Ўзбекистонда оқсил тарқадими? Мубашшир Аҳмад Товоқсойга ўтказилди, Ўзбек фанини ким шарманда қилаяпти?

Сурат тагсўзи, Иллюстратив фото
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон расмийлари чорва ўртасида оқсил тарқалганини тасдиқламаяптилар, бироқ ижтимоий тармоқларда касал қорамоллар видеолари тарқалди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши мамлакат ҳудудида 18 апрелдан 18 майгача "Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена" ойлигини эълон қилди.

Расмийларга кўра, хорижий мамлакатларда чорва ҳайвонлари орасида турли янги касалликлар юзага келаяпти, хусусан, чорва моллари ўртасида оқсил (яшур) касаллиги тарқалиш хавфи кенгаймоқда.

Ўтган йилнинг охирги ойларидан Россиянинг Сибир ва Урал минтақаларида чорва молларини оммавий сўйиш бошланди, оқибатда чорвадорлар катта молиявий зарар кўраётганлари хабарлари шу кеча-кундузда ҳам тарқалаяпти.

Россия расмийлари чорва оммавий сўйилаётгани сабаби пастереллёз ва қутуриш тарқалиши олдини олиш деб тушунтирмоқда, аммо, экспертларга кўра, гап оқсил (яшур) касаллиги ҳақида бораяпти.

Сурат манбаси, Telegram/Vetlegnews

Сурат тагсўзи, Фарғона вилоятида "оқсил" касаллиги қайд этилмаганлиги, ҳайвонлар ўртасида ўлим ҳолатлари кузатилмаганлиги аниқланди", деб ёзди Vetlegnews Telegram канали

2026 йил апрелида Хитойнинг икки ҳудудида оқсил тарқалгани кузатилди.

Ушбу ҳодисаларни инобатга олиб Қозоғистон ҳукумати барча чорва молларини зудлик билан эмлашни бошлади.

Март ойида Фарғона вилоятида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни текширишга Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси расмийлари бордилар.

"Ўрганишлар давомида, бугунги кунда Фарғона вилоятида "оқсил" касаллиги қайд этилмаганлиги, ҳайвонлар ўртасида ўлим ҳолатлари кузатилмаганлиги аниқланди", деб ёзди Телеграмдаги Vetlegnews канали.

Мубашшир Аҳмад Товоқсой колониясига ўтказилди

Сурат манбаси, Facebook

Қарийб бир йил олдин Туркияда ғойиб бўлган ва уч кундан кейин Тошкентдаги ҳибсхонада эканлиги аён бўлган ўзбекистонлик таниқли уламо Мубашшир Аҳмад қамоқ жазосини ўташ учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Товоқсой жазони ижро этиш муассасасига ўтказилган.

Бундан олдин диний олимнинг саломатлиги ёмонлашган, жазони ўтаётган Навоий виилоятидаги Қизилтепа қамоқхонасидан Тошкентдаги "Сангород" деб номланадиган шифохонага ўтказилган эди.

Расмийлар Мубашшир Аҳмаднинг жазони қамоқда ўташига монелик қиладиган оғир касаллик — қандли диабетнинг оғир шакли билан оғриётганини тасдиқлаганлар.

2025 йил 8 октябр куни Тошкент шаҳар Учтепа тумани суди Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновни 2,5 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Мубашшир Аҳмадга Ўзбекистон Жиноят кодексининг уч моддаси бўйича айблов қўйилди:

156-модда, 2-қисм — диний (ёки миллий) адоват, нафрат ёки можаро қўзғатиш,

244¹-модда, 3-қисм "г" банди — жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни интернет ва ОАВ орқали тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш.

244³-модда — диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш.

Айблов томони унинг Azon Global ва шахсий ижтимоий тармоқларида эълон қилган материаллари Ўзбекистон қонунчилиги талабларига зид эканини таъкидлаган.

Мубашшир Аҳмад 244³-модда (рухсатсиз диний материаллар) бўйича айбни қисман тан олган, бироқ 156-модда ва 244¹-модда бўйича — яъни адоват қўзғатиш ва хавфли контент тарқатиш айбловларини инкор қилган.

У суд ҳукми устидан апелляция шикояти билан ариза ёзмасликка қарор қилган.

"Ҳозир раҳбар кадр бўлдими, икки йилда PhD бўляпти"

Сурат манбаси, Senat.uz

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларнинг эътиборини Фанлар Академиясининг президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор Шавкат Аюповнинг мансабдорларнинг илмий даража олаётганларига нисбатан билдирган фикрлари тортди.

"Кўп илмий ишлар жуда юзаки. Юзаки бўлгани ҳам майли, плагиат кўпайиб кетди. Россиядан олиб, таржима қилиб, ҳимоя қилинганларни ҳам кўрдим. Қоида бўйича бунақаларнинг дипломини бекор қилиш керак эди, лекин қилишмади", деди ФА президенти.

Шавкат Аюпов олти йил - 1997 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси раиси бўлиб ишлаган пайтни эслатди.

У ўша йиллари Ўзбекистонда ҳимоя қилинган номзодлик ва докторлик диссертацияларининг сонини бугунги кун билан солиштирди.

"Ҳимоялар сони ўн баробарга ошиб кетди", деди академик.

"Ҳозир раҳбар кадр бўлдими, икки йилда PhD бўляпти. Яна икки-уч йил ўтмасдан фан доктори бўляпти... У раҳбар одам қачон илм қилади? Энди улардан нима фойда фанга?" деди Шавкат Аюпов.

"Интернетларда кўп чиқади: 'қалбаки' журналларда чиққан энг кўп мақолалар Ўзбекистондан. Ёки энг кўп сифатсиз мақолалар Ўзбекистондан, деб чиқади. Бу – бизнинг фанимиз учун жуда катта шармандагарчилик", деди Шавкат Аюпов.