Одамзод фазода озиқ-овқат етиштирмоқчи. Фақат қандай қилиб?
Сурат манбаси, Frontier Space
- Author, Pallab Ghosh
- Role, Ilm-fan muxbiri
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Орбитада ўтказиладиган тажриба муваффақиятли бўлса, стейк, картошка пюреси ва десертлар тез орада астронавтлар учун космосда алоҳида ҳужайралардан етиштирилиши мумкин.
Европа космик агентлиги (ESA) лойиҳаси орбитада ва бошқа сайёраларда заиф тортишиш кучи ва юқори радиация шароитида лабораторияда озиқ-овқат етиштириш имкониятини ўрганмоқда.
ESA астронавтларни озиқлантиришнинг янги усулларини ўрганиш учун тадқиқотни молиялаштиряпти, чунки бу жараён кунига 20 000 фунт стерлинггача харажат талаб қилиши мумкин.
Лойиҳа жамоаси бу тажрибани икки йил ичида Халқаро космик станцияда (ХКС) кичик озиқ-овқат ишлаб чиқариш фабрикасини ривожлантириш учун илк қадам деб ҳисоблайди.
Бедфорд шаҳрида жойлашган Frontier Space ширкати раҳбари ва асосчиси доктор Ақил Шамсулнинг фикрича, агар NASA инсониятни кўп сайёрали турга айлантира олса, лабораторияда етиштирилган озиқ-овқат жуда муҳим бўлади.
Ушбу концепцияни Лондондаги Империал коллежи тадқиқотчилари билан ҳамкорликда ишлаб чиқишмоқда.
"Бизнинг орзумиз – орбитада ва Ойда заводлар қуриш," дейди у BBC News'га.
"Агар биз инсонларнинг космосда яшаши ва ишлаши учун инфратузилма яратмоқчи бўлсак, ишлаб чиқариш объектларини Ердан ташқарида қуришимиз керак."
Сурат манбаси, NASA
Лабораторияда озиқ-овқат етиштириш учун оқсил, ёғ ва углеводлар каби ингредиентлар пробиркалар ва идишларда ўстирилади, сўнг уларни оддий озиқ-овқатга ўхшаш кўриниш ва таъмга келтириш учун қайта ишланади.
Лабораторияда етиштирилган товуқ гўшти аллақачон АҚШ ва Сингапурда сотилмоқда, худди шундай стейк эса Буюк Британия ва Исроилда тасдиқланишини кутмоқда. Ерда бу технологиянинг анъанавий қишлоқ хўжалиги усулларига нисбатан камроқ ер талаб қилиши ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириши каби экологик афзалликлари бор. Аммо космосда бундан асосий мақсад харажатларни камайтиришдир.
Тадқиқотчилар бу тажрибани ўтказишмоқда, чунки ХКСда астронавтларга озиқ-овқат етказиб бериш жуда қимматга тушади – уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир астронавт учун кунига 20 минг фунт стерлинггача.
NASA, бошқа космик агентликлар ва хусусий компаниялар Ойда, орбитал космик станцияларда ва эҳтимол куни келиб Марсда ҳам узоқ муддатли фаолият юритишни режалаштирмоқда. Бу космосда яшаб ишлайдиган ўнлаб, кейинчалик юзлаб астронавтлар учун озиқ-овқат етказиб беришни англатади. Доктор Шамсулнинг айтишича, бу жараён ракеталар ёрдамида амалга оширилса, жуда қимматга тушади.
Унингча, озиқ-овқатни космосда етиштириш анча мантиқли бўларди.
"Биз оддий оқсил билан бойитилган картошка пюресидан бошлаб, космосда тайёрлай оладиган мураккаброқ таомларга ўтишимиз мумкин," дейди у менга.
"Аммо келажакда лабораторияда ишлаб чиқарилган ингредиентларни 3D принтерга жойлаштириб, космик станцияда хоҳлаган нарсани, масалан, стейкни ишлаб чиқаришимиз мумкин!"
Бу "Юлдузлар йўли" фильмидаги соф энергиядан озиқ-овқат ва ичимлик тайёрлайдиган репликатор машиналарига ўхшайди. Аммо доктор Шамсулнинг таъкидлашича, бу энди фантастика эмас.
У менга Лондон ғарбидаги Безос номидаги барқарор оқсиллар марказида биореактор деб аталадиган қурилмани кўрсатди. У пробиркада қайнаётган оловранг аралашмадан иборат эди. Бу жараён аниқ ферментация деб аталади ва пиво тайёрлаш учун ишлатиладиган ферментацияга ўхшайди.
Бу ҳолатда қўшимча витаминлар ишлаб чиқариш учун ачитқига ген қўшилади, аммо Безос маркази директори доктор Родриго Ледесма-Амаронинг айтишича, бу усул билан турли хил ингредиентларни ишлаб чиқариш мумкин.
"Биз озиқ-овқат тайёрлаш учун барча зарур элементларни яратишимиз мумкин," дейди доктор Ледесма-Амаро фахр билан.
"Биз оқсиллар, ёғлар, углеводлар, толалар ишлаб чиқара оламиз ва уларни турли хил таомлар тайёрлаш учун бирлаштира оламиз."
Биореакторнинг анча кичик, содда версияси ESA миссияси доирасида SpaceХ Falcon 9 ракетасида космосга жўнатилди. Ерда ҳужайралардан озиқ-овқат муваффақиятли етиштирилиши мумкинлиги ҳақида кўплаб далиллар мавжуд, аммо бу жараённи вазнсизлик ва космоснинг юқори радиацияси шароитида такрорлаш мумкинми?
Докторлар Ледесма-Амаро ва Шамсул Европанинг биринчи тижорий космик кемаси «Феникс" бортидаги кичик куб сунъий йўлдошда Ер атрофида айланиш учун оз миқдордаги ачитқи аралашмасини юбордилар.
Агар ҳаммаси режадагидек бўлса, у тахминан уч соат давомида Ер атрофида айланиб, кейин Португалия қирғоқлари яқинига қайтиб тушади. Тажриба намунаси кейин текшириш учун Лондондаги лабораторияга қайтарилади.
Доктор Ледесма-Амаронинг айтишича, тўпланган маълумотлар келгуси йилда олимлар космосга юборадиган каттароқ, такомиллашган биореактор қурилишига асос бўлади.
Бироқ, муаммо шундаки, кукун шаклида қуритилган оловранг елим жуда бемаза кўринади – ҳатто астронавтлар ҳозирда истеъмол қилишга мажбур бўлган музлатиб қуритилган таомлардан ҳам ёқимсизроқ.
Ана шу ерда Империал коллежининг бош ошпази ишга киришади. Якуб Радзиковский кимёвий моддаларни мазали таомларга айлантириш вазифаси юклатилган кулинария дизайнеридир.
Сурат манбаси, Kevin Church
Унга лабораторияда ўстирилган ингредиентлардан одамларга таом тайёрлаш учун ҳали рухсат берилмаган, чунки расмий рухсат кутилмоқда. Лекин у олдиндан тайёргарлик кўрмоқда.
Ҳозирча Якуб ўз рецептларини ишлаб чиқиш учун лабораторияда ўстирилган ингредиентлар ўрнига табиий замбуруғлардан олинган крахмал ва оқсиллардан фойдаланмоқда. У менга лабораторияда ўстирилган ингредиентлардан фойдаланишга рухсат олганидан сўнг, улардан таом тайёрлаш мумкин бўлишини айтди.
"Биз дунёнинг турли бурчакларидан келган астронавтларга таниш бўлган ва уларга қулайлик яратадиган таомларни тайёрламоқчимиз.
Француз, хитой, ҳинд ошхонасидан тортиб, исталган таомни тайёрлай оламиз. Коинотда ҳар қандай турдаги ошхонани яратиш мумкин бўлади."
Бугун Якуб аччиқ манти ва соуснинг янги рецептини синаб кўрмоқда. У менга уларни татиб кўришимга рухсат берилганини айтди, лекин бош дегустатор анча малакали одам: Буюк Британиянинг биринчи астронавти ва кимё фанлари доктори Ҳелен Шарман.
Сурат манбаси, Kevin Church/BBC News
Буғланаётган мантиларни бирга татиб кўрдик.
Менинг фикрим: "Жуда ажойиб!"
Доктор Шарманнинг фикри ҳам шунга ўхшаш: "Таъми жуда кучли ва ёрқин. Ҳақиқатан ҳам мазали ва иштаҳа очар," хурсанд бўлиб гапиради у.
"Мен ҳам космосда шундай таомлар бўлишини истардим. У ерда бўлганимда, фақат узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат бор эди: консервалар, музлатиб қуритилган пакетлар, тубиклардаги овқатлар. Ёмон эмасди, лекин мазали ҳам эмасди."
Доктор Шарманнинг муҳимроқ кузатуви илм-фанга тегишли эди. Унинг айтишича, лабораторияда ўстирилган озиқ-овқат астронавтлар учун фойдали бўлиши, шунингдек, космосда узоқ муддат яшаш учун зарур бўлган даражагача харажатларни камайтириши мумкин.
Халқаро Космик станциясида ўтказилган тадқиқотлар кўрсатишича, узоқ муддатли космик миссиялар пайтида астронавтлар танасининг биокимёси ўзгаради: уларда гормонлар мувозанати ва темир даражаси ўзгаради, суякларидан калций йўқола боради.
Космонавтлар бунинг ўрнини тўлдириш учун қўшимча дори-дармонлар қабул қилишади, лекин доктор Шарманнинг айтишича, лабораторияда ўстирилган озиқ-овқатни керакли ингредиентлар билан бойитиш мумкин.
"Астронавтлар вазн йўқотишга мойил, чунки улар кам овқатланишади. Бунинг сабаби – уларнинг рационида хилма-хиллик ва мазали таомлар йўқлиги," дейди у менга.
"Шунинг учун, улар янги тайёрланган таомларни ва чинакам соғлом овқат истеъмол қилаётганларини ҳис қилишни исташлари мумкин."
Бош мақола
Муҳаррир танлови
Оммабоп мақолалар
Бу материалга кириш имконсиз