Исроил аскари Исо ҳайкалини синдиргани кенг қораланмоқда - хусусан, АҚШда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Исроил армияси ўз аскарининг қилмиши учун узр сўради
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Исроиллик бир аскар Жанубий Ливанда Исо Масиҳ ҳайкалини болға билан уриб синдираётгани акс этган тасвир интернетда кенг тарқалганидан сўнг кўп танқидларга сабаб бўлди.

Хусусан, қаттиқ танқидлар янграган АҚШнинг диндор аҳолиси орасидаги Исроил давлатига бўлган катта қўллаб-қувватлов қисман диний ҳиссиётлар учун кучли. Улар Исо туғилган ерларда Исроил давлати қурилиши Худодан келган башорат эканига ишонадилар.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху суратдан "ҳайратда ва чуқур қайғуда" эканини билдирди. Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса: "Биз бу ҳолат учун ва ҳар бир насронийнинг ҳис-туйғуларига етган озор учун узр сўраймиз", деди.

Маҳаллий аҳолига кўра, ҳайкал Дебел қишлоғи чеккасидаги бир оила уйи олдидаги хочда жойлашган бўлиб, бу қишлоқ Исроилнинг Ҳизбуллоҳга қарши уруши давомида аҳолиси қочмаган кам сонли манзиллардан бири ҳисобланади.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Дебел жамоати раҳбари, ота Фади Флаифел BBCга шундай деди: "Хоч — муқаддас рамзимиз ва биз барча диний рамзларни таҳқирлашни мутлақо қоралаймиз. Бу инсон ҳуқуқлари декларациясига зид ва бу маданиятлиликни акс эттирмайди."

Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар аввал ҳам содир бўлган.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ливан жанубидаги Қасмия шаҳрида ҳарбийлар Исроил ҳужуми ортидан қутқарув ишларини олиб боришмоқда

Исроил армияси ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ҳақиқий эканини тасдиқлаб, бу ҳолатни "жуда жиддий" деб баҳолашини ва аскарнинг ҳаракатлари армиядан кутилган қадриятларга мутлақо зид эканини билдирди.

Исроил Мудофаа Қўшинлари (IDF) айбдорларга нисбатан "тегишли чоралар" кўрилишини, шунингдек насроний жамоаси билан ҳамкорликда ҳайкални қайта тиклаш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.

АҚШ воситачилигидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви жума куни кучга кирганига қарамай, минглаб исроиллик ҳарбийлар ҳали ҳам Жанубий Ливандаги катта ҳудудда қоляпти.

Бу келишув Исроил Мудофаа Қўшинлари ва шиалик қуролли гуруҳ — Ҳизбуллоҳ ўртасидаги олти ҳафталик жангларни вақтинча тўхтатган бўлса-да, ҳар икки томон бир-бирини келишувни бузишда айбламоқда.

Ҳайкалга қилинган ҳужум ҳақидаги хабарлар Исроилдаги АҚШ элчиси, баптист руҳоний Майк Хакабини X тармоғида "тезкор, қатъий ва ошкора оқибатлар бўлиши керак" деб ёзишга ундади.

АҚШдаги ўнг қанот шарҳловчилари исроиллик аскар ва Исо Масиҳ ҳайкали тасвирини тезда қораладилар. Президент Доналд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси ва конгрессмен Мат Гейц суратни тарқатиб, "Даҳшатли", деб ёзди.

Собиқ конгресс аъзоси Маржори Тейлор Грин ҳам суратни бўлишиб: "'Энг катта иттифоқчимиз' ҳар йили миллиардлаб солиқ пулларимизни ва қуролларимизни олади", деб ёзди.

Сўровлар АҚШда, Исроилнинг энг муҳим иттифоқчиси бўлган мамлакатда, унга бўлган қўллаб-қувватлаш сўнгги вақтларда пасайганини кўрсатмоқда.

АҚШда жойлашган таҳлил маркази Pew Research Center томонидан ўтказилган сўровга кўра, америкаликларнинг 60 фоизи Исроилга нисбатан салбий фикрда, бу ўтган йилги 53 фоиздан кўпроқ.

Ўтган ойда Исроил полицияси Қуддусдаги Рим-католик черковининг энг юқори раҳбарига черковга якшанба куни хусусий ибодат учун киришига рухсат бермаганидан сўнг халқаро норозиликлар бўлган эди. Исроил полицияси бу қарорни Эрон уруши даврида хавфсизлик сабаблари билан изоҳлади.

2025 йилги ҳисоботда Қуддусда жойлашган Rossing Center "христианликка нисбатан очиқ душманликнинг сўнгги вақтлардаги ўсиши"ни таърифлаб, буни "қутблашувнинг чуқурлашуви ва ултра-миллатчи сиёсий тенденциялар" билан изоҳлади.

Бенямин Нетаняху Исо ҳайкали ҳақидаги постини инглиз тилида ёза туриб, унда "Исроилдаги насроний аҳолиси Яқин Шарқнинг бошқа жойларига қараганда равнақ топмоқда" деб таъкидлади.

У яна шундай деди: "Исроил — минтақада христиан аҳолиси ва уларнинг турмуш даражаси ўсиб бораётган ягона мамлакат. Исроил — Яқин Шарқда барча учун ибодат эркинлигига амал қиладиган ягона жой."

Ҳизбуллоҳ феврал охирида Исроил ва АҚШ Теҳронга қарши уруш бошлаганидан икки кун ўтиб, Эронни қўллаб-қувватлаб Исроилга ракета отишни бошлади.

Исроил унга қарши 2 март куни ҳарбий амалиётини бошлади. Ливан расмийларига кўра, бу жараёнда бир миллиондан ортиқ одам кўчирилган ва 2 290 дан зиёд киши ҳалок бўлган, улар орасида 177 нафар бола ва 100 нафар тиббиёт ходими бор. Айни дамда Ҳизбуллоҳ ҳужумлари натижасида 13 нафар исроиллик аскар ва икки нафар фуқаро ҳалок бўлган, дейди Исроил расмийлари.