Дин ва дунё: вакцина рўзани бузмайди - Covid, Ramazon, musulmon vaksina video

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Британиядаги исломий уламолар ва соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари мусулмонларни Рамазон ойида ҳам ўзларини коронавирусга қарши эмлатишдан тўхтамасликка чақирмоқдалар.

Икки йилдирки, мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи Ковид шароитига тўғри келмоқда, мусулмонлар оммавий тўпланишни талаб қиладиган ифторлик ва Таровеҳ намозларини адо этиш тадбирларда мушкулликка дуч келиб қолдилар.

Бу йил дунёнинг кўп мамлакатларида аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари бормоқда, Британияда расмийларнинг эълон қилишича, апрель ойи бошида 34 миллиондан зиёд одам вакцинанинг биринчи дозаси, 5 миллиондан ортиқ киши эса иккинчи дозасини ҳам олганлар.

Аксар мусулмонлар рўза тутган вақтим вакцина "оғзимни очиб юбормайдими" деган савол устида ўйланиб қолганлар.

Бироқ Британиядаги Масжидлар ва Имомлар Миллий Маслаҳат Кенгаши раис Қори Осим, вакцина рўзани бузмайди, шунинг учун ҳам рўзадор мусулмонлар Рамазон ойи мобайнида вакцина олишни тўхтатмасликлари лозимлигини айтган.

Лидс шаҳридаги масжид имоми ҳам ҳисобланган Қори Осим айтишича, вакцина тўғридан-тўғри қонга қуйилмайди, қўл мускули ичига игна билан юборилади ва вакцинанинг одамнинг қорнини тўйдириш хусусияти йўқ.

"Исломий уламоларнинг аксари Рамазон ойида эмлатиш рўзани бузмайди деган қарорни маъқуллайдилар", дейди имом.

Қори Осим мусулмонларга мурожаат қилар экан шундай деган: "агар сизга вакцина мумкин бўлса ва вакцина олишга таклиф этишган бўлса, ўзингизга ўзингиз шу саволни беринг: самарали экани исботланган вакцинани олганим яхшими ёки ўзимни Ковидни юқтириш хавфига қўйишимми? Агар тобингиз қочиб қолса, бутун Рамазонда рўза тутишдан маҳрум бўлиб қолишингиз ёки шифохонага тушиб қолишингиз мумкин", деган Қори Осим.

Британиянинг Ноттингам ва Брайтон каби шаҳарларида тиббиёт муассасалари Рамазон ойида иш соатларини ўзгартиришга қарор қилганлар, бу билан кундузи рўза тутган мусулмонларнинг "оғзини очганларидан" кейин вакцина марказига бориб ўзларини эмлатишларига имконият туғдирганлар.

Бироқ Лондондаги поликлиникалардан бирида шифокор бўлиб ишлайдиган Доктор Фарзона Ҳусайн, эмлатиш учун рўзадор мусулмон кун ботишини кутиши шарт эмас, дейди.

"Биз кўплаб мусулмонларнинг Рамазон пайти вакцина олиш-олмаслик борасида хавотирланаётганларини биламиз. Кўпчилик укол рўзани бузади, деб ишонади. Лекин укол рўзани бузмайди. Чунки вакцина тўйимли нарса эмас", дейди Фарзона Ҳусайн.

"Қуръони Карим бизларга ҳаёт жуда муҳим нарса эканлигини ўргатади. Бир умрни асраб қолиш бутун одамзод умрини асрашга тенг. Шунинг учун ўзини эмлатиш тақводор мусулмонларнинг масъулиятидир", дейди муслима шифокор.

Британияда айрим масжидлар мусулмонлар яшайдиган мавзеларнинг вакцина марказларига айлантирилган.

Ўтказилган оммав фикри сўровлари натижаларига кўра, вакцина олган ёки ўзини эмлатишни хоҳлаётганини айтган Британиядаги мусулмонларнинг сони кўпайган: январдаги жамоатчилик фикрини ўрганишда бундай респондентларнинг сони 77 фоизни ташкил этган бўлса, март ойига келиб 92 фоизга кўтарилган.

Дерби шаҳридаги поликлиника шифокорларидан бири Доктор Шаҳло Имтиёз Умар Би-би-си билан суҳбатда Ковиддан мусулмонлар жамоалари йўқотишлари кўп бўлганини айтди.

"Ковид пандемияси оқибатида бизларнинг жамоаларимиз кўп йўқотишларга дуч келди. Энди биз бундан кейинги Рамазонларимиз издан чиқмаслиги чораларини кўрмоғимиз лозим. Агар биз ўзимизни эмлатсак ва барча муҳофаза чораларимизни кўрсак, кейинги Рамазонларимиз одатий ҳолига қайтиши мумкин", дейди доктор.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатвоси

Рамазон ойида эмлашга рухсат берилиши борасида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво эълон қилди:

Бугунги кундаги тўрт мазҳаб уламолари тери ости, мушаклар ораси ёки ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки рўзани еб-ичиш маъносидаги нарсалар бузади. Еб-ичиш эса одатий йўллар орқали бўлади. Тери тешикларидан ёки ноодатий йўллардан терининг орасига бирор нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (томирдан чақса ҳам), совуқ сувда ғусл қилиш натижасида бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ қилишган. Бу ҳақда «Ал-Фатово ал-ҳиндия» китобида шундай дейилади:

«Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. «Шарҳул Мажмаъ»да шундай келтирилган» Иқтибос тугади.

Энди айнан коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатволарга биноан рўзадор ҳолда ҳам уни олиш жоиз, бу иш рўзани бузмайди.

Рамазон ойида эмлашга тўғри келиши сабабли бу масалада бир қанча фатво уюшмалари ўз фатволарини эълон қилишди. Жумладан: Кувайт вақф вазирлиги, Иордания фатво уюшмаси, Саудия умумий муфтийси ва катта уламолар ҳайъати раиси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Азҳар халқаро электрон фатво маркази, «Дорул ифто» (Миср) фатво маркази рўзадор киши эмлаш олиши рўзани бузмаслигига фатво бердилар. Чунки рўзани бузувчи нарсалар одатий йўллардан кириб, ошқозонга етиб боради. Эмлашда эса еб-ичиш маъноси йўқ ва у одатдаги йўллардан танага кирмайди. Балки ноодатий бўлган тери остидан кириб боради. Бу рўзани бузмайди. Валлоҳу аълам".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek