Киев: Ҳужумчи кўчада ўт очди ва супермаркетда одамларни гаровга олди

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Яраланганлар орасида 12 ёшли бола ҳам бор
Ўқилиш вақти: 1 дақ

Ҳодиса пойтахт жанубидаги Холосиивский туманида юз берди. Украина Ички ишлар вазири Ихор Клименкога кўра, шу туманда яшаган эркак кўчада одамларга қарата ўт очган ва супермаркетда бир неча кишини гаровга олган.

Клименко ҳужумчи супермаркетда полиция билан отишмада нобуд бўлганини айтди. Унинг мақсади нима бўлгани ноаниқ қолмоқда.

Қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо Украина Президенти Володимир Зеленский 14 киши жароҳатлангани ва улар орасида 12 ёшли бола ҳам борлигини айтди.

Унга кўра, кўчада тўрт киши ўлган ва 30 ёшлардаги бир аёл кейинроқ касалхонада жон берган. Ҳужумчи гаровга олган бир кишини ҳам ўлдирган.

Клименкога кўра, полиция музокарачилари ҳужумчи супермаркетда бўлган вақти у билан 40 дақиқача гаплашишган ва у «саросимада» бўлган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

"У ерда яраланган одам борлигини билгач, биз уни кўндиришга уриндик. Қон кетишини тўхтатиш учун турникетлар олиб киришни таклиф қилдик. Лекин, у жавоб бермади ва у бир одамни ўлдиргач, супермаркетга бостириб кириш буйруғи берилди», - деди вазир.

Унинг айтишича, ҳужумчи ҳеч қандай талабни илгари сурмаган.

Тўрт гаровгир сўнгра озод қилинган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Супермаркетдаги гаров 40 дақиқача давом этган ва бир киши ўлган

Украина Бош прокурори Руслан Кравченко билдиришича, ҳужумчи Россия пойтахти Москвада туғилган 58 яшар одам бўлган ва у ҳужумда автоматик қуролдан фойдаланган.

Қурол расман рўйхатдан ўтган бўлган, ҳозирда унинг лицензияси тафсилотлари ва ҳодисанинг ўзи тергов қилинмоқда.

Зеленскийга кўра, ҳужумчи ҳозирда аксар қисми Россия босқини остида бўлган Донецк вилоятида яшаган ва урушдан аввал Украинадан ажралиб чиқиш учун «узоқ вақт» тўқнашувларда қатнашган.

Зеленский, шунингдек, ҳужумчи отишмани бошлашдан аввал Киевдаги квартирасини ёқиб юборганини айтди.

Қўшниларининг айтишича, у квартирада 10 йилча яшаган ва қўшнилар билан деярли гаплашмаган.

Россия билан уруш йилларида Киев тез-тез ҳужумларга учрайди, аммо бу каби ҳодисалар деярли юз бермайди.