You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Трамп: "АҚШ икки ёки уч ҳафта ичида Эрондан чиқади"
АҚШ Президенти Доналд Трамп Оқ уйда берган баёнотида Эрондаги ҳарбий кампания тез орада ўз ниҳоясига етишини маълум қилди. Президентнинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар яқин икки ёки уч ҳафта ичида минтақани тарк этиши мумкин.
Трамп журналистлар билан суҳбатда АҚШ ва Исроил ўтган ой охирида бошлаган ҳаво зарбалари ўз самарасини берганини таъкидлади.
Унинг айтишича, кампаниянинг бош вазифаси - Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиш имкониятларини йўқ қилиш эди ва бу мақсадга тўлиқ эришилди.
"Биз жуда тез орада чиқиб кетамиз. Ҳозирда биз фақат ишни охирига етказяпмиз холос", - деди президент.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ҳарбийлари айни дамда Эрон осмонида тўлиқ ҳукмронлик қилмоқда.
Режим ўзгариши ва янги раҳбарият
Президент Эроннинг кўплаб юқори мартабали сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари йўқ қилинганидан сўнг, мамлакатда амалда режим ўзгариши юз берганини даъво қилди.
Трамп Теҳрондаги янги раҳбарларни аввалгиларига қараганда "анча мулоҳазали" ва "камроқ радикаллашган" деб таърифлади.
Шунингдек, Трамп Эрон томони урушни тўхтатиш учун АҚШ билан келишув тузишни "ўтиниб сўраётганини" айтди.
Бироқ у уруш тугаши учун расмий келишув шарт эмаслигини алоҳида қайд этди:"Эрон келишув тузиши шарт эмас, йўқ. Уларнинг мен билан келишув тузиши АҚШнинг у ердан чиқиб кетишига таъсир қилмайди. Энг муҳими - уларда ядровий қурол бўлмайди."
Иттифоқчилар ва иқтисодий оқибатлар
Баёноти давомида Трамп Европа иттифоқчиларини, хусусан Буюк Британияни Ҳормуз бўғозидаги чекловлар туфайли юзага келган ёқилғи муаммоларида танқид қилди. У "Truth Social" тармоғида давлатларга "нефт керак бўлса, бизга арз қилмай, жасоратингизни йиғиб, Ҳормуздан бориб олиб келинг!" деб хитоб қилди.
Президент дунё бўйлаб ошаётган ёқилғи нархлари АҚШ ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиши билан пасайишини ваъда қилди.
Эроннинг АҚШ технология компанияларига нисбатан қилган таҳдидлари ҳақидаги саволга Трамп беписандлик билан жавоб қайтарди. У Эроннинг ҳарбий салоҳиятини мазах қилиб: "Нима, улар бизга қарши пневматик милтиқлардан (bb guns) фойдаланишадими?" - дея муносабат билдирди.
Оқ уй Трамп чоршанба куни кечқурун халққа махсус мурожаат билан чиқишини эълон қилди. Биз ушбу жараённи ёритиб боришни давом эттирамиз.