мамлакатга олиб келишмоқда. Мамлакатда четдан келган энага ва уй хизматчиларига талаб кучаймоқда.
"Қирғиз энагаларининг шахсий ишлари ҳеч тугамайди.Мен бунгача бирга ишлаган маҳаллий энагалар бир жойда узоқ ишлашмас экан. Тўйлари тугамайди, "қишлоққа кетаман", "акам уйланяпти", "ота-онамни соғиндим" дейишади. Доим баҳонаси тайёр, рухсат сўрашади. Шу ишлари асло битмайди. Шу сабабли филиппинлик энага олишга қарор қилдик", — дейди Рэтчелни ёллаган қирғизистонлик тадбиркор аёл Асел.
Қирғизистонга келган филиппинлик энагаларнинг ойлик маоши 700 доллардан бошланади. Иш вақти эрталаб соат тўққиздан кечки тўққизгача. Уларни мамлакатга олиб келиш харажатларини, масалан авиачипта, виза ва иш фаолияти учун рухсатнома ҳужжатларини чақирган томон, яъни иш берувчи ўз зиммасига олади.
"Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам бу арзонга тушади", - дейди Асел. Унинг айтишича, маҳаллий энагалар бир ой бола боқишнинг ўзига камида 50-70 минг сом (550-800 доллар) ойлик сўрашади. Бундан ташқари, улар бола тарбиясидан ташқари қўшимча ишларга кўнишмайди.
"Менинг ишим анча енгиллашди. Ростини айтсам, яйраб қолдим. Уйни йиғиштиради, кийимларни ювиб, дазмоллайди. Мен уйда бўлмасам, овқатимни ҳам тайёрлаб қўяверади. Болани чўмилтир десанг, чўмилтиради. Ҳар бир ишни "уни қил, буни қил" деб айтиб турмайсан. Бу инсон ўз ишини билади. Вазифасини яхши бажаришга ҳаракат қилади", - дейди Асел.
Филиппиндан уй хизматчиларини қирғизистонлик аёлларга маҳаллий агентликлар топиб беришади. Улар воситачилик хизмати учун пул ишлашади. Бишкекда иш юритаётган "Арли" номли воситачи агентлик айни дамда филиппинлик янги уй хизматчилари гуруҳини кутмоқда. Агентлик Филиппиндаги агентлик билан шартнома тузиб, энагаларни мамлакатга воситачиларсиз олиб келади. Бунгача улар мамлакатга йигирмага яқин филиппинлик аёлларни олиб келишган. Бироқ улар бозорга кирганига бор-йўғи бир йилча бўлди. Мамлакатда ундан узоқроқ ишлаган компаниялар сўнгги ўн йилдан бери четдан аёллар ишчи кучини жалб қилиб келмоқда.
"Филиппинлик энагалар Қирғизистонда кўпайиб, диаспораси ҳам пайдо бўлиб қолди. Ҳатто "Дордой" бозорида филиппинлик аёлларнинг тикувчилик гуруҳи ҳам бор экан. Бизнинг энагаларнинг у ерда дўстлари бор, ўзларининг филиппинча байрамлари бўлганда учрашиб, миллий таомларини пишириб, бизга ҳам олиб келиб туришади", - деди мазкур агентлик раҳбари Айзирек Борбуева.
Нима учун филиппинлик уй хизматчиларига талаб ортиб бормоқда?
"Уй ишлари, бола боқиш оғир ва кўринмайдиган меҳнат, шу боис биздаги маҳаллий иш изловчиларда бунга хоҳиш кам. Ҳа, энага бўлиб ишлаб бераман деган эълонлар кўп, лекин улар бир-икки соат учун ҳақ ҳисоблашади. Барқарор бир ой ёки бир йил ишлайман деганлар кам. Бугун бор, эртага йўқ. Вақтинчалик иш деб қарашади. Масъулият йўқ. Илгари педагог бўлиб ишлаган рус энагалари бор эди. Бироқ уларнинг авлоди ҳам қариди. Ёшлар эса ойлаб, йиллаб энага бўлишни хоҳламайди. Филиппинлик аёллар шартнома билан келади ва ишини маромига етказиб бажаради", — дейишди агентликдагилар.
Шунга қарамай, филиппинлик аёлларни ёллаш арзон иш эмас. Агентлик воситачилик ҳақи учун камида 1000 доллар олади. Уларни мамлакатга олиб келиш харажатларидан ташқари, ойлик маошларини мунтазам тўлаш, касал бўлиб қолса, чиқимларини қоплаш керак. Четдан келган уй хизматчиси уни ёллаган одамнинг уйида яшаши учун шароит бўлиши керак. Агар бўш хона бўлмаса, иш берувчи ўз ҳисобидан ижарага уй олиб бериши шарт. Одатдаги дам олиш кунларида дам берилиши лозим.
Филиппинлик энагалар нафақат Қирғизистонда, балки анчадан бери бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам талабгир. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларга ҳам филиппинликлар энагалар хизматини таклиф қилган рекламаларни учратиш мумкин.
Улар меҳрибон, чидамли ва инглиз тилини биладиган мутахассислар сифатида қадрланади. Бироқ бу танлов ортида кўпинча иложсизлик ётади. Чунки ўз мамлакатларида ойликлар кам, шу сабабли улар дунё кезиб ишлашга мажбур.
Улар бировнинг болаларини боқиб, ҳар куни уларга меҳр кўрсатишади. Овқатлантириб, дарсларига ёрдам бериб, ухлаётганда ёнида бўлишади. Лекин айни пайтда уларнинг ўз фарзандлари минглаб чақирим узоқликда онасиз яшашга мажбур. Баъзилари болаларини ота-онасига ёки қариндошларига ташлаб кетишади. Фарзандларини фақат телефон орқали кўриб, йилига атиги бир марта кўришадиган ҳолатлар ҳам бўлади.
"Менинг учта болам бор. Ўғлим коллежни битиряпти, иккинчиси юқори синфда мактабда ўқийди. Яна бир кичик болам бор. Онам болаларимга қарайди, аслида ўзлари бемор. Қон босимлари юқори. Шунга қарамай, биз бахтлимиз. Оиламни, болаларимни соғиндим. Телефонда гаплашиб турамиз, лекин ҳар куни эмас. Баъзида уларда интернет бўлмай қолади", - дейди Рэтчел.
У ҳозирда бошқа оиланинг ҳаётини енгиллаштириб, Аселнинг карьерасини давом эттиришига, ишга бемалол чиқишига шароит яратмоқда. Бироқ ўз фарзандларининг болалигини ўтказиб юбориб, уларнинг ютуқларига фақат телефон орқали гувоҳ бўлмоқда. Рэтчел учун бу иш шунчаки даромад эмас. Бу — унинг оиласи, фарзандлари учун қилаётган қурбонлигидир.
2026 йилга келиб Қирғизистонга четдан кирадиган ишчилар учун қирғиз ҳукумати 52 минглик квотани тасдиқлаган. 2025 йилгача мамлакатда ишлаш учун рухсатномани Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлиги бериб келар эди. Аммо бир йил олдин бу функция Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик департаментига ўтказилди. Мазкур давлат органи четдан келаётган уй хизматчилари ва уларнинг мамлакатда иш юритиши учун зарур бўлган процедуралар ҳақида Би-Би-Сининг сўровига ҳали жавоб бергани йўқ.